Сурхондарёдаги “сиёсий” қотиллик

Сурхондарёдаги “сиёсий” қотиллик
63 views
23 July 2013 - 13:25

Ўзбекистон ҳукуматининг илмсизлиги, жоҳиллиги туфайли Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида тинч кунларда Ватанимизнинг бир фуқароси бевақт ҳаётдан кўз юмди.

Ҳозирги кунларда Сурхондарё вилоятида давлат бюджети ҳисобидаги ташкилотларда ишловчи барча ҳодимларни пахта чопиғига (текин ишлаш) мажбурий тарзда жалб қилиш ишлари авж олдирилган. Пахта териш мажбуриятига эндиликда уни чопиқ қилиш мажбурияти ҳам қўшилди. Туманлар ҳокимлари ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу мажбуриятга кимки рад жавобини берадиган бўлса, “давлат сиёсатига қаршимисан?”, деб шу заҳотиёқ ишдан бўшатилиши ҳақида оғзаки кўрсатма берилган.

Коммунистлар давридан қолиб кетган (хозирда янада баттарроқ) аҳолини бундай эксплуатация қилиш айрим оддий фуқароларнинг соғлигидан ташқари ҳаётига ҳам зомин бўлмоқда. Масалан, вилоятнинг Жарқўрғон тумани Машраб кўчасида яшаган, 1960 йилда туғилган, 53 ёшли Турдиқул ака пахта даласидаги чидаб бўлмас шароитдан, ҳақсизликдан жон тасслим қилди. Илгари ҳайдовчи бўлиб ишлаган, кейинчалик касаллиги туфайли ногиронлик пенсиясига чиққан ушбу ҳамюртимиз 2013 йил 16 июн куни турмуш ўртоғининг ўрнига далага пахта чопиғи учун чиқади. Турмуш ўртоғи Қурбонгул опа Жарқўрғон туманидаги “Табассум” номли 6-сон болалар боғчасида ишлайди. Боғча ҳодимларини ҳам пахта чопиғига мажбурий жалб қилинганлиги туфайли Қурбонгул опа ҳам далага чиқиши керак эди. Аммо унга раҳми келган турмуш ўртоғи Эгамбердиев Т.Э. унинг ўрнига далага чиқиб кетади. Кун бўйи далада бўлган Турдиқул акани офтоб уриб, кечга яқин уйга ҳолсиз ҳолда қайтади. Ҳарорати кўтарилиб, соғлиги янада ёмонлашади. Тез тиббий ёрдам ҳодимлари етиб келгунича Турдиқул ака жон таслим қилади.

Зўравонлик сиёсатининг ғайриинсоний кўринишда давом эттираётган жарқўрғон туман ҳокимияти раҳбарияти, уларнинг вилоятдаги иш буюрувчилари ва Президент Девонидаги уларнинг ғоявий раҳбарлари жуда ҳам қонсираб қолаётгани анниқ кўриниб қолди. Бу каби ҳолатлар туманда ўндан ошиқ бўлса-да, аниқ маълумотлар олиш қийин бўлмоқда. Биз битта тумандаги июнь ойи ичидаги ҳолатни мисол келтирдик, холос. Ваҳолангки, бутун республикамизда бунга ўхшаш ачинарли ҳолатлар қанча содир бўлаётган бўлиши мумкин?

Ўзбек ҳукумати пахта даласида жон бераётган ҳар бир юртдошимизнинг қотилига айланиб бормоқда. Зеро, меҳнатдан манфатдорлик қишлоқ одамларини яна жонажон далаларига қайтаради. Буни тушунмаганлар ўзлари билган ва билмаган ҳолда ўз ватандошларининг ўлимига сабабчи бўлиб қолишмоқда.

Азамат Худoйқулов