“Фарзанди”дан жирканган “Ота”дан ҳамма “Дангаса” безор!

“Фарзанди”дан жирканган “Ота”дан ҳамма “Дангаса” безор!
64 views
26 June 2013 - 9:45

Сарой шоири Абдулла Орипов собиқ Иттифоқ даврида чет элга бориб келганидан сўнг, бир шеър ёзган эди. У киши ўз шеърияти  орқали,  “бир негр боласи бир бурда нон сўраб, дўкон олдида борганида, дўкон эгаси, ўша боланинг устидан керосин сепиб, ёққиб юборган” деб таърифлаган эди. (“Тунислик Бола” шеъри – таҳр.) Бу гап 20 асрга тегишли. Ўшанда биз бу шеъри ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланганмиз.  Чунки, у вақтда биз собиқ СССР давлатининг фуқаролари эдик-да…

Ҳозирчи?! Мустақил Ўзбекистоннинг ёшлари, ўз жонига қасд қилиб, ўзларини   осмоқдалар ва ёқмоқдалар. Ваҳоланки, уларни ҳеч бир инсон, “ўзингни шундай қилгин” деб йўл кўрсатган эмас. Улар ўз ихтиёрлари билан, ақл-хуши жойида, ўз жонларига қасд қилмоқдалар. Ҳўш. Бунга ким сабабчи?! Аввалом бор, Ўзбекистон ҳукуматини 23 йил давомида бошқариб келаётган, Каримовнинг сиёсати туфайли шундай ноҳуш воқеалар юз бермоқда….

“Ота” ўз фарзандининг  келажагини ўйласа эди, бу фарзандлар Қозоғистон ва Россияда “бир бурда нон топиш учун” юртма-юрт кезиб, сарсон-саргардон бўлиб юрмас эди. Ўзбек ёшларини шу кўчага солган ва уни шу ишга маҳкум этган мамлакат, “ота”си ҳамма нарсадан хабардор бўлса-да, ўзини кўрмаганликка солмоқда.  Чунки, мамалакатни бошқарган кема капитани қирғоққа олиб чиқиш учун имконияти қолмади. Кема эса, денгизнинг ўртасига бориб, чўкиш ҳолатига тушиб қолди. Чўкаётган одам эса ҳасга ёпишмоқда. Бироқ. У ушлаган ҳас эса сароба бўлиб чиқмоқда…

Сиз ўз танангизга  бир ўйлаб кўринг. Ўзбекистонда энг кам ойлик маоши 79 минг 800 сўмни ташкил этади. . Шу ойликка  яшаб бўладими? Бу ойликка нима беради? Иқтисодчи отанинг давлатдан оладиган ойлик маоши эса, 3-5 минг долларга етган. Унинг атрофида юрган порахўрларнинг  ойлик маошлари эса 2-3 минг доллар. Яна, “плюс” уларга ҳар куни пора бор. Давлат уларга ҳамма шарт ва шароитни қилиб қўйибди. “Егани олдида, емагани кетида”.  Бу порахўрларнинг фарзандлари эса, энг яхши “люкс” машина ва данғиллама участка ҳовлиларда яшаб маза қилиб яшамоқда. Оддий деҳқон фарзанди эса, Москва кўчасини супуриб, фаррошлик қилиб, русларнинг сассиқ гапларини эшитиб, урилиб-сурилиб яшамоқда.

“Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деб аталмиш мамлакатнинг фарзандлари ўз мамлакатини иқтисодий ва ижтимоий ботқоқликдан олиб чиқиш учун, 6 миллиард долларга эга маблағни  юбормоқда Россиядан. Қайси мамлакатда бор бундай танти ва мард ўғлонлар? Хаттоки, Ўзбекистон ўзи чет элга экспорт қилаётган газ, пахта ва рангли металларидан бир йилда шунча маблағ, мамлакат ҳазинасига келиб тушмайди…

Ўзбекистон ҳалқига қанчалар тасаннолар айтса камлик қилади. Бу юртнинг фарзандлари ўзини ва оиласини боқиш учун, Россия ва Қозоғистонда ишламоқдалар. Мамалакат президенти эса, ўзбекнинг номусини “ўйлаб” ундан жирканамоқда. Улардан ор-номус қилмоқда.  Шу 23 йил давомида қанчадан-қанча ёш йигитларимиз оламдан кўз юмди. Қанчадан-қанча ёш қизларимиз ўз танасини сотиб, фоҳишалик қилиб, ОИТС (СПИД) касаллигига йўлиқдилар. Ўзбек миллатини йўқ қилишга асосий замин тайёрланди десак хато бўлмайди…

Аслида эса, мамлакатни талон-тарож қилиш учун Каримовнинг ўзи йўл очиб берди. Биринчилардан бўлиб,  Гулнора ва Лола Каримовалар Ўзбекистон бутун бойликларини талон-тарож қилишиб, чет эллардан виллалар сотиб олдилар. Мамалакатни бутунлай инқирозга олиб келган ўшалар эасми?!

Куни-кеча Ўзбекистон телевидениеси орқали чиқиш қилиб, “Ўзбекистонда гадойлар йўқ” дедингиз. Сиз эски подшолик давридагидек, “қаландарлик тўн”ни кийиб, мамлакатни бир айланиб чиқсангиз, Ўзбекистон кўчаларида юрган ўзбек фуқароларини кўрсангиз эди,  ана унда,“гап буёқда экан”дердингиз…

Ўтган йили Ўзбекистон телевидениесида чиқиш қилдингиз. Ўшанда бир гапни айтдингиз, “Ўзбекистонда яшаётган фуқароларимиз бойиб ҳам кетмасликлари керак. Камбағал ҳам бўлиб қолмасликлари керак. Улар ўртача ҳолда яшашлари керак” дегандингиз. Кечирасиз. Қайси мамлакатнинг фуқароси бой бўлса, ўша мамлакат бой бўлади. Бунга бир мисол келтириб ўтаман. 1995 йил Жанубий Кореянинг иқтисодий жиҳатдан инқирозга учраганида мамлакат раҳбари ўзининг ҳалқига мурожаат қилган. Ушбу мурожаатига кўра, “Кореяни инқироздан олиб чиқиш учун, ўз имкониятларингиздан келиб чиққан ҳолда, давлатга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан. Сизлардан олинган ашёлар вақти соати Корея давлати оёққа тургандан сўнг, албатта қайтарамиз”деганди. Ҳозир Жанубий Корея ҳалқига миннатдорчилик билдириб, ўз ҳалқига қайтармоқда.  Корея шу йиллар давомида ўзининг иқтисодини кўтариб олди. Ҳозирги кунда келиб эса, Осиё мамалакатлари ичида, “Осиё Йўлбарси” деган номга эга бўлди.  Жанубий Кореяни инқирозга учратган ҳукумат вакиллари ва унинг президенти ҳали ҳам қамоқда ўтирибдилар. Ўша вақтда Жанубий Кореяни   порахўрлик, товламачилик жинояти жуда ҳам авж олган эди…

Энди савол туғилади. Нима сабабдан Сиз мамлакатимиз фуқароларини бой бўлишидан чўчийсиз?! Бунинг битта сабаби бор. У ҳам бўлса,  Сиз қайси ҳалқ бой бўлса, ўша мамлакат фуқароси ҳукуматга қараб интилишини яхши биласиз. Сизнинг “нозик” жойингиз мана шунда-да! Сизнинг оилангиз ва қизларингиз мамалакатдаги тадбиркор ва ишбилармонларни  бас дегунча таламоқдалар. Нима учун?  Чунки, “Агар эртага улар бойиб кетса, менинг жойимга эга бўлиб чиқишади” деган васваса, Сизни доим таъқиб остига олмоқда. Тахтдан кетиш  Сиз учун ўлим билан баб-баравардир…

