Янги авлод овози

Янги авлод овози
28 views
30 July 2013 - 10:01

Суҳбат

Улуғбек ҲАМДАМ cаволлари:

     1.     Сир эмас, кейинги қарийб йигирма-йигирма беш йил мобайнида давр тубдан ўзгарди. Бу дегани  шуки, янги даврга хос бўлган кайфият ҳам пайдо бўлди. Демак, истаймизми-йўқми, янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган бўлиши керак. Агар шундай бўлса, қани улар? Нега “манаман” дея кўзга ташланмаяпти?  Бу гапни яна шунинг учун айтаяпманки, давраларда кўпинча 70-йиллар авлодидан кейин бизда бошқа адабий авлод шаклланмади, деган иддаоларни тез-тез эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам шундайми?  Акси бўлса, бунинг исботи борми? Чунки ҳар бир янги авлоднинг ўз ижодий кредоси бўлади, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишида ўзига хослик бўлади, хўш, шу хусусиятлар нималарда кўзга ташланади? ХХ аср ўзбек адабиёти тарихига назар ташласак, адабий авлодлар бир-бирларидан жуда кўп жиҳатларга кўра яққол ажралиб турганининг гувоҳи бўламиз. Чунончи, маърифат, ислоҳот ва озодлик ғоялари билан суғорилган ижтимоий кайфият жадидлар авлодининг; инқилоб ва шўронинг илк йилларидаги ғалабали (бунинг замиридаги қурбонлару йўқотишлардан қатъи назар) юришлари билан боғлиқ ижтимоий кайфият 20-йиллар авлодининг; социализм ғоясига ишончнинг тирилтирилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 60-йиллар авлодининг; ғояга ишончнинг барбод бўлиши ва туб ижтимоий ўзгаришлар (жумладан, истиқлол) заруратининг ҳис этилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 70-йиллар авлодининг ғоявий-эстетик мавқеини белгилаган. Хўш, бугун-чи? Бугунги адабий авлоднинг (магар у бор бўлса) ғоявий-бадиий-эстетик қарашлари нималардан иборат?

      2. Назаримда, бугунги кунда адабиётимизнинг энг катта хусусияти унинг ранг-баранглигидир. Ҳа, замонавий ўзбек адабиёти мавзу жиҳатидан ҳам, жанрий ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам, услуб томонидан ҳам ғоят хилма- хил кўринишга эга бўлиб бораётир. Фикримча, шу хилма-хиллик ва унга доимо эга бўлиш имкони бизнинг асл, бебаҳо бойлигимиз бўлса, ажаб эмас. Демак, аввало, шу бойликнинг қадрига етмоқ, уни асраб-авайламоқ керак бўлади. Чунки ижод учун эркинлик дегани кўчат учун мўътадил тупроқ, сув ва ҳаводек гап. Модомики, шундай экан, ижод эркинлиги учун бизнинг ҳаммамиз, бутун жамият, унинг зиёли қатлами ва, айниқса, ижод аҳли масъулдир, тўғрими?

Бошқа томондан, ранг-баранглик деганимиз авлод деган тушунчани инкор этмайдими? Ахир, авлод бўлиш учун муҳитнинг бир хиллигию шунга яраша дунёқарашдаги якранглик ҳам керак бўлади-да. Ҳозир истеъмолда ҳамма “изм”лар мавжуд. Ким анъанада, ким мумтозда, ким модерн ва яна ким “супермодерн”, яъни, ҳамма йўналишларнинг кесишувида ижод қилаяпти. (Буни оптимистлар “синтез”, пессимистлар бўлса “бўтқа” дейди.) Шундай бир вазиятда, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишдаги яқинликка таянадