Ҳамма ва ҳар ким ўзи учун

Ҳамма ва ҳар ким ўзи учун
107 views
06 July 2013 - 10:41

1344fАжиб юртимиз, ажиб халқимиз бор. Юртимизнинг ажиблиги шундаки, унда доимо кимдир даҳо бўлса, қолганлар унга тобе бўлиб келади. Тобе ҳам гапми, минглаб одамлар қул бўлишга ҳам тайёр туради. Афтидан, илгаридан  шундай бўлган ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади.

Шундай бўлиб қолишига эса халқимизнинг ажиблиги сабаб бўлмоқда. “Эй, нима қиласан шулар билан тортишиб?” – дейди кимдир. Мана шу “кимдир” элни ўз ҳаққи учун, ўз ҳуқуқи учун кураш йўлидан қайтариб қола олади ва биргина мана шу “Эй…” миллатни яна бир неча ўн йилга ортга ташлаб юборади. Биргина “Эй…”лар сабаб, Туркистон эли неча асрлардан бери қандайдир бегона ҳақонларга бўйин эгиб яшаб келади. Шунга мажбур қолган у.

Ҳукуматимиз ҳам жуда ажиб! Ҳукмдорнинг айтаётган сўзи тўғри, ёки нотўғри эканлиги муҳокама ҳам қилинмайди. Ҳукмдор айтдими, демак у ҳақ ва унинг айтгани бўлиши керак. Ҳақиқатга тўғри келмадими, демак йўқни йўндириб бўлсада, айни ўша ҳақиқатни бунёд этиш зарур.

Масалан, яқинда ҳукмдоримиз хорижда, айниқса Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларини “дангасалар” деб атади. Гарчи улар оиласини боқиш учун ҳар қандай ҳамоқат бўлсин, унга дош бериб бегона юртда меҳнат қилаётган бўлишсада, улар дангасадир! Тамом! Приезидентимизнинг айтишича, бу дангасалар осон пул топиш учун Москева кўчаларини супириб юришибди ва улардан Ислом Абдуғаниевич жирканади!

Бу ҳукмдор ўз халқидан жирканади. Ўзи шу халқнинг тепасида президент, ўзи унга бош ва ўзи унга қош бўлсада, аммо бу элдан нафрат қилади, жирканади. Гоҳида у кишининг элга қарата айтадиган хитобларини эшитиб қоламиз: “мен ҳаммаларингизни бағримга боасаман!”. Энди эса “улардан жирканаман!”.

Албатта Ўзбекистон президентига халқ керак эмас деб ўйласак мутлақ хато қилган бўламиз. Халқ керак, акс ҳола у президент бўла олмасди ахир. Кимга президент бўларди? Ўзбекистондаги тошларгами, ёки пахта майдонларигами? Бунақа президент кимга керак ва у қаердан пул ўмарарди? Тасаввур қилинг-а, Ўзбекистон ва унинг ёлғиз ҳукмдори. Халқ эса йўқ!

Баъзи бировлар Ислом Абдуғаниевични диктатор эканлигини таъкидларкан, уни Сталинга тенглаштирса, тағин кимдир бировлар уни Адольф Гитлерга ҳам тенглаштиради. Бу мутлақ нотўғри талқин қилишликдир!  Адолф Гитлер билан Ислом Каримов орасида анча фарқлар бор ва улардан иккисини эслаб ўтайлик. Гитлер яҳудий миллатини қийратишни мақсад қилганди ва олти миллон яҳудийнинг ёстиғини қуритди. Яҳудийларни, лўлиларни ўлдириш унинг учинчи рейхида жиноят дея кўрилмасди. Немис солдатлари яҳудийларни худди тўнғиз овига чиқиб отгандек, отиб ташлардилар. Бу улар учун оддий кўнгилхушликка ўхшаб кетарди. Келтириб ўтмоқчи бўлганимиз, яна бир фарқ эса – Адольф Гитлер немисларни гастербайтерларга айлантиргани йўқ. Ўзининг нотўғри сиёсати билан бўлсада, немисни дунёга ҳукмрон миллат қилиш ғоясини илгари сурганди.

