Сиёсат борасидаги мулоҳазалар

Сиёсат борасидаги мулоҳазалар
83 views
22 July 2013 - 12:15

Аввалдан айтишим керакки, мен сиёсат бўйича мутахасис эмасман. Бунинг устига, В.И.Лениннинг сиёсатга берган баҳоси мен учун ҳозиргача долзарблигини йўқотмагани учунми, сиёсатни ёқтирмайман. Чунки сиёсат (тахт талашиш) сабаб, минглаган инсонлар нобуд бўлиб, гуллаб яшнаётган мамлакатлар вайронага айланаяпти.

Муҳожиротга юз тутганимдан кейин истасам, истамасамда сиёсат ва сиёсатчиларни ўрганабошладим. Натижада мутлоқ кўпчилик сиёсатчиларнинг тили билан дили бир эмаслигини тушиндим. Шундай сиёсатчилардан бири бўлмиш И.Каримов ибораси билан айтганда: “Яхшилаб тагини кўрсангиз” уларнинг тилида ватан, демократия, адолат ва ҳалқ ғами-ю, дилида – тахт ғами бўлар экан.

Бундайлар тахтга бир чиқиб олганидан кейин, ундан тушмаслик учун ҳалқ номидан турли хил қўлбало қонунлар ихтиро қилишаверар экан. Менинг кузатишларимнинг кўрсатишича бундайлар Қоддафийга ўхшаб фақат ўлим, Қ.Бакиевга ўхшаб давлат тўнтариши, араб давлатларидаги каби ҳалқ ғалаёнлари натижасидагина тахтдан кетар эканлар.

Афсуски, диктаторларнинг тахтдан кетиши кўпинча, кўплаб қурбонлар ва вайронагарчиликлар эвазига рўй берар экан. Сиёсатда диктатура кучайган сари, мухолифат ва сўз эркинлиги йўқолиб бориш қонуни амал қилар экан.

Мен коммунистлар диктатураси замонида партия апаратида маъсул вазифада ишладим. Каримов диктатурасининг дастлабки (“ЭРК” ва “Бирлик” шарофати билан тўла диктатура ўрнатилмаган) замонида Вилоят ҳокимияти апарати (аввалги Обком)да маъсул вазифада ишладим.

У ёки бу соха ёки муаммо бўйича партия ва ҳоким қарорларини таёрлашда, муваффақиятлар ва ҳамду-санолардан кейин, албатта бу борадаги камчиликлар, муаммолар ва уларнинг ечими бўйича чора тадбирлар ҳақида ҳам батафсил айтиларди. Уларнинг бажарилиши назоратга олиниб, матбуотда ёритиб бориларди.
Ҳозирчи, бунинг акси. Ўзбекистон телевидениясини мунтазам кўриб бораётган бўлсангиз Ўзбекистонда барча соҳалар бўйича Каримов ва Каримовалар шарофати билан фақат ва фақат катта-катта муваффақиятларга эришилаётганини эшитасиз.
Бундай сохта ахборат Ўзбекистонда мухолифатнинг йўқлигидан албатта. Агар мухолифат бўлганида бундай бўрттирилган муваффақиятлардан ташқари, Ўзбекистондаги ишсизлик натижасида миллионлаган ўзбекларнинг жахон бўйлаб кўча супуриб мардикорлик қилишаётгани, қишлоқ аҳлидаги ичимлик суви ва энергия тақчиллиги, коррупция билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ҳам таклифлар айтилган бўларди.

1990 йилларнинг бошларидаги: “Ҳалқимнинг дардини айтаолмасам манабу депутатлик мандатингни … тиқ!”, “Ўзбекистон сенинг онангнинг маҳрига тушганми”, дея оладиган мухолифатчилар ҳозир Ўзбекистонда бўлганида эди, Каримов ўзи мардикорга айлантирган ўзбеклардан жирканишини барала айтаолмаган бўларди.
Ўзбекистонда диктатура кучайган сари, мухолифатга зарурат ошаяпти. Америка, Европа иттифоқи каби демократик давлатлар Ўзбекистон ҳалқининг ахволига ачинаётганлари рост бўлса, Ўзбекистонда мухолифатга шароит яратилишига ёрдам қилишлари лозим.

Яқинда, Ўзбекистон телевидениясида 20 дан ортиқ сиёсат, ҳуқуқ, маънавият ва мафкура соҳаси олимлари билан давра суҳбати бўлди. Суҳбат иштирокчилари таниқли олимлар бўлиб, ками фан докторлари эди.

