Диктатор Каримовсиз сиёсий барқарорликнинг рецептлари

Диктатор Каримовсиз сиёсий барқарорликнинг рецептлари
123 views
17 July 2013 - 8:15

“Ўзбекистон келажаги буюк давлат”, деб аталсада, мамлакатимизнинг яқин келажагидан ҳамма хавотирдадир. Баъзилар Ўзбекистон раҳбари Каримовнинг тахтдан кетиши билан мамлакатда жиддий сиёсий инқироз ўртага чиқишини ҳам тахмин қилмоқдалар.Ўзларини ҳокимиятга яқин деб ҳисоблайдиганлар ҳам “Ўзбекистон катта хавф остида” турганлигини таъкидламоқдалар. Таҳририятимизнинг ушбу масаладаги саволларига Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбарларидан Намоз Нормўмин жавоб беради.

Савол: Маълумки Президент Каримов Ўзбекистонда репрессиялар ёки давлат террори усули билан сиёсий барқарорликка эришган. Бундай “барқарорлик”  Ўзбекистонда давлат дейилган ҳуқуқий институтни йўқ қилиш билан бирга, 30 миллион аҳолининг асосий қисмини ўз мамлакатида ва хорижда ўзини ва оиласини боқиш учун дарбадарлик қиладиган гадойларга айлантирди. Сизнингча бундай “барқарорликнинг” Каримовсиз, яъни у тахтдан кетгандан кейин ҳам давом этиши мумкинми?IAK

Жавоб: Мен бундай бўлишига ишонмайман. Каримов асос солган “тинчликни” давом эттириш учун “давлат террорчилари” командаси лозим. Аммо Каримов тахтдан кетгандан кейин бундай команда бўлмайди, тўғрироғи у ўз “бошидан” айрилади. Маълумки, бу команда Каримовсиз ўз -ўзини йўқ қилишдан бошқа ишга ярамайдиган гуруҳлардан (кланлардан) ташкил топган. Бизда кучли марказлашган ҳокимият борлиги айтилади, аммо бу ҳокимиятнинг умри тугаган, у чириб битган ва мамлакат аҳолиси бу қароқчи ҳокимият вакилларидан фақат нафратланади. Фикримча, бу ҳокимият ўз “отасидан” айрилиши билан қулайди…

Савол: Ҳокимиятни Конситуциявий йўл билан топшириш эҳтимоли қайси даражада, деб ўйлайсиз?

Жавоб: Конституцияга кўра, агар ҳозирги Президент ўз вазифаларини бажара олмай қолса ёки вафот этса, Сенат аъзоларидан бири вақтинчалик унинг вазифасини бажариб туриши ва уч ойдан кейин Президентлик сайловлари ўтказилиши керак. Эҳтимолки, Президентнинг катта қизи Гулнора Каримова мана шундай Конситуциявий “йўл” билан мамлакатнинг янги президенти бўлишга уриниши мумкин. Аммо ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ айтгани каби диктатор Каримовнинг ўзи сиёсий режим ва “Конституциядир”, яъни бир шахс давлатнинг икки асосий тамалини ўзида бирлаштирган. Бахтимизга Каримовнинг кетиши бу “сиёсий режим ва “Конституцияни” ҳам йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Гулнора тахтга келганда ҳам уни ҳокимиятда ушлаб турадиган сиёсий режим ва Конституция бўлмайди. Гулнорада эса отасининг “тахтни” ушлаб туриш қобилияти йўқ, шунинг учун ҳам у тахтга ўтирмасдан ундан қулайди…

Савол: Ўзбекистонда ҳокимиятни топширишнинг қайси йўли сизнингча энг маъқул йўлдир?

