Улуғ Туркистон фожеаси: 1-Бўлим

Улуғ Туркистон фожеаси: 1-Бўлим
27 views
25 June 2013 - 13:26

МУСО ТУРКИСТОНИЙ

Устоз Саид Шомилбекни муқаддимаси ила

 1399ҳ / 1979м 

Ғоямиз: 

Салафдин олғон қарзимизни халафга тўлаш.

Шуни билан вазифашусносликда бўлинмоқдир.

ҲАДЯ

iФий сабилиллаҳ азиз жонларини фидо қилғон, ўз кафанларини ўзлари кийғон, шаҳодат шарбатини нўши жон қилғон йигитларимиз, шаҳид боболаримиз достони ва аждод воқеаларини иҳтиво этгон (ўз ичига олган) бу “китоб” улуғ Туркистон афродидин ҳар бир фардга бирор тарихий армуғон, халқимиз учун бир ёдгордур. Келажак наслларга ибрат лавҳаси, оталар туҳфасидур, ибрат саҳнаси, боболар ҳадясидур.

Бу ҳадя оталаримиз, боболаримизнинг дин ва ҳам ватан учун тўккон қонларидин, харжлағон жонларидин, берғон қурбонларидин говдалик бир тимсол, жонлик ва кўзға кўринарлик бир шоҳид, ибратомиз бир ҳайкалдур. Тарихий бир хотира, бадиий бир обида яъни, улуғ Туркистон фожеасидур.

Мустаид қил, йўқ эса лутфки, истеъдодим,
Санга кучликми вор, эй шоҳ карам мўътодим.

Ватан маълуф ўланлар бесабаб тарки диёр этмаз,
Заруратсиз жаҳонда кимса ғурбат ихтиёр этмаз.

САБАБИ ТАЪЛИФ

А) Улуғ Туркистон аҳолисининг шижоати, қаҳрамонлиғи, ғайрати, ватанпарварлиғи, миллатчилиги, дину диёнати, сиёсий важҳлари, истиқлол мафкураси, Ислом динига қилғон хизматлари, фий сабилиллаҳ жиҳод йўлида милюнлаб берғон қурбонларини, шаҳидларини тарих саҳифаларида кўрсатишдур.

Б) Русларнинг мусулмонларни зарариға билхосса Туркистон алайҳинда (Туркистонга қарши) беш, ўн асрлардан бери туткон йўллари, сиёсатлари, ҳийлаю найрангларидин ва яна бизни замонамиз йигирманчи асрда бўлғон пўлитиқа ўюнларидин бир набза (шингил) баҳс этуб русларни фирибгарликдаги маҳоратларини юзага чиқариб, янги наслларга талқин этиш, дин ва ҳам ватан душманларини Туркистон саҳнасида ўйнағон рўлларини Туркистон авлодиға, келажак насллариға билдиришдур.

Ж) Диний вазифаларини, миллий ҳақларини лойиқила адо қилғон туркистонликларнинг диний мужоҳадаларини, миллий мужодалаларини, унга оид ҳодисаларини, алим (аламли, оғриқли) воқеаларини алийнан (ошкора) ёзиб, тарихга мол қилиб, воқеаларни аслини саҳнага чиқариб, ер юзидағи мусулмонларга омматан, турк оламиға хоссатан хотира ўларақ тақдим этишдур.

КИРИШ

Туркистон фожеалари у қадар қоришиқ, у қадар аралаш-қуралашдурки, ҳеч нарсага ўхшатиб бўлмайди. Зеро, мисли тарихда кўрилмагандур. Шунинг учун уни танзим ва тансиқ (тартиблаш) этиш, маржон каби бир ипга чизгандек шода-шода қилиб сатрларга жойлаштириш, саҳифалар тизимини қилиш осон эмасдур. Чунки улуғ Туркистонда пайдо бўлган қоришиқ ҳодисалар, ҳодисалар устига туғилган ҳодисаларимиз баманзилаи шулки, чекалари кўринмайдурғон баҳри муҳитни чуқурлиғига ва канорасига (чеккасига) етиб бўлмағон шўр дарёнинг ўзгинасидур.

