Ҳар бир халқ рахбарига лойиқ бўлади

Ҳар бир халқ рахбарига лойиқ бўлади
101 views
08 July 2013 - 11:54

Жамиятда инсонлар орасидаги ахлоқий ва маънавий нормаларнинг издан чиқиши ёки яхши йўлга тушиши кўп омилларга, шу жумладан ҳукумат ва унинг раҳбари танлаган бошқарув идеологиясига ҳам боғлиқдир. Бу маънода диктатура усули билан бошқариладиганган жамиятлар инқрозга юз тутаверадилар. Эркинлик ва Адолатпарварлик нормалари билан бошқарилган жамият эса маънавий ва иқтисодий ривожланаверади.gezi

Адолатли жамият аъзолари билан диктатура жамияти аъзоларининг фикирлашлари ҳар хилдир.

Диктатура жамиятидаги инсонларнинг ҳаётий ва ахлоқий нормалари диктаторнинг “тартибга солган”  кўргазмалари билан мувофиқлашади. Диктатор инсонлардаги маънавий хусусиятларни инобатга олмай жамиятни бошқаришга интилади. Ясама, қалбаки шиорларни жамиятга тақдим этади.  Натижада жамиятда ноҳақликлар ўртага чиқади ва унинг маънавий, иқтисодий ва сиёсий ривожланиши издан чиқади.

Адолатли жамиятда эса инсоний- маънавий хусусиятлар ўзаро  муносабатларга асос бўлади. Шунингдек, бундай жамиятда инсон эркинликлари ва ҳуқуқларига амал қилишга кенг йўл очилган бўлади.  Бундай шароитда жамият ҳар тамонлама ривожланаверади.

Инсонларнинг маънавий баркамоллигига ва жамиятнинг юксалишига эришишнинг асосий йўли эса ҳеч шубҳасиз маърифатдир.

Халқни бошқарадиганлар ҳокимият  тепасига келгач,  ўз ақли-фаросатлари ва иймону этиқодлари билан давлатни бошқаришга ҳаракат қиладилар. Халқ эса ўз бошқарувчиларидан сабоқ ва ўрнак олиб, уларга лойиқ бўлишга интилади.  Шунинг учун ҳам жамият тараққиётининг даражаси уни бошқарувчиларининг эътиқоди, илми ва маданиятининг маҳсулидир.

Дунё тарихида турли туман халқлар ҳар хил даврларда турли бошқарув шакллари ва ҳукуматларга эга бўлишган. Баъзан ҳукмдорлар диктаторлик  ёки  ўзгача  бошқарув шаклига эга бўлиб, миллат тарихида ўзларига хос из қолдирганлар. Улар орасидан миллатнинг тарихий йўналишига аниқлик киритиб, миллат обрўсини юқори кўтарганлари бўлган. Миллат узоқ йиллар давомида бундай ҳукмдорларни ўз ишларида ибрат билиб,  ҳатто уларни илоҳийлаштирганлар.

Бунга ёрқин бир мисол, бизнинг тарихимизга ҳам алоқаси  бўлган Буюк Искандар Зулқарнайн (Алексадр Македонский)дир.

Даврлар тақозаси билан ўзбек миллатининг тарихида ҳам, асрлар давомида  халқ назаридан тушмай келаётган шахслар ҳам оз эмас. Масалан:

Амир Темур. Ўзининг дунё тарихидаги ўрни билан, шиддатли ва моҳир қўмондонлик сифати билан, адолати ва аёвсизлиги билан бугунгча дунё халқлари назарида унутилмай келаяпти. У тарихда бир афсонага айланган.

Хоразмшоҳлар. 11-13-чи асрларда Марказий Осиёда ва дунёда энг қудратли бўлган Хоразм ипериясини тузушга муяссар бўлдилар. Улар ўзбек миллати тарихида энг намунали давлатчилик асосларини барпо қилган сулоладир. Миллатимиз бугун ҳам Хоразмшоҳларни  миллатимизга лойиқ  шахслар эканини унутмаганлар. Каримов режими эса тарихимизнинг бу саҳифасига, негадир  эътиборсиз қолаяпти.

Ватанимиз тарихидан келтирилган бу икки мисолда, халқимиз қандай  ҳукмдорларга лойиқ эканини ва кимлар халқимизни ўзига лойиқ, деб билганларини кўриб турибмиз.

