Ишқ жумбоғи

Ишқ жумбоғи
21 views
06 July 2013 - 10:25

(С.К.га, ҳамда қизларим Нилуфар ва Сабринага бағишлайман)

Ниҳоят, орадан 14 йил ўтиб, биз яна қисқа муддатга бўлса-да учрашдик. Йўлимиз бир эди. Мен танимай туриб тўхтагандим. Сен эса йўловчи сифатида менинг машинамга ўтирдинг. Сени танишим билан Оллоҳни марҳаматига шукроналар келтирдим ва хотинимга телефон қилиб, ким билан кетаётганимдан хабардор қилдим. Номингни тилга олганлигидан сен менга жуда таажжубланиб қарадинг. Билдимки, сен ҳам мени таниб улгургандинг.

Сени билмадим-у, лекин мен барча хотиралари сингари талабалик хотираларимни ҳам ҳали-ҳануз эсдан чиқармай яшардим. Аммо шундай бўлса-да, ўша кунги қисқа учрашувимизда мен бу хотиралар ҳақда бирор нарса гапирмадим. Негаки мен сенга мудом интилиб ва сен буни ҳис қилиб келган бўлсанг-да, у сенга қанчалик ғалати туюлмасин, сенга бўлган муҳаббатимни юрак қабристонига дафн қилишга маҳкум эдим.

Менинг аҳволим ўша вақтларда шуни тақазо қиларди. Мен машина ойнасидан сенинг кўзларингга термулиб, улардан бир савол ва унга тайин қилинган бир жавобни уқардим: Ишқ-муҳаббат деганлари бор-йўғи шуми? Демак, у йўқ нарса экан-да!

Агар мен шу қисқа вақт ичида сенинг мафтункор кўзларингда қотган бу саволга жавоб беришга уринсам, у ҳеч қачон мукаммал жавоб бўла олмасди ёинки сен барибир мен айтмоқчи бўлган гапларнинг солмоғини тушунмай қолаверардинг. Шунинг учун ҳам мен ўша куни кечқурун ёзув столига ўтириб, буни сен қачондир ўқишингга умид қилмасам-да ишқ жумбоғига топган жавобимни оқ қоғозға туширдим.

Онгли мавжудод ҳисобланадиган инсониятнинг қалбини ларзага солиб келаётган буюк туйғу ҳақида мен кўп марталаб ўйлаб кўрганман, фикр-мулоҳаза юритганман. Мулоҳазаларимда бир неча бор унинг буюклигини инкор этиб, инсоний бир ожизлик сифатида баҳолашга уринганман. Бу мақсад йўлида ҳатто Аристотель ва Шопенгауэрнинг хулосаларидан ҳам дастак сифатида фойдаланганман. Аммо орадан йиллар ўтиб ёшим ва ақлим улғайиб, ҳаёт ва борлиқ ҳақида етарлича тассаввурга эга бўлганимдан кейин ўз фикримдан қайтиб, унинг буюклигини тан олишга мажбур бўлганман. Ҳақиқатда бу туйғунинг қудратли ва ҳаётбахш кучи шундай қувватга эга эдики, унинг асирига айланиб, ундан илҳомланган санъаткорлар юксак санъат асарларини яратардилар, шоирлар ўлмас қўшиқлар битардилар, шоҳлар гадоликни ихтиёр этардилар. Ҳатто, тарихдан шундай нарсалар ҳам аён эдики, бу туйғунинг рад этилиши ёки топталиши уруш-жанжалларга сабаб бўлиб, инсоният бошига мислсиз кулфатларни келтирса, унинг эзгуликка йўғрилган айрилиқ ва ҳижрони инсониятга барча буюкликларни туҳфа этганди.

Шундай буюкликлардан бири, жаҳонинг етти мўъжизаси сафида турадиган Тож Маҳалдек дилбар ва беназир меъморий обида ҳам ундаги айрилиқ рамзи сифатида бутун инсоният томонидан тан олиниб, бир неча асрки кўриш насиб этганларни ҳаяжонга солиб келмоқда. Менинг билган-кузатганларим шулардан иборат эдики, унинг гирдобига тушган ёшлар бу туйғуга телбаларча сиғинардилар, шоирлар бу туйғунинг буюклигини бўрттириб шеърлар битардилар. Хаёлий маъшуқаларини эса унинг овозидан ёқимли мусиқа, унинг сиймосидан гўзалроқ чеҳра йўқ, деб таърифлардилар. Ҳар қандай масалада ҳис-туйғу ва эҳтиросни бир чеккага суриб қуйиб, ақл-идрок билан иш юритувчи файласуфлар ҳам бу туйғунинг буюклигини инкор этмасдилар. Мен бир нарсага амин эдимки, менинг қалбимга бир неча бор ташриф буюрган бу туйғу бошқа қалбларга ҳам ташриф буюрган, унинг синовидан ўтмаган бирорта ҳам ақлан соғлом киши бўлмаса керак. Ҳатто Тож Маҳал ҳақида ҳеч маълумот, ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаганлар ҳам бу туйғудан хабардор эканлигига асло шубҳа қилмайман.

