Бир мухожир тарихи

Бир мухожир тарихи
72 views
17 July 2013 - 12:11

gast2011 йил 27 июнь куни Тошкентдан Москванинг Домодедово аэропортига Карим билан Сайфулло келишди.

Ўзбекистондан келишдан олдин Карим Сайфуллога ойига 500$ дан ойлик беришни ваъда қилган. Улар бир-бирини анчадан бери танимас эди, лекин уларнинг бир умумий танишлари бор эди. Улар бир тумандан, лекин ҳар хил қишлоқда яшашар эди.
Хуллас самолёт Домодедовога келиб қўнди. Уларни Алексей исмли рус, яъни иш берувчи мухожирлар тилида «хозяин» кутиб олди. Карим Алексейнинг қўлида анча йиллардан бери, 7-8 йилдан бери ишларди. Уларни Москва вилоятидаги Подольск шаҳрининг бир дала ховли (дача)лар шаҳарчасига олиб бориб жойлаштирди. Алексейнинг ўша ерда (дачный участокда) дала ховлиси бор эди.
Хуллас иш бошланди. Карим ва Сайфуллолар иккаласи ўша ерда 60 дан ортиқ дачаларга қоровуллик қилишар эди.
Бундан ташқари, ўша участкадаги тозалик, ахлат контейнер атрофининг озодалигига жавобгар эдилар. Яна Алексейнинг дала ховлисида ҳам турли ишларни бажаришар эди. Бир ҳафталарда ҳужжатлар (регистрация) тайёр бўлди. Иш давом этарди. Карим билан Сайфуллонинг орасидаги келишувдагидан ташқари ишлар ҳам бажарилди ва Карим Сайфуллога қўшимча ишлари учун алоҳида ҳақ ваъда қилди.
Бир ой ўтди, июль тугади. Сайфулло Каримдан бир ой бўлди, уйга пул-мул жўнатайлик деганда, Карим яна бир ой сабр қил, ҳали янгисан, Алексейнинг ишончига (довериесига) киришинг керак деди. Август тугади. Пул йўқ. Сайфулло Алексейга тўғридан-тўғри мурожаат қилолмас эди. Каримнинг юзидан ўтмасданми, ёки андишами буниси ўзига маълум. Алексей эшитмас эди ҳам.
Шу пайтларда, август ойида Самарқандлик Умид деган бола ҳам ишга келди. У ҳам қилган ишлари учун пул ололмади.
Сентябрь ойининг ўрталари, Карим айтдики хозир Алексей келади, хаммаёқни тозалаб чиройли қилиб қўйинглар, бугун пул олиб бераман сизларга деб ваъда қилди.
Каримдан унақа ваъдаларни Сайфулло кўп эшитган эди, аммо Умиднинг олдида индамади.
«Хозяин» ҳам келиб кетди. Карим келдида мана 3000 рубль, бориб Дикси супермаркетидан майда-чуйда, ароқ, пиво ва тайёр шашлик олиб келинглар деб Сайфулло ва Умидга пул берди.
Хуллас, магазиндан келишди, шунда Сайфулло Каримдан пул олиб бераман дегандиз, олдингизми деганида, Карим Сайфуллога «хозяин»ни пули йўқ экан. Кейин бераман деб айтди, деди. Сайфулло хеч бумаса 100-200$ (3000-6000 рубл) беринг, жўнатайлик. Келганимизга уч ой бўляпти деди. Карим унга яна озгина сабр қил деди. Келганига икки ярим ой бўлишига қарамай, ҳали Сайфулло уйига бир тийин жўнатмаган эди.
Майда чуйдалар тайёрланди, бу орада Карим қандайдир рус таксист таниши «барыга» орқали наша олиб келди.
Чекишди, шундан кейин Карим Сайфулло билан Умидга сизлар тайёргарлик қилиб туринглар мен ҳозир бирон бир соатда келаман, йўлга чиққач телефон қиламан шашликни пиширасизлар деб тайинлаб, яна биттадан қуруғидан тортди ва такси чақириб кетди.