Бугун миллатимиз хойнохой Каримов шахсига лойиқдир. Нега-ки, ўзига хос Каримов, миллатни ўзига мос қилди. Миллатимиз  танламаган раҳбарни, яъни  Каримовни  Москва ўз вақтида халқ елкасига  мингизиб қўйди. Натижада биз  дунёда энг қоррупциялашган миллатга айландик. Юртимизда, порахўрлик оммавий тус олган.  Бу кунлар ҳам  ўтиб кетар. Бугун Москванинг ўзи  ночор аҳволга тушиб қолган.

Вақт барибир ўз ишини қилаверади. Вазият Каримовнинг ўз режими билан давлат тепасидан кетишини тақоза қилаяпти. Миллатимизнинг катта бир қисми бунга бугуноқ ишонаяпти. Мен ишонаманки , давлат тепасига албатта бир мард инсон келади. Ва у ўз миллатига лойиқ бўлади. У миллатни ўзига лойиқ билиб, уни  буюк келажак сари етаклайди, инша Аллоҳ.

Бугун  Миср воқеалари барча инқилоб аҳлини огоҳликка чорлаяпти. Чунки инқлоб ғояларини ҳимоя қилишни ҳам  билиш керак экан.  Миср аҳлининг 80%  Муҳаммад Мурсийни қўллаб қувватласа, нима учун қолган 20% аҳолининг тарафдорлари ҳукумат тепасига ноқонуний йўл билан чиқиб олдилар?

Миср давлатчилиги қурраи заминимизда энг кўҳна, яъни  4,5 минг йиллик тарихга ва буюк давлатчилик тарихига эга бўлган мамлакатдир.  Бу  тарихни, бутун инсоният, болалигидан ўқиб ўрганишга одатланган. Мисрда не, не фиръавнлар ҳукумронлик қилмадилар. Хеопс ва Эҳнатон пирамидалари, инсоният қурулиш санъатининг энг қадимги намуналаридир.  Лекин, Мисрнинг кўҳна ва янги  тарихида  христиан диндаги фиръавн ҳали  тахтга ўтирмаган экан. Бу оддий факт сўнгги воқеаларнинг аксил инқлобий моҳиятда эканини кўрсатиб  турибди…

Ўзбекистондаги аҳволга қайтадиган бўлсак, ЎХҲ дастурига мувофиқ унинг бошқарув принциплари халқ эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирланган.  Бугунги кўп миллатли, кўп маданиятли мамлакатимизда  бойу-камбағал, олиму-жоҳил, ёшу-қари барчасини  ўзимизники деб ҳисолаймиз. Ҳеч бир инсон, Каримов замонида халққа зулм қилган истисно албатта, қилмишлари учун янги ҳукумат олдида жавоб бермайди. Чунки халқнинг катта қисми қилаётган ноқонуний  тирикчиликларида айбдор эмас.

ЎХҲ ҳокимият тепасига келса, қонун устуворлигини, адолатни ва фуқаролар эркинлигини таъминлашни биринчи вазифаси, деб билади. Қонун устуворлиги таъминланган мамлакатда, фуқароларга зулм қилиш ва инсонларни ноҳақлик билан  жазолаш амаллари бўлмайди.

Халқимизнинг маданияти  ва маънавий кучи унинг хар хил фавқулодда холатларга тушмаслигига кафил бўлади, деб ўйлайман. Яхшиси биргаликда фикрлайлик, биргаликда ишлайлик. Зеро, кучимизга куч қўшилсин. Ниятларимиз холис бўлсин. ЎХҲ га ва  Эрк партиямизга аъзо бўлинг, ҳайриҳоҳ бўлинг. Таклифлар, тақризлар ва аъзо булиш учун телефонлар

+99 890 927-14-05.  Тошкент.

+99 891 122-45-81.  Тошкент.

+99 890 270-28-10.  Самарқанд.

Орзу ниятларимизга Аллоҳнинг Ўзи етказсин. Мамлакатимиз обрўсини Яратганнинг Ўзи зиёда қилсин. Амин.

Жуманиёзов Нураддин              

Эрк партиясининг аъзоси.

Тошкент шаҳар. 06.07.13.