Қувватлик бир шамол келганда бу дарёни тўрт тарафидан пайдо бўладурғон пўртанага ўхшайдур. Сувни мавжларидан туғилгон оқ тўлқинларни дарёни ҳар тарафида ҳукмпармон бўлғондек бир-бирларига чапишган ҳар қўрбоши, ҳар бир понсод, ҳар бир заим (бошлиқ) денгизни(нг) талотумларини тамсил этадур. Бошбошдоқсизлик, ҳаяжон, толон, бўрон, қўзғолон, ихтилол (издан чиқиш, бузилиш), қатлу қитол, жавру ситамнинг анвои буни узасига қўшимча ўлароқ, як-дигарларила бўлган муносабатсиз ҳол очарчилик, қаҳатчилик қўшилиб, фалокатларнинг бир-бирларила риштасизлиғининг андиша қилинса, бир шай ёзиш имкон тафтида эмасдур.

Менга ўхшаб жисми чарчағон, ҳислари, фикрлари чарчағон, вужуди бутунлай чарчаб, ўзи, кўзи ва сўзи ҳам чарчағон бири учун хусусан, ғурбат диёрида дучор бўлган муҳожират ҳаётида чору ночор минг турлик мушкилотлар сабабли саналардан бири тўплаган моддалар, тарихий воқеаларни ўз вақтида ёзилиб келган хотира дафтарлари йўқолиб, Ҳимолай тоғларида, Ладдох йўлларида, ҳар замонда, ҳар маконда, Осиё чўлларида қолиб, насийян мансийян (унутилиб кетган) бўлғони учун бу хизматни тамомлаш менга зўр келди. Аммо юртдошларимни ташвиқ ва тарғибларила ва бошқа қалам аҳлининг борҳо тавсия ва ташжиълари буни узасиға аржумандим Муҳаммад Аминни(нг) жиддий талаблари қалам тебратишга мани савқ этди (ундади, ҳайдади). Камёб бўлинмағон тақдирда такмил қилуб, табъ ва нашрига ҳиммат қилишга дўстларим сўз верди. Манга ҳам итмиънон (қаноат) ҳосил бўлди. Биноан алайҳ (шунга биноан) юртимизни муҳим фожеасини ёздим. Қасдим ватан учун миллий хизматда бўлғонларнинг исмларини иҳё қилишдур (жонлантириш, абадийлаштириш).

Бу ҳақда ҳамд ўлсун, аввалан ҳофизада қолғон воқеалар моя (хамиртуруш) бўлди. Сўнгра кекса юртдошлардан эшитган ҳикоялар ёрдамчи бўлди. Қолаверса, билимлик зотларни(нг) иршодлари ва дилдорликлари бизга қувват бағишлади. Хулосаи калом Туркистон ҳодисаларини, фожеаларини ёзиб, бир навъ риштага чизиш мумкин бўлди.

Бу мавзуда хизматлари сабақат этган (ўтмишда бўлган) устозларга, фозил ҳамшаҳарларимизга миннатдорлиғим боқийдур. Нечук миннатдор бўлмайлукки, аларни(нг) ташвиқ ва таҳрикларила тарих тилга кирди, қалам ёзди, ватан фожеалари жонланди, халқни(нг) истифодаси учун китоб майдонга чиқди. Фалиллаҳи мазидул-ҳамд. (Оллоҳга кўп ҳамд бўлсин)

Ҳадафимиз (мақсадимиз) фақат диний-миллий мавжудиятимиз ила Туркистонни(нг) мудофаасидур, Туркистондур, динга ихлос, ватанга муҳаббатдур.

Ғоямиз жаннатдан бир парча ва ёхуд Осиё жаннати дейилса арзийдурғон файзлик, баракатлик тупроқлар, турлик маъданлар, оқар сувлар, боғлар ила, боғчалар ила шуҳратланғон, жаннат осмонда бўлса, ости Туркистон, агар жаннат ер остида бўлса, усти Туркистон бўлғон азиз ватанимизнинг мудофаа қилишдур.

