“Президент бўлмоқчиман!”

“Президент  бўлмоқчиман!”
171 views
11 July 2013 - 10:34

olim-andreyТошкент шаҳри. Ойбек метросидаги “Ангел” ресторани ёнида турибман. Кеч соат бир эди. Ёнимга 12 ёшлардаги бир бола келиб нонга пул сўради.

Ростдан нонгами?, деб сўрадим-да, телефонга тикилиб ўз ишимни қила бошладим. Бола буни рад жавоби, деб ўйлаб ўз йўлига кетди. Шунда уни тўхтатиб, сенга пул керак эди, шекилли, дедим.

– Кел, мен сенга пул бераман, олдин сен билан бироз гаплашсам бўладими?, –  дедим. Бола хохламай, ишонқирамай суҳбатга киришди. Аниғи, у нимани истаётганини билмасдим.

– Отинг нима?

– Олим.

– Неча ёшдадасан, қаерликсан, нега кўчадасан?

– Ёшим 12 да. Дадам йўқ, онам ташлаб кетган, сергелиликман.

– Нега, қачон?

–  Ойим кўп ичарди. 10 ёшлигимда онам уйимизни сотди, бирга Чорсу бозорига келдик. У ерда овқатландик, сўнг у менга, кутиб тургин, ҳозир келаман, деб кетди. Кечгача кутдим, келмади, шунда билдимки, у мени ташлаб кетган экан.

– Кейин қаерга бординг?

– Кўчама-кўча юриб Олой бозорига келдим. Тиланчилик қила бошладим. Шу-шу кўчадаман.

– Болалар уйи ёки милицияга мурожаат қилиб, вазиятни тушунтирмадингми?

– Бу ёшимда мени Болалар уйига олишмайди, устига-устак ҳужжатларим ҳам йўқ. Милиция бўлса ёрдам бермади.

– Ичасанми? Чекасанми?

– Йўқ. Ичмайман ҳам чекмайман ҳам.

– Ёлғиз ўзинг кўчада қийин эмасми?

– Қийин…

Шу пайт олдимизга яна бир бола келди. Кўринишидан у Олимнинг тенгдошига ўхшар эди. Худди Олимдек бу бола ҳам пул сўради. Бошқа гапга улгурмай бизнинг суҳбатимизга қўшилиб Олимдан, қаерда эдинг?, деб сўради.

Шу ерда тургандим, суҳбатга аралашдим:

– Сизлар танишмисизлар?

– Ҳа.

– Сенинг отинг нима, неча ёшдасан? Қаерликсан?

– Андрей. 14 ёшдаман. Чилонзорда Мирзо Улуғбек паркининг ёнида яшайман.

– Дўстмисизлар? Сенинг тарихинг қандай? Онанг, отанг…?

– Ҳа, биз дўстмиз. Икки йил олдин танишганмиз. Ўшанда менинг онам буйрак ракидан ўлган пайт эди. Отам ичади, мени ва бувимни уради. Шунда уйдан қочиб кетаман. Кундуз кунлари бувим билан баклашка йиғаман. У 67 ёшда. Кечалари тиланчилик қиламан, ижарага 150 доллар пул тўплаб беришим керак, ҳар ойда. Ҳамма пулларимни йиғиб бувимга бераман.

– Қандай қилиб ижарада яшайсан? Тошкентлик эмасмисан?

– Дадам қарзга ботган эди, уйимизни сотишга мажбур бўлдик.

– Сен мактабда ўқийсанми?

– Ҳа, ўқийман. (У ё 25 ё 125-мактаб деди.)

– Сен-чи, Олим?

– Йўқ ўқимайман, хужжатларим йўқ.

– Қаерда тунайсизлар? Сизларни бошқа дайдилар хафа қилмайдими?

– Дуч келган жойда, ёзда подъездларда, қишда компьютер хоналарда тунаймиз. Хеч ким бизга тегмайди. Биз ҳам бошқаларга қўшилмаймиз. Ичиб-чекмаганимиз учун бошқа дайдиларга қўшила олмаймиз. Бизга хеч ким тегмаса биз ҳам хеч кимга тегмаймиз.

– Қандай қилиб?

– Менинг қизил карточкам бор, руҳий касалхонада даволанганман. Битта болани бошига қизиб турган қозон билан туширган эдим. У онамни сўккан эди, алам қилганди. Қозон билан урганимда қўлимни ҳам куйдириб олдим, – деди Андрей.

– Сени отанг хафа қилмайдими?

– Уради. Айниқса ичганида. Яқиндан бери урмай қўйди, чунки мен ҳам бир гал қайноқ това билан урган эдим уни. Олим ҳам ўшанда ёнимда эди, унга тухум пишириб бераётган эдим.

– Милицияга хабар қилмайсанми?

– Фойдаси йўқ.

– Олим, қўлингдаги яра нимани асорати?

– Милиция айбдор.

– Нега?

– Улар бирор жиноят бўлсa, бизни қийноққа солишади, ҳамма айбни бизни бўйнимизга юклаб қўймоқчи бўлишади. Лекин Яккасаройда дядя Саша деган киши бор, у мени жиноят содир этмаслигимни билади. У келиб гувоҳлик берса, мени қўйиб юборишади.

– Сен балки биларсан? Давлатнинг ҳимоя фондлари, ижтимоий кўмак ташкилотлари бор, қариндошларинг йўқми?

Андрей: Биз кимга ҳам керакмиз. Пул топиб одамга ўхшаб яшасак қариндошлар эслаши мумкин. Маҳалла бир сафар ёрдам бермоқчи бўлди. Озиқ-овқат ва пул борасида, аммо алдашган экан. Кейин мен ҳам уларни икки марта алдадим.

– Худога ишонасизларми?

– Ҳа, биз ҳар якшанба куни Шимолий вокзалдаги черковга борамиз.

– Сизга у ерда қандайдир ёрдам кўрсатишадими?

– Кийим, пул, овқат беришади. Пушкин метросидаги черковда ҳам ёрдам беради, деб эшитганман. Аммо у ерга 18 ёшдан паспорт билан бориш керак экан. Чунки у ерни доим милиция текширади.

Шу пайт Олим Андрейга, қаттиқ уйқуси келаётганини айтиб кетишни таклиф қилди. Мен улардан ким бўлмоқчисизлар, деб сўрадим.

Олим:  Мен хеч ким бўла олмасам керак.

– Нега тушкунликка тушасан? Орзуйинг бордир ахир, ким бўлишни истайсан?

– Билмадим. Яхши маош тўлайдиган ишим бўлса бўлди.

Андрей:

– Мен Президент бўлмоқчиман!

– Сенинг орзўйинг зўр! Бунга эришасан, –  дeя Олим уни шоширди.

– Тўхтанглар! Мен пул ваъда қилган эдим-ку.Сизларни расмга тушириб интернетга қўйсам майлими? Чунки мана Олим, сенинг хужжатларинг йўқ. Балки ойинг шу йўл орқали сени топар. Балки, онанг сени ташлаб кетишни истамагандир, истаган бўлсаям хужжатларингни қайтарар. Шахсиятингни тиклашинг керак-ку. Сенга бўлса, Андрей, кимдир ёрдам берар, дунёда яхши одамлар бор ҳали.

– Майли, қарши эмасмиз.

Мен уларни расмга тушириб, ваъда қилганимни бердим. Чунки бу болаларни бошқа алдаб бўлмас эди. Зеро, улар ёлғоннинг энг каттасини бошидан ўтказиб бўлган эди. Баъзида уларга пул бериб, юракни хотиржам торттириб, ўтиб кетиш мумкин ёки барибир ичади, деб ўйлаб юракни алдаб ўтиб кетиш мумкин. Лекин ҳаммасидан оғири, уларга росмана эътибор қаратиш… Бу эътибор эҳтимол келажагимизни ҳал қилар.

Сардор Ёқуб

Тошкентликлар эътиборига: Ким бу болаларга ёрдам бермоқчи бўлса, кечки пайт Ойбек метросида бўлишади. Олимнинг онасини исми Света, фамилиясини унутган.