Хўш, бу миллати, ирқи ва эътиқоди деган тушунчаларни мавҳ этиб, ташриф буюрган қалбни титроғу-ҳаяжонга соладиган, шоҳни гадолик даражасига тушира оладиган туйғунинг сеҳри нимада? У қандай туйғуки, унга ҳеч ким бефарқ бўлолмаса, энг мудроқ қалбларни ҳам уйғотиб, ғайрату-шижоатни ошириб юборса? Бутун вужудни титроққа солиб, ақлни шошириб қўядиган бу ҳолатни инсоний идрок билан муросаси қандай? Унинг инсон ҳаёти маъносидаги аҳамияти нимадан иборат? Қалбимни бир неча марта ёритган муҳаббат олови ўзидан кўра кучлироқ муҳаббатни юзага келтирганда мен катта ҳаётга қадам қўйгандим ва ишқ жумбоғи кўз ўнгимда бутун равшанлиги билан кўндаланг турарди. Мендан аввал ҳам бир неча асрлардан бери мушоҳада қилинавериб, сийқаси чиққан бу мавзуни мен ҳам ўз ақлим ва фикр доирамга монанд равишда тадқиқ қилишга киришдим.

Тадқиқот қуролимнинг кузатганларим ва мендаги мавжуд билимлардангина иборатлиги албатта ишнинг сифатига таъсир этмасдан қолмасди. Лекин масалага фақат ўзимгагина тегишли бўлган нарсалар билан ёндошганим учун мени авф этарсиз деган умиддаман. Менинг мақсадим у ҳаётим маъносига берган нарсаларни англаш ва онгимда содир этган ўзгаришларни таҳлил қилиб, унга миннатдорчилик изҳор этишдан иборат эди. Муҳаббат гирдобига тушиб мувозанатини йўқотган бирор-бир кимса менинг мулоҳазаларимдан фойдаланиб, мувозанатини ростласа ёки қалбини ўртаётган жавобсиз саволлардан ақалли бирортасига жавоб топа олса, мен бундан фақат хурсанд бўлардим. Муҳаббат қалбимга илк учқунини сочган кунларимни мен ҳозир ҳам ажойиб ҳис-туйғуларсиз эслай олмайман. Ўша даврларни эслаш менда ҳеч қандай дилхираликни келтириб чиқармайди, чунки бўлиб ўтган воқеалардан ҳеч қандай гуноҳ аломатини тополмайман.

Гарчанд менинг оилавий ҳаётим биринчи муҳаббат асосига қурилмаган бўлса ҳам, мен буни бахтсизлик деб қабул қилолмаганман. Бундай қарорга келишимга сабаб шу эдики, ҳис-туйғу ва эҳтирослар уммонига чўккан ўша даврларимда мен чин муҳаббат ва оилавий ҳаёт талаб қиладиган нарсалардан етарлича билимга эга эмасдим. Жамиятдаги ижтимоий аҳволим ҳам аъло даражада бўлмаган. Шунинг учун ҳам мен ишқида «хаста» бўлган қизга уни севиб қолганимни айрим аломатлар билан сездирган бўлсам ҳам ошкора муҳаббат изҳор этмаганман. Бу менинг журъатсизлигим ёки муҳаббатимнинг ожизлигидан эмас, балки илк муҳаббатнинг ўзи менда уйғотган ғурур ва номус аъло даражада аҳамият касб этиб бошлаганидан эди.