Биз ул ошиқлар зи маъшуқ кўйида чегилганиз,
Биз ул мажнунлар залилу ороб ҳар суда сарсониз,
Биз ул Фарҳодлар зи Ширин ғамида талхкомниз,
Эмас Юсуф, вале Юсуф каби муштоқи Канъониз,
Ватан озод, миллат роҳатина жон фидоёниз,
Уса мушфиқ модарак яъни, ватан ҳажрила дилқониз.

Биза даври фалак у борини бу дам шиор этса,
Бу кун абру сиёҳин савқила даври мадор этса,
Бугун борони зулмила жаҳонни тор-мор этса,
На мушкулдур иқболи ёрий давлат нисор этса,
Бу дамда ҳар биримиз душмана гўё бир арслониз,
Ватан қасдила душман қаршисида шери ғаррониз.

Ичармиз сув ерина вақтила душманларак қонин,
Олурмиз интиқома бегумон бир жона минг жонин,
Мукофотин верурмиз бўйла қилғон зулму туғёнин,
Кесармиз бўйни янглиғ байхи нахли ботил иймонин,
Биз ул душман шакан ул қаҳрамон туркларга ўғлониз,
Биз ул авлоди Туркистонга туркони қурбониз.

Ватан хоки биза ҳар зарраси гўё азиз жондур,
Ки ҳар бир зарра миллат қонила ёқути маржондур,
Чекилмас интиқомак йўлидан ҳар кимса ўғлондур,
Ўюндур ҳарби душман боғу роҳат саҳни майдондур,
Ватан шавқи ила ҳар лаҳза, ҳар дам жон сипорониз,
Бу йўлда қон тўкулсун, жон қирилсун шоду хандониз.

Ватан жаннат, ватан роҳат, ватан айшу, ватан ишрат,
Ватан боғу, ватан гулшан, ватан ғайрат, ватан давлат,
Ватан шаъну шараф навъи башарга боиси рифъат,
Ватансиз миллата боқ, эл қошинда борму бир қиймат,
Ватан ишқи кўнгилда вор экан то танда бу жониз,
Ватан севмак бизимча дин эрур биз аҳли имониз.

Чидолмай кўрдигим ҳақсизлига тарки ватан қилдим

Ўрус зулмила жисмим ёрадур, қатъи чаман қилдим

Туркистон фожеасиға оид ёзилғон турли асарлар, мақолалар дохилда бўлсун, хорижда бўлсун хийли (анча) бордур. Сўнгги асрда Туркистон ҳодисалари матбуот оламинда турлик тилда дунё бўюнча тарқалди. Аммо ёзилмағон воқеалари ёзилғондин кўбдур. Хусусан, Фарғона фожеалари, Фарғона мужоҳидларининг фаолиятлари, Хўқанд мухторияти ҳақида тафсилотлик бир асар ёзилмади. Ёзилгонлари босилмай қабристонга кўмулуб кетди.

Биз Туркистон фожеасидан баҳс этаркан, баъзи андишалар ила бу ҳақда босилғон, ёзилғон асарлардаги воқеалар такрорланмасин, деб муҳтарам ўқувчиларга арз ўлинарки, Туркистон фожеасини Бухоро ва Шарқий Бухоро қисмиға оид ҳодисаларни у ердаги Анвар Пошшо ҳаракатларини, Абдуллоҳ Ражаб Бойсуннинг “Туркистон миллий ҳаракатлари” исмли 1945 милодийда Истанбулда босилғон китобиға иктифо қилинди (кифояланилди).  Шундай бўлса ҳам Анвар Пошшонинг Туркистон (она юрти)га қадам босмай туриб, Московда ва Бокудаги фаолиятларини мухтасар қилиб ёзилди. Самарқандга ва музофотиға оид баъзи ҳодисалар ёзилса-да, баъзиларини воқеанавис професур Закий Валидийнинг 1969да Истанбулда босилғон “Хотираларим” исмли китобиға ҳавола қилинди. Қумул, Қара шаҳар, Оқсув ҳам атрофи учун Фўлод Қодирийнинг “Ўлка тарихига” Хўтан қўзғолонларини Водинга оид воқеаларни муфассал ёзилғон 1391чи ҳижрий йилда Кашмирда босилғон “Шарқий Туркистоннинг миллий инқилоб тарихи” исмлик Муҳаммад Амин Буғронинг китобиға кўз ташлашларини савоблик кўрулди.

