Журнамагнат талвасаси

Журнамагнат талвасаси
144 views
29 July 2013 - 8:50

Таниқли журналист ва медиамагнат Шуҳрат Шокиржонов томонидан 28 июль куни Stadion.Uz сайтида эълон қилинган “Миржалол Қосимов “Бунёдкор”дан кетиши керак!” сарлавҳали мақола МТЖ бош мураббийини ўз лавозимидан кетказиш кампаниясини уддалай олмаган одамнинг талвасасидан бошқа нарса эмас.indir

Тўғри, мақоланинг асосий ғояси – Қосимов клубдаги ишларини йиғиштириб, бор эътиборини миллий терма жамоага қаратиши зарурлиги – тўғри кўтарилган. Лекин ушбу фикр Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмоновнинг “Футбол шарҳи” кўрсатуви орқали: “Қосимов терма бош мураббийлигидан четлатилмайди!” – деган кескин баёнотидан кейин алоҳида мақола сифатида ёзилганлиги кулгимни қистади. Нега дейсизми?

Ахир, то 22 июльгача, яъни Мираброр Усмоновнинг машҳур телеинтервьюси эфирга узатилган кунгача, Шуҳрат Шокиржонов кўпчилик мухлислар билан ҳамнафас ҳолда бошқа ғояни – “Миржалол Қосимов терма жамоадан кетиши керак!” деган иддаони илгари сураётганди-ку! Бу қандай ўзгариш-ки, одам бир ҳафта – 10 кун ичида ғоявий жиҳатдан тубдан ўзгарса қолса?!

Олдинига: “Қосимов термадан кетсин!” – дея бонг ураётган Шокиржонов эндиликда, яъни Қосимовнинг терма бошқарувида қолиши аниқ маълум бўлгач: “Қосимов ҳеч бўлмаса “Бунёдкор”дан кетсин!” – дея ёлвораяпти. Шокиржонов ҳудди шу ғояни 22 июльгача алоҳида, катта мавзу қилиб кўтариб чиқса эди, мен унинг бу ташаббус ва ғоясини талвасага қиёсламасдим.

“Миржалол Қосимов “Бунёдкор”дан кетиши керак!” сарлавҳали мақоланинг Post Scriptum қисмида Шуҳрат Шокиржонов: “МТЖ бош мураббийи хусусида жуда кўп ҳамкасбларим билан суҳбатлашганимда (уларнинг орасида З.Қосимов, Б.Абдулла каби бош мураббийнинг тарафдорлари ҳам бор) Миржалол Қосимовга охиригача имконият берилиши лозимлиги, лекин у “Бунёдкор”ни ташлаши кераклиги ҳақида айтиб ўтишган. Бироқ, шу кунгача ҳаттоки шу мавзу (танқид эмас, тавсия) да чиқиш қилишга ботина олишмагани мени ажаблантириб келаётган эди”, – деган.

Ҳа, тўғри: мен ҳақиқатдан ҳам Миржалол Қосимовга охиригача имконият бериш тарафдориман. Ҳа, тўғри: мен ҳам Қосимов бор эътиборини фақат миллий терма жамоага қаратиши лозимлигини айтиб ва ёзиб келганман. Қаерда дейсизми? Stadion.Uz таҳририяти, журналистлар ва мухлислар билан бўлган ўзаро савол-жавобларда, шу жумладан, Stadion.Uz сайтидаги собиқ конференциямда шу фикрларни таъкидлаб келганман. Лекин жаноб Шокиржонов бу чиқишларимдан қониқмабди, шекилли, мавзуни алоҳида тавсия-мақола тарзида ёзмаганимни қоралабди ва менинг “қўрқоқлигим”дан ажанбланибди.

Қаранг-а: Қосимовни “Бунёдкор”дан кетиши лозимлигини алоҳида мақола қилиб ёзган Шокиржонов аслида жасур инсон экан-у, мен билмай юрган эканман! Жаноб журнамагнат “катта” ва “қаҳрамонона” ишга – тавсияга – қўл ўрибди-ю, мен кеч қолибман! Узр, узр, минг бора узр!..

Ҳозирги вазиятда Шуҳрат Шокиржоновнинг ўрнида бўлганимда бундай тутуриқсиз “айблов”ларни кўтариб чиққандан кўра, Мираброр Усмоновнинг: “Журналистлар билан очиқ мулоқот қилишга, уларнинг танқидларини тинглашга тайёрман” – деган баёнотидан фойдаланиб, ЎФФ раҳбари ва МТЖ бош мураббийи билан махсус давра суҳбати ташкил қилишни талаб қилган бўлардим. Лекин медимагант жаноблари буни талаб қилиш ўрнига “Қосимов тарафдорлари”ни аввалдан айтилиб келинаётган мавзуни алоҳида мақола қилиб ёзмагани ҳақида “ажабланиш” билан банд.

Энди Шокиржоновнинг жасурлиги ҳақида. Жаноб медиамагнат терма жамоа ўйинларидан олдинги ва кейинги аксарият матбуот анжуманларида иштирок қилиб келади. Журналистларнинг матбуот анжуманлари бошланишидан олдин бўладиган ўзаро суҳбатларида бу жаноб жуда тўғри, кескин ва танқидий фикрларни билдиради. Лекин матбуот анжумани бошланиши билан Шокиржоновнинг оғиз бўшлиғи негадир бирдан ёпилади ва боягина янграб турган ўринли фикрлари тиш-лабларнинг тўсиғидан ўтолмай ичида қолиб кетади.

Лекин матбуот анжуманлари тугагандан кейин компьютер олдига ўтириб олиб, ўз фикрларини TOTTI каби никлар остида шунақанги ёзадики, клавиатураси йиғлаворса керак. Журнамагнат жаноблари бошқа ҳолларда ҳам шу йўлдан юради. Масалан, яқинда Twitter тармоғидаги ёзишмаларида: “Бобомурод Абдулла – ЎФФнинг одами” деган мавзуда роса фаоллик кўрсатиб, “Нега Мираброр Усмонов ўз телеинтервьюсида Эрматовнинг асосий танқидчиси Бобомурод Абдулланинг исмини тилга олмади?!” – дея хўрсинибди.

Шокиржонов шу мавзуни ҳам алоҳида мақола ёки тавсия тарзида ёзса бўлмайдими? Ёки у ҳам “Қосимов “Бунёдкор”дан кетиши керак!” – деган фикрни алоҳида мақола тарзида ёзишга “ботина олмаган” Бобомурод Абдулла каби ботина олмаяптими?!

Қосимов масаласида Шокиржонов билан ҳамфикр бўлган бошқа баъзи журналистлар ҳам матбуот анжуманларидан олдин, анжуманлар пайти ва улардан кейин ўзларини ҳудди жаноб журнагманатдек тутишади: анжуман бошланди дегунча айтаётган фикрларию бермоқчи бўлган саволларини ичларига ютиб, индамай чиқиб кетишади. Қаҳрамон Асланов деган жаноб эса ўз фикр-саволларини эркин ва очиқ баён этган журналистларни “Улар матбуот анжуманига ўзини жасур қилиб кўрсатиш учун боришади ва дангал савол беришади” – дейди. Ўзи дангал савол беришни эплай олмайди, эплай олганга эса лой чаплайди, бузуқниятликда айблайди.

“Зато” анжумандан кейин бундай зотлар сайтлар ва ижтимойи тармоқларга кириб, эркин фикр билдиришни қойиллаштишади. Уларнинг бу ҳаракатлари – виртуал ғийбатдан бошқа нарса эмас. Тўғри-да: бош мураббий ёки футбол федерацияси президенти билан бўлган реал учрашув пайти очиқ айта олмаган фикрларини кейинчалик турли сайтларда эмин-эркин “ошкора” этишлари фақат қўрқоқликнинг эмас, ғийбатнинг ҳам белгисидир.

Улар ҳақиқатдан ҳам ўзбек футболининг камчиликларини фош қилиб, бу борада амалий ёрдам беришмоқчи бўлишса, нега сон-саноқсиз матбуот анжуманларию учрашувларда ўзларини соқовлардай тутиб, биронта савол бермай, биронта фикр билдирмай чиқиб кетишади? “Шокиржонов ва Ко”нинг мана шу қирралари мени “ажаблантиради”.

Бобомурод АБДУЛЛА

“Фейсбок”дан олинди