Яхшиси мавзудан четга чиқмайлик. Мен ишқ жумбоғини ечишда ўзимнинг саргузаштларимни достон қилиб ўтиришни ножоиз деб, аммо шу ишқ туфайли онггим ва руҳимда содир бўлган ўзгаришлар таҳлилини муҳим деб ҳисоблайман. Аввало, бу туйғу инсон боласининг қалбида қандай ва айнан қайси даврида пайдо бўлишини аниқлаб олайлик. Анатомияда бу ҳолат организмдаги жинсий гормонларнинг фаолияти бошланиши билангина изоҳларди. У ерда руҳ ва онгдаги ўзгаришлар, бу туйғунинг ибтидо ва интиҳоси ҳақида ҳеч бир фикр айтилмасди. Аммо мени биргина шу жавобнинг ўзи қаноатлантира олмасди. Мен жинсий гормонларнинг фаолиятидан келиб чиқадиган шаҳвоний ҳирсни қондирилишига бўлган интилишни эркак ва аёл ўртасидаги ўтли муҳаббатни келтириб чиқаришига ишона олмасдим. Қалбимда пайдо бўлган илк муҳаббатни кейинчалик кўп марталаб таҳлил қилиб кўрган бўлсам ҳам, мен уни қандай ва айнан қачон пайдо бўлганини ҳам айтиб беролмасдим. Уни сабза ура бошлаган мўйловим билан бирор боғлиқлиги бор ёки йўқлигини ҳам ўша вақтларда ўйлаб кўрмаганман. Бу туйғу менда аниқ фанлардан ҳосил бўладиган илмлардек ақлий изланишлар ёки мантиқий фикрлаш оқибатидан келиб чиқмаганлиги ҳам аниқ эди. Уни қобилият ёки исътедод тушунчалари билан ҳам изоҳлаш қийинроқ бўларди. Негаки мендан бошқа деярли барча тенгдошларимда ҳам ишқнинг аломатлари баъзан ошкора баъзан пинҳона намоён бўла бошлаганини сезиб борардим. Бу ерда инсонинг жисмоний жиҳатларидан ташқари яна қандайдир руҳий жараёнлар ҳам бор эдики, булар ҳақида мушоҳада юритсам, менда гўё инсоннинг инсонлик мартабасини ошириш учун Чексиз Меҳрибон ўз пинҳона меҳрини бандаларидан аямаётгандек тасаввур ҳосил бўларди. Ажабланарлиси шунда эдики, бу меҳрибонлик инсон қалбига жуда эрта, ҳали ақл-идрок етарлича ривожланиб мустаҳкам бўлмай, ҳаёт ва борлиқ ҳақида етарлича таассурот ҳосил бўлмаган ёшда кириб келарди ва мудраб ётган қалбни уйғотиб юборарди.

Айнан шу ёш комил инсонни тарбиялаш учун керак бўладиган фазилатлар ва илмларни эгаллаш учун ҳам энг қулай давр ҳисобланарди. Ҳар қандай тарбияда ҳам уйғоқ қалб билан юқорироқ самарага эришиш осонроқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Демак, қалби муҳаббатга ошноларни эзгуликка тарбиялаш ҳамма вақт ўз афзаллигига эга бўлиб келган. Аммо қалби муҳаббатдан уйғонган инсон учун муҳаббатнинг аниқ бир белгиланган мақсадга элтувчи қоидалари мавжуд бўлмаса-да, унинг ўз тараққиёт қонунлари, ўз мавсумлари борлиги аниқ эди. Унинг ақл-идрок билан муросаси ҳам шу мавсумларга мутаносиб равишда ўзгариб борарди. Муҳаббатнинг илк учқуни алангалана бошлаган қалб дастлаб эҳтирослар қуюнида қолиши муқаррар бўлса, кейинчалик руҳнинг танага ва аксинча тананинг руҳга таъсири фаоллашиб кетарди.

Пировард натижада йиллар залворининг емирувчи кучига дош беролмаган ҳис-туйғу ва эҳтирослар аста-секин ақл-идрок измига бўйсунишга мажбур бўларди. Шунинг учун ҳам мен кексайганда ҳис-эҳтиросларга тўлиб-тошган муҳаббат қасрини қуришга интилишни «Афлотун республикаси»ни тузишга бўлган уриниш каби самарасиз бир иш ҳисоблайман ва бу фикримда қаътий қоламан. Биз муҳаббат билан ўтган давримизни йил фаслларидек тўртга бўлсак, ҳеч қачон бирор-бир фаслдаги муҳаббат бошқа фасллардагидан афзал ёки нуқсонли деб айтолмасдик. Чунки бу даврларда ақл-идрок ва ҳис-туйғу бир-бирларига шундай мувозанат билан ўрин алмашартирардиларки, ҳамма вақт якуний натижа бир хил бўлиб қолаверарди. Бу фасллар ҳеч қачон ишқнинг муаффақиятини таъминлаб беролмасди. Ишқ жумбоғи шундай чигал, ундаги ранглар шундай омухталашиб кетган эдики, унда умумийликдан кўра индивидуаллик кўп учрарди. Мен қалбимни ўртаган саволларга жавоб излаб, қанчадан-қанча ишқ-муҳаббат тараннум этилган романларни ўқидим, ўзимга саодатли йўл ахтариб, бошқа манбаларга мурожаат қилдим. Барибир менинг ўша вақтлардаги ҳақиқий аҳволим билан мувофиқлаша оладиган, мени ростакамига хурсанд қилиб юбора оладиган бирорта таскинга дуч келмасдим. Ишқ-муҳаббат ҳақидаги роману достонлардан ҳаётийликни тополмасдим. Бу достонларда инсоний ишқ юксак фазилат сифатида меъёридан ортиқ қадрланарди. Бундай қадрлаш уни ҳаёт учун яроқсиз қилиб қуйса, қадрламасликда эса жозибаси йўқоларди ва яна оқ-қораликка кўникишга тўғри келарди. Мен эса инсон ҳаёти мўътабар ва ақл нажот эшиги экан унинг мўътабар ҳаётини янада мазмунли қиладиган ишқ ҳам ақлга муофиқ бўлмоғи унда маънавий ва жисмоний жиҳатлар ҳам тенг бўлмоғи лозим деб ҳисоблардим.

