Назарбоев Қозоғистондаги аҳволдан ‘яхши хабардор’, Каримов-чи?

Назарбоев Қозоғистондаги аҳволдан ‘яхши хабардор’, Каримов-чи?
27 views
08 July 2013 - 14:27

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз туғилган куни арафасида тайёрланган ҳужжатли фильмда мамлакатдаги аҳволдан бохабар эканлигини билдирган. 73ни қаршилаган Элбоши 300 – 400 саҳифа ҳужжатни ўқиб чиқишини айтган.

Кузатувчилар салкам чорак асрдан бери Қозоғистонни бошқариб келаётган Назарбоевнинг ҳамма нарсадан воқиф эканлигини шубҳа остига олади.130606091913_kazakh_uzbek_karimov_nazarbaev_512x288_none_nocredit

Маҳаллий КТК телеканали элбошининг 73га кириши муносабати билан “Назарбоев. Live” ҳужжатли филмини ишлади.

Унда журналистнинг: “Президент мамлакатда содир бўлаётган нарсалардан ҳар доим ҳам воқиф бўлавермайди. Сизга келиб тушаётган информацияларнинг холислигини қандай таъминлайсиз?” деган саволига шундай жавоб берган.

“Биринчидан, бизнинг давримизда ҳеч нарсани билмаслик мумкин эмас. Чунки, ОАВ бор, боз устига интернет ҳам мавжуд. Истак бўлса, ҳамма нарсани, ҳаттоки, сен ҳақингда ёмон нарсаларни ҳам билиш мумкин. Мен ҳаммани эшитишга ҳаракат қиламан. Бир кунда 300-400 саҳифа ҳужжатни кўриб чиқаман. Тажрибали одам сифатида қатор оралаб ўқийман”, – деган жаноб Назарбоев.

Президент бундан ташқари махсус хизматлар унга ҳолатни етказиб туришини ва ўзи ҳам ҳар йили турли жойларда бўлиб одамларнинг ҳолидан хабар олишини билдирган.

Дўстлари унга тўғридан-тўғри қўнғироқ қилиб вазиятни билдириши ва ўзи ҳам дўстларига қўнғироқ қилиб нималар бўлаётганидан бохабар бўлишини айтиб ўтган.

Назарбоев Қозоғистонни салкам чорак асрдан бери бошқариб келади.

Мухолиф вакиллари Назарбоев бутун бошқарувни ўз қўлига олишга интилгани учун сўз эркинлиги бўғилиши, инсон ҳуқуқлари топталиш ҳоллари кўплиги, бу каби ҳолатларни эса, президент ва ҳукумат билмасликка олишини айтади.

Нурсултон Назарбоевнинг ўзи ҳам 2011 йил декабрда Жанаўзендаги тинч намойишларнинг қонли тўқнашувларга айланиб оддий одамлар ўлганида минтақага сафар қилиб, нефтчиларнинг ҳолидан бехабар қолиб кетганини, ёрдамчилари унга вазиятни бошқача талқин қилганини айтган эди.

Аммо, қонли тўқнашувлардан кейинги маҳкамалар асосан намойишга чиққан нефтчиларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳукуматга, шу жумладан, Президент Назарбоевга қилган мурожаатлари беэътибор қолдирилди.

Ислом Каримов-чи?

Президент Назарбоевга замондош, унга ўхшаб мамлакатни 20 йилдан ошиқ бошқариб келаётган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг баъзи танқидий чиқишларини кўплар “Президент жамиятдаги муаммолардан бехабар” дея талқин қилишмоқда.

Хусусан, ўтган ой у Россияда ишлаётган миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирларини “дангаса” дея атагани саҳардан кун ботгунча ишлайдиган баъзи муҳожирлар орасида норозилик уйғотди.

Хўш, Президент Каримов ўз фуқаролари ҳаётидан неқадар бохабар? Биз ушбу савол билан жамиятшунос Алишер Илҳомовга мурожаат этдик.

