Хавфсиз футбол ва чипта “чемпионати”

Хавфсиз футбол ва чипта “чемпионати”
70 views
21 June 2013 - 10:45

Alarn_zerindeki_futbol_topu2014 йилда бўладиган Жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги босқичидаги Ўзбекистон-Ливан ва Ўзбекистон-Қатар учрашувлари арафасида ўзбекистонлик футбол мухлислари чипта ололмай ҳалак бўлиб юришларини, чиптага етишганларнинг аксарияти эса уни  олибсотарлардан қиммат нарҳларда олаётганини кўриб: “Мухлисларга – жаҳон чемпионати, олибсотарларга – чипта “чемпионати”, мутасаддиларга эса – хавфсизлик керак”, – деган хулосага келдим.

Ушбу учрашувлардан олдин ЎФФ ва “Бунёдкор” стадиони мутасаддилари: “Чипталар олибсотларларнинг қўлларига тушишига қарши кескин чоралар кўрамиз! Чипталарни соҳталаштиришнинг олдини оламиз!” қабилидаги ваъдаларни беришганди. Аммо Ливанга қарши ўйин олдидан улар олибсотарларга қарши амалда қандай курашганини кўрдик: мухлиснинг куни чайқовчиларга қолиб кетди.

Қатарга қарши ўйин арафасида чипталарни қалбакилаштириш борасида амалий ишлар қилинган бўлса ҳам, чипталар чайқовчиларни қўлларига туширмасликка ва нарҳ-навонинг сунъий кўтарилишига қарши ҳеч нарса қилинмади. Натижада ушбу учрашувдан олдин “Бунёдкор” стадиони кассалари олдида кун бўйи навбатда туриб, уйларига чиптасиз кетган юртдошларимиз кўп бўлди.

15 июнь куни uff.uz сайтида соат 10:58да эълон қилинган “Чипта оладиган кўп, сотадиган-чи?!” сарлавҳали хабар остига 230-чи рақам остида (2013-06-15 16:39:01 да) қолдирилган шарҳда PAXTAKOR-1979 никли мухлис “Бунёдкор” стадиони кассалари олдидаги аҳволни шундай тасвирлаган:

“Мен ҳозиргина Бунёдкор стадионидан келдим; чипта соат 11,30-дан 13,30гача сотилди, тахминан 200 киши белит олаолди халос. Кейин тахминан 1000-1500 одамни мелисалар белит қомади, бор уйлариннга оёк остида уралашмай деб ҳайдаб солди. Одамлар ҳали ҳамон белит олиш умидида, кузлари жовдираб стадион кассаси атрофида уралашиб юрибди!!! Ҳудди УЗБ-ЛИВАН ўйини олдидаги Билет ўйини такрорланмоқда!!! Чипта қомаганмиш, ўзи тузикроқ сотилмадику???”.

15 июнь куни Stadion.Uz соат 13:24да киритилган “Қатар билан ўйинга Шораҳмедов керак!” сарлавҳали мақола остига 91-чи рақам остида (15.06.2013 13:24 да) шарҳ қолдирилган JONESMU никли мухлис эса Ўзбекистон-Қатар ўйинидан олдинги чипта оломони ичида хорижлик (кореялик) меҳмонлар ҳам борлиги ҳақида ёзган.

Баъзи мухлислар эса Ўзбекистон-Қатар ўйинига чиқарилган чипталар маҳалла кенгашлари орқали тарқатилаётганини билдирганлар. Масалан, 15 июнь куни uff.uz сайтида соат 10:58да эълон қилинган “Чипта оладиган кўп, сотадиган-чи?!” сарлавҳали хабар остига 225-чи рақам остида (2013-06-15 16:18:11да) қолдирилган шарҳда BAXA7077 шундай беган:

“Жонга тегди билет можароси. Биттаси сотомиди иккинчиси оломиди. А так билетни махалла комиссияларида таркатишвотти. Битта паспортга битта билет. Овотганладан эшитдим. нархи суний оширилмаган. Паспорти йуклар метрикасини оборсаям булади”.