Бизнинг президентимиз эса ўзининг сиёсати ила ўзбекни дунёнинг энг шарманда миллатига айлантирди. Ҳозир бу ўзбек деган миллатни фақат Антарктидада учратмайсиз холос. Дунёнинг қолган ҳамма жаойида ўзбеклар бор. Худди ўрта асрларда яҳудийлар дунёга қандай сочилиб кетган бўлса, XX ва XXI асрларда эса ўзбеклар дунёга сочилиб кетди. Ислом Абдуғаниевич ўзининг шахсий мулкига айлантириб олгани, Ўзбекистонимизда яҳудийларни азиз билиши ҳам унинг Гитлердан том маънода фарқ қилишини кўрсатади. Яҳудийлар Исроилда ҳам Ўзбекистондагичалик ўзларини эркин ҳис қила олишмайди. Биз президентимиз деб биладиган одам эса бизни қийратади, беватан қилади, мулкимизни талон-тарож қилади, шундай бўлсада ажиб юртнинг аксар ажиб фарзанлари ўз президентига садоқату, хушомадлар қилиб яшайди.

Сталин билан Ислом Каримов орасида ҳам етарлик фарқларни кузата оламиз. Совет даврининг энг қаттол диктатори  саналган Иосиф Вассарионович ўз диктатурасини мамлакатни ривожлантириш учун амалга оширганди. Қисқа даврда Совет давлати аграр, қолоқ  мамлакатдан, саноати ривожланган индустриал мамлакатга айланди. Иккинчи жаҳон уруши уни хароб қилгани ҳам бор, аммо ўша урушдан сўнг Совет Иттифоқи қанчалар тез ривожланганини ҳисобга олиш керак. Маслан, урушдан сўнг Совет Иттифоқида биринчи бўлиб 1947 йилда озиқ-овқатлар учун карточка системаси бекор қилинганди. Бунақа система АҚШ ва Буюк Битанияда эллигинчи йилларда бекор қилинди. Саноатни қайта шакллантирган диктатор Сталин мамлакатда халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаб борди.

Ҳар йилда бир бор саноат ва озиқ-овқат молларининг нархлари пасайтириларди. Бу билан Совет сўмининг харид қуввати оширилиб борилди. Эслаб кўрайлик, Сталин диктатураси даврида ҳар бир кадр ўз қадр қимматига эга бўлган ва кадрларни ишдан бўшатиб юборишдек капиталистик анъана мутлақ бўлмасди. Одамлар бошқа ишга ўтказилинарди, командировка қилинарди, аммо бўшатилмасди. Ёмон бўлсин, лекин ҳар бир оиланинг  бошпанаси бўларди. Бирор ишчи, ёки деҳқон қайсидир бир раҳбарнинг устидан арз қилиб кўрсин, ишчи ва деҳқон ҳамма вақт ҳақ бўлган. Ҳозиргидек ишчиларни тепкилаш, ҳақоратлашлар бўлмаган.

Ислом Каримов билан Иосиф Сталин орасида энг катта фарқ – бу Сталиннинг  порахўрликка кенг йўл очиб бермаганидир. Унинг қизи, ёки ўғли бутун Иттифоқнинг табиий бойликларини талаб, АҚШ да, ёки Европа мамлакатларида қимматбаҳо виллалар сотиб олгани таърихда учрамайди. Ҳаттоки, уруш даврида фашистларга асир тушиб қолган ўғли Яковни фельд-маршал Паулесга ҳам алмаштирмаганди.

Бизнинг Ислом Абдуғаниевични Сталинга қиёслаш эса, уни ёлғон мақташ билан баробардир. Чунки президентимизнинг икки қизи бутун Ўзбекистон бойликларини талаб бўлди. Нафақат қизлари, бошқа қариндошлари ҳам четда қараб ўтиргани йўқ. Улар Францияда, Швейцарияда, АҚШ да ва қўйингки, қаерники кўнгиллари хуш кўрса, ўша юртларда хон саройларидан ҳам ортиқ қимматга эга бўлган виллаларни сотиб олишмоқда. Бунга Ғарб мамлакатларининг ҳукуматлари бирор оғиз норозиликларини ҳам билдиришмаяпти.

Ўзбек деган шўрлик миллат эса қишда уйини ҳам исита олмайди, ёзда эса челак кўтариб у ён, бу ён югуриб сув излайди. Нафақат шу, бу шўри қуриган ўзбекнинг фарзандалари қамоқхоналарда бошқа ўзбеклар томонидан қийноқларга тутилади ва ўлдирилади. Бугунги Ўзбекистонимизда Гитлер Германияси, ҳамда Сталин ГУЛАГларидан мутлақ фарқ қилмайдиган қийноқ лагерлари муттасил ишлаб турибди, етмаганида янгилари бунёд этилмоқда. Уларда эса ўзбек фарзандлари ўзбек фашистлари томонидан нобуд қилинаяпти.