Воқеанавис (KRONIK)ларга маълумдурки, Туркистонга оид хотиралар кўбдур. У воқеаларни ҳар қанча ёзилса яна оздур. Зеро, воқеалар алимдур. Ҳодисалари ҳазиндур. Қалами кучлик, маълумоти етарлик фозилларимиз ҳимматила нақадар ёзилса яна ҳақила ёзиб тамомлаш мумкин эмасдур.

Туркистон фожеалариға оид ёзилғон китоблар, бошқалар фақат-фақат мукаммал бир тарихни вужудга чиқарилиши учун замонасининг тарихчилариға бирор манба ўла биладур. Ўшандоқ муаррихларимизга оз бўлса-да, бир хизматда бўлиш нияти ила бу фожеа қаламга олинди. Шояд фойдаси бўлур. Ҳеч бўлмағонда асрлардан кейин ёзиладурғон катта тарих китоблариға бир муқаддима бўлса керак. Яъни, катта бир уйни кичик бир калид очиб берғонидек. Баъзи мажҳул воқеаларни тарихда унутулгон ҳикояларни инкишофиға бир восита бўлур.

Туркистонда зуҳурга чиқғон алим фожеаларни ёзишга ҳасборат қилғон бир адиб ҳам ёзғон ҳодисалари учун ва ҳам ёзмоғон ҳодисалари учун икки тарафлик туҳматга, забондарозларни(нг) ҳужумиға учраши эҳтимолдан узоқ эмасдур. Хирадмандлар, ман соннафа фақод устуҳдифа яъни, китоб ёзғон нишонага олинадир, дерлар. Аммо яна бир ноҳиядин боқилса, фожеа замонининг бешикдаги гўдаклари бугун йигит бўлди. У вақтдаги навқиронларни(нг) сочлари оқариб ихтиёр бўлди. Орадан бу қадар узун муддат кечдиги ҳолда ҳануз ватан озод бўлмади. Ватаннинг асоратдан қуртулғонини кўруш бизга насиб бўлмади. У давлатга етолмадук. Шояд сизлар етарсиз, деб келажак наслларга атаб бобо тарихларимизни ёзиб ҳадя қилинди.

Додим туро аз ганжи мақсуд нишон,
Гар мо нарасидим ту шояд барси.

Маъноси: бизлар муродимизга етолмасак-да, шояд сизлар етарсизлар, деб мурод хазинасидан нишоналар бердук.

Зотан, Туркистон тарихи ҳақиқий чеҳрасила майдонга чиқмаса, Туркистон фожеаларини(нг) сирри очилмайдур. У ҳолда русларнинг парупоғондалари, ноҳақ даъволари такрор Туркистонлиларга ҳоким бўла бошлайдур. Тарихимиз ҳам олданғон бўладур. Дуруст! Тарих олданса, нима бўладур, дегон савол келадир. Жавобан арз ўлинурки, ўз тарихини ҳаққила билмағон насллар оталари, боболари тушкон чуқурга тушадир. Тарихиндин узоқлашғон бир миллатнинг аёқда туруши кучдур-зўрдур. Шу ҳолда душман ўзининг хабосатларини майдонга чиқародур. Ватанни бундин бадтарроқ ҳолга, истеъморга (мустамлакага), маънавий харобликга хоҳлағонидек қилиб суруклайдур. Туркистонликлар ҳам қайси замонда бўлса бўлсун, ўлук уйқусида марқадларида ётгон бўладур. (Худо соқлосун)

