Эҳтиёт бўлинг! Ўзбек “Malibu”ларига “қўнғизча”лар ўрнатилган

Эҳтиёт бўлинг! Ўзбек “Malibu”ларига “қўнғизча”лар ўрнатилган
65 views
05 July 2013 - 10:28

chevrolet-malibuАсакада ишлаб чиқарилаётган “Chevrolet Malibu” автомобиллари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг талабига кўра махсус “қўнғизча”лар (яширин тинглаш мосламалари) билан жиҳозланмоқда, –  дея хабар беради “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясидаги манба. Унинг айтишича, яширин эшитиш мосламалари автомобил салонининг торпедо қисмига ўрнатилган бўлиб, сўзлашувларни ёзиб олиб, махсус AudioGPS марказга етказишга мўлжалланган.

“Бу марказга етказилган аудиоёзувлар МХХнинг шаҳар ва вилоят бўлимлари ходимлари томонидан мунтазам тингланиб борилади, тингланган сўзлашувлар асосида МХХчилар ўзларининг таҳлилчилари ва раҳбарларига ҳисоботлар тақдим этиб боришади”, – дейди “Ўзавтосаноат”даги манба. Унинг сўзларига кўра, тақдим этилган ҳисоботларга таяниб, МХХ раҳбарлари “Malibu” эгаларига нисбатан у ёки бу чора қўллашади.

“Нега МХХнинг “қўнғизча”лари “Chevrolet”нинг бошқа моделларига эмас, айнан “Malibu”га жойлаштирилмоқда? Бу саволга жавоб оддий: таҳминан 100 миллион сўм (қора бозор курси бўйича 35 минг доллар) турадиган “Malibu” автомобилларини асосан энг бадавлат ва кўзга кўринган тадбиркорлар сотиб олишмоқда. Асакада ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ичида энг қиммати бўлиб қолаётган “Malibu” эгаларининг автомобилдаги сўзлашувлари МХХчиларни потенциал молиявий жиноятларга калит сифатида қизиқтираётган бўлиши мумкин”, – дейди  “Ўзавтосаноат” ходими.

Ходим тақдим этган маълумотларни Тошкентдаги қатор автосервисларнинг электриклари ҳам тасдиқлашди. Хорижий автомобилларни таъмирлашга ихтисослашган автоустахоналардан бирида электрик бўлиб ишлайдиган Владиславнинг айтишича, “Malibu” эгаларининг баъзилари ўз автомобилларида яширин эшитиш мосламалари ўрнатилганини билишади. “Лекин улар “қўнғизча”ларни ўз автомобилларидан олиб ташлашга қўрқишади. Чунки шу ишни қилганларни МХХ “суҳбат”га чақириб, қаттиқ қўрқитиб, минимикрофонларни жойига қўйишни талаб қилган”, – дейди Владислав.

Автоэлектрикнинг айтишича, махсус хизматлар “Malibu” эгаларининг талаби бўйича, “қўнғизча”ларни олиб ташлаган баъзи усталарни ҳам жазолашган. “Шу сабабдан бу мосламаларни олиб ташлашга мен ҳам қўрқаман. “Malibu” эгаларига дарров рад жавобини беряпман”, – дейди тошкентлик автоэлектрик.

Шуни айтиш керак-ки, Асакада ишлаб чиқарилаётган “Chevrolet Malibu” автомобиллари ҳаридорлар учун бошқа сабабларга кўра ҳам ҳақиқий бошоғриққа айланмоқда. Чунки, биринчидан, ушбу машиналарни сотиб олаётган фуқаролар МХХнинг “Бойлар рўйхати”га киритилиб, махсус назоратга олинмоқда. Иккинчидан, машинани сотиб олгач, “Malibu” эгалари Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли “Фонд Форум”га 10 миллион сўм миқдорида “ихтиёрий хомийлик пули” тўлашга мажбур бўлишмоқда. Учинчидан, эса баъзи вилоятларда “Malibu” эгалари махаллий бюджетга ҳам шунча миқдорда маблағ ўтказишга мажбурланмоқда.

Энди маълум бўлишича, “Malibu” ҳарид қилган ўзбек бойлари ўз автомбилларида МХХнинг тинглаш мосламаларини ташиб юришга ҳам мажбур бўлмоқдалар.

ЎХҲ ахборот бўлими