Ажиб юртимизнинг ажиб халқи эса борига шукр қилади ва бир кун қорни тўйса шунга ҳам шод бўлиб ўтираверади. Ўзбекистон президенти улардан жирканишини рўйи рост айтди, қани, шу гапни Сталин даврида биров айтиб кўрсин эди. “Халқлар отасининг” ўзи бундай раҳбарнинг пешонасида дарча очиб қўярди.

Озодлик радиосининг ўзбек хизмати ватандаги ноқисликларни, эл дарди ва муаммоларини ёритиб келади ва шу билан ўзбеклар орасида энг машҳур радиостанциялардан бирига айланган. Президентимиз Ўзбекистонда тиланчилар йўқлигини даъво қилгани ортидан, бутун мамлакатда тиланчиларни йўқтотиш тадбирлари бошланиб кетганди. Булар ҳақида ҳам Озодлик етарликча маълумотлар тарқатди. Энди эса мамлакатда “дангасаларни” излаш тадбирлари бораётгани ҳақида ҳам материаллар ёритилаяпти.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда зўр бериб мамлакат келажаги бўлган ёшларни Россияга кўча супургани, ёки президентимиз тили билан айтадиган бўлсак, дангасалик қилгани кетишларининг олдини олиш тадбирлари ҳам бошланиб кетибди. Эндиликда колледж ва лицей ўқувчилари дангасаликка кетиб қолишса, бунинг учун уларнинг ота-оналари, ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари жавоб беришади. Шунга кўра, ўқишга кирадиганларни айни ўша маҳаллалардаги масъуллар “Фалончи Россияга кетиб қолмайди” деб кафолат хати ҳам беришаркан.

“Дангасалар” Россияга ўз-ўзидан кетаяптими? Уларни бундай йўл тутишга нима мажбур қилаяпти экан? Албатта хаёлимизга биринчи галда келган тахмин билан “ишсизлик” дейиш мумкин. Аслида эса ижтимоий ночорликдир. Масалан, Европа мамлакатларида ҳам ишсизлик муаммоси бор, аммо европаликлар бу ишсизликдан ўзбекистон халқичалик жабр тортишмайди. Чунки ишсизлик учун бериладиган нафақанинг ўзи ҳам бемалол яшаш учун етарликдир. Ўзбекистонда эса бунақа ижтимоий ҳимоя йўқ ва бугунги ҳукумат билан бунақа ҳимоя бўлмайди ҳам.

Ўзбекистонда ишсизлик кўрсаткичига эътибор қаратайлик. Россиянинг “Регнум” ахборот агентлиги Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг маълумотларига таянган ҳолда, 2012 йилги расмий кўрсаткичларни эълон қилган: http://регнум.рф/news/fd-abroad/uzbek/polit/1627453.html. Унда келтирилганига кўра, бизнинг ватанимизда расман ишсиз деб ҳисобга олинганлар сони 626 минг 300 кишини ташкил этади. 30 миллионлик Республика учун бу ҳеч гап эмасдек, аммо бу ҳукумат тарқатган расмий маълумотга кўра шундай. Тағин ажабланарлик томони, бу кўрсаткич пасайиб ҳам бормоқда. Масалан, 2012 йилнинг декабрь ойи билан 2011 йилнинг декабрь ойидаги ишсизлар адади 6 минг кишига камайган экан.

Ким билсин, балки бу ишсизлар сони қамоққа олинганлар ҳисобига камайиб қолгандир, балки улар ўлгандир, хуллас, расмий маълумотларга кўра, ишсизлар сони камаймоқда экан. Ҳар неки, улар иш билан таъминланиб қолганликларига эса ишонч йўқ. Россияда ишлаб юрган ўзбек гастербайтерлари сони аниқ эмас, лекин баъзи маълумотларга кўра улар  тўрт миллиондан олти миллионгача.