“Бунёдкор” стадиони олдида рўй бераётган “чипта оломони”ни кўриб, Ўзбекистон-Қатар ўйини чипталари стадион кассаларига жуда кам миқдорда чиқарилганини пайқаш қийин эмас эди. Яъни кассалардаги таклиф ва оломоннинг талаби ўртасида катта фарқ бор эди. 15-17 июнь кунлари “Бунёдкор” стадион кассалари олдида нари борса 2-3 минг одам бор эди. 34 минг ўриндиқли стадион маъмурияти кассаларга ҳеч бўлмаса 2-3 минг чипта олиб чиқиб сотса, бу оломон чиптасини олиб, тезда уйига равона бўларди. Аммо одамлар тарқалмади, чунки чипта ола олмагандилар. Нега? Чунки касса орқали сотувларга 2-3 мингдан ҳам кам чипта чиқарилган эди.

“Қолган чипталар қани?” – деган савол туғилади. Қолган чипталар эса 2013 йил 27 май куни Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича комплексида ўтказилган йиғилишда давлат идораларига тақсимлаб берилган.

Мажлисда тақсимланган чипталар

Ушбу йиғилишда 131-сонли баëннома қабул қилинган. Уни кўздан кечирсангиз, Ўзбекистон-Қатар ўйинига чиқарилган чипталар қуйидагича тақсимланганини кўрасиз:

– Тошкент шаҳар ҳокимлигига  – 6620 та,

– Ўзбекистон футбол федерацияси, ОФК ва Қатарлик меҳмонларга – 2000 та,

– Олий таълим муассасаларига – 4000 та,

– Ўзбекистон профессионал футбол лигасига – 2000 та,

– “Бунëдкор” спорт мажмуаси кассаларига – 13780 та.

Мазкур тақсимотга чуқурроқ назар ташланса, Ўзбекистон-Қатар ўйини арафасида билет машмашасининг илдизлари ушбу йиғилиш ва унда қабул қилинган тақсимотга бориб тақалишини билиш мумкин. Биричиндан, 34 минг кишилик стадионда ўтган мазкур учрашувга жами 28400 дона чипта чиқарилгани киши диққатини тортади. Қолган 5600 ўриндиқ учун нега чипта чиқарилмади?

Агар қолган 5600 чипта чиқарилмаган бўлса, 18 июнь куни ўтказилган Ўзбекистон-Қатар учрашувида биз “Бунёдкор” стадионида бўш ўриндиқлар қолганига, яъни арена тўлмай қолганига гувоҳ бўлишимиз керак эди. Аммо шу куни ундай бўлмади: “Бунёдкор” стадиони учрашув бошлангунча деярли тўлиб бўлганди. Нега бундай бўлди?

“Билетсиз” қолдирилган 5600 ўриндиқларда кимлар ўтиришди? Улар “Бунёдкор” стадиони ҳудудига ва ичкарисига билетсиз қандай киришди? Ахир, аренага билетсиз киришнинг имкони умуман йўқ-қу! Ёки биз 34 минг ўриндиқли деб ўйлаётган “Бунёдкор” стадиони аслида 28400 ўриндиқли эканми? Ундай дейилса, барча расмий маълумотларда стадион ўз бағрига 34 минг кишини сиғдириши кўрсатилган. Тушунарсиз ҳолат.

Ёки бўлмаса, расман “билетсиз” қолдирилган ўша 5600 ўриндиққа амалда билет чиқарилгану, лекин юқорида келтирилган баённома ва қарорда бу ҳолат кўрсатилмадими? Яъни 5600 ўриндиқни эгаллаган мухлислар амалда ўз жойлари учун пул тўлагану, бу ҳолат ҳеч қаерда расман акс этмадими экан? Ундай бўлса, ўша 5600 киши тўлаган пуллар қайси кассага тўланди? Агар шунча одам чиптани ўртача 20 минг сўмдан олган бўлса, улар ўша “номаълум” кассага жами 112 миллион сўм тўлаганлиги ойдинлашади.

Балки, биз учун “сирли” ва “маҳфий” бўлиб қолаётган ўша 5600 киши “Бунёдкор” стадионида ўтган Ўзбекистон-Қатар учрашувига ҳеч қандай билетсиз, ҳеч қандай тўловсиз, яъни текинга ташриф буюргандир? Балки улар аслида мухлислар ҳам эмас, шу ўйинга хизмат сафарига юборилган “мухлислар”дир?

