Мисрни Жазоирга айлантира олишадими?

Мисрни Жазоирга айлантира олишадими?
128 views
04 July 2013 - 6:27

2013 йил 3 июль кечаси Мисрда ҳарбийлар давлат тўнтариши эълон қилиб, халқ тарафидан сайланган Давлат Раиси Муҳаммад Мурсийнинг вазифасидан четлатилгани, Асосий Қонун (Конституция) вақтинча бекор қилингани, Конституция Раиси вақтинча Президентлик вазифасини бажаришини, ўтиш ҳукумати иш бошида бўлишини, қисқа муддатда қайтадан Президентлик ва парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.geriadim

Президент Мурсий ҳарбийларнинг ўзбошимчалик билан қилган давлат тўнтаришини қабул қилмаслигини, ўзининг қонуний президент эканлигини яна бир марта таъкидлади ва Миср халқини тинч йўл билан ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига қарши чиқишга давъат қилди.

Мисрнинг ҳақиқатлари шулардан иборатдир: Аҳолининг асосий қисми мусулмонлардир, шу бирга мамлакатда қибтийлар ва насронийлар ҳам аҳолининг бир қисмини ташкил қилади…

Миср сўнгги 60 йил давомида Жамол Абдул Наср, Анвар Саодат ва Ҳусни Муборак каби замонавий фирьавнлар, яъни диктаторлар тарафидан бошқарилганди. Буларнинг барчаси Миср ҳалқининг душмани, хоин, айни пайтда ғарб дунёсининг қўғирчоқлари эдилар.

Бу диктаторлар Миср халқини ваҳшийларча қийнаган, қатлиом қилган, мамлакат иқтисодини вайрон қилган, ижтимоий адолатни йўққа чиқарган эдилар.

Ғарб дунёсининг қўғирчоғи бўлган бу хоин диктаторларнинг Мисрни қандай харобага айлантирганини 2012 йилда бу мамлакатга қилган саёҳатим давомида ўз кўзларим билан кўрган эдим. Бу золимлар фақат Мисрнинг машҳур пирамидаларини йўқ қилмаган эдилар. Чунки улар бу тарихий обидаларни кўриш учун дунёнинг тўрт бурчагидан келадиган туристлар мамлакат бюджетларига ташлаб кетадиган миллардларча долларларни чўнтакларига солиш учун ҳам бу обидаларни йўқ қилмаган эдилар.

Мисрнинг охирги диктатори Ҳусни Муборакнинг шахсий бойлиги 30 миллиард долларга яқин эди. Албатта, бу диктатор ушбу пулларни ўзини 30 йил давомида тахтда қўғирчоқ каби ўтиртган ўз хўжайинлари билан баҳам кўрарди.

Аммо 2011 йилда Мисрда ҳақиқий халқ инқилоби бўлиб, Мурсий Президент этиб сайлангандан кейин Миср халқининг бойликлари мисрликларга қоладиган бўлди. Яъни, Миср ҳақиқий маънода мустақиллик томон қадам қўя бошлади.

Аммо дунёнинг моддапараст (империалист ва радикал материлизм тарафдори) хўжайинлари Мисрнинг мустақил бўлишини ва Мурсийнинг мустақил ички ва ташқи сиёсат ўтказишини истамадилар.

Дунёнинг мана шу хўжайинларининг истагига кўра кеча Мисрда ҳарбийлар давлат тўнтаришини эълон қилдилар.

Миср аҳолисининг тўртдан уч қисми, яъни 80 миллионлик аҳолининг 60 миллионга яқини Мурсий ҳукуматини қўллаб қувватлайди.

У ҳолда ҳарбий тўнтаришга нима эҳтиёж бор эди?

-Чунки Мурсий ҳукумати дунёни бошқараётган кучларга маъқул келмади.

Мисрдаги ҳозирги давлат тўнтариши учун уринишнинг асосий сабаби шундадир.

Яъни, 20-асрнинг 90-йилларидаги Жазоир “тажрибаси” Мисрда қайта кун тартибига келтирилишга уринилмоқда. Ким тарафидан? Дунёни бошқараётган сўзда “демократия” тарафдорлари, амалда эса ваҳший капитализм ва империализм асосчилари тарафидан.

Жазоирда ҳам эркин сайловларда мусулмонлар ғалаба қилган, аммо ғарб дунёсининг “кукласи” (қўғирчоғи) бўлган генераллар ҳарбий тўнтариш қилиб, халқни қатлиом қилганди.

Бундай сотқин генераллар 1980 йилда Туркияда ҳам ҳарбий тўнтариш қилган ва бу тўнтариш содир бўлганда АҚШдаги Оқ уйдан “бизнинг йигитлар (яъни сотқин турк генераллари) бу ишни (яъни ҳарбий давлат тўнтаришини) қойиллатишди”, деган наъра янграганди.

Миср тажрибаси шу саволни кўндаланг қўймоқда: Дунёда демократия, деган нарса борми ўзи? Яъни, халқларнинг ўз ҳукуматларини ўзлари сайлаш ҳуқуқи борми ёки бу катта ёлғондан иборатми?

Кеча Мисрдаги давлат тўнтаришига уриниш бу саволга “йўқ”, дея жавоб берди.

Аммо бугун дунёни бошқараётган моддапараст кучлар (материализм радикаллари ва фундаменталистлари ёки террорчилари дейиш ҳам мумкин) Мисрни Жазоирга айлантира оладиларми?

Бу саволнинг жавоби ҳам “йўқ”дир. Чунки юқорида айтилгани каби Миср халқининг асосий қисми Мурсий ҳукуматини қўллаб қувватлайди. Муҳими халқ иродасидан мислсиз кучли бўлган Ҳақ иродаси ҳам бордир.

Шунинг учун ҳам жаноблар Мисрни Жазоирга айлантира олмайсиз.

Бекорга чиранманг!

Намоз Нормўмин

04.07.2013