«Ақл билан муҳаббат ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ» – деган фикрни ҳам қабул қила олмасдим. Жинсий гормонлар фаолияти бошланмасиданоқ жажжи йигит–қизчаларнинг хаёлан ўзларига ёр танлашларидек бир ожизона далилга таяниб анатомияни фикрини ҳам инкор этиб бўлмасди. Мен ҳамма вақт бир нарсани ҳис қилиб турардимки, сезги органлари ва улар туфайли ҳосил бўладиган ҳис-туйғуларнинг барчаси бу буюк туйғуга беминнат хизмат қилардилар. Ақлу-хаёл ва бутун вужудни эгаллаб оладиган муҳаббат биринчи фаслда сезги органларидан фақат кўзнинг измигагина бўйсунарди. Кўз эса яқин орадаги ҳилқатлар орасидан ташқи кўриниши энг гўзалини қидира бошларди. Илк муҳаббатда айниқса эркаклар бундан бошқачароқ қадам ташлаганларини мен ҳали кузатмаганман. Ёш йигитнинг қалбида уйғонган муҳаббатнинг объекти деярли ҳамма вақт соҳибжамол қиз бўларди. Ҳа айнан соҳибжамол қиз.
«Ҳусн – севгининг ҳосил бўлишида сарлавҳа каби муҳимдир» – деган фалсафий фикр ҳам жуда ўринли эди. Инсон ҳатти-ҳаракатлари ақлдан кўра кўпроқ кўкрак қафасининг измига бўйсунадиган бу ёшда «сарлавҳа» остида яширинган маънодан “сарлавҳа”нинг ўзи муҳим бўлиши табиий ҳол. Ҳаёт кирдикорлари билан аралашиб улгурмаган илк беғубор муҳаббатни у қанчалик мўрт бўлмасин гўзал “сарлавҳага” бўлган интилишини мен ҳеч қачон қоралай олмайман, чунки ёшликдаги илк севги ҳамиша гўзалликка, олижанобликка ва эзгуликка интиларди. Бир ҳақиқатни доимо эсдан чиқармаслик лозим бўлардики, муҳаббат қанчалик юксак-ёқимли туйғу бўлмасин, у барибир эркак ва аёл ўртасидаги боғлиқликдан айро узоқ яшай олмасди. Муҳаббат – барча юксак, ёқимли ва ёрқин фазилатлар ижодкоридир, деган фикр ҳам ҳақиқатдан йироқ эмасди. Мени ҳаётдан кузатганларим яна шулар эдики, қалбида илк муҳаббат ғунча очган барча тенгдошларимнинг хулқ-атворида ҳам кескин ўзгаришлар юз берарди.

Асосийси, бу ёшда ёлғон ҳам тирикчилик ташвишлари туфайли ҳосил бўладиган иллатларга кўникма ҳам йўқ бўларди. Шунинг учун ҳам муҳаббатга лиммо-лим тўлган беғубор қалблар қуч-қувватларини бирор эзгуликка сарфлаш, бошқаларни лол қолдириш ва яхши таассурот уйғотиш пайида бўлардилар. Ташқи гўзаллик, одоб–ахлоқ ва тоза-озодаликка ҳам эътибор кучаярди. Юракдаги ишқ ғайрат-шижоатни шундай орттирардики, ҳатто инсонни таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборарди. Ҳар бир тарбиячи ҳар бир устоз учун азалий орзу бўлиб келаётган бу натижани ишқ жуда осон ва қисқа муддатда амалга оширарди. Аммо маъшуқанинг дил рози ва бир жумла сўзи учун эҳтиросга тўлиб тошган йигитнинг ҳар нарса тайёр туриши ҳали муҳаббатдаги барча муаммо ҳал бўлди дегани эмас эди.

Муҳаббат талаб қиладиган ҳамма нарса, барча синов ҳали олдинда турарди. Ер юзасининг инсонлар яшайдиган исталган нуқтасида эгаллаб бўлинган маънавият ва эътиқод барибир ҳар қандай буюк туйғуга маълум миқдорда ўз таъсирини ўтказмай қолмасди.

Мен мансуб бўлган миллат мен аъзоси бўлиб яшаётган халқ гарчанд исломий ибодат қоидаларига деярли амал қилолмай келган бўлсалар-да ўзларини мусулмон фарзанди деб ҳисоблардилар. Худди шундай фарзандларга ҳам «мусулмон фарзандисан, Оллоҳ-ягона» – деб уқтириларди. Фарзандларга бериладиган диний тарбиянинг бор-йўғи шундангина иборат бўларди. Бошқача тарбия эса мустақилликка эришилгунча қатағон қилиниб келинганди. Халқ орасида эътиқоднинг бундай заифлашиб кетишида аждодларимиздан кўра бизга 70 йил ўз ҳукмронлигини ўтказган «худосизлар партиясининг» айби кўпроқ эди. Аммо худосизлик бизга муттасил сингдирилиб келишига қарамай, исломий ахлоқ қоидалари худдики миллий урф-одатлардек қон-қонимизга сингиб кетганди ва шу урф-одатлар орқали динга ҳам маълум миқдорда амал қилиниб келинаётганди. Биз эътиқод қилаётган диннинг бу борадаги фикри ҳаётийроқ ва анча афзалликларга эга эди.