Ўзбекистон-Қатар учрашуви ва ундан кейинги матбуот анжуманлари якунига етгач, яъни ўйин якунидан таҳминан 1-1,5 соат ўтгач, “Бунёдкор” стадиони автотураргоҳидаги махсус автобусларда оқ, яшил, мовий ва қизил рангдаги футболкалар кийиб олган мухлислар ўтиришганига кўзим тушганди. Балки, улар ўша 5600 кишилик “сирли” гуруҳнинг аъзоларидир?

Машҳур кинокомедия қаҳрамонларидан бири Иван Васильевич Бунша: “Шпакнинг магнитофони, элчининг медальони…”, – деб, ҳар нарсадан  шубҳаланганидек, юқоридаги тақсимот юзасидан ҳам турли шубҳали саволлар туғилаверади. Майли, 5600 кишилик “мухлислар” гуруҳини тинч қўйиб, эътиборимизни расман чиқарилган 28400 чиптанинг қандай тақсим қилинганига қаратайлик.

Чиқмасидан олдин эгаларини топган чипталар

Дарҳақиқат, чиқарилиши Вазирлар Маҳкамасидаги йиғилишда расман эълон қилинган ушбу 28400 чиптанинг деярли тенг ярми (14620 чипта)  ўз эгаларини ҳали босмахонадан чиқмасидан олдиноқ топиб улгурган. Эслатиб ўтаман, 2013 йил 27 май куни Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича комплексида ўтказилган йиғилишда “Бунёдкор” спорт комплекси кассалари орқали эркин сотувга 13780 чипта чиқарилган, қолган 14620 чипта эса Тошкент шаҳар ҳокимлигига, Ўзбекистон футбол федерациясига, ОФК ва Қатарлик меҳмонларга, Олий таълим муассасаларига, Ўзбекистон профессионал футбол лигасига бўлиб берилган.

Ўша 14620 чиптани ўзаро бўлиб олган идоралар чипталарни кимларга сотган бўлиши мумкин? Тошкент шаҳар ҳокимияти ўзига тегишли 6620 чиптани туман ҳокимиятларига, улар эса тумандаги давлат идораларига ва маҳаллаларга етказиб берган бўлиши мумкин. ЎФФ эса ўзига ажратилган 2000 чиптани федерация ходимларига, вилоят футбол федерацияларига, футбол фаҳрийларига ҳамда хорижий меҳмонларга етказган бўлса керак. ЎзПФЛ чекига тушган 2000 чипта ушбу идора ходимлари ва футбол клублари ўртасида тақсимланган бўлиши мумкин. Олий таълим муассасалари эса ўзларига ажратилган 4000 чиптани ўқитувчи ва талабаларга тарқатди, дейлик.

Агар чипта тарқатилиши бўйича режалаштирилган ишлар рисоладагидек амалга оширилган бўлса, расман чиқарилган 28400 чиптадан 14620таси Тошкент шаҳри аҳолисига тарқатилган бўлиб чиқади. Бундан шу хулоса келиб чиқадики, пойтахтдаги давлат идораларида ишламайдиган ёки давлат идораларида танишлари йўқ ишқибозларнинг ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган мухлисларнинг умиди фақат “Бунёдкор” спорт комплекси кассаларида эркин сотиш учун чиқарилган 13780 чиптадан эди.

Лекин “Бунёдкор” спорт комплекси кассаларига шунча чипта чиқарилдими? 15-18 июнь кунлари футболга оид маҳаллий сайтларда футбол ишқибозлари томонидан қолдирилган шарҳларга кўра, стадион кассаларига деярли 14000 чипта чиқарилганига ишониш қийин. Албатта, расмий қоғозларда “Бунёдкор” кассаларига шунча билет чиқарилган бўлиши мумкин. Аммо амалда шундай бўлганига ишонч йўқ. Чунки “Бунёдкор” стадиони кассаларининг ойналарига 16 июнь куниёқ “Билеты реализованы. Билет йўқ” деган эълонлар илиб қўйилганди.

“Бунёдкор” кассаларида жуда кам чипта сотилганига ушбу мақола бошида батафсил тўхталдик ва стадион кассаларига чиқарилган чипталар сони 2 мингга ҳам етмаслигини таҳмин қилиб ўтдик. Менимча, “Бунёдкор” стадиони кассаларига 13780 дона чипта чиқарилганда, Ўзбекистон-Қатар ўйини олдидан олибсотарларнинг қўлларидаги чипталарнинг нарҳи 50, 100, 150 ва 200 минг сўмгача кўтарилиб кетмасди.