Жавоб: Каримовга ёзган хатимда (http://uzxalqharakati.com/archives/19040) мен 2014 йилда Парламентга, 2015 йилда эса Президенлик учун очиқ, адолатли ва эркин сайловларни ўтказишни таклиф қилганман. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар назоратида ўтадиган бундай сайловларда Каримовнинг барча партиялари (бирлашган ҳолда ёки ҳар бири алоҳида) ва асосий кучи Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидан иборат бўлган мухолифат қатнашиши керак. Бундай сайловлар натижасида мамлакат бошқарувига халқ тарафидан сайланган Парламент ва Президент тарафидан бошқариладиган ҳукумат келади ва улар Каримовдан кейинги даврда энг муҳим қарорларни қабул қиладилар..

Савол: Агар бундай сайловларда мухолифат ютиб чиқадиган бўлса, сизлар халққа қарши қилинган репрессиялар учун Каримовдан қасос оласизларми?

Жавоб: Менимча бизнинг бунга вақтимиз етмаса керак. Ҳамма Ўзбекистон Президентининг оғир касал эканлигини билади. Каримов деярлик чорак асрда ўтказган қатағон сиёсати билан ўзини ўзи маҳкум қилди ва унинг иши ҳар ҳолда охиратда кўриб чиқилса керак, деб ўйлайман. Аммо у ўзбек халқининг иродасини топтаган ҳолда, яъни ноқонуний йўл билан ҳокимиятни ўз қизига берадиган бўлса, бу Гулнора Каримованинг ўз отаси ўтказган қатағонлар учун ҳам масъулятни ўз зиммасига олишини билдиради. Чунки сўз режимнинг жиноятлари ҳақида бормоқда ва кимдир улар учун жавоб бериши керак. Бошқа томондан менинг тушунчамда сиёсат қасос олиш эмас, давлатни оқилано бошқаришнинг воситасидир. Рамзий қилиб айтадиган бўлсак, сиёсатчининг кўзлари ўтмишга эмас, келажакка қараши керак.  Мен 1990 йилдан бери Каримов режимига мухолифатдаман, бу режимнинг қатағонлари мени ва бошқа кўпгина мухолифтачиларни қандай сиёсатчи бўлмасликка ўргатди. Ростини айтсам мен бу аксилинсоний режимни танқид қилишдан чарчадим. Шунинг учун ҳам ҳозирда мен Каримов даври ҳақида эмас,  2015-2040 йилларда ватанимизда содир бўлиши кутилаётган воқеалар ва жараёнлар ҳақида кўпроқ ўйламоқдаман…

Савол: Замонавий Ўзбекистон учун қандай сиёсий тузумни маъқул, деб биласиз?Dr. Namoz Normumin

Жавоб: Фикримча, мамлакат бошқарувининг Парламент қаноти Президент бошқарадиган ижро қанотидан кучлироқ бўлиши керак. Бу мамлакатимизда янги Диктатор ўртага чиқишининг олдини оладиган бир омил ҳисобланади. Бир палатали кўппартиявий парламент мамлакатда содир бўладиган барча ижтимоий ва сиёсий жараёнларни ўзида акс эттирадиган қонуний “ойна” бўлиши керак. Президент эса бевосита ижро ҳокимиятини бошқариши керак. Шунинг учун ҳам Бош Вазир лавозимига зарурат йўқ. Президентнинг вето ҳаққи бўлиши керак, аммо Парламент ўз қарорини қайта қабул қиладиган бўлса, Президент уни имзолайди ёки масала Конституцион Судда кўриб чиқилади ва унинг қарори барча тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлади.

Парламент қоидалари Конституцияда кўрсатиладиган импичмент (Президентни лавозимидан четлатиш) ҳуқуқига эга бўлиши керак, аммо Президентинг Парламентни тарқатиб юбориш ҳаққи бўлмаслиги керак. Бу ҳам президентнинг мутлақ ҳокимиятга эга бўлишига тўсиқ бўлади.