Дин Одам Ато ва Момо Ҳавво ўртасидаги муҳаббат орқали чин инсоний муҳаббатни тан оларди. Эҳтиросларга эрк беришни қаттиқ қоралаб зинокорликни гуноҳи кабира ҳисобларди. Унда фазилатлар ва ахлоқ муҳим ўринга қўйилиб, оила муқаддас саналарди. Йигитларни бокира қизларга уйланишлари амр қилиниб, иффат ва номусга ҳам катта аҳамият қаратиларди. Дин мажбурий никоҳга ижозат бермаслик орқали инсоннинг қалби билан ҳам ҳисоблашарди. Мен диний аҳкомларга сидқидилдан амал қилиш ҳеч қачон зиён келтирмаслигига аминман, уни сабр салтанатида кўп марта синаганман, иқрор бўлганман. Аммо яна шундай худбинлик ва манфаатпарастлик каби қатор ожизликлар ҳам бор эдики, улар ҳар қандай инсоний муносабатларга аралашмаслиги, маъно ва моҳиятга путур етказмаслиги мумкин эмасди. Муҳаббат бундай хуружлардан омон қолиши учун у қудратли ва вақт ҳукмига дош бера олиш санъатини ҳам эгаллаган бўлиши шарт. Бундай сифатларни эса зеҳн ва ақл-идроксиз эгаллаш мумкин эмас.

Муаммомизнинг ечими ўз-ўзидан муҳаббат ва ақл-идрок ўртасидаги боғликликка келиб тақаларди. Мен ҳозирда барча инсоний муносабатлардаги каби ишқ- муҳаббатда ҳам ақл-идрок устун бўлиши лозим деган фикрга келиб бўлган бўлсам, ҳам қалбимда муҳаббат илк ғунча очган вақтда бунинг акси бўлган. Мен ва мен каби йигит қизларнинг бошидан ўтган бу ҳолат ҳали муҳаббатнинг ибтидоси эди холос. Бу ибтидо ҳам бошқа барча ибтидолар каби ўз-ўзидан мукаммаликка интиларди.

Мукаммалликка эса ақл-идрок ва мантиқий мулоҳазаларсиз эришиб бўлмайди. Кўп ҳолларда шу мукаммалликнинг етишмаслиги бизнинг жойларда илк севгига ҳои-ҳавас деб қаралишига сабаб бўларди. Аммо муҳаббат ҳам осонгина таслим бўлавермасди, у ҳам кўп нарсаларни мавҳ этарди. Ишқнинг сеҳри шунда эдики, унда ақлни уйғотувчи буюк қудрат мужассам эди. Мен ишқ-муҳаббатга, инсонни ўзлигини англашга мажбур қилдирувчи, унинг қалбини гўзаллик ва эзгуликка интилтирувчи кўринмас ва қудратли кучни ўзида мужассамлаштирган буюк тарбиячи деб таъриф берган бўлардим. Бу «тарбиячи» юксак инсоний фазилатлар ижодкорига айланиши учун аввало у ташриф буюрган вужудда худи шундай фазилатлар учун асос бўлишини талаб қиларди. Яъни муҳаббат ёшига етгунича лозим бўладиган тарбия етарли бўлиши керак. Акс ҳолда унумсиз тупроққа сочилган дон каби ҳеч қандай ҳосил бермасди.

Мен ҳаётда бундай ҳолатларни кўп кузатганман. Қотиб қолган дунёқараш ва ақлий эринчоқлик туфайли фарзандларга етарли тарбия берилмас, шунинг учун ҳам улар ўзларида содир бўла бошлаган бундай ўзгаришдан эсанкираб қолардилар ва ўз табиатларига монанд равишдаги беъманигарчиликлар билан машғул бўлардилар.

Ўзларини ошиқу-беқарор ҳисоблаб, ғалати тантиқликлар ўйлаб топардилар, ожизона муҳаббатларини барчага жар солардилар. Чин муҳаббатни доимо улардан узоқлаштириб турадиган яна бир ҳолат шу эдики, ошиқлар маъшуқаларга ўзлари уддалай олмайдиган ишлардан олам-жаҳон ваъдаларни берардилар-у, аммо фаровон ҳаёт кечиришлари учун керак бўладиган ўз имкониятлари доирасидаги ишни ҳам бажармасдилар. Шунинг учун ҳам ота-оналар ўзларини фарзандларга нисбатан ақлли ҳисоблаб уларнинг муҳаббатини оила қуриш учун яроқсиз деб топардилар ва кўп ҳолларда улар ҳақ бўлиб чиқардилар. Фарзандларнинг муҳаббати билан ҳеч ким ҳисоблашиб ўтирмасди. Пировард натижа «эгарига яраша тушови» қабилида иш тутилиб фарзандларга ҳам ўзлари каби тушкун, зерикарли ва яратувчанликдан йироқ бўлган ҳаётни туҳфа этардилар.