Тарихга ошно бўлиш зарурдур. Тарихни таъриф қилиб Ибн Холдун айтадур: Тарих авомни ўтгон воқеаларга воқиф қиладур, хавосни ёширин сирларга ориф қиладур. Тарихда олданмасликни(нг) олдини олиш керакдур, зарурдур. Шуни(нг) учун Туркистон тарихини(нг), Фарғона фожеасини(нг), Шарқий Бухоро воқеасини(нг), Хўқанд мухториятини(нг) ёзилиши ила баробар Кошғарда воқеъ бўлғон даҳшатлик қатлу қитолларни(нг), янги ҳисордаги тунгон ҳийлаларини(нг), тўкулгон қонларни(нг), Хўтан ҳодисаларини(нг), Ёрканд исёнларини(нг), Олтишаҳар қўзғонлонларини(нг) ёзилиши лозимдур, Туркистон мунавварлари бунинг масъулларидиндур. Фақир ҳам масъулиятни мудрикларидиндурман (мудрик – идрок қилувчи). Шу мавзуда қаламларини тебротмағон аҳли қаламни, адибларни миллат афв этмаса ҳақлидур.

Тарихда ҳар миллатнинг афроди фақат ўз динига, ўз ватанига, ўз миллатининг фойдасиға хизмат қилиб келгондур. Бошқалариға хизмат қилмайдур. Агар қилса, ғаразликдур. Чунончи, бир франсуз, бир олмон, бир амиркон ўз миллати, ўз дини манфаатини ташлаб, бошқа бир миллатни(нг) манфаатига ишламайдур. Агар ишласа, манофеъ (манфаатлар) муштарак бўлгон тақдирда чолишадур. Бир инглиз нақадар ўқумиш бўлсун, маданий бўлсун, бир франсузлиғни инглизликға устун кўрмайдур. Бир олмон ҳар қанча билимлик бўлсун, Овстрия-Можаристон фойдаси учун олмон манфаатининг фидо қилмайдур. Бир ўрус ҳар қанча ўқусун, маданий бўлсун, дунё маданиятига эга бўлсун, Москов фойдасини ташлаб, Туркистон фойдасиға тарих ёзмайдур.

Хулоса: ҳар миллат ўз тарихини ўзи ёзгонидек, Туркистон тарихини ҳақила, ҳақиқати ила бир туркистонли ёзадур.

Кафан кийиб отға мингон фидоий шаҳидларимизнинг воқеаси, башариятнинг бешиги бўлғон Ўрта Осиё фожеаси, Туркистон фожеаси ҳаммамизни(нг) фожеамиздур. Турклар она юрти учун, туркистонлилар жонажон ватани учун у ҳодисаларни майдонга чиқарсалар, дунёга билдирсалар, тарихга мол қилсалар, ҳиммат қилсалар арзийдур. Фардларни ғояси, мафкураси шулдур. Шул сабабли динига, ватанига хизмат қилишни туркистонлилар ўзи илтизом этадур (лозим, деб билади). Ўз тарихининг ўзи ёзадур. Шуни(нг) билан туркистонлилар ўз миллатиға хизматлари сабақат эткон фидокорларнинг исмларини табжил этадур, зинда қиладур.

Туркистоннинг ҳазин, ҳазин фожеаларини тарих саҳифасидин, миллатни(нг) кўнглидин, бутун дунёдин ёшириш учун руслар кўб ғайрат қилдилар. Ҳақиқатга яқин келтирмасдан Туркистоннинг даҳшатлик фожеасини жузъий бир шаклда қилиб, дунёга ўз вақтида тамомланиб кетгон қилиб кўрсатдилар. Ҳолбуки, мудҳиш фожеалар сабабила ҳар бир фардни(нг) туклари тикка, тикка бўлуб кейинги насларга муҳим дарслар, ибратлар бордур. Ачинарлик жойи шулки, русларнинг ювиндихўрлари, қаламлари сотилғон ёзувчиларнинг ғайрати билан бизни(нг) тарихимиз фожеамизни бўлди-бўлди, ўтди-кетди, босди-босди қилиб тарихни(нг) бурчаклариға отдилар, ҳақ ва ҳақиқат довушини бўғдилар.

