Қотил учун яшил чироқ

Қотил учун яшил чироқ
53 views
02 July 2013 - 11:05

1 июль кунида Швециянинг Сундсвалл шаҳридаги апеляция суди биносида ўзбекистонлик эр-хотин Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар тағин айбсиз дея эълон қилинди. Маълумингизким, 2012 йилнинг 22 фервраль кунида Стромсунд шаҳрида таниқли ўзбек имоми Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уюштирилганди. Бу суиқасд ижрочиси аниқланди ва у Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский эканлиги ҳам эълон қилинганди. Швецияда олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида, юқорида номлари зикр этилган ўзбекистонлик эр-хотинлар ҳам 2012 йилнинг май ойида жиноятга шерик сифатида ушланишган.

Швециянинг Остерсунд шаҳридаги биринчи инстанция судидаёқ бу жуфтликнинг жазога тортилиши имконсиз ҳолга келиб қолди. Сабаби оддий, улар Юрий Жуковскийга ёрдам берган бўлсаларда, бу ишни билмай қилишган ва айни мана шу иддаонинг ўзи уларни жазодан сақлаб келмоқда. Мана шу вақт ичида хориждан ўзбек тилида фаолият олиб борадиган барча оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари Швецияда уюштирилган бу қотиллик, ҳамда эр-хотинларнинг жиноятчига кўрсатган ёрдамлари тафсилотларини ёритиб борди. Демак, бундан буён Швецияни ўзбекистонлик қочқинлар учун хавфсиз дея қараш ҳам ўринсиз эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Энди ёлланма қотилга кўмак берганлар ватанларига қайтиб кетишади, ёки Швециядан бошпана олиб, шу ерда қолишади. Албатта бундай қилишлари ҳам мумкин, яъни Ўзбекистонда бизга хавф бор деган баҳонани рўкач қилишса.

Мазкур суд тафсилотларини аввал-бошиданоқ ёритиб келаётган Остерсунд постен (Östersund posten) газетаси аппеляция суди тафсилотларини келтириб ўтаркан, Обид қори Назаровнинг ўғли Довуд Назаров айтган бир сўзга урғу беради: http://op.se/lanet/stromsund/1.6035908-imamens-son-gront-ljus-for-kommande-attentat-.

Сундсваллдаги апеляция суди қарорини шарҳлаган Довуд Назаров, бу қарор келгусида уюштирилиши мумкин бўлган шу каби қотилликлар учун “яшил чироқ” эканлигини айтиб ўтган.

“Бу даҳшат! Ўзбекистондаги Каримов режими учун ҳам бу уларнинг содир этган жиноятларини очишнинг имкони йўқлигига сигнал бўлди”. – дейди Довуд Назаров.

(Det är ju hemskt. Karimovs regim i Uzbekistan får också en signal om att det inte är möjligt att bevisa deras brottsliga handlingar, säger David Nazarov. )

Мазкур ишнинг ўзбекистонлик Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларга боғлиқ қисмини биринчи инстанцияда кўриб чиқган Остерсунд суди 2012 йилнинг 26 июлида ўз қарорини чиқараркан, жиноятни Юрий Жуковский содир этганлиги ҳам тасдиқланмаганлигини келтирганди. Бироқ бу сафарги суд қарори илгаригисидан фақат шу жиҳати билан фарқ қилмоқдаки, Юрий Жуковский бу суиқасднинг бевосита ижрочиси бўлган. Аммо қаерда у ва қачон жазога тортилади?

Швед телеканллари ҳам бу жиноят ишини кузатиб бормоқда ва унда ҳам баъзи маълумотлар бериб борилаяпти. Мазкур телеканалнинг 1 июль кунги ўз дастурида эфирга узатилган материал 2012 йилнинг 22 февраль кунида Обид қори Назаровнинг бошига учта ўқ текканлигини маълум қилади, ҳамда телевидения иддасига кўра, 35 ёшлик Юрий Жуковскийни Москвада Россия хавфсизлик федерал хизмати қўлга ошган. Ҳозирда уни Швецияга экстрадиция қилиш сўзлашувлар бормоқда:http://www.svt.se/nyheter/regionalt/jamtlandsnytt/uzbeker-frias.

“Апеляция судида озод қилинган бу жуфтлик ёлланма қотилга Мальмодаги ўз уйларида бекиниш учун имкон яратиб беришганди. Унга компьютердан фойдаланиш имконини ҳам қилиб беришди, қурбоннинг қаерда яшашлигини аниқлаштиришга, ҳамда ижарага автомобиль олишга ҳам кўмаклашишди. Шунингдек улар Назаров имомлик қиладиган Стромсунддаги масжидга ҳам келиб, унинг ҳақиқатдан ҳам шу ерда эканлигини аниқлаб кетишди”. – дея хабар қилади Швеед телеканали.

(Paret som nu frias av hovrätten hjälpte attentatsmannen genom att tillfälligt hysa in honom i sin bostad i Malmö. Dom lånade ut sin dator, hjälpte till att lokalisera offret och hyrde en bil med vilken de sedan gemensamt gemensamt tog sig till Strömsund för att rekognosera och besöka moskén där Nazarov var imam).

Швед оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган маълумотларга эътибор қаратиладиган бўлса, суднинг қароридан швед журналистлари ҳам норози бўлаётганлигини сезиб олиш қийин эмас. Чунончи, Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг жиноятга шерик эканлигига бирор шубҳа йўқ, лекин нега уларни жиноятлари учун жавобгар қилиб бўлмаяпти?

Швеция полицияси Ўзбекистондаги каби, одамларни дўппослаб, унинг гарданига ҳаттоки содир этмаган жиноятни бўлсин, ёпиштириб юбора олмайди. Аммо шу кунгача тергов томони тақдим этган маълумотлар ёнламасига бўлсин, судланувчиларнинг жиноятчига шерик бўлганликларини исботлаб турибди. Лекин “билмай қилибман бу ишни” дея қутилиб қолиш фақат Европада бўлиши мумкин экан. Яъни, жиноят ишида прокуратура тўлиқ исбот билан далил келтира олмаган ҳар қандай факт, судланувчининг фойдасига хизмат қилади. Шунда ҳам, қурбон мусулмон бўлса. Масалан, Юрий Жуковский бирор яҳудий раввинини, ёки швед пасторини отганида бундай бўлиб чиқмаган бўларди.

Ажаб эмас, яқин орада Европада мусулмонларга қарши содир этилган жиноятлар умуман жиноят сифатида кўрилмайдиган бўлиб ҳам қолса. Худди Гитлер Германиясида яҳудийларни ўлдириш жиноят бўлмагани каби. Довуд Назаров Остерсунд постен (Östersund posten) газетасига таъкидлаб ўтганидек, келгусида Ислом Каримов режими мухолифларини Швецияда отиб кетиши, ўлдириши учун яшил чироқ ёқилди.

Тўлқин Қораев
Швеция
tulkin-karaev.blogspot.com