Ўзбекистон-Қатар ўйинига чиқарилган чипталар нега асосан давлат идоралари ва маҳаллаларр орқали тарқатилди? Нега ушбу учрашувга чиқарилган чипталарнинг аксарияти пойтахт аҳолисига тарқатилди? Нега чипта тақсимотида вилоятлардаги футбол мухлисларининг манфаатлари инобатга олинмади? Ушбу саволларга ўзимнинг кузатувларим асосида жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Хавфсизлик устиворлиги, “ҳарбий-стратегик” иншоот ва чипта “чемпионати”

“Бунёдкор” стадиони очилишида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ушбу иншоотга юқори баҳо бериб, уни кўз қорачиғидек асрашни таъкидлаганди. Шундан сўнг иншоотдаги хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилди. Бу чоралар шу даражада мукамаллаштирилди-ки, “Бунёдкор” стадиони спорт иншоотига эмас, ўзига хос ёпиқ “ҳарбий-стратегик” объектга айланиб қолди.

Менимча, кейинчалик баъзи мутасадди идоралар хавфсизликни футболдан ҳам, ишқибозлардан ҳам устун қўя бошладилар, шекилли, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларига чиқарилган чипталарнинг аксариятини асосан давлат идоралари ходимларига тарқатиш йўлига ўтишди. Нега?

Чунки терма ўйинлари бўладиган “Бунёдкор” стадионига  давлат идораларидан борадиганлар ўша ерда тартибни бузмасдан, тинч ўтириб, индамай келишади. Лекин ҳақиқий ишқибозларнинг тартибни бузмасдан футбол томоша қилишига кафолат йўқ. Биринчи тоифа “мухлислар”нинг ҳатти-ҳаракатларини назорат қилиш осон бўлса, иккинчи тоифа “зиёратчилар”нинг ўтириш-туришини жиловлаш қийинчилик туғдириши мумкин.

Лўнда қилиб айтадиган бўлсам, мухлисларга футбол ва жаҳон чемпионати керак бўлса, мутасаддиларга осойишталик ва тинчлик керак бўлаяпти. Икки тарафнинг интилишларидан унумли фойдаланишга интилаётган чайқовчиларга эса чипта “чемпионати” (ЧЧ)дан бошқа нарса керак эмас. ЖЧ-2014 йўлига ЧЧ-2013 ҳам ўзига хос тўсиқ бўлаётгани олибсотарларни қизиқтирмайди.

Бу вазиятда чиптасиз қолган ёки чипталарни олиб сотарлардан қимматга сотиб олган футбол ишқибозларининг эътирозларини тушунмасдан илож йўқ. Юзаки қараганда мутасаддилар томонидан хавфсизлик ва осойишталикнинг ҳамма нарсадан устун қўйилиши ҳам ўринлидек туюлади. Лекин шундай савол туғилади: хавфсизликни ўйлаб, чипталарнинг давлат идоралари ходимлари орқали тақсимланиши ўз самарасини бердими?

Юзаки қараганда, самарасини бергандек туюлади. Чунки Ўзбекистон-Қатар ўчрашуви мутасаддилар орзу қилганидек тинч ва осойишта ўтди. Лекин чипталарнинг мажлисда тақсимланиши натижасида юзага келган чипта “чемпионати” ва бу “чемпионат”дан зарар кўрган минг-минглаб мухлисларнинг норозиликлари хавфсизликка таҳдид эмасми?

Албатта, мутасаддилар чипталарнинг мажлисларда тақсимланишини “чайқовчиларга қарши кураш” деб айтишади. Лекин амалда чипталар барибир олибсотарларнинг қўлларига чиқиб кетдику!  Терма жамоанинг ўйинларига чиқарилган чипталарни ўз идораларидан олган ишчи-ходимлар чипталарини ҳақиқий футбол ишиқбозларига қиммат нарҳларда пулламаганлигига кафолат борми? Чипталарнинг бу йўлда тақсимланиши ўзини қанчалик оқлади?