Давлат Кенгаши Президент, Парламент Раиси, унинг ўринбосарлари, куч ишлатар тизимларни бошқарадиган вазирлардан (бу кенгашга Парламент ва Президент тарафидан тенг сонда вакиллар киритилади) иборат бўлади. Давлат Кенгашининг вазифаси мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, яъни ички ва ташқи хавфсизлик сиёсатини мувофиқлаштириш ва бошқаришдан иборат бўлади. Давлат Кенгаши бир йилда олти мажлис ўтказади ва давлат хавфсизлик сиёсатини муҳокама қилиб, тегишли қарорлар олади. Бу ҳолда, Президент Давлат Бошлиғи ва қуролли кучларнинг Бош қўмондони бўлсада, унинг давлатни ва куч ишлатар тизимларни якка ҳолда бошқариш имкони бўлмайди. Албатта, бу менинг мухолиф сифатида шахсий таклифларимдир…

Энг муҳими, биз халқ ва жамиятнинг тирик бўлишига, уларнинг давлат ҳокимиятини ўз эркин иродасини ўртага қўйиш билан бошқариш қобилиятига эга бўлишига эришишимиз лозим. Бу эса инсонларнинг тафаккур ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, халқнинг ўз иродасини марказий ва маҳалий ҳокимият органлари учун эркин сайловларда ўртага қўйиши, агар ҳокимият зулм йўлига ўтадиган бўлса, унга қарши халқнинг намойиш қилиши ва ҳатто зарур бўлганда ҳокимиятни ағдариши билан амалга ошади.

Савол: Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг асосий шиорлари нималардан иборат?

Жавоб: Каримов режими икки асосга таянган: халқни қул қилиш ва ўз қулларини қатағон қилиш. Биз бу икки асосни Эркинлик ва Адолат билан алмаштиришни истаймиз. Шу билан бирга эркинликнинг чегаралари Адолатнинг чегараларига боғланиши керак. Бошқа сўз билан айтадиган бўлсак, шахсларнинг ва жамиятнинг эркинлиги инсонларнинг ҳаёти, мол -мулки, ақли, эътиқоди, насаби ва шарафининг дахлсизлигини бузмаслиги керак…

Савол: Келажакдаги жамият қандай қадриятларга асосланиши керак, деб ўйлайсиз?

Жавоб: Мен бу қадриятларни уч гуруҳдан иборат деб биламан: Биринчиси, бизнинг миллий (миллатчилик эмас) қадриятларимиздир. Бу бизнинг она тилимиз, халқимизнинг яхши урф- одатлари, адабиёти, маданияти ва ҳк. Иккинчиси, инсоният тараққиётининг ижобий тарафларидир: инсоннинг асосий эркинликлари ва ҳуқуқларига амал қилиш, марказий ва маҳаллий ҳокимият органларига эркин сайловлар ўтказиш, фуқароларнинг жамоат ташкилотларига, шу жумладан сиёсий ташкилотларга аъзо бўлиш эркинлиги, тинч намойишлар ўтказиш эркинлиги ва ҳқ. Учинчиси эса, халқимизнинг маънавий қадриятларидир. Яъни, ўз эътиқодига амал қилиш, соф ва адолатли, яхши ахлоқли инсон бўлиш ва ҳк. Мен бу қадриятларнинг ўзаро мутаносиблиги ва мужассамлиги келажакда Ўзбекистонда қуриладиган янги жамият ва давлатнинг бузилмас тамаллари бўлишига чин қалбимдан ишонаман..

Савол: Сиёсий барқарорликни қўриш учун ижтимоий ҳаётнинг қайси омиллари асосий омиллар ҳисобланади?

Жавоб: Бундай омилларнинг аввалгиси, юқорида айтганим каби, очиқ ва адолатли сайлов йўли билан миллий муросага эришишдир. Бу билан биз умумхалқ тарафидан сайланган мустаҳкам ва ҳаракатчан давлат бошқарувига эга бўламиз. Бу икки омил сиёсий барқарорликнинг марказини ташкил қилади. Жамият ҳаёти, шу жумладан сиёсий жараёнлар инсон ҳуқуқларига амал қилишга, инсонлардаги ақлий ва руҳий кучга асослансагина миллий муроса учун йўл очилади. Албатта, иқтисодни либераллаштириш билан аҳолининг кундалик ҳаёти яхшиланиши ва инсонга ярашадиган турмуш тарзига эришишмиз ҳам муҳимдир.

