Амир Тимур қайта тирилдими ёхуд бир академикнинг алаҳсираши

Амир Тимур қайта тирилдими ёхуд бир академикнинг алаҳсираши
56 views
10 July 2013 - 12:41

(Кун тартибидаги долзарб гаплар)

Албатта, бу куннинг асосий мавзуси рамазони шарифнинг бошланишидир. Бу ойда шайтонлар занжирланади, жаҳаннам эшиги ёпилади, жаннат эшиклари очилади…Ёз ойларида рамазон бир бошқача, жазирама иссиқ бўлишига қарамай сувсизлик ва очлик билинмайди…Ё Роббимиз нақадар Буюксан, неъматингга ҳам, ибодатингга, имтиҳонингга ҳам шукрлар бўлсин…temur1-1

Халқаро сиёсат майдони кун тартибининг бош мавзуси Мисрдаги давлат тўнтаришидир. Бу тўнтариш бугунги дунё сиёсатининг ва дунё тузумининг лакмус қоғози бўлди менимча…Яъни, инсон ҳуқуқлари, демократия, тараққиёт каби шиорларни байроқ қилиб олган ғарб давлатларининг ҳақиқий башараси очилиб қолди. БМТ, Европа Иттифоқи, Араб Бирлиги, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти…Булар бугунги дунёмизнинг энг муҳим халқаро ташкилотидир. Булардан бирортаси Мисрдаги ҳарбий хунтага қарши чиқмадилар. Сабаб аниқ: Мурсийнинг идораси ва Иҳвон ҳаракати мусулмонларга оид…Мусулмонларга эса инсон ҳуқуқлари берилмаслиги керак…Чунки улар дунёга ғарбдаги яхшилик ва ёмонлик аралаш қуралаш бўлиб кетган инсон ҳуқуқларини эмас, инсон номига ярашадиган инсон ҳуқуқларини ёйиб юборишлари, бу эса бугунги ғарб маданиятининг ҳақиқий башарасини очиб ташлаши мумкин…

Миср воқеаларидан чиқариладиган яна бир хулоса: Араб оламидаги диктаторликлар ва қиролликларнинг исломга ҳам, инсон ҳуқуқларига ҳам алоқаси йўқ…Улар мутлақо сиёсат майдонидан ўчирилишлари керак. Аммо қандай қилиб? Даъват албатта ишнинг боши…кейин эса ҳақиқат ва адолат учун курашиш…

Ўзбекистонга оид кун тартибидаги мавзуларга ўтсак. Бир академик оламшумул иддоа билан чиқибди: Ўзбекистон ўз қўшниларига ҳам, Русияга ҳам ҳатто Украина ва Арманистонга ҳам ҳудудий ва бошқа манфаат талаблари билан чиқиши керак. Шунингдек, Ўзбекистон ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун НАТОга аъзо бўлиши керак.. ..

Ким ўзи бу академик Рустам Абдуллаев? Ўзбекистон диктатори Каримовнинг “матбуот академиги” ва бу диктаторнинг қизи Гулнора Каримованинг “Ўзбекларнинг Маликаси” эканлигини айтган бир зиёсиз “зиёли…”. Унинг юқоридаги иддоларини Каримовнинг бошқа агенти Сергей Ежков “шизофрения”, яъни телбалик, деб атабди. Албатта, аслида рус шовинисти бўлган Ежковга бу академикнинг идддоалари ёқмайди. Ахир, қандай қилиб Ўзбекистон Русияга бирор талаб қўйиши мумкин, деб ўйласа керак жосус Ежков…

Академик Абдуллаевнинг алаҳсирашларини Ислом Каримов қўллаб қувватлайдими? Ҳар ҳолда Каримов қарши бўлмаган бўлса керакки, унинг бу алаҳсирашдан иборат мақоласи анча мунча машҳур сайтда эълон қилинибди. (centrasia.ru).

