Дунё бизга томошабин, биз эса раққослармиз

Дунё бизга томошабин, биз эса раққослармиз
53 views
13 July 2013 - 15:47

“Мен сукут сақлашни хуш кўргандим ва қачонки сукутда бўлсам, ҳамма вақт ютгандим” – деган экан ўз даврининг файласуфи бўлган Конфуций. Бизда ҳам шунга ўхшаш “ҳикматлар” бор: “Сўз кумуш бўлса – сукут олтин”. Яна айтишади: “Биламан дедим – тутилдим, билмайман дедим – қутилдим”. 

Биз мана шу каби хурмача “ҳикматларга” ошно бўлган элмиз, халқмиз ва эртанги кунимиз бизни мутлоқ ташвишлантирмай қўйди. Янги давр биз ўзбекларни шундай кўчаларга буриб юбордики, бу кўчалардан ўтмоқликни илгарилари ўзимизга ҳазар деб билгандик. Миллатнинг бошига қанчалар мусибат келса-да, у шунчалик кучайиб бориши керак эди. Лекин бизда бунақа бўлмаяпти.

Бугун юртдошларимни ҳар ер, ҳар жойда учратарканман, улар ўзлигига эмас, қандайдир бир бошқа халқлар удумларига, бошқа миллатларнинг дини-ю, диёнатларига эргашиб кетганлари ҳам кузатилинади. Бирлари христиан бўлиб олишган ва ўзларини ҳақ йўлда, ҳақ динда деб билишади. Шу билан бирга, ҳеч иккиланмай ЎХҲга қараб тош отади. Гўёки, ЎХҲ номаъқул йўлда ва ундан халқ узоқлашиб кетган. Худди ўзбек халқи улар билан биргадек.

Йўқ! Халқ агар ўша христиан ўзбек билан бирга бўлганида ҳам, дўппимизни осмонга отсак бўларди, аммо бундай ҳам эмас-да. Тағин кимлардир бор, олтинчи, еттинчи асрлардаги Ислом маданиятини тиқиштиришга уринади. Агар уни қабул қилмасангиз, сиздан ёмонроқ одам дунёда йўқ. Бошқа бирови Америкадан туриб ўзбеклар онгига Ғарб маданиятини сингдирмоқчи, гўё шундай қилинса, ўзбек ўзлигини топади.

Ўзбекнинг ўзлиги йўқолиб бўлгани руслар ишғоли даврида эди, ва ўшандан бери бу миллат, бу халқ ким зўр бўлса, ўшанинг мусиқасига ўйнаб бераяпти. Шундай эмасми? Ватанда диктатура зулми ва хорижда эса ўзбеклар бир бириларига душман. Балки ошириб юборгандирман, жуда бўлмаса улар бир бирлари дўст эмас, худди ёт кишилардек. Турли гуруҳларга йиғилиб олиб, бир-биримизни ҳақоратлаймиз, бу билан Ватандаги режим томошобин, биз эса раққослармиз.

Азизлар, Ўзбекистонда қандай режим бўлади, ёки қандай ҳукумат бўлади -Ғарбни бу мутлоқ қизиқтираётгани йўқ. Улар учун Ўзбекистонда барқарорлик бўлиб турсин, шунинг ўзи етарли. Ўзбекистонда халқ очидан ўладими, сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқлари поймол бўладими, пора оладими, ёки пора бериб яшайдими – бунинг мутлоқ аҳамияти йўқ! Муҳими, уруш чиқмасин! Ҳукумат ўз халқини ўлдирса ҳам майли, лекин уруш чиқмасин. Кейин бизга на Америка ва на Россия, Хитой, ёки Европа ҳам ёрдам бермоқчи эмас. Шунчаки, орамиздан кимлар учундир Ғарб мамлакатларида яшаш имконини яратиб беришган холос. Шунга шодмиз, агар доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритсак куйдирилган калладек тиржаямиз – Худо берди!

Албатта ЎХҲ халқни уруш қилишга чақиргани ҳам йўқ, фақат сиёсий кураш олиб боришликка, миллат онгига сингиб кетган сукут сақлаш психологиясини бузишга чақирмоқда. Аммо эл шунга ҳам ярамайди. Қўрқади! “Отиб ташлайди!” – дея ваҳима қилишади. Ҳа, Андижонда отиб ташлашганди ҳам, лекин буни қарангки, мана шу фожеа ҳам ўзбекларнинг бошини қовуштирмади. Аксинча, ўша ўқ еган ва ўқдан қочган андижонликлар тағин ўз бирлари билан бирга, ва улар элга бегона бўлиб олишган. “Акромий биродарлар” сафига кирсангиз, сизни одам ўрнида кўришади, акс ҳолда одамсиз, аммо улардан эмассиз. Худди ортодоксал яҳудийлар ўзларидан бошқаларни “Гой” деб билгани каби.

Биздаги бу “метин” иродамизни на бир ғоя, на бирор дин ва на бирор сиёсий куч синдира олмайди. Биз ўла-ўлгунимизча ўша ўзимизнинг “айрилиқ” ғоямизга фанатикларча содиқ қоламиз! Биримиз бошқа биримизни ошкора ҳақоратлаб, жиннилардек кулиб, бундан шод бўлаверамиз. Шу аҳволда яшашда давом этамиз. Ўрта ичида дунё ва режим бизга томошабин, Ғарбдаги казо-казолар (айниқса АҚШ Конгресси) томошабин, биз эса раққослармиз. Ажаб қисматли халқмиз.

Тўлқин Қораев