Берилмайдиган таклифларим ҳақида

Танқидий мақолаларим остига: “Шунча танқид ёзибсиз. Таклиф қани?” – дейдиган ўқувчиларга дарров дангалини айтаман: “Ҳеч қандай таклиф бермайман!”.

Чунки таклиф берганим билан уни ҳеч ким бажармайди. Мисол учун, “Келинг, термамизнинг ўйинларини ҳаммамиз учун қадрдон бўлиб қолган “Пахтакор” стадионига кўчирайлик!” – деган таклифимни билет машмашаларидан чарчаган ишқибозлар қўллаб қувватлаши мумкин. Лекин мутасаддилар-чи? Раҳбарлар: “Нега миллий терма жамоа ҳали ҳам “Пахтакор”да ўйнаяпти?” – деб сўрашса, мутасаддилар нима деб жавоб беришади? Шунинг учун мутасаддиларга терманинг ўйинлари “Бунёдкор”дан бўлгани тинчроқ!

Ёки, масалан, “Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларига чиқариладиган чипталарнинг нарҳларини ошириб, Интернет орқали ёки “Paynet”тизими орқали сотишни йўлга қўйиш керак. Шунда пойтахтдаги ва вилоятлардаги мухлисларнинг манфаатлари тенг инобатга олинади”, – деган таклифни ўртага ташласам, мутасаддилар шу йўлда бирор чора кўрадими?

Менимча, йўқ. Чунки чипталарнинг бу тарзда тақсимланиши хавфсизлик устиворлигига путур етказади. Чекка вилоятлардаги мухлислар “Paynet” орқали чипта сотиб олиб, терманинг ўйинига, “Бунёдкор”дек “ҳарбий-стратегик” кошонага ташриф буюришса, улар ўйинни ишкал чиқармасдан кўришига кафолат борми? Йўқ! Ундан кўра чипталарни ҳукумат йиғилишларда давлат идоралари ходимларига тақсимлаб берган тинчроқ!

Менимча, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кейинги ўйинлари яна “Бунёдкор” стадионида ўтказилса ва бу ўйинларга чиқариладиган чипталар ҳукумат йиғилишларида тақсимланишда давом этса, термамизнинг ўйинлари аста-секин Алишер Навойи номли Миллий боғдаги амфитеатрда нишонланадиган расмий байрамларга ўхшаб, фақат махсус таклифномалар орқали кўриладиган бўлиб қолади.

“Бунёдкор” стадионида ўтказиладиган бундай учрашувларга махсус таклифномалар ила ташриф буюрадиган “мухлислар” эса 5600 кишилик “маҳфий” гуруҳнинг буйруғи билан ҳайқириб, топшириғи билан “тўлқин” қилиб келаверишади. Ана шунда термамизнинг ўйинлари олдиндан тузилган сценарий асосида ва махсус “мухлислар” назорати остида ўтадиган давлат табдирига айланади-қолади.

Ана шунда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ўзбекистонлик миллионлаб футбол мухлислари йўлига тўғаноқ бўлаётган ОФК, Эрон футбол федерацияси ёки япон ҳакамлари сафига хавфсизликни олий мақсад қилган мутасаддиларимиз ҳам беихтиёр қўшилишади. “Зато”, “ҳарбий-стратегик” спорт иншоотидаги ўйинлар тинч ўтиб, осойишталик таъминланади!

Шулар ҳақида ўйлар эканман, бундан 3 йил олдин Намангандаги марказий стадионида рўй берган бир ҳолат эсимга тушиб кетди. “Навбаҳор”-“Пахтакор” учрашувига келган тумонат мухлисни кўрган тартиб посбонларидан бири: “Менга қараса, “Навбаҳор”нинг ўйинларини Тошкентда, “Пахтакор”нинг ўйинларини эса Наманганда ўтказтирардим. Шунда стадионларга бунчалик оломон келмасди, биз ҳам тинч яшардик”, – деганди.

“Мухлисларга футбол, мутасаддиларга эса тинчлик керак экан”, – деган хулосага ўшанда келгандим. Ўзбекистон-Қатар учрашувига чиқарилган чипталар ҳукумат йиғилишларида давлат идораларига тақсимланганини кўриб, бу хулосам долзарб эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Бобомурод АБДУЛЛА

http://bobomurodabdulla.blogspot.com/