Халқ инқилоби ҳақида шахсий фикрларим

Халқ инқилоби ҳақида шахсий фикрларим
52 views
01 July 2013 - 7:46

(“Инқилоб учун қулай вақт келмадими, ЎХҲ?” мақоласига муносабат)

1.      Тарихда ҳам, бугун ҳам дунёнинг турли бурчакларида халқларнинг турли шаклдаги инқилоблари содир бўлган ва бўлмоқда.

2.      Инқилоблар икки мақсадда амалга оширилади: А) Адолат ўрнатиш учун (масалан, “Араб баҳори”, дейилган инқилоблар). Б) Зулм ўрнатиш учун (масалан, Ленин бошқарган социалистик инқилоб, яқинда Туркияда муваффақиятсиз бўлган ва ҳозирги кунда Мисрда бошлатилган аксилинқилоблар).doloy-300x153

3.     Адолат ҳар кимга табиий ҳаққини бериш ва зулм эса ҳар кимдан ушбу ҳақларни куч билан (ҳокимият ва қурол воситасида) тортиб олишдир. Инсоннинг асосий табиий ҳақлари унинг:

–          Ҳаётининг дахлсизлиги (ҳаёт дахлсизлиги инсонларни ноҳақ ўлдириш ва тан жароҳати етказиш билан бузилади)

–          Ақлининг дахлсизлиги (ақл дахлсизлиги спиртли ичимликлар, наркотик моддалар ва шунга ўхшаш инсон ақлига зарар берадиган нарсаларни ишлаб чиқиш ва истеъмолга рухсат бериш билан бузилади)

–         Эътиқодининг дахлсизлиги (эътиқод дахлсизлиги инсонларни бирор динга ёки мафкурага зўрлаб қиритиш ёки ўзи ишонган дин ёки мафкурадан зўрлаб чиқариш билан бузилади)

–          Мол -мулкининг дахлсизлиги (мол-мулк дахлсизлиги порахўрлик, судхўрлик, мол мулкни талон тарож қилиш, қароқчилик каби йўллар билан бузилади)

–         Обрў- эътиборининг дахлсизлиги (инсоннинг обрў-эътибори унга туҳмат ва бўҳтон қилиш билан бузилади)

–          Наслининг дахлсизлигидир (Инсон наслининг дахлсизлиги никоҳсиз фарзандларни дунёга келтириш билан бузилади)

Бугун Ўзбекистонда  ва дунёнинг кўпгина давлатларида инсонларнинг ушбу ҳақларига  диктатура режимлари тажовуз қилмоқда. Айтиш мумкинки, бугунги дунё тузуми асосан инсониятнинг ушбу ҳақларини қўриш учун эмас, уларнинг дахлсизлигига тажовуз қилишга хизмат қилмоқда.

4.      Инсонларга ушбу ҳақларини бериш учун қилинадиган эътиқодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаракатлар, шу жумладан инқилоблар ҳам АДОЛАТ учун қилинган ҳаракатлар ва инқилоблар ҳисобланадилар. Бундай инқилобларга қўл уришнинг тўғри эканлиги БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Баённомаси кириш қисмида шундай таъриф этилган:

“Инсон охирги чора сифатида зулм ва истибдодга қарши исён кўтаришга мажбур бўлишининг олдини олиш мақсадида инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан ҳимоя этилиши зарур эканлигини эътиборга олиб” ( uzxalqharakati.com)

5.      Ўзбекистондаги ҳозирги диктатура режими инсонларимизнинг юқорида айтилган асосий олти ҳуқуқининг ва бошқа ҳуқуқларининг дахлсизлигига тажовуз қилаётганини (бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир ва Ўзбекистондаги тузумнинг диктатура эканлигини халқимиз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам билади) ва БМТ инсон ҳуқуқлари ҳужжатида қайд қилинган халқнинг зулмга қарши исён (инқилоб) ҳаққи борлигини эътиборга олиб, бугун Ўзбекистон халқининг мавжуд диктатура режимига қарши инқилобга қўл уришга ҳаққи бор, деб биламиз.