Агар юқорида айтилган ислоҳотлар амалга оширилса, давлат ҳокимиятини очиқ ва адолати сайловлар билан шакллантириш жараёнида ижтимоий ва сиёсий зиддиятлар содир бўлмайди.Давлат иқтисоднинг стратегик соҳаларида ўз назоратни сақлаб қолиши керак, аммо кичик ва ўрта даражали корхоналар тез суръат билан хусусийлаштирилиши ва бозор иқтисоди шароитига мослаштирилиши лозим.

Дин ва давлат муносабатларини ҳал қилиш ҳам муҳим масала ҳисобланади. Ислом Каримов бошқарувида айнан шу масала ниҳоятда кескин тус олди.  Афсуски, бу масалада Каримовнинг коммунист эканлиги ва атеистик нуқтаи назарда оёқ тираб олиши унга жуда катта панд берди. Унинг мусулмонлар ва исломий жамоатларга нисбатан террор сиёсати ўтказишининг асосий сабаби ҳам шундадир. Бундай давлат террори ўрнига мусулмонлар ва турли шаклдаги исломий ташкилотлар аста -секинлик ва эҳтиёткорлик билан фуқаровий жараёнларга жалб қилиниши зарур эди. Яъни, Ўзбекистон каби аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатларда давлат ҳокимиятининг Ислом динига ижобий муносабатда бўлиши ниҳоятда муҳимдир. Акс ҳолда мусулмонлар мазлум ҳолга тушадилар ва бу эса ўз ўзидан радикал кайфиятдаги фуқораларнинг ва гуруҳларнинг ўртага чиқишига сабаб бўлади.

Савол: Бу ҳолда масала сиёсий Исломга ва унинг талаблари томонга бурилиб кетмайдими?

Жавоб: “Сиёсий Ислом” атамаси динимизнинг табиати ва ҳақиқатига унчалик ҳам тўғри келмайди. Ахир “иқтисодий”, “ҳуқуқий” ёки “маданий” Ислом деган атамалар топилмайдику! Қуръони Каримда Ислом “дин”, дея таъриф этилган ва бу Аллоҳ таоло нозил қилган сўнгги ҳақиқатнинг ягона исмидир. Исломда дин дейилганда биз ердаги барча жонзотларни иссиқлик ва нур билан таъминлайдиган Қуёшни тасаввур қилишимиз керак. Худди шунингдек, Ислом ҳам ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига, яъни сиёсатга, иқтисодга, маърифатга, ахлоқга нур ва куч беради, аммо улардан айнан биттаси ҳисобланмайди ҳам. Бу биринчидан.

Иккинчидан, Ислом ғарб тушунчасидаги эътиқод ва ижтимоий ҳаётга баҳо бериш нуқтаи назаридан ярим дунёвий дин ҳисобланади. Бу ҳақда Бақара сурасининг 201-оятида каримасида марҳамат қилинган. Исломда бошқа динлардаги каби руҳонийликни тамсил қиладиган муқаддас оталарга (роҳибларга) ўрин йўқ. Шунинг учун динимизда динни ниқоб қилиб, ўз сиёсий манфаатига эришишни мақсад қилиб оладиган ёки диний задогонликни иддоа қиладиган муқаддас зотлар тоифаси бўлмайди. Ислом динида ҳар бир ихлосли мусулмон (афсуски мусулмонларнинг ичида мунофиқлар ҳам топилади) бу диннинг тамсилчисидир ва ҳар бир мусулмон бошқарувда иштирок этиш, раҳбар бўлишга интилиш ҳуқуқига эгадир. Яъни, Исломнинг қоидалари инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган ва инсоннинг танлови асос ҳисобланадиган фуқаровий жамият қоидаларига зид эмасдир.

Учинсидан ва энг муҳими Исломнинг қонунлари инсонлар ўртага қўядиган кўпгина қонунлардан фарқ ҳам қилмайди. Масалан, маст қилувчи ичимликларнинг, наркотикларнинг, порахўрликнинг, фуҳушбозликнинг тақиқланиши каби…Шу билан бирга Исломнинг ғояси фақат тақиқлашдан ва жинояткорларни жазолашдан иборат эмас. Динимизнинг асосий мақсади маърифат, маънавий ва жисмоний поклик, яқинларининг зиддига бўлса ҳам адолатли бўлиш, ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби қадриятлардир.

Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, масала кўндаланг қўйилиши ва шу ҳолда унга ечим топилиши керак:  Каримов режими қилгани каби ҳар қандай диний ташаббусни давлат кучи билан йўқ қилиш ва аҳли эътиқодга қарши доимий кураш бориш. Бу эса ушбу масаланинг сиёсий тус олишигаа ва тарафларнинг тўқнашувига олиб келади. Иккинчи йўл эса, бундай сиёсий ва ижтимоий тўқнашувларга йўл қўймасдан, мусулмонларга эркинликлар бериб, ҳуқуқий соҳада Исломий қоидаларнинг дунёвий қонунлар билан мутаносиблигига эришишдир. Аҳолиснинг 90% мусулмонлардан иборат бўлган Ўзбекистон учун иккинчи йўл ягона чорадир ва мен бунга бутун қалбим билан ишонаман.

Савол: Агар эркин сайловлар ўтказиладиган бўлса, сайловчилар нима учун ЎХҲ га овоз беришлари керак?

Жавоб: Чунки биз сиёсат майдонининг марказини эгаллаганмиз ва миллий, умуминсоний ва халқимизнинг эътиқодий қадриятларининг мутаносиблигига эриша оламиз. Бошқача сўз билан айтганда, ЎХҲ сиёсатда муҳофазакор марказчиликка даъвагордир ва биз бу йўл билан сиёсий барқарорликни, барчани эркинлик ва адолат билан таъминлай олишимизга ишонамиз. Биз сиёсатда мўътадилликка интиладиган барча табақаларни жалб қиладиган йўлдан борамиз ва бу билан радикал кайфиятда бўлганларнинг (ашаддий миллатчиларнинг, радикал атеистларнинг ва радикал кайфиятдаги мусулмонларнинг) жамият ҳаётида мувозанатни бузишларига йўл қўймаймиз. Бундай муросасиз кучлар дунёнинг барча бурчакларида топилади, аммо муҳими бузғунчи мафкуралар ва кучларга қарши тура оладиган кучли сиёсий марказиятчиликни ташкил қилишдир.

Мен юқорида ЎХҲ ғоялари ҳақида батафсил тўхталдим. Бизнинг сиёсий ташкилот сифатида яна икки кучли жиҳатимиз бор: Халқ билан алоқа қилишдаги катта қийинчиликларга қарамай, биз кейинги вақтларда ватанимизда мингларча янги тарафдорларга эга бўлдик. ЎХҲ имкон туғилиши билан Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият учун курашиш учун бу тарафдорларини ўз сафларида жамлай олади. Учинчидан эса, ЎХҲ Муҳаммад Солиҳ шахсида танилган ва кучли сиёсий раҳбарга эгадир. Каримовдан фарқли ўлароқ Муҳаммад Солиҳ эркпарвар, зиёли ва ихлосли мусулмон кишидир.

Савол: Сизнингча, қайси давлатлар келажакда Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади?

Жавоб: Бу аввало Русия, Қозиғистон ва Туркия давлатларидир. Биз ўзбекларни Русия халқи ва раҳбарияти энг яхши билади, деб ўйлайман. Бизнинг доимий қўшнилигимиз тақдирнинг ҳукмидир. Мен Русиянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари фақатгина бизни ва бойликаларимизни талашдан иборатлигига ишонмайман. Ҳақиқатда эса Русиянинг манфаатлари хусусан унинг ўз хавфсизлигига бориб тақалади. Аллоҳ қўрисин агар бугун Ўзбекистонда сиёсий фожеа ўртага чиқадиган бўлса, у эртага Қозонда ўзини кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам доимий қўшнилар сифатида биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак…