Ваҳоланки орадан асрлар кечгонлиғиға рағман (қарамасдан) ҳаққоний тарихимиз кўз олдимизда мужассам гавдасила майдонда кўриниб туродур. Ақли, ҳуши бошида бўлғонлар учун инкорга мажол йўқтур. Душманнинг ўюнларини тарихдин, миллатдин махфий тутгонлар ҳам бўлди. Тарихнинг аслини ёширдилар. Кайфларича тасвир этдилар. Қаламларини сотгон мирзоларга ҳайф, котибларга ҳайф.

Руслар Туркистон фожеасиға оид тарихни таҳриф этдилар (ўзгартирдилар). Мужоҳидларимизни ва миллий қаҳрамонларимизни босмачи дедилар. Тарих ҳеч бир замонда ва ҳеч бир маконда мундоқ таҳриф қилинмади ва таҳқир қилинмағондир. Рус воқеанавислари Туркистон фожеасида рўл ўйнағон мужоҳидларимизни бир тўп қароқчи, босмачи шаклида кўрсатди. Зотан, руслар муғолата қилиш сиёсатида кўб моҳирдурлар.

Руслар шундоқ парупоғондаларини Оврупога ва ўзини муттафиқ дўст давлатларига турли тилда тарқотдилар, миллатимизни машруъ ҳаққи, табиий ҳаққи бўлғон истиқлол даъвосини пардапўш қилдилар. Бунга виждонсиз воситачилар сабаб бўлди. Халқ жоҳил сиёсатдан хабари йўқ. Бу жаҳолатдан фойдаланиб, у сотқинлар душман райларини халқга талқин этдилар. Сатранжни(нг) тошларидек вазифа кўрдилар. Русларга сотилгонлар ичида ҳар хил тоифадин мавжуддур. Бу тоифаларнинг тарихий хатоларига Фарғона йигитларини(нг) муборак қонлари дарё-дарё бўлиб оқди. Масъуллар ҳаё қилсун, уётсун, русларни фойдасиға тузоқ бўлуб ишлагонлар шарм қилсун, ҳаё қилсун. Бу ачинарлик воқеалар бизларга ибрат бўлсун. Унутулмаз воқеалардан бири шулдурки, руслар маданият келтирдик, деб даъво қиладурлар, келтурғон маданиятларини бошида дор ёғочлари, ГПУни(нг) зиндонлари, қалъалар (крепост) атрофинда ковлангон чуқурларга ботир йигитларимизни тирик, тирик кўмуб устиға оҳак тўккон қабрлари, кўзга кўрунмағон лаҳадлари ҳаммаси Московдин келғон маданиятдур.

Босмачи деган исм ҳақинда бир икки сўз:

Бир вақтларда баъзи ёмон ниятлик, безори йигитлар қўлиға силаҳ тутуб, ёниға беш олти ўғрини олуб, фурсатдан фойдаландилар. Ўқи йўқ, қадимий милтиқлари билан халқни қўрқутуб, молини олуб, юртни бесаранжом қилдилар. Уйларни, дўконларни босдилар. Бундоқ воқеалар дунё бўюнча ҳар замонда, ҳар давлатда, ҳамма қавмда бўлуб келғондир, ҳоло ҳам мавжуддур. Шундоқ бебош беш-ўн кишилик ўғрилардан тўплонғон ашқиёни (бадбахтларни) босмачи деса бўладур. Бундоқ шариканинг аҳдасидан чиқғоли бўладур.

Аммо 50 000, 60 000 аскарларила мукаммал силоҳлик, қувватлик бир ўрдага эга бўлғон мухторият ҳукуматининг қура билгон миллий мужодала қаҳрамонларини босмачи демак ҳақсизликдур, ошкор душман сўзидур.

