Юртбоши қурган режим ўз хўжайинини алдаяпти

Юртбоши қурган режим ўз хўжайинини алдаяпти
49 views
02 July 2013 - 6:08

Ноқонуний президент Каримов яқинда Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида навбатдаги режалаштирилган сафарда  бўлди.  Сафар чоғида у вилоят аҳли билан учрашганда ҳалқимиз вакиллари шаънига  жуда бир ноўрин ва ёмон гапларни айтди. Россияда ва бошқа элларда   меҳнат  қилаётган ўзбек муҳожирларни (мардикорларни) дангасаликда айблаб, улардан жирканаман, деди.42840EBC-9EFF-4CFB-ADE5-6A8B11A0BE86_w640_r1_s

Ўзбекистон  президентининг   мантиққа ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган бу гапи, нима сабабдан ва  қайси  мақсадда айтилди? Москвада фаррошлик қилаётган меҳнат муҳожирлари, қайси миллатнинг обрўсини булғаяпти?

Москва кўчаларини озода сақлаш аввало Москваликларнинг иши.  Москва ҳокимияти ўз аҳолисининг ишчи кучи билан шаҳар озодалигининг  уддасидан чиқаолмай, буни меҳнат муҳожирларининг ёрдамида амалга ошираётган  бўлиши мумкин. Савет давридаги Москва бундай амалларга сиёсий тус бериб “Интернационал ёрдам” деб атар эди.

Бу ерда ҳайфсан ишни бажараётган миллатга эмас, балки  бундай ишни буюраётган миллатга берилиши керак. Чунки ҳақиқий дангасалик ўз  кўчасидаги чиқиндилар  билан ишлашни ўзига ор билганларнинг дангасалигидир….

Москвада фаррошлик қилаётган ўзбекнинг  ватанида Тошкент  авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ишлаб турганида эди, у албатта, заводдаги ЧПУ станогида оператор ёки йиғув цехида мутахассис ишчи ўрнини эгаллаган бўлар эди. Ишлаш имконияти 100% бўлган Чкалов  заводи ва бошқа заводлар, бугун нима учун ишламаяпти? Бунинг сабаблари кўпчиликка маълум. Шу жумладан Каримовга ҳам маълум.

Тўғри четда ишлаётган меҳнат муҳожирларимизнинг  асосий  мақсадлари  тезроқ реал даромадга эга бўлишдир. Маҳаллий  иш берувчилар сир эмас-ки мехнат муҳожирларига техника хафсизлиги қоидаларига  эътиборсиз, гигиена ва санитария  шароитлари яхши бўлмаган ишларни берадилар. Бунинг устига амалга оширилган иш ҳажмига нисбатан оз иш ҳақи билан рағбатлантирадилар. Бундай вазиятда Каримов Москва маъмурлари билан битимлар тузиб, шу “дангасаларнинг” ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак эмасми?

Россия расмий ахборот воситаларининг қайд  қилишларига қараганда, у ерда ўзбек меҳнат мухожирлариннг умумий сони 3.5 миллионга тенг экан. Аслида эса, бу кўрсаткич икки баробардан кўпроқдир.  Меҳнат муҳожирлари “дангасалик” қилиб, ҳуқуқлари камситилган ҳолда Ватанига, яъни  Каримов юртбошилик қилаётган элга  йилига $6.240. 000. 000. нақд  валютада жўнатар эканлар. Бу  рақам Россия  марказий банкининг 2012 йилги ҳисобатидан олинган.

Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудуди орқали Россиянинг бешта шаҳаридан Тошкентга ва бошқа шаҳарларга мунтазам қатнаётган поездлар ўтади. Мен кўпинча шу поездларда, Тўрткўлдан Тошкентгача йўловчи бўлиб келаман.  Бу поездларда тинимсиз ва минглаб меҳнат муҳожирлари уйига келадилар ва яна қайтиб кетадилар. Мен уларнинг кўпчилиги билан Тошкентгача самимий суҳбат қиламан. Улардан жуда кўп нарсани ўргандим.