Яқинда яна бир қизиқ факт тарқалиб қолди. Тағин ўша Озодлик радиоси тўлқинларида. Ўзбекистонликлар ароқ истеъмол қилиш билан дунёда бешинчи ўринда эканлар. Биринчи ўринни эса Россия эгаллаган. Ўзбеклар русларга ўхшаб ҳар куни ароқ ичишмайди ва ароқнинг мутлақ кўпи тўйларда ичилади.  Бундан шундай хулоса қилмоқ керакки, мамлакатда аҳвол шу даражада ночор бўлсада, аммо унинг тўйлари тўхтаб қолгани йўқ. Ўзбекларимиз қизимни эрга берай, ўғлимни уйлантирай деб яшайдиган миллат. “Топганинг тўйга буюрсин” деган дуоларимиз ҳам бор. Лекин, шу билан бирга мотамлар сони ҳам кам бўлмаяпти.

Биз турли даврларда турли ҳукуматларга, режимларга мослашиб кела олганмиз. Туркистон ҳудудларини  Россия империяси ишғол қилиб олганидан сўнг Оқ подшо ҳазратларини мадҳ қилиб яшаган бойлар, феодаллар бўлди. 1917 йилнинг февраль буржуа инқилобидан кейин Кернскийга ҳам итоатда бўла олганмиз ва албатта ўтмишдошларимиз бунда Николай II –ни ҳамоқат қилишган. 1917 йилнинг октябрь инқилобидан кейин эса коммунистларга эътиқод қилиб, ўзимиз ҳам коммунист бўлишга ошиқиб яшаб келганимиз бор.  Ҳозир эса ҳукмдоримиз Ислом Каримов ва унга ҳам талпинамиз. Тепиб юборсагина, кейин мухолифат бўлиб оладиган қилиғимиз ҳам бор. Бизга – “така бўлсин, сут берсин!”.

Шунинг учун ҳам ўзбекнинг қозони қайнаши қийин. Қайнаганида ҳам кимдир ўзгалар шарофати ила қайнайди. Масалан, ҳозиргидек  русларнинг.

Мустақилликдан сўнг ҳам ҳамватанларимиз орасида бошқаларга тақлид қилувчилар кўпайиб бораяпти. Баъзи бировлар Ғарб цивилизацияси эришаётган ютуқларга тақлид қилмоқда. Ҳаттоки бир жинслик никоҳларни Ўзбекистонга ҳам олиб кириш тарафдорлари йўқ эмас. Бу демократия дегани ва унда ҳамма бир хилдаги имкониятларга эга бўлиши керак. Миллий ғурурни, миллий анъаналарни чир парчин қилиш билан бўлсада.

Тағин шундайлар борки, арабларнинг анъаналарини ўзбеклар ҳаётига тадбиқ қиладилар ва мусулмонликдан деб билишади. Аммо ўзбекнинг асрлар давомида шаклланиб келган ўз маданияти, ўз миллий анъаналри борку. Буни эса биров илгари сураётгани йўқ. Шундай бўлсада, у яшаяпти ва шу сабабдан ҳам на Ғарбона ва Шарқона удумлар ўзбекларнинг ҳаётига кириб мустаҳкам ўрнаша олмаяпти.

Мустаҳкам ўрнашиб олган удум ва маданиятимиз эса, кўпроқ қандай қилиб яшаб қолиш ўгитларига асосланганга ўхшайди. Мардикорликка кетиб бўлсада, ҳамоқатлар эшитиб бўлсада, фақат ва фақат яшаб қолишлик. Миллат учун, Ватан учун биров жонини қурбон қилишни ҳам истамайди. Бунақа қаҳрамонликларни эса русларга чиқаришган.

Француз мушкетёрлари ҳақида фильмларни томошо қилганлар билишади албатта. Уларда шундай шиор бор эди: “бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!”. Бу шиор Совет даврида ўзбек пионерларининг ҳам онгига сунъий сингдирилгани бор. Лекин у ёдларимиздан чиқиб кетган ва энди эса “ҳамма ва ҳар ким ўзи учун!”- деган шиорни баланд кўтарадиган бўлиб қолганмиз. Шундан бўлса керак, президентимиз ҳам ўзи учун, эл ичидаги ҳар бир одам ҳам ўзи учун ва оқибатда, юрт ҳам, халқ  ҳеч ким учун бўлиб қолгандек. Шунинг учун ҳам биздан “юртбошимиз” ҳам жирканади. Агар эл унинг ёқасидан тутиб турганида эди, Ислом Абдуғаниевич элдан жиркансада, бу сўзини ҳаргиз ошкор айта олмаган бўларди.

Тўлқин Қораев
Швеция