Ачинарлиси шунда эдики, ота-оналар муҳаббатга бўлган бундай муносабатларини ҳамма вақт адолатли ва ҳаққоний деб топардилар. Тоҳир-Зуҳра, Отабек-Кумуш каби ишқ-муҳаббат тараннум этиладиган кинофильмларни мароқ билан томоша қиладиган ота-оналар ўз фарзандларининг муҳаббатига ўткинчи ҳои-ҳавас деб қарардилар ва шу фикрни уларга сингдиришга ҳаракат қилардилар. Бундай ҳолатга тушган ва жўшқин ҳаёт тарзини танлаш учун ўзида етарлича иродаси бўлмай ҳис-туйғулари яқинлари томонидан шармандаларча таъқиб қилинадиган ёшлар руҳан ва маънан мажруҳ бўлиб қолишлари муқаррар. Мен ёшларни бундай мажруҳликдан саводхонлик ва чинакам муҳаббат туфайли ҳосил бўлган фазилатларгина қутқара олишини ўз танамда синаб кўрганман. Шунинг учун ҳам ҳар бир муҳаббат соҳиби фазилат ва илм нури билан қуролланган бўлмоғи лозим деб ҳисоблайман. Йигит ва қиз ўртасидаги муҳаббатни қудратини ҳам вақт ҳукмига бардош бериб яшаш санъатини ҳам айнан ана шу саводхонлик ва фазилатларгина белгиларди.

Демак, ўзаро муҳаббат орқали боғланган эркак ва аёл ўз табиатларига мос равишдаги маънавий фазилатлар билан сифатланган бўлиши шарт бўларди. Мен ҳаётда аёлларни эркакларга нисбатан иллатларга тез берилувчан эканлигига кўп марталаб гувоҳ бўлганман. Донишмандларнинг бу хулосамни тасдиқлайдиган фикр-мулоҳазалари билан танишганман. «Аёл-иккинчи навли махлуқ. Ундаги эҳтиросли ибтидо ақлдан устун туради. Аёллар тантиқликлари туфайли эркакларга нисбатан иллатларга тез берилувчан бўладилар. Бундан ташқари улар ожиз ва тезда кўзга ёш оладилар. Олий маънавий инсон сифатида ҳам ўзларини қаттиқ тута олмайдилар. Ана шу сабабларга кўра, фазилатлар ичида энг яхшиси – оқиллик, амалийлик ва қаҳрамонлик бўлиб, улар аёлларга хос эмас» – дерди Аристотель. Агар тарихий ҳақиқатларга тик қарайдиган бўлсак, аёлларда шуҳратпарастлик ҳам эркакларга нисбатан тезда кўзга ташланарди. Бир замонлар рицарлар муҳаббатига сазавор бўлишга интилган қалблар даврлар ўзгариши билан хонандаларга, учувчиларга ва бошқа замонавий шон-шуҳрат соҳибларига талпинаверардилар. Олмон файласуфи А.Шопенгауэрнинг аёллар ҳақидаги билдирган бир фикри юзасидан ҳақ ёки ноҳақлиги устида мен узоқ вақт бош қотирганман. «Мен аёллар устида узоқ вақт тадқиқот ўтказиб шунга амин бўлдимки, – дерди Шопенгауэр уларда бирорта ҳам таҳсинга сазовор фазилатни топа олмадим». Шопенгауэр-ку феодализм даврида яшаб туриб, шундай фикрга келган экан, мен эса инсоният юксак маънавиятни забт этди – деб бонг урилаётган замонда, унинг фикрига яққол намуна бўла оладиган аёллар билан бирга ўқидим, ишладим ва ёнма-ён яшадим.

Шопегауэр-ку таҳсинга сазловор фазилатли аёлларни учратмагандан кейин сева олиш туйғусидан маҳрум бўлган экан, мен эса қусурларидан кўз юмиш жуда оғир бўлган аёлларни учратиб ҳам бу туйғудан қутула олмасдим.