6.      Ўзбекистон халқини эҳтимолий инқилобга бош уришга мажбур қилган асосий омил мавжуд диктатуранинг зулмидир. Мухолифат, шу жумладан ЎХҲ аввало инқилобсиз, тинч сиёсий йўллар билан режимнинг алмаштирилшини истайди. Аммо халқимиз БМТ ҳужжатида айтилгани каби “ охирги чора сифатида зулм ва истибдодга қарши исён кўтаришга мажбур бўлиши” мумкин. Шунинг учун ҳам халқ қўзғолонининг ва унинг эҳтимолий исталмаган оқибатларининг бутун масъулияти халқимизга зулм қилаётган ва уни ҳақ ва ҳуқуқларидан маҳрум қилган ҳозирги диктатура режимининг зиммасида бўлади.

7.       Инқилоблар адолатни ёки зулмни ўрнатиш учун бўлгани каби (2 -моддага қаранг) табиий ва сунъий шаклда ҳам бўлиши мумкин. Табиий инқилобларга мисоллар Тунис ва Мисрдаги инқилоблар, Туркияда бўлаётган инқилобий ислоҳотлардир (демак, инқилоблар исён шаклида бўлгани каби тинч ислоҳотлар шаклида ҳам бўлиши мумкин экан). Сунъий инқилобий уринишларни золим ҳукуматлар ёки бирор давлатда ўз манфаатини қўриш ёки қўлга киритиш учун халқни тўс -тўполонларга бошлайдиган ташқи кучлар амалга оширадилар. Масалан, ҳозирги кунда Туркия ва Мисрдаги аксилинқилобий “инқилоблар”, 1999 Тошкентда ва 2005 йилда Андижлонда бўлгани каби ҳукумат назоратида амалга оширишга уринилган “инқилоблар”(аслида булар халқимиз ҳақиқий инқилобга бош урмасин дея диктатура ҳукумати ташкил қилган фитналар эди).

8.      Диктатура режими ниҳоятда ҳийлакор ва фитначи эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Чунки бу режим халқнинг кайфиятини яхши билади ва ҳақиқий инқилобни йўққа чиқариш учун ундан олдин сунъий инқилобни ўзи “ўтказиб қўйиши” мумкин. Масалан, Тошкентда ёки бошқа катта шаҳарларда бир неча юз ёки бир неча минг кишини ўзи тўплаб, ўққа тутиши ва буни мухолифат исён қилди, дея халқимизни ва дунё жамоатчилигини алдашга уриниши мумкин.

9.      Диктатура ҳукумати 2014 йилги парламент ва 2015 йилги Президентлик сайловларидан олдин мана шундай сиёсий фитналарга (сохта инқилобларга) қўл уриши муминлигини асло унутмаслигимиз лозим.

10.  Ҳозир Ўзбекистонда Конституциявий тузум йўқдир. Президент Ислом Каримовнинг ваколатлари 2000 йилда тугаган ва мана 14 йилдирки у ноқонуний Президент ҳисобланади. Шунинг учун ҳам агар халқимиз ҳақиқий инқилобга бош урадиган бўлса, мавжуд диктатуранинг буни “Конституциявий тузумга тажовуз”, дея баҳолашга ҳаққи йўқ, чунки юқорида айтилгани каби ҳозир Ўзбекистонда Конституциявий тузумнинг ўзи йўқ.

11.  Адолатли, яъни ҳақиқий инқилоб тўсатдан, режалаштирилмаган ҳолда (Тунис ва Мисрда бўлгани каби) бошланиб кетиши мумкин. Айтиш керакки, масалан Тунисда халқ инқилоби амалга ошганда инқилоб учун шартлар биздаги каби етишмаган эди. Содда сўз билан айтганда Тунис халқи инқилобга ҳозир эмасди, тунисликларнинг ўзлари ҳам Зайналобидин бин Али диктатурасига қарши инқилоб қила олишларига ишонмас эдилар. Худди бизнинг халқимиз мустақилликка тайёр бўлмасада, мустақиллик қўлга киритилгани каби. Аммо миллий шоиримиз Чўлпон айтгани каби “Халқ тўлқиндир, халқ кучдир…”. Бундай адолатли (яъни, табиий) инқилоб тўсатдан (масалан, Тошкентдаги футбол ўйинларининг биридан кейин, катта концертлардан кейин ёки бозорларда содир бўлган бирор кўнгилсиз ҳодисадан кейин) бошланиб кетиши мумкин. Бундай инқилобнинг ҳукумат ташкил қилиши мумкин бўлган сунъий “инқилобдан” фарқи бирдан ўн минглаб ва ҳатто юз минглаб кишиларнинг бир орада (масалан, Тошкендаги мустақиллик майдонида) тўпланиши ва ҳукуматни истеъфога чиқишга талаб қилиши шаклида бўлиши мумкин. Бундай инқилоб учун қулай фурсат 2014 йилги парламент ёки 2015 йилги Президент сайловлари бўлиши мумкин. Чунки ноқонуний Президент Каримов ҳокимиятни яна ноқонуний равишда ўзи истаган одамга, масалан қизи Гулнорага топширишга уринса, бу халқимизнинг сабр косасини тошириб юбориши ва бу эса табиий равишда халқнинг адолатли инқилобига сабаб бўлиши мумкин.