Алишер Илҳомов: Биласизми, айтишим қийин, чунки мен Каримовнинг столига айнан нималар қўйилаётганини билмайман. Лекин, баъзи ишораларга ва баъзи кичик хабарларга таяниб, фикр билдирса бўлади. Каримов одатда энг майда-чуйда ишларга ҳам аралашади, ҳатто қандайдир скамейкани қаерга ўрнатиш ёки қандайдир бинога у ё бу безак берилиши масаласига ҳам. Шундай экан, аксинча, Каримовни жуда ҳам маълумотга бой одам деб ҳисоблаш мумкиндир.Бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан солиштирилса, бу каби майда ишлар унинг лавозимига тўғри келмайди. Давлат раҳбарлари энг асосий стратегик масалаларга эътиборини жамлаган бўлиши керак. Лекин, ёши ўтиб борган сари, унинг жисмоний имкониятлари ҳам чекланаяпти ва у аралашидаган масалалар кўлами ҳам торайиб бораяпти. Жамиятда ва давлатдан ташқарида нималар бўлаётганидан нақадар хабардорлигига келсак, Каримов Россия телевидениесини кўриши айтилади. У Россия телеканалларида кўрсатилган у ё бу муаммоларга жуда таъсирланиб муносабат билдиради. Масалан, ўзбек муҳожирлари Россияда ишлаётгани ва ёмон муносабатга юз тутаётгани унга бир янгилик бўлди. Лекин, у муҳожирликнинг кўлами ёки ундан Ўзбекистон иқтисодига келадиган фойда ҳақида билмайди деб ўйламайман.

Би-би-си: Бу фойдани билса, нима учун у муҳожирларни ёқтирмайди?

Алишер Илҳомов: Бир томондан, расмий ўзбек банк ҳисоб-китобларига кўра, муҳожирлардан Ўзбекистонга келиб тушадиган маблағ 6 миллиард долларга тенг. Бу ўта катта даромад. Айни дамда, Ўзбекистон унга ҳеч қандай сармоя киритмаяпти. Қўлини қовуштириб, совға сифатида бу фойдани қабул қилиб олаяпти. Бу пул кўплаб соҳаларни жонлантиришга ёрдам бераяпти.

Би-би-си: Унда нимага муҳожирларни “дангаса” дейди?

Алишер Илҳомов: Бошқа тарафдан унда миллий онг, ғурур бор. Ўзбек муҳожирлари паст даражали ишларда ишлашаётгани уни хафа қилади. Шунинг учун, шундай муносабат билдирди.

Би-би-си: Сиз жаноб Каримов Россия каналларини томоша қилиши ҳақида айтдингиз. Нима деб ўйлайсиз, у интернетдаги хабарларни ўқийдими? Баъзи манбаларнинг билдиришича, унга атрофидагилар хабарларни ёзма равишда етказиб беришади ва унинг ўзи интернетда ўтириб мустақил ахборот сайтлари ё мухолифат сайтларини ўқимас экан.

Алишер Илҳомов: Бир нарса дейишим қийин. Балки у ўқир, чунки интернетдаги мухолифат, мустақил ё диссидент сайтларга киришда унда муаммо бўлмаса керак. Унинг интернетига тўсиқ қўйилмаса керак. Истаса, бемалол Би-би-си Ўзбек Хизмати сайти ё Озодликка кириб кўриши мумкин.

Би-би-си: Қизиғи шуки, у интернетни ўқийдиган бўлса, қизи Гулнора атрофидаги мубоҳасали хабарларга муносабат билдирмаяпти. Чунки, Ўзбекистонга бағишланган сайтлар одатда Гулнора ҳақидаги хабарлар билан ёрилай, дейди.

Алишер Илҳомов: У очиқча муносабат билдирмаяпти. Бу ерда икки қутбли бир вазият мавжуд. Бир томондан, унда интернетга кириш имконияти бор, иккинчи томондан эса, унда қандайдир психологик тўсиқлар бор, яъни у ўз тамойилларидан келиб чиқиб Би-би-сининг ўзбек сайти ё Озодликни ўқимаслиги мумкин. Буни у ўзи учун паст бир нарса деб кўради. Балки у ўзига бўлган ҳурматга доғ туширишни истамайди. Бошқа томондан, менга аён бўлишича, унинг атрофида хабар етказиб турган шахслар доираси ўта тор. Билишимча, бу билан Миллий Хавфсизлик Хизмати шуғулланади. Президентнинг столига нима келиб тушишини МХХ тўла назорат қилади. Шунинг учун, унга турли қарашлар етказиб берилади деб бўлмайди. Бошқа вазирликлардан МХХ узатаётган версияга қарама-қарши хабар келса, МХХ бунга қарши чора кўради. Президент учун барча мавжуд масалаларни кўриб чиқиш ва уларга чора кўришга ўта кўп вақт керак бўлади, шунинг учун, улар муайян сиқилган, тор форматда хабар узатилишига ўрганганлар.

Би-би-си: МХХ бу хабарларни узатиш билан Каримовнинг фикр юритишини манипуляция қилади деб ўйлайсизми?

Алишер Илҳомов: Менимча, улар ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда хабарларни етказиб беришади. Уларнинг ўз сиёсий қарашларига хайрихоҳ бўлган маълумот узатилади. Шундай экан, Президент истеъмол қиладиган маълумот бир томонлама ва бузиб кўрсатилган маълумот.

bbc.co.uk