Карим кетгач, Сайфуллонинг Карим телефонига кўзи тушди. Эсидан чиқариб кетиб қолибди. Шу пайт СМС келиб қолди. Сайфулло очиб қаради. Бу пул ўтказмалари «Кукуруза» тўлов системасидан эди. Яна телефондан бошқа «500$ пулни олдингми» деган СМСлар топилди. Ўша СМС юборилган адресат рақам эгасини Сайфулло яхши танир эди. У бир эридан ажрашган бир жувон эди. Карим уйланган 2 ёки 3 фарзанди борлигига қарамай, у жувон билан ҳам учрашиб юриши маълум бўлди. Шунда Сайфулло хаёлидан: «Агар хозяинни пули бўлмаса, Карим қаердан пул жўнатди? Мени ҳалол меҳнатимга пул бермасдан, ўзи жазман, ўйнаш-тёлкаларига 500$ лаб пул юборади. Худо билади, ўйнашига яширинча 500$ жўнатган, бола-чақасига қанча жўнатди экан? – деб ўтказди хаёлидан ва ғазабга тўлди.
Тайёргарликлар кўрилди, Карим бир рус фоҳишани «снимать» қилиб олиб келди. Шунда Сайфулло умуман ғазабланиб кетди. Менга пули йўқ, фоҳишага пули бор! деб хаёлидан ўтказди. Лекини Карим наша ва спиртной таъсирида бўлгани учун Сайфулло индамади.
Ўтиришди, еб-ичишди, яна чекилди. Шунда Карим Сайфуллони чақириб: «Мана бу пулни олиб беркитиб қўй, кайфим ошиб қолди, «хозяин» строй материалга ташлаб кетди бу пулларни. Яна манави жалаб кечаси ўғирлаб қўймасин” деб 30000 рублдан ошиқроқ (1000$) пулни берди ва “эрталаб берасан” деди.
Буни кўрган Сайфулло яна ғазабланди. Пул йўқ деб туриб шунча харажатдан кейин яна 30000 қолипти деб хаёлидан ўтказди. Бу стройматериал шунчаки бахоналигини Сайфулло яхши биларди. Нима қилсин, додини кимга айтсин. Ҳеч кимни танимаса, Россияга биринчи марта келиши бўлса, ҳеч қаерни билмаса.
Шу тариқа улар тарқалишди. Карим фоҳиша билан «хозяин»нинг дачасида қолди. Сайфулло ва Умид ўзлари ётадиган қоровулхонага кетишди. Сайфулло интернетда бир рус аёли билан гаплашиб юрарди. У аёлнинг ҳамма нарсадан хабари бор эди. Сайфулло ёлғиз у билан сирлашарди. Кечаси Сайфулло унга: «у меня есть 33000, я хочу уехать отсюда. Поможешь с местом?» деган мазмунда СМС қолдирди. Кечаси билан мижжа қоқмаган Сайфуллонинг телефони эрталаб 5:00 жиринглади. У ўша рус аёли эди. Сайфулло хамма гапни ётиғи билан тушунтирди.
Шунда у аёл қаерга бориш кераклигини, нима қилиш кераклигини айтди.
Сўнг Сайфулло нарсаларини шоша-пиша йиғиштириб соат 5:30 ларда йўлга чиқди.
Сайфулло Карим берган 30000 рубл ва ўзи дачаларда турли ишларни қилиб озгина ишлаган 3000 дан зиёдроқ пулини олиб йўлга чиқар экан, “бу мусофир юртда фақат Аллоҳга таваккал” деди. Шу аснода у рус таниш аёли айтган жойга борди. У ерда 3 кун яшади. У аёл билан учрашиб, хамма нарсани гаплашиб олди. Рус аёли Сайфуллога ўзи ишлайдиган жойдан тез кунларда иш топиб беришни ваъда қилди. Учинчи куни Сайфулло ўша рус аёлининг ишхонасига борди ва ишга жойлашиш учун хужжат тўғрилай бошлади. Украинага бориб «кирди-чиқди» штампини урдириб келди. Регистрацияга ўша рус аёли ёрдам берди. Ҳамма ҳужжатларини тахт қилди. Биронта қалбаки ҳужжати йўқ эди. Хаммаси «чисто» эди.
Тез орада ишга жойлашиб ўша ишхонанинг ётоқхонасига яшаш учун келди. У «грузчик» сифатида ишлай бошлади.
