Каримов меҳнат муҳожирларини “дангаса” атаб, улардан “жирканиш”ини билдирди

Каримов меҳнат муҳожирларини “дангаса” атаб, улардан “жирканиш”ини билдирди
64 views
22 June 2013 - 10:40

Президент Ислом Каримов Москва кўчаларини супураётган ўзбекларни “дангасалар” деб атаган ва уларни “тиламчилар”га тенглаштирган.

“Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ… Одам жирканади, ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!” – деб айтган Жиззах вилоятига сафари чоғида вилоят фермерлари ва фаоллари билан учрашган президент Каримов.

Ўзбекистон президентига кўра, иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлар “шарманда қилади ҳаммамизни”.

“Энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни,” – деб айтган Ислом Каримов.

Ўзбекистон президентининг меҳнат муҳожирлари ҳақида билдирган бундай фикрлари 20 июн куни Ўзбекистон Телевидениеси орқали унинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафарига бағишланган махсус кўрсатувда намойиш этилган.

Президент Ислом Каримов иккинчи бор ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида гапирмоқда.

Йил бошида ҳукумат мажлисида гапирган жаноб Каримов четда қийналиб ишлаётган миллионлаб ўзбек муҳожирлари аҳволига илк бора эътибор қаратиб, Ўзбекистондаги ишсизликни тан олганди.

“Уч йил ўқиб, мутахассис бўлган коллеж битирувчиси қаердан иш топади?” – деганди Ислом Каримов – “Мен болаларимизнинг иш қидириб, сарсон бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман”.

Агар, расмий рақамларга қаралса, Россия ва Қозоғистондаги ҳам қонуний, ҳам ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 5 миллион атрофида.

Уларнинг кўпчилиги қийин шароитларда, ҳақ-ҳуқуқсиз ва энг оғир ишларни қилиб, пул топишади.

Ўзбекистон ичкарисида эса, одатда, бу каби муҳожирларни борига қаноат қилмасдан, бойлик орттириш учун четга кетган ношукурлар сифатида тасвирлашади ва ҳатто, машҳур ашулачилар муҳожирларни қоралаб қўшиқлар айтишган.

Аммо Ўзбекистон иқтисодида муҳожирлар жўнатадиган пулларнинг салмоғи жуда катта ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилалари айнан ана шу маблағ эвазига кун кўраётгани, уй солиб, тўй қилаётгани айтилади.

Россия Марказий Банкининг сўнгги маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2012 йили ўз Ватанларига 6 миллиард долларга яқин пул юборишган.

АҚШ Марказий Истиҳборот Агентлиги ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 51 миллиард доллардан сал кўпроқ бўлган.

Бу рақам биргина Россиядан меҳнат муҳожирлари юборган маблағ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади ва Ўзбекистоннинг пахта ва газ экспорти даромадидан кўпроқдир.

bbcuzbek