Бир замонлар осойишни халалдор қилғон ёмонларни ёмонликда давомлари учун руслар кўз юмдилар эди. Шул вақтларда ўғриларни, ашқиёларни қароқчиларни – ҳаммаларини босмачилар деб от қўйғон, айни замонда мужоҳидларимизни ҳам босмачи (резбайник) деб парвиёғандад қилдилар. Оврупога ва бошқа давлатлар русларни матбуотидан олғон хабарларни айнан нашр этдилар. Туркистон мужоҳидлари, деб ёзиладурғон ерда, газетларда, мажмуаларда босмачи, деб ёзиб тарқатдилар. Ҳолбуки, Туркистонда саккиз сана давом этган миллий мужодала даврида милюнлаб шаҳид берғон мужоҳидларимизнинг мисоли Анқарада чиқғон миллий мужодала қаҳрамонлариға ўхшайдур. Яна бир мисоли Жазоирда Франсия ҳукуматиға исён қилуб, саналарча муҳорабадан кейин истиқлолиға эга бўлғон Жазоир мужоҳидлари кабидур. Фақат натижа эътибори ила Анқара миллий мужодала ҳаракати ва ҳам Жазоир мужоҳидлари муваффақ бўлдилар, ва лекин Туркистон ноком бўлди.

Мужоҳидларимизни гарчи руслар дунёга босмачи, деб эълон қилса ҳам ??? Оврупонинг баъзи муҳаррирларидин ҳақиқатни майдонга чиқариб Туркистон миллий мужодала ҳаракатларини миллий қўзғолиш, деб ёзғон ёзувчилар бўлди. Жумладан Михаил Рибкин “Осиёдаги Русия” исмли китобида русларнинг босмачилик, дегон миллий мужодала ҳаракати мусулмон миллатчилари Фарғона водийсинда кетадакча ёйилди, деб ҳақиқат ҳолни очиқ ёзиб нашр қилди.

Бундан бошқа асарлар ҳам кўбдур. Ўз мақомида ёзилса керак.

Хулосаи калом босмачи, дегон ифтиро ҳақсизликни мудофаа қилиш биз туркистонлиларга тушодур. Тарихда ўз ҳақини ўзи ҳимоя қилмагон, ўзи талаб қилиб олмағон бир қавм вақти ўтгондин кейин мудофаасидин, мутолабасидин ожиз қоладур. Замоне кечкондин кейин душманларимиз ўзимиздин бўлғонлар ҳам ноҳақ фикрга қўшулуб кетадурлар. Бундоқ унсиз ҳужумни дафъ қилиш учун туркистонликларни афродидин ҳар бир фардни кўшиш қилиши лозим.

Туркистон фожеасини текшириб ёзиб бутун дунёга ва янги наслларга пешкаш қилиш вазифаси бугунги мавжуд наслларга тушодур. Туркистонликлар ўз мозийларини ўзлари таҳқиқ қиладурлар. Аларни кўрушлари даҳо исобатлидур, манбалари саҳиҳдур. Шарқ илми ғарблиларга эмас, шарқлиларга даҳо зиёдасила маълумдур.

Бу сабаблардан фожеанинг ич юзини билгонимча тарихга билдиришни ҳаётда экан, бир вазифа деб билдим. Душманнинг фитна-фасод ўюнларини афкори оммага кўрсатишни унинг ниқобини очиб душманлик чеҳрасила майдонга чиқоришни диққати замони келди.

Андижа қиладурғон бир нарса йўқдур. Маориф асридур. Ҳар кас ҳуррият билан қалам тебрата биладур. Шундай бўлғон суратда шояд ўлум уйқусидин уйғонгон бўламиз.

Туркистонлиларнинг диний мужоҳадалари, миллий мужодалалари руслар тарафиндин босмачилик сифати ила доимо юзимизга сурулгон сиёсий бир тамға бўлди. Бу доғни бир марра салиб душманни юзиға суртулса, шундагина душманни махфий ва ошкор ташкилотлари забун ва мағлуб бўладур.

Улуғ Туркистон афродидин ҳар бир фарднинг зиммасиға тушгон вазифасидурки, ёшларни қалблариға ушбу мафкурани эксун, суғорсун, кўкартсун. Чунки ўшал қаҳрамон аждоднинг авлодидур.

(Давоми бор)