Аммо мени мудом бир савол қийнаб келарди. Мен сажда қилаётган, барча эзгуликларни раво кўриб, уни барча нарсадан устун қўйиб, ишқида ўртанаётган ҳилқат, аёл зоти бундай марҳаматга нолойиқ экан, унда ишқ-муҳаббатдан не наф? Бундай қарорга узил-кесил келишдан мени бир ҳаётий ҳақиқат сақлаб турарди. Менга таскин бўлиб, бу туйғунинг буюклигини эслатиб турадиган нарса шу эдики, мен севиш ўзим учун фойдали эканини ҳамма вақт ҳис қилиб турардим. Бу туйғу билан бирга жасурлик, мардлик ва сабрлилик каби фазилатлар ҳам мен билан бирга қоларди. Қалбимни ларзага солиб турадиган ана шу туйғу туфайли ҳам илм-фанга ҳавас қўйдим, қанчадан-қанча машаққатлар қайғу аламларни енгиб ўтдим. Ёшим ва фикр доирам ортиб борар ва шунга монанд равишда мустаҳкамланиб бораётган мендаги маънавий фазилатлар тартибсиз ҳаётимга хотима бериб, ишққа бўлган муносабатимга ҳам таъсир этиб бормоқда эди. Чинакам муҳаббат ҳам фақатгина маънавий фазилатли кишилар орасидагина юз бериши мумкинлиги менга энди сир эмасди. Шундай қилиб мен ақл-идрок ва муҳаббат ўртасида маънавий фазилатлардан иборат боғланиш мавжуд эканлигини (гарчи мендан аввал бу сир бўлмаса-да) топгандим. Ақл-идрокни уйғотувчи муҳаббат шу ақл-идрокдан ҳосил бўладиган фазилатлар билангина асл маъносига эга бўлиб чиннаккам муҳаббатга айланарди. Демак, чинакам муҳаббат эркак ва аёлдан ўз табиатига мос маънавий фазилатларни талаб қилар экан.

Инсоният тамаддунининг икки буюк даҳоси: оқиллик, амалийлик ва қахрамонлик каби таҳсинга сазавор фазилатлар аёлларга хос эмас-деб ҳисобласалар, хўш биз бу борада эркаклар ҳақида нима дея оламиз. Мен ишқ-муҳаббатни касбга айлантириб ундан фақат жинсий инстинктни қондириш мақсадида фойдаланадиган, шаҳвоний ҳирс ортидан эргашиб ёш қизларнинг вақтинчалик паришонлигидан фойдаланиб қолаётган эркакларга дуч келганман. Жисмоний роҳатланишни мақсад қилган ҳолда хизмат вазифасини суистеъмол қилиб қўл остидаги қиз-жувонларга кўз олайтираётган ва ўзининг бундай шаҳватпарастлигини «ўз аёлим билан севишмай турмуш қурганман» деган гап билан оқлашга уриниб, маънавий фазилатли кишиларга озор етказаётган эркакларни кўрганман. Оила қураётганда, маънавий фазилатларни четга суриб қўйиб, фақат ташқи кўринишигина ўзига ёқадиганини ахтариб аёл бадани гўзаллиги билан банд бўлаётган қанчалаб йигитларни учратганман. Аммо мен яна бир нарсага аминманки, муҳаббат ўзнинг софлик ва беғуборлигини ғаразли мақсадлар билан булғаганларни ҳеч қачон кечирмаган, ҳамма вақт қасос олган ва шу йўл билан ўз буюклигини сақлаб келяпти. Шунинг учун ҳам муҳаббат инсоний фазилатлар сафида тилга олинмаса-да у шундай бир ақл-идрок ва инсонийлик ўлчови бўлиб келаётгандики, у орқали бемалол инсонни баҳолаш мумкин эди.

Мен эркаклар ҳам нуқсонлардан холи эмаслигини кўра-била туриб Аристотель ва Шопенгауэрнинг фикрларини аёлни севмаслик учун етарли ҳақиқат деб қабул қилолмадим. Негаки, яратилганлик, ҳаётнинг давомийлик қонуни аёллар билан боғлиқ эди, негаки ҳали аёлларда ҳусн сеҳри-жодусидан ташқари мунислик ва ожизалик ҳам бор эди. Одам Атодан бошлаб барча эркаклар учун муҳим фазилат ҳисобланадиган мардликни мен амалда кўрсатиш учун энг қулай имкон ҳам айнан аёлларнинг ожиза қилиб яратилганлиги деб ҳисоблайман. Аёллардаги ожизалик сабр-тоқат билан уйғунлашганда шундай бир кўз илғамас буюкликка айланардики, у буюклик ўз-ўзидан мангуликка даҳлдор бўлиб қоларди.

Чексиз Меҳрибон томонидан яна бир аёлларга кўрсатилган марҳамат шу эдики, бу мангуликка ҳар қандай аёл ҳам катта машаққатларсиз эриша оларди. Бундан шундай хулоса келиб чиқардики, эркакларнинг муҳаббатга мардлик ва олийжаноблик манбаи деб қараши аёлларнинг эҳтиросли ибтидодан сабр-тоқатни устун қўйиб ўз ожизаликларига иқрор бўла олишлари энг оқилона йўл бўлиб чиқарди. Бундан бошқа абадий муаффақиятни таъминлайдиган йўлнинг ўзи йўқ эди.