Мен бу мақоланинг ниму учун ёзилганини тушунмадим, тушунганлар бўлса айтсин? Бир томонда чўкиб бораётган сиёсий тузум ва унинг бир оёғи тўрда, бир оёғи гўрда бўлган диктатор раҳбари, иккинчи томонда Тимур давлати каби кучли давлатга ярашадиган талаблар ва иддоалар…  Мантиқ қани бу ерда? Хўп, дейиши мумкин ҳурматли ўқувчи, академик алаҳсираётган экан, буни танқид ўрнида кўрайликда, сизнинг бу масаладаги таклифингиз нимадан иборат? Тўғри, танқид таклиф билан қадрлидир. Бу масаладаги таклиф эса одддий ва ҳаммага тушунарлидир: Ўзбекистондаги диктатура режими ўрнига эркинлик ва адолатга асосланган фуқаровий жамият қурилиши керак. Бунинг натижасида жамиятимиз янги фундаментга эга бўлиши керак: Яхши ўзбекчилик, яъни миллий қадриятларимизнинг (она тилимиз, тарихимиз, яхши урф одатларимиз ва ҳк.), Яхши Иносн Ҳуқуқлари (сўз ва матбуот эркинлиги, жамоат ташкилотлари тузиш эркинлиги, эркин сайловлар, иқтисодий эрикликлар ва ҳқ) ва Яхши Мусулмончилик (инсонларимизнинг имонли, ахлоқли бўлиши, жамиятда моддий ва маънавий қадриятларнинг мутаносиблиги, яъни мусулмонқиликда ўрта, мўътадил йўлда бўлиш) тикланиши керак. Кейин эса Ўрта Осиёдаги қондош ва қардош давлатлар билан ҳам, Русия билан ҳам ўзаро манффатли муносабатлар ўрнатилиши керак…

Ўзбекистонга тегишли яна бир гап: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жорж Крол ватанимиз ҳақида гапира туриб: ““Мен бу ерда қайсидир маънода матриархат даври аломатларини кўраман. Балки, ошкора намоён этишмас, аммо ҳар бир эркакнинг ортида кучли аёл ҳокимиятини ҳис қиласиз”, деган. (vatandosh.uz) Қизиқ гап, шундай эмасми? Гап Ўзбекистонда матриархат ёки патриархатнинг устунлиги ҳақида эмас, Ўзбекистонни оилавий қироллик ўрнида кўриб, ўзини тахтга ўтиришга ҳозирлаётган Гулнора Каримова ҳақида кетмаяптими? Яъни, жаноб Крол матриархат деганда, Гулнора бемалол ноқонуний равишда отасининг тахтини эгаллиши мумкин, демоқчими? Бошқа томондан, АҚШнинг машҳур сенаторлари Исломга Каримовга хат ёзиб (ozodlik.org), қамоқхонларда ноҳақ зулм кўраётган ўзбек зиёлилари журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Сайидов ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғуновнинг озод қилинишини талаб қилишларини қандай тушунимиз керак? Бир томондан АҚШ элчиси Ўзбекистонда матриархат устун дейди, иккинчи томондан бу давлатнинг сенаторлари сиёсий тутқунлар озод қилишини талаб қилади…Ишқилиб, охири хайрлидир бу сиёсатнинг…

Эркин ва адолатли фуқаровий жамият қуришда ҳеч шубҳасиз зиёлиларнинг ўрни ва фаоллиги ўта муҳимдир. Шу маънода ҳурматли домла Аҳмад ҳожи Хоразмийнинг “Сиёсат борасидаги мулоҳазалари” ўринли (dunyouzbeklari.com), деб ўйлайман. Айниқса, бугун Ўзбекистонда сиёсат соҳаси “қабристонга” айлантирилган, сиёсат ҳақидат гапириш жиноят ҳисобланадиган бир пайтда хорижда туриб бўлсада бу ҳақда фикр алмашиш ниҳоятда муҳимдир. Ҳурматли домланинг бу мақоласидаги ҳамма фикрларига қўшилмасамда, аммо мавзунинг муҳимлиги бу мақоланинг қийматини оширади, деб ўйлайман…

Намоз Нормўмин

10.07.2013

http://namoznormumin.blogspot.com/