2012 йилнинг январ ойлари эди. Қиш бўлгани, ишда байрамлар кўплиги ва сменанинг камлигидан молиявий томондан қийналиб қолди. Оғир кунлар бошланди. Шу қийин кунларнинг бирида унинг ёдига олдинги ишлаган жойида яна пуллари қолгани, қўшимча ишининг хақлари борлиги тушди. Бир куни саҳарда қийналганидан Каримнинг олдига борди. Уни Карим яхши кутиб олди. Қолган пулимни қачон берасиз, яна пулим қолган-ку деб, Каримдан хаққини талаб қила бошлади. Шунда у “эрта-индин берарман” қабилида баҳона тўқий бошлади. Каримнинг айёр ва ёлғончилигини билган Сайфулло унга ишонмади. “Бўлмаса менга хужжатизни беринг, хаққимни берган кунингиз қайтараман” деди. Улар гап талашиб қолишди. Каримнинг ёнида яқинда Ўзбекистондан келган дўсти ҳам бор эди. Лекин улар икковлон Сайфуллога ҳеч нарса қила олишмас эди. Чунки у Каримнинг ёнига бир рус бақувват танишининг машинасида бирга борган эди. Шу пайт ҳозир ўтириб туринглар, мен хожатга чиқиб келай, деб Карим ташқарига чиқиб ғойиб бўлди. Сайфулло Каримнинг ёнидаги дўсти Шавкатни яхши танир эди. Шавкат ва Сайфулло бир маҳалладан эди. Карим чиқиб кетгач, Шавкат Сайфуллога: «Нима қиласан унақа документ-пакумент беринг деб, бераман деяпти-ку. Эртага келгин беради. Бир жойданмиз ахир. Тем более сан Каримнинг 30000 рублдан ошиқ пулини ўғирлаб кетипсан. Менга хаммасини айтиб берди. Яна хозяинни дачасидан ноутбук ва DVD PLAYER ларини ўғирлаб кетганмишсан» – деб Каримдан эшитганларини айтиб берди.
Бу туҳматлардан кейин Сайфулло яна ғазаб отига минди. Ярим соатдан ошиқ вақт ўтган бўлса ҳам, Карим хожатхонадан қайтиши қийин бўлди. Жахли чиқиб турган Сайфулло стол устида ётган бир шада калит ва эски бир смартфонни киссасига солиб, Шавкатга: «Карим келса айтинг, қачон пулимни қолганини берса шунда смартфон ва калитларини қайтариб бераман» – деди-ю рус ошнаси билан машинага ўтириб кетди.
Шу куни Сайфуллонинг телефони тинмади. Карим унга қўнғироқ қилиб, нега ундай қилдинг? Бераман шу пулингни, ҳеч бўлмаса калитларни қайтариб бер, деб таъна қилди.
Сайфулло бу калитларнинг муҳимлигини тушунди ва Каримга йўқ, қачон пулларимни берсангиз, шунда қайтариб бераман, деди. Телефондаги бахс жиддий тус олиб, таранг ҳолатга келгач Сайфулло унга майли ҳеч бўлмаса 15000 рубл беринг, қолганига розиман, деди.
Шунда Карим кечгача 15000 рубл топиб унга қўнғироқ қилишини айтди ва гўшакни қўйди.
Сайфулло ва Каримнинг оғзаки келишувига кўра, ҳар ой Карим унга 500$ (15000 рубл), бошқа қўшимча ишлари учун жами 1300$ (40000 рубл) хақ бериши, хаммаси бўлиб 2,5 ой учун 1250$ ва мехнати учун яна 1300$, жами 2550$ миқдорида қарздор эди.
Еб-ичиш келишувга асосан ойликдан ташқари эди.
Кеч ҳам кирди. Карим Сайфуллога қўнғироқ қилди ва мен 15000 рубл эмас 10000 рубл топдим, калитларни олиб кел, майли смартфон керак эмас деб айтди.
Сайфулло эрталаб олиб борган рус танишига, яна олиб бор деб илтимос қилган эди. Лекин у хозир ишдаман, эртагача сабр қил, эрталаб бориб келамиз деб айтди. Аммо Сайфулло эрталабгача кутишни истамади, эрталабгача Карим яна фикридан қайтиб қолмасин деб ўйлаб, такси ушлаб Каримнинг ёнига йўл олди.
Карим унга йўлнинг ўзида келяпсанми, қачон етиб келасан деб 3-4 мартта қўнғироқ қилди. Масофа машинада 30-45 дақиқалик йўл эди. Сайфулло унинг олдига етиб борди ва киракаш йигитга хозир кутиб тур, мен кириб пул олиб чиқай, қайтиб олиб кетасан деди. Таксист йигит рози бўлди. Машина дачный участок СНТнинг дарвозаси олдида тўхтади ва Сайфулло у ерда Каримнинг бир ўзи сигарета чекиб турганини кўрди. Машинадан тушиб Каримнинг олдига борди ва сўрашди. Яхши муомала билан кутиб олган Карим сигаретини ерга ташлади. Атроф ўрмон ва хаммаёқ қоронғу эди. Орадан бир дақиқа ўтар ўтмас ўрмондан аллакимлар чиқиб кела бошлади.
Улар 4 киши эди.
Шу пайт ур йиқит бошланди. Бир Сайфуллонинг ўзини 4 киши дўппослаб дабдала қилиб, оғзи бурнини қонга белашди. Қоровулхонага олиб кириб яна анча дўппослашди.
2-3 соат дўппосланган Сафуллонинг юзларида соғ жой қолмаган, икки кўзи шишиб кетганидан юмилиб қолган эди.
Сайфулло улар орасида энг ёши эди. Сайфулло 1984 йилги бўлса, дўппослаётганларнинг энг ёши 1982 йил эди. Улар Сайфуллони «живой мешок» каби навбатма навбат уришарди. Бири чарчаса бошқаси.
Сайфулло уларнинг 2 тасини таниди. Хаммаси Сайфуллонинг махалласидаги олдин қамалиб чиққан зеклар эди. Карим уларга уларнинг «система поняткаси» бўйича бу бола «крыса», мани ухлатворди, қанча нарсаларимни ухлатворди яна мани «вымогать» қилиб, пул талаб қиляпти деб тушунтирган экан.
Шундан сўнг Каримнинг ўзи катта ханжарни олиб келиб, буни бунақа қилиб эмас, мана бунақа уради деб ханжарнинг қаттиқ сопи билан Сайфуллонинг бошига ура бошлади. Нима бўлди, нима қўйдию, кафтлари билан бошини беркитиб турган Сайфуллонинг чап кафти пичоқ зарбидан йиртилиб кетди. Қонга беланган қўлларининг йиртилганини сезмаган Сайфулло кафти билан яна бошини беркитиб олди.
Шу пайт Карим Сайфуллога битта «разборчик»ни чақирганман хозир келади, деб айтди. Яна дўппослаш давом этди. Улар орасида Каримнинг укаси ҳам бор эди. Сенми хали акамни «вымогать» қиладиган, «крыса» деб яна дўппослади. Хаммаси Каримга кел шу «крыса»ни ўлдириб лесга кўмиб ташлаймиз деб пўписа қилишди. Хаммаси наша ёки спиртной таъсирида эди.
Уларнинг ичида энг каттаси Каримнинг қўлидаги ханжарни олиб, курткангни еч, ўлик одамга куртка керак эмас. Сени хозир сўйиб лесга кўмиб ташлайман. Сени Россияда ким ҳам қидирар эди дея қўрқитиб пўписа қилди. Яна биттаси нима қилай лесда чуқур қазийверайми деб бошқаларидан сўради.
Шу пайт эшикдан улар айтган «разборшик» кириб келди. Уларнинг хаммаси ташқарига чиқиб кетди. У «разборшик» деганлари рус миллатига мансуб, қора кожа курткада, қўлларида чарм қўлқоп кийган, ёши 35 лар чамасидаги киши эди.
У «разборшик» Сайфуллога нима бўлди, «положение»ни тушунтир, киминг бор бу ерда, «поддержканг» борми, бўлса айт. Чақир гаплашайлик-чи деб айтди. Сайфулло унга бўлган гапларни бирма бир сўзлаб берди. У эса энди нима қиламиз, бу ўғирлаган пулларингни қайтаришинг керак. Уйингга телефон қил, пул жўнатсин деб чиқиб кетди. Бу Каримнинг ўйлаб топган навбатдаги спектакл томошаси эди.
У рус хеч қандай «разборшик» эмас, Каримнинг қандайдир бир таниш рус ошнаси эди.
«Разборшик»нинг вазифаси Сайфуллонинг таниш билиш, «поддержка», «крыша»си бор йўқлигини аниқлаш эди.
«Разборшик» Каримга Сайфуллонинг Россияга биринчи марта келиши, шунга қарамай яхши кийиниб олипти, хеч кимни танимаса, «крышаси» бўлмаса, нима иш қилиб қаерда яшаяпти деган саволларига аниқлик киритиб, жавоб олиш учун ўйлаб топилган эди.
Орадан кўп ўтмай «хозяин» яъни Алексей ҳам Москвадан етиб келди.
Кириб келиб “войбў, ҳа бу болани нима аҳволга солдиларинг, бизларга ҳеч нарса қолмаптику!” дея, ёнидаги бир русга қараб кулди.
Сайфуллога ўрнингдан тур деб пўписа қилди. У ўрнидан турди.
Кейин Алексей қўлига анави катта ханжарни олиб Сайфуллога: «Сними штаны и покажи свои крутые яйца своим друзьям» деб пўписа қилди. Сайфулло жим турарди. Алексей эса яна: «Сними штаны и покажи яйца, а то отрежу их вместе с членом» дея дўқ урди. Шунда Сайфулло у хоҳлаган нарсани қилди. Шундан сўнг Алексей ханжарни столга санчиб индамай чиқиб кетди. Шу пайт Алексей билан келган ёнидаги рус киши мен шу Подольск туманининг «начальник участковый» нозириман. Хужжатингни бер, қани паспортларинг деб Сайфуллодан сўради. Шунда Сайфулло хужжатларини унга берди. У қараб «да, ещё молодой и вымагаешь людей» деб, хужжатларни олиб, «сейчас оформим» дея чиқиб кетди.
Шу билан қайтиб на Алексей, на милиция бошлиғи кўринмади ва на паспорт, на бошқа хужжатлар қайтарилмади. Сайфулло паспорт, регистрация ва миграцион карточкасини олдириб қўйди.
Бу Каримнинг Алексей орқали амалга оширилган навбатдаги режаси эди. Сабаби Карим ўзидан қўрқар эди, шунча қийноқлаб калтакланган Сайфулло ўзининг бирон «толпаси» билан келиб яна мени ўлдирибми, бирон нарса қилиб кетмасин деган фикр эди. Шунинг учун Карим Сайфуллонинг ҳамма ҳужжатларини Алексей орқали тортиб олиб, ипсиз боғлаб қўйди.
Шундан сўнг, бегона одам қолмади. Фақат жаллодлар қолган эди.
Карим фотоаппарат олиб келди ва Сайфуллога мен билан юр деди. Уларнинг хаммаси Сайфулло билан Алексейнинг дачасига боришди. Шу ерда Карим Сайфуллонинг қўлига бир каттароқ пичоқни бериб, дераза олдига туришини буюрди. Шунда Сайфулло нима қилмоқчисиз, шунча нарса каммидики яна қанақадир хийла ишлатяпсиз деб бош тортган эди, яна дўппослашди.
Охири Сайфулло қўлига пичоқни ушлаган холда дераза олдида суратга олинди. Деразани бузиб кирмоқчи бўлган ўғри қабилида яна бир неча бор суратга олинди. Гўёки, ўғри келгану, улар ўғрини суратга туширишган. Ўғри қўлидаги пичоқ, кафтидаги бинт ва таниб бўлмас кўм кўк юзи билан фотокамера ёнида «позировать» қилган. Қўлидаги пичоқни салафан қопчага солишди.
Шу тариқа Сайфуллони ўша қоровулхонада 2-3 кун хеч қаёққа чиқармай ушлашди. Эртаси куни Алексей хабар олгани келди ва Сайфуллога қараб: «Живой? Не умер еще?» – деб атрофдагиларга қараб кулди.