12.  Халқимиз адолатли  инқилобга бош урар экан, албатта бундай инқилобни ўзининг табиий ҳақ ва ҳуқуқларини ( 3 -моддага қаранг) ҳимоя қиладиган сиёсий кучни ҳокимиятга келтириш учун амалга оширади. Яъни, халқнинг адолатли инқилобининг натижаси анархия (сиёсий ҳокимиятсизлик) бўла олмайди. Ҳозирги кунда бундай сиёсий ҳаракат ҳеч шубҳасиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир.

13. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг сиёсий ташкилот сифатида уч кучли жиҳати бордир:

-Биринчидан, ЎХҲ тўғри мафкурага эгадир. Ҳаракатимизнинг мафкураси уч қадриятга асосланади: Ўзбек халқининг миллий қадриятлари (она тилимиз, яхши урф ва одатларимиз, тарихимиз, абадиётимиз, санъатмиз ва ҳк), инсоният тараққиётининг ижобий хусусиятлари (инсонга ярашадиган инсон ҳуқуқларига амал қилиш, сўз ва матбуот эркинлиги, жамоат бирлашмалари тузиш, иқтисодий эркинликлар, ҳукуматни сайлаш эркинлиги, тинч намойишлар ўтказиш каби эркинликлар) ва эътиқодий қадриятларимиз (имонли, ахлоқли, маънавиятли бўлиш ва ҳк).

-Иккинчидан, ЎХҲ Каримов диктатурасининг қаршилигига қарамай халқимиз ичида ва халқаро майдонда яхши танилган ва ташкилланган ҳаракатдир. Шунинг учун ҳам халқимизнинг бизга эргашишига шубҳа қилмаймиз.

-Учинчидан, ЎХҲ Муҳаммад Солиҳ шахсида кучли сиёсий лидерга эгадир.

14. Халқнинг адолатли инқилоби ҳақида гапирар экан, қўшни Тожикистон ва Қирғизистондаги муваффақиятсиз инқилобларнинг тажрибаларини ҳам унутмаслигимиз керак. Тожикистон инқилоби диний шиорлар билан бошланганди. Айтиш керакки, Ислом дини инқилоб дини эмас, ислоҳот динидир. Яъни, бир зарба билан амалга ошадиган эмас, босқичма -босқич  тараққий қилади.. Қуръони Карим 23 йилда нозил бўлганлигини асло унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда “халифат қуриш, шариат ўрнатиш” каби шиорлар долзарб эмас, деб ўйлайман. Мусулмонларнинг бугунги асосий вазифаси (зотан халқимизнинг асосий қисми мусулмон) диний маърифат ва ўзаро иттифоқни йўлга қўйишдир. Шунинг учун ҳам халқимиз бугунги кунда сиёсий ташкилот бўлган айни пайтда ўз ғояси ва дастурида эътиқодий ва маънавий қадриятларга ўрин берган, жамият ва давлат тараққиётининг ўрта ва мўътадил йўлини танлаган ЎХҲ га эргашиши керак. Қирғизистондаги инқилоблар эса сунъий инқилоблар бўлди. Уларни  аввало ўзларининг моддий, сиёсий манфаатларини ва қирғиз миллатчилигини асос қилиб олган шахслар ва ташкилотлар амалга оширдилар. Шунинг учун ҳам бу инқилоблар орзу қилинган натижаларни бермади ва бермаяпти.

