Қарғишга сабаб бўладиган “буюк” вазифалар

Қарғишга сабаб бўладиган “буюк” вазифалар
13 views
15 July 2013 - 14:46

1205160438_military_coat_origДиректоримиз хокимият йиғилишидан қайтгач, тўсатдан кеч соат 19:00 ҳамманинг йиғилишга тўпланишини тайинлади.

Бу маҳалда лицей ўқитувчилари уйларида рўзғор ташвишлари билан банд бўладилар. Шундай бўлсада, йиғилишнинг тўсатдан ўтказилиши ҳеч кимнинг энсасини қотирмай қўйган.

Чунки бунақанги зўрма – зўраки йиғилишларга келишга ҳамма кўниккан эди. Йиғилиш борлигини эшитган ўқитувчилар дарров етиб келишди.

Директоримизни кўнгилни оздирадиган бир одати бор. У пахта мавсумида ҳарбий кийимда юради. Тушунмадим, бу нимани англатади. Хуллас, ўша йиғилиш куни ҳам, у ҳарбий кийимда келишини ҳеч ким кутмаганди, сабаби пахта тугаганига уч хафтача бўлиб қолганди. Тўғрисини айтсам, директорни ҳарбий кийимда кўриб. баъзи ўқитувчиларнинг юраги ўша кечда қаттиқроқ урган бўлса ажаб эмас…

“Ўзингни ос, исқирт, хароми!” Бу оддий сўзлардан таркиб топган, стилистик жиҳатдан анчагина бузуқи буйруқ гап бизнинг директоримизга тегишлидир. Олий маълумотли зиёли ўқитувчининг бошқа бир зиёли ўқитувчининг ҳар айтган гапи учун жавобидир бу. Йиғилиш юқоридаги сўзлардан бошланиб, зиёлилар бир мунча бошларини айбдорлардек ерга қаратганларидан сўнг, хокимият тарафидан тайинланган буюк вазифаларга навбат келди.

Шундай буюк вазифалардан бири бу – пенсионерларнинг пенсияларини пластик карточкаларга ўтказишдир.

Катта шаҳарларда супермаркетларга кирсангиз бир неча савдо терминалларини турганини кўрасиз. Пластик карточкалар орқали бемалол савдо қилишингиз мумкин. Лекин вилоят марказлари, кичик шаҳарлар, қишлоқларда пластик карточкаларга савдо қиладиган нуқталар мавжуд эмас. Борлари ҳам “обналичка” қилиш билан банд юқори фоиз эвазига. (Яхши ҳам ўқитувчиликдан ташқари хунарим ҳам мавжуд, акс ҳолда нақд пулни қўлим ушламасди).

Ўзбекистоннинг жанубий вилояти Сурхондарё туману қишлоқларида аҳвол жуда ёмон. Бу энди бошқа масала. Юқоридаги буюк масалага қайтадиган бўлсак, нима эмиш биз ўқитувчилар ўз махалламиздаги ҳар бир нафақа олувчи ногирон ва қарияларнинг 5 нафаридан ўз нафақаларини пластик карточкаларга ўтказиб беришларини илтимос қилиш талқинидаги аризалар олишимиз керак экан. Юқорида таъкидлаганимдек, қишлоқларда ва кичик шаҳарларда пластик карточкаларга савдо қиладиган савдо нуқталари мавжуд эмас.

Шундай экан, бир оёғи тўрда ва бир оёғи гўрда бўлган қариялар, ўзлари турса ўтиролмайдиган ва ўтирганларида туролмайдиган ногиронлар нима эвазига кун кўрадилар. Қариялар пластикни туршак қилиб сўримасалар керак, албатта. Ногиронларчи? Улар нима қиладилар? Буни улар англамайдилар деб ўйлашсалар керак.

Агар зўравонлар шундай деб ўйлашсалар қаттиқ адашадилар. Бу вазифани эшитгач бизнинг,йиғилишдагиларнинг аҳволи янада ёмонлашди. Дарҳол тасаввур қила бошладим. Мен турадиган ҳовлидан уч уй нарида яшайдиган Марат ака ногиронлиги туфайли ўзи уйида ортиқча одам бўлса, қандай қилиб мен унинг олдига бориб, нафақасини пластик карточкада олишга розилигини оламан. Мен қарғишга қолмайманми? Баъзилар бу вазифага шунчаки совуққонлик билан қарадилар. Кейин билсам, бундан икки йилча чамаси илгарироқ худди шундай топшириқ бўлган экан.

Мен янги ўқитувчи бўлганим учун бундан бехабар эканман. Мана сизга буюк вазифа.

“Ҳозир ҳамманг бир вароқдан қоғоз олиб, менга тилхат ёзиб берасанлар”, дея ҳаммани таҳликага солаётган директор ҳар йиғилишда ишдан кетиш ҳақида ариза, тушунтириш хатлари олавериб, ёшу қарини қўрқитиб олган. Ҳар бир вазифанинг бажарилиш мухлати бўлгани каби бу вазифанинг хам мухлати эълон қилинди. “Эртага соат 10:00 да нафақахўрнинг папорт копияси ва аризасини олиб келасанлар” дея йиғилишни тугатди.

Ростини айтсам, директорлик ҳам осон эмас. У бечора ҳам ахир хокимиятда йиғилишда бўлиб келдику. У ерда йиғилишлар “Э онангни палон қилай” деган машҳур гапдан бошланади. Буни эса ҳеч ким инкор этолмайди…

Мухтор Кумаков