Шу тариқа 2-3 кун ўтгач Сайфуллони ўзлари машинада ётоқхонага обориб ташлаб, эски смартфонни ҳам олиб кетишди.
Сайфулло Каримнинг ёнига бир неча марта ялиниб паспортимни олиб беринг деб борди. Натижа бўлмади, шунда ҳам Сайфулло умидини узмай бораверди. Шу кунларнинг бирида Карим Сайфуллога паспортининг ксерокопиясини бериб, агар билет олиб уйингга кетадиган бўлсанг аэропортда паспортингни Алексей қайтариб берар экан деди.
Алексейга Сайфуллонинг кетиши нима кераги борлиги қоронғу эди. Лекин бу нарса Каримнинг хавфсизлиги учун керак эди. Бу орада маълум бўлишича Карим ўша ўзининг зек гумашталаридан 2 тасини «кидать» қиворипти. Ишлатиб пулини бермапти. Биттаси аранг уйига кетипти. Яна биттаси ўғиллари билан Самарага кетворипти.
Сайфулло яна Каримнинг олдига борди. Шунда охирги марта Карим унга, яна келсанг биздаги суратларни, пичоқни полицияга берамиз, қамаласан ёки депорт бўласан деб дағдаға қилди. Ўшандан кейин Сайфулло қайтиб бормади. Бу орада Сайфулло «разрешение на работу» олиши керак эди. У ҳар ойлигидан ишхонасига ҳужжат учун 22000 рубл тўлаб бўлган эди. Унинг навбати келди. Лекин паспорти йўқлиги сабаб ФМСга бора олмади. ФМСдан хат келавергач ишхона рахбарлари унга нега «разрешение»га бормадинг, нега олмадинг деган саволларни берди.
У бўлган воқеани айтиб бергач, ишдан хайдалди. Воқеани охиригача эшитишни ҳам хохлашмади. Ҳам паспортидан, разрешениега тўлаган пулидан мосуво бўлди.
Ишхонадаги рахбарлар унга паспортинг бўлмаса ФМС «разрешение»ни бермайди, тўлаган пулингни ҳам қайтармайди дейишди.
Шундай қилиб Сайфулло умуман оғир ахволда қолди. Таниш аёли ҳам «без документов я тоже не могу ничем помочь» деди.
Бунинг устига Сайфулло калтаклар таъсирида мия чайқалишни бошдан кечирганди. Яхшиям бирга ишлаган одамларда инсоф бор экан. Даволатиб, ётоқхонада яна бир ой яшириб ёрдам бериб юришди.
Кунларнинг бирида ётоқхонани ФМС ходимлари босди, рейд бошланди. Сайфулло хожатхонанинг деразасидан қочиб улгурди.
Қишнинг совуқ кунларида кечгача кўчада беркиниб юрди. Кечга яқин келиб сумкасини олиб, йўлкирага қарз олиб бир танишининг дачасига кетди.
Шундан бери у қочоқ ўғридай, ФМСу милициялардан беркиниб ишлаб юрибди. Ишида ҳам фақат «кидало»га учраяпти. Хужжат йўқ бўлгач додини кимга ҳам айтарди.
Шу келган даври 2011 йилдан бери шу йилгача уйига фақат 300$ пул жўната олибди холос.
Бир икки милицияга борган экан ўша пайтлар. Додини ҳеч ким эшитмабди. Элчихонага боргиси йўқ. Оддий масалани ҳал қила олмай йиллаб сарсон қилган элчилар менга нима ёрдам берарди, деб хафсаласи пир бўлган.
Қолаверса уйига қайтиш учун ғурури йўл қўймаяпти. «Одамлар, қишлоқдаги ва маҳалладошлар, дўсту-биродарларим гапидан қўрқаман 2,5 йил Россияда юриб бир тийин тополмай, яна депорт бўлиб келипти, деб устимдан кулади» деб юрипти.
Энди буни ўқиб ўзингиз хулоса қилинг.
Маслаҳатлар бўлса маслаҳат беринг, ҳуқуқий ва амалий ёрдам бера олсангиз, ёрдам беринг, азиз мўмин-мусулмон дўстлар!

SayfulIslom