Мен қандай кийиниш ва ўзимни қандай тутиш ҳақида ўйлаб бошлаганимдан то барча маънавий фазилатлар қадрига ета олиш даражасига етгунимча бўлган давримда менда муҳаббат уйғота олган барча аёллардан миннатдор эдим. Барча аёллардан деган жумла «мен фақат бир аёлнигина севишга қодирман» деб ҳисоблайдиган кишиларга ғайритабиий туюлиши мумкиндир, аммо менда бу жараён инсоний муҳаббат ўз ўрнини Оллоҳга бўлган муҳаббатга бўшатиб бергунича давом этаверган. Мен ҳаётимда бир нечта аёлни севган бўлсам ҳам, ҳатто айримлари бундан хабардор ҳам эмасдилар, билганлари билан ҳам ҳеч қандай жисмоний яқинликда бўлмаганман. Бунинг сабаби ҳеч қачон менда бирор-бир жисмоний нуқсон бўлмаган, аксинча мен ҳамма вақт маънавий яқинликни муҳим ҳисоблаганман.

Менинг ёшлик йилларим ҳеч қачон текис ва равон бўлмаган, ижтимоий аҳволимда ҳам мақтовга арзигулик жиҳатлар йўқ эди. Айрим ҳолларда ўзимга боғлиқ бўлмаган муаммолардан азият чекиб юрагимдаги ўтни ичимга ютишга мажбур бўлган бўлсам, кўп ҳоларда мен хаёлимда гавдалантирган, мен унинг тимсолида севган киши у бўлиб чиқмасди. Мақсад эса ҳамон ўша-ўша ягона, дунёқараши ўзимга мос, руҳан яқин ва мени ўзимдан ортиқ тушунадиган аёлни топиш. Гўёки мен учун бундан ортиқ хотиржамлик бундан ортиқ бахтнинг ўзи йўқдек эди. Гарчи, мен ўз мақсадимга етиб тақдиримни Аристотель ва Шопенгауэрнинг хулосаларини бутунлай чиппакка чиқара оладиган аёл билан боғлай олмаган бўлсам ҳам, таҳсинга сазовор фазилатли аёл қўлида таҳсил олганман ва яна ҳаётда шундай аёллар борлигига шубҳа қилмайман.
Борлиқ ҳаракатда, вақт эса ўтиб борарди. Узоқ йиллар жавобсиз қолган муҳаббатим фақатгина ўз қалбим бойлигига айланиб бораётганди. Мен эса ҳеч нарса йўқотмаганимни тобора чуқурроқ ҳис қилаётгандим. Агар мен муҳаббатдан олган нарсаларимга иқрор бўладиган бўлсам; у менга оғир дамларимда далда бўлди, тушкунликда кўнглимни кўтарди, ҳаётдан безиган вақтимда яшашга умид уйғотди, курашиш ва ғолиб чиқишга ўргатди. Ҳозир ҳам ўша дамлар, ўша ҳис туйғулар тушларимга киради, хотираларимни уйготади, қулоғимга секин шивирлаб дунёю-дунни ёлғон эканини эслатиб туради. Мен учун ҳаёт тугамаган фақат гўзалликка бой турфа хил рангларда жилоланаётган дунё ўз ўрнини вазмин ва салобатли дунёга алмаштирганди. Мен бир буюк туйғу ортидан қувиб ҳақиқат ва эътиқодга эргашгандим.

Энди мени ортиқ ҳеч нарса безовта қилолмасди. Чунки мен ўзимга бутунлай хотиржамлик ато қиладиган, ҳар қандай васвасадан асрайдиган, соф иймон ва дунёвий илмлардан ҳосил бўлган чинакам эътиқодга эга эдим. Узоқ вақт қалбимни ўртаб келган азобли саволлар бошқа мени қийнай олмасди, энди мен зино билан муҳаббат чегарасини аниқ кўра олардим. Насроний маданиятининг «илғор» вакилларидек жинсий инстиктни қондирилмай қолишини ҳам бахтсизлик деб қабул қилолмасдим. Уларнинг муҳаббат ва жинсий эркинлик ҳақидаги «ҳур» фикларини инсоният ахлоқига уюштирилган фитна деб баҳолаб, Лут қавмининг ҳалокатидан сабоқ олишга чақира олардим. Аёлларнинг хоҳиши ва исловатхоналарнинг қонунийлигини рўкач қиладиганларга эса мен Зулайхонинг қўлида йиртилиб қолган Юсуфнинг орқа этагини ишора қилардим. Мендаги эътиқод барча сабрсизликларга хотима бериб бўлганди.

Ишқ-муҳаббат манзараларини менинг нўноқ қўлларим ва бундай ёрқин бўлмаган рангларда тасвирланиши унинг улуғвор гўзаллигига раҳна соларди албатта. Аммо яна айтилмай қолаётган бир ҳақиқат бор эдики, у менга ғазаб билан берилиши кутилаётган минглаб саволлардан асраб, ўзимни оқлашга кифоя қиларди. Бу ҳақиқат шудан иборат эдики, бу кечинмалар фақат менгагина тегишли эди.

Умид Холлиев