Қозоғистон бизнинг қондош давлатимиздир. Президент Назарбоев ўз давлатида Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари президентларига қараганда кўпроқ ютуқларга эришди. Албатта, шартлар ҳам бир эмас, масалан бу қўшнимизда исломий омил биздаги каби ниҳоятда кескин эмас. Мен ишонаманки, Президент Назарбоев Каримовдан кейинги босқичда Ўзбекистонда сиёсий барқарорлик сақланиб қолиши учун қўлидан келган барча ишларни қилади. Бунинг шарти албатта, Назарбоевнинг Каримовдан узунроқ умр кўришидир…

Туркиянинг узоқ хорижий давлатлар ичида бизга яқинлиги нафақат туркий тилларга мансублиги билан изоҳланмайди. Биз давлатни шакллантиришнинг ва халқаро сиёсат олиб боришнинг катта тажрибасини Туркиядан ўрганишимиз ва имкони борича ундан ижобий жиҳатларни олишимиз керак.

Ўрта Осиёдаги мустақил давлатлар тақдир тақозаси билан ўзаро ҳамкорлик қилишга маҳкумдирлар. Шунинг учун улар орасидаги низо ва тафовутларни асло тушуна олмайман. Бу ерда ҳам гуноҳнинг ярми Каримовнинг, қолган ярми эса қолган тарафларнинг зиммасидадир. Бу давлатлардан баъзилари ўртасида виза жорий қилишни қандай сиёсий мантиқ қабул қилиши мумкин?. Жанжал ва низолар ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлади…

Савол: Сиз “араб баҳори”га ўхшаш “ўзбек баҳори”нинг ҳориб толмас тарғиботчисисиз. Сизнинг китобларингиздан бири ҳам ““Араб баҳоридан ўзбек баҳорига”, деб аталади. Бундай инқилоб ҳали ҳозирда ҳам Ўзбекистон учун долзарб бўлиб қолмоқдами?

Жавоб: Албатта, агар Каримов ҳокимиятни топширишнинг биз айтаётган маъқул йўлидан бормайдиган бўлса, яъни бизнинг мамлакатимизга қайтиб, эркин сайловларда қатнашимизга изн бермаса, бундай инқилоб ўз долзарблигини йўқотмайди. Бу ҳолда инқилоб “баҳор”и фақатгина биз уни истаганимиз учун содир бўлмайди. Бунга асосий сабаб Каримовнинг ҳокимиятни ноқонуний йўл билан қизи Гулнорага ёки ўз яқинларидан бошқа бировга топшириши бўлади. Мен Каримов шахсининг Ўзбекистонда сиёсий режим эканлиги ва унинг тўсатдан кетиши сиёсий вакуумни келтириб чиқариши ва унинг ноқонуний меросхўрининг оёғи ердан узилиб қолиши ҳақида юқорида батафсил гапирдим. Бу эса сиёсий анархияга ва унинг даҳшатли ижтимоий ва сиёсий оқибатларига олиб келади. Бу ҳолда деярли чорак аср зулм кўрган ва бу туфайли ғазабнок ҳолга келган халқ ўзининг ниҳоий қадамини отиши мумкин…

Савол: Сизларнинг ҳаракатингизга парламент ва президентлик сайловларида иштирок этишга рухсат беришларига ишонасизми?

Жавоб: Бунинг ҳозирги аҳволда ва Каримовдан кейинги даврда тўс -тўполонларнинг ва сиёсий инқирознинг олдини олишнинг ягона йўл эканлигини айтиб ўтдим. Ўз ўрнида биз ҳам шунга мувофиқ сиёсий одимлар отишимиз керак бўлади: Ватанимизга хавфсизлик шароитида қайтишга ва кутилаётган сайловларга қатнаша олишимизга воистачилик қилишлари учун БМТ, ЕХҲК, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотларига, Русия, Қозоғистон ва Туркия раҳбарларига мурожаат қилишимиз керак, деб ўйлайман…

17.07.2013 

http://namoznormumin.blogspot.com/