Уларнинг айтишларига қараганда, Россияда ўзбек мардикори меҳнатсеварлиги ва хушмуомаласи билан ўзига яраша ҳурматга эга экан. Муҳожирларнинг бир қисми маҳаллий аҳоли вакиллари билан никоҳланиб,  оилалик ҳам бўлаётган эканлар.

Мен  поездда  юриб, миллатимизнинг  бир жиҳатини, яъни исрофгарчиликка йўл қўймай,  тежамкорлик билан иш қилишини кўрдим. Россиядан келаётган  ҳар бир йўловчи, ўзи билан  кам деганда миллион сўмлик ҳар хил истеъмол молларни олиб келади. Телевизордан тортиб то газплитагача. Россиядан келтирилаётган истеъмол моллари анча  арзонга тушар экан.

Тассавур қилинг, поездда 20 вагон бор. Ҳар бир вагонда 54 ўрин. Бир поездда мингга яқин йўловчи бўлса, 5 та поездда ҳар куни қанча истемол моллари, Ўзбекистон ҳудудига киритилаяпти? Қисқаси, ҳар куни миллиардларча сўмлик турли товарлар (нақд волютадан ташқари)  ватанимиз ҳудудига киритилаяпти.

Буларни назарга олмай, хориждаги ўз фуқароларидан жирканадиган ноқонуний Президент Каримовнинг эса бугун халқ олдидаги обрўси (рейтинги) ниҳоятда паст. Аслида Каримов  халқ олдида обрўсизланаётганидан ҳам қўрқмайди. Чунки унинг халқ билан иши йўқ. Фақат у атрофидаги югурдаклари билан муомала қилади ва иш кўради.

Бошқа томондан ватанимиздаги  ва дунёдаги  стратегик вазиятдан келиб фикрлайдиган бўлсак, элимизда оддий ижтимоий  учқундан кучли сиёсий  аланга чиқиб кетиши ҳам мумкин. Буни Каримов жуда яхши тушунади. Шунинг учун ҳам “арзимаган” ижтимоий сабаб, яъни мардикорлар ғалаёни билан у  ўз сиёсий режимига ва каръерасига ўт тушиб кетишидан қўрқади.

Президентнинг сиёсий амаллари республика иқтисодига ва халқнинг моддий аҳволига сезиларли таъсир кўрсатмаётганини халқ кўриб турибди. Ўзбек миллатининг ҳаётий муаммолари президентнинг ваъдалари билан эмас, балки мардикорларнинг меҳнати билан ва уларнинг уйига юбораётган долларлари билан  амалга ошаётгани халқимиз ва  дунё  жамотчилиги кўзига яққол ташланаяпти.

Президентнинг ички  сиёсати яъни, унинг  халққа қилаётган  хизмати,”ҳой баракаллачиликдан” нарига ўтмаяпти.  Танланган далада, танланган одамлар орасида, расман: “Ишларинг яхши ва яна яхши бўлиши керак” деган тушунчалар билан гўё халққа сабоқ бераяпти.

Каримовнинг  атрофидаги  хизматкорлари президентга ҳеч қачон ҳақиқий ахборотни ( Каримов хуш кўрмайдиган фактларни) ўтказмайдилар. Каримовнинг лавозимига ва шахсига қаратилган бундай қалбакичилик давлат ишларини барбод қилмоқда. Каримов ижод қилган режим  ўзининг сохтакорлиги билан ўз хужайнини ҳам алдаяпти.  Натижада президент воқеаларга нотўғри баҳо бериб, вазиятни янада чигаллаштираяпти.

Жуманиёзов Нураддин 

Мустақил Мардикорлар Ташкилоти рахбари в Эрк партияси аъзоси.

Тошкент. 30.06.13.