2008 йилдан буён давом этиб келаётган инқироз ҳам, Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтқазди. Ҳалқимиз мажбур бўлди, ўз она юртини ташлаб, ўзга давлатларга иш қидириб кетишга. Ўз оиласи ва давлатига ҳисса қўшишни истаган ўзбек йигитлари  енг шимариб ишга киришди. Бизнинг ўзбек ҳалқимиз доно ҳалқдир. У қаерга бўлмасин, ўзининг камтарона меҳнати ва ҳалол пули билан мардикорчилик қилиб бўлса-да, кунини ўтқазади. Мардикорлик бу ҳалқнинг қон-қонига ва жон-жонига сингиб кетган. Бу ҳалқ қора иш билан пишиб етилган ҳалқдир. Бу ҳалққа озгина эътибор бўлса бас. У ўз жонини беришга ҳам тайёр. Бу ҳалққа хайкал қўйса ҳам, камлик қилади. Бу ҳалқнинг борлигига шукур қилмайсизми? Сиз ва Сизнинг атрофингизда юрган ғаламис ўғрилар айнан ўзбек ҳалқининг нонини тортиб олиб,  шунинг устидан кун кўрмоқда…

Мен яна бир мисолни келтириб ўтмоқчиман. Ҳозирги иқтисодий қийинчилик бир даврда Осиё давлатлари ичида Хитой Республикаси, Америка ва Европа давлатларининг бозорига ўзининг товарлари билан эгаллаб олди. Мана Сизга маданий йўл билан курашишнинг бир йўли. Ер юзининг қайси мамалакатига борманг, албатта  Хитой товарларини кўрасиз. Худди шунингдек, Ўзбекистонда ҳам, Хитой товарлари  ҳаддан ошиқ босилиб кетган. Бу мамлакатнинг иқтисоди кундан-кун гуллаб яшнамоқда. Энг қизиқарлиси шунда-ки, Хитойнинг олтин заҳираси, 1 триллон долларга баҳоланмоқда. Хитой ер юзида аҳолисининг кўплигидан биринчи ўринни эгаллайди.  1 миллиард 800 миллион кишини ташкил этмоқда.  Шу ўринда яна бир савол туғилади. Қандай қилиб шунча аҳолини боқиш мумкин?! Ҳиндистонда-чи?! 1 миллиард 500 миллион киши бор. Ҳиндистон ўз ҳалқини қандай қилиб боқмоқда?! Ҳиндистон ҳам, Хитойдан ортга қолаётгани жойи йўқ. У ҳам, стратегик йўл билан бўлса-да,  давлатни ривожлантириш учун ҳаракат қилмоқда…

Ўзбекистонда-чи? 30 миллион аҳолиси бор холос. Шундан 10 миллиони эса, Россия ва Қозоғистонда кун кечирмоқда. Қолган мамлакат ичидаги фуқаролар, мардикорлик билан кун кўрмоқдалар. Бу “мардикорлар” эса, бойлар учун уй-жой қуришмоқда. Қайси бойнинг уйига борманг, ҳар бирида 20-50 дан ошиқ мардикорни кўрасиз.

Мамлакатнинг олтин, пахта, рангли металлар, нефть ва газ маҳсулотлари чет элга экспорт қилинмоқда. Экспортдан тушган маблағлар қаерга кетмоқда? Ваҳоланки, бу тушган даромаддан аҳолининг паст қатламини боқиш мумкин-ку?. Уларга янгидан-янги иш ўринлари ташкил қилиш мумкин эмасми????

Мардикорлик нима, айб ишми? Сиз ўшалардан жиркандингизми? Сиз ўшаларни “дангаса”деб атадингизми? Аслида эса, мана шу, “дангасалар”нинг ҳаммаси, Сиздан безордирлар. Сиздан безор бўлганларидан Россия ва Қозоғистонга ишга кетганлар…

 

Фахриддин Тиллаев