МХХда шоу-бизнес вакилларини “соғиш” йўлга қўйилган

МХХда шоу-бизнес вакилларини “соғиш” йўлга қўйилган
23 views
29 July 2013 - 12:18

zurzurstar-1-concert-20Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) да юз бераётган “тижорийлашиш” жараёнлари ўз чўққисига етмоқда: аввал катта амалдорлар ва йирик тадбиркорларни молиявий жиҳатдан талашни бошлаган ўзбек “чекист”лари эндиликда шоу-бизнес вакилларини “соғиш”га киришишди.

Бу ишларнинг бошида МХХнинг шоу-бизнес ва оммавий тадбирларни назорат қилиш бошқармаси бўлиб, бошқа ҳолатларда бўлгани каби, шоу-бизнес вакилларини ҳам у ёки бу жиноятини фош қилиш ҳамда қилмиши учун қонуний жазолаш таҳдидлари билан шантаж қилиб, улардан пул ундиради. Ушбу бошқарма йигитларига пул тўлаб, ўз жиноятларини фош бўлишдан, ўзларини эса қонуний жазодан қутқариб қолган санъаткорлар кам эмас.

Жумладан, шу йилнинг июнь ойида “Ҳандалак” гуруҳидан Ортиқ Султонов ва Зокир Очилдиев ҳам МХХчиларнинг қўлига тушиб, бир ҳафта “ертўлада” ётиб, охир-оқибат юқорида номи келтирилган бошқарма раҳбариятига катта пора бериш эвазига озодликка чиқишди. Икки қизиқчининг МХХга олиб келинишига бир хотин-қизнинг шикояти сабаб бўлган.

Бундан сал олдинроқ ҳудди шу бошқарма йигитларини машҳур қўшиқчи Ғуломжон Ёқубов ҳам  “рози” қилган ва қиз боланинг номусига тажовуз қилиш бўйича очилиши лозим бўлган жиноий ишни ёптиртирган. Шуни айтиш керакки, Ғуломжон Ёқубов МХХнинг доимий “мижози” ҳисобланади, чунки ашулачи йилда камида бир-икки марта юқоридаги айблов бўйича шу бошқармага чақиртирилади. Ва ҳар сафар ўзбек “чекист”ларини ҳам, ариза берувчиларни (“жабрланувчи”ларни) ҳам рози қилиб, жазодан қутулиб қолади.

Шуниси қизиқки, Ғуломжон Ёқубов устидан ҳар сафар шикоят аризаси тушганда унинг ишини ёпиш учун ўртага фақат катта пуллар эмас, балки айрим “катталар”, жумладан, Салим Абдувалиевлар ҳам тушишади.

Бундай вазиятларда нисбатан камроқ танилган қўшиқчилар фақатгина катта миқдордаги пуллари эвазига қутилишади. Чунончи, 2010 йилда Ҳосила Раҳимова ўзи жабрланувчи сифатида ёзган аризаси учун МХХ олдида жавоб беришга ва ўз ҳамёнидан 300 минг долларни ўзбек “чекист”ларига “садақа” қилишга мажбур бўлган.

Гап шундаки, бундан 3 йил илгари Ҳосила Раҳимова Тошкентдан 2-3 қаватли ҳовли сотиб олиш учун ўзининг “менежери”га 300 минг доллар беради. Бироқ қўшиқчининг “энг яқин таниши” пулни олиб, ғойиб бўлади. Шундан сўнг Ҳ. Раҳимова унинг устидан аввал прокуратурага, кейин эса МХХга шикоят қилади.

МХХ товламачи “менежер”ни ҳам, у олиб қочган 300 минг долларни ҳам дарров қўлга олади. Лекин кейинчалик тергов ишлари “менежер” қолиб, Ҳосила Раҳимованинг, яъни жабрланувчининг устида давом эттирилади. МХХ терговчилари қўшиқчига: “Шунча хорижий валютани қандай қилиб топдингиз? Нега солиқ тўламадингиз?” ва ҳоказо саволларни беравериб, руҳан чўктиришади. Ишнинг бу томонга ўзгариб кетишидан карахт аҳволга тушган Ҳ. Раҳимова охир-оқибат шу 300 минг долларни МХХ терговчиларига инъом этиб юборди.

Хулласи калом, амалда Шуҳрат Ғуломов бошқарувида қолаётган Ўзбекистон МХХда “тижорийлашиш” жараёнлари ўз чўққисига етиб, жиноий йўллар билан бойишнинг янги-янги манбалари “кашф” қилинмоқда.

ЎХҲ: Хабар Маркази