15. Ҳозирги кунда ЎХҲ аъзолари ва хайрихоҳларининг асосий вазифаси ҳаракатимизни халқимиз ичида янада кенгроқ танитиш, диктатура режимига қарши тарғибот ишларини кучайтириш, маҳаллаларда, қишлоқларда ва шаҳарларда ЎХҲ бошланғич ташкилотларини (яширин ҳолда бўлса ҳам кичкина (масалан, ўн ўн беш кишилик гуруҳлар ҳолида тузиш) ва бу йўл билан инсонларимизнинг сиёсий фаоллигини оширишдан иборатдир.

16. Ўзбекистондаги диктатура режимидан қутулишнинг ягона йўли халқ инқилоби эмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Инқилоб ўрнига сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши ҳам мумкин. Буни амалга ошириш масъулияти ҳам ҳозирги ҳукуматнинг зиммасидадир. Бунинг учун аввало 2014 йилги парламент ва 2015 йилги президентлик сайловлари ЎХҲ иштирокида эркин ва адолатли шаклда, халқаро назоратчилар кузатувида ўтказилиш керак. Мен бу ҳақда ўз фикрларимни Президент Каримовга ёзган мактубимда билдирганман. (қаранг: uzxalqharakati.com). Аммо ҳукумат бундай сиёсий ислоҳотлар амалга оширмай, халққа қарши зулмини давом эттирадиган бўлса, халқнинг инқилоб қилиш эҳтимоли ҳам сақланиб қолаверади.

17. ЎХҲ сиёсий ҳокимиятни қўлга олиш ва бошқаришда ўз кадрлари бўлгани каби ҳозирги режимнинг жиноятларини бевосита амалга оширмаган кадрлар, шу жумладан марказий ва маҳаллий ҳокимият маъмурлари, милиция ва ҳарбий кадрлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Бунинг шарти юқорида айтилгани каби бу инсонларнинг режим жиноятига шериклик қилмаганлигидир.

18. Ўзбекистонда халқ инқилоби бўлса ташқи кучлар ва давлатлар қандай муносабатда бўлади, деган масала ҳам муҳимдир. Англиянинг собиқ элчиси Крейг Муррей ва АҚШ Ташқи Ишлар Вазири ёрдамчиси Блейк Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий муаммонинг асосан ички омилларга боғлиқ эканлигини таъкидлашди ва бу тўғри фикр, деб ўйлайман. Ўзбекистон ташқи кучлар таъсири жиҳатидан, яъни уларнинг мамлакатнинг ички ишларига аралашиши жиҳатидан , масалан, Сурияга ўхшамайди. Шу бирга мамлакатимиздаги ўзгаришларга, шу жумладан халқ инқилобига ҳам бефарқ қолмайдиган давлатлар аввало Русия, Қозоғистон ва Туркиядир, деган фикрдаман.

19. Ўзбекистонда халқ инқилобининг амалга ошиши жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётининг бирдан нормаллашишини ва зудлик билан иқтисодий тараққиётга эршишни билдирмаслигини ҳам унутмаслгимиз керак. Чунки Каримов режими халқимизга жуда катта моддий ва маънавий зарарлар берди. Ҳозир инсонларимиз ниҳоятда қашшоқлашган, миллонларча ёшларимиз хорижда Ислом Каримовнинг таъбири билан айтганда “дангасалик” қилмоқдалар. Инсонлар ичида ёлғон, манфаатпарастлик, ахлоқсизлик афсуски анча кенг тарқалган. Диктатуранинг бундай манфий меросларини ўртадан кўтариб ташлаш учун маълум вақт, яъни ўтиш даври керак бўлади. Халқларнинг қуллик ва зулм жамиятидан эркинлик ва адолат   устун бўлган жамиятларга ўтиши одатда қулай бўлмайди. Халқни, жамиятни ва давлатни бошқариш, айниқса ўтиш даврида бошқариш ниҳоятда масъулиятли, қийин ва мураккаб масаладир. Шунинг учун ҳам бундай даврда мумкин қадар кўпчиликнинг талабларига жавоб бера оладиган сиёсий куч ҳукуматни бошқариши керак. Мумкин қадар деяпман, чунки қуллик ва зулм (диктатура) режимидан кейин келадиган эркинлик шароитида ҳеч бир сиёсий куч ҳамманинг ҳамма талабларига жавоб бера олмайди. Шунинг учун ҳам халқимизнинг мумкин қадар катта қисми ЎХҲ ни қўллаб қувватлаши лозим, деб ўйлайман.

Намоз Нормўмин

ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси

01.07.2013

Мавзуга оид қўшимча материал: uzxalqharakati.com