Ўзим ҳам олим эканим, олимлар давра суҳбатларидам кўп бор иштирок этганим учун, Ватанимнинг бугунги муаммолари ва уларнинг ечими ҳақида ҳам бирон гап бўлар деган умид билан кўрсатувни бошдан оёқ кўрдим.

Афсуски, бу давра суҳбати Каримовга ҳамду-сано айтиш бўйича мусобоқага айланди. Ноҳатки, хушомадгўйликнинг байроқдори олимлар ва ижодкорлар бўлса?! Авваллари олим ва ижод аҳли хушомадга қарши турганлар.

Айнан Совет олимлари ўзларининг каръера ва ҳаётини хаф остига қўйиб бўлсада маккажўхоричилик ва чўчкачиликнинг ривожига катта ҳисса қўшган Н.Хрушчевни академикликка ўтказишмади. Шундан кейин шухратпараст Совет раҳбарларидан биронтасининг ҳам юраги бетламаган юқори олимлик унвонига даъво қилишга.

Кейин нима бўлди? Принципсиз ва хушомадгўй айрим олимлар сабаб, фан номзоди И.Каримов, умуман илмга алоқаси бўлмаган С.Ниёзовлар Академия уставига зид равишда акадимик бўлиб кетишди. Бу олимликнинг обрўсини тушириб юборди.
Агар Каримовдан изн, янада очиғроқ айтадиган бўлсак, билвосита (норасмий) буйруқ бўлмаса унинг шахсига шу даражада сиғинишармиди? Йўқ албатта!

Шу ўринда таниқли ботаник олим, ҳозирги “Ботаника” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси собиқ раҳбари академик Ж.К.Саидовнинг: “Раҳбар қариган сари хушомадталаб бўлиб боради”, деган сўзи эсимга келди.

Эътибор берсангиз Сталин, Хрушчев, Брежнев, Каримовлар раҳбарликнинг илк даврларида бу даражада хушомадталаб эмас эдилар. Аксинча, айрим (Н.Хрушчев)лари шахсга сиғинишни қоралаганлар ҳам. Уларнинг барчаси қариганида ўз шахсига сиғинишларини хуш кўришган ва хушомадгўйларни ўз атрофига тўплаб, уларни рағбатлантириб туришган.

Демократияни сиёсатчи-демократларча тушинмасамда, хонаси келганида бу борада ҳам ўз фикрларимни айтсам. Заҳарнинг ҳам меъёридагиси шифо бўлса, асалнинг ҳам меъёридан ошиғи заҳарга айланиши каби, демократия ҳам ўз меъёрида (қонун доирасида) яхши экан шекилли.
Демократия байроғи остида Қирғизистонда ва Араб давлатларида бўлган ва бўлаётган қонунсизликларни ҳамма билади. Ўрта Осиёнинг “Демократия ороли” (уни Анархия ороли, деса тўғрироқ бўларди) деб номланадиган Қирғизистонда К.Бакиевни 2-чи муддатга кўпчилик овоз билан президент қилиб сайлашди. Орадан бирнеча ой ўтиб бир тўда қуролли “демократ”лар президент саройига бостириб кириб уни отиб ўлдиришларига сал қолди.

Бир йил олдин, қанчадан-қанча қурбонлар ва вайронагарчилик эвазига Миср ҳалқи Мурсини президент қилиб сайлади. Бугун айнан ўша одамлар Мурсининг истифосини талаб қилиб қон тўкишаяпти.

Демократия байроғи остида ҳукумати алмашган қайси мамлакатда аҳвол аввалгисидан яхши? Барчасида аҳвол аввалгисига қараганда бирнеча баробар ёмон! Бу фактни демократик Америка ва Европа ҳам тан олаяпти. Бунинг сабаби мухолиф сифатида ҳукумат тепасига келганларнинг ташкилотчилик ва раҳбарлик салохияти пастлигида эмасмикан?
Юқоридагилардан келиб чиқиб ва Каримовнинг ҳам “пишиб” қолганини ҳисобга олиб, ЎХҲ, ЭРК, “Бирлик”, “Бирдамлик” каби Ўзбекистон ҳукуматига даъвогор бўлган мухолиф партиялар ўзларининг Каримов ҳукуматига мухолиф бўлган ҳукуматини тузиб қўйсалар яхши бўларди.

Шундай қилинганида Ўзбекистон ҳалқи учун ҳам имконият туғиларди қайси (Муҳаммад Солих, А.Пўлатов, Б.Чориев ёки бошқа) ҳукуматини қўллаб қувватлашга.
Юқоридаги фикр ва мулоҳазалар оддий бир Ўзбекистонликнинг мулоҳазаси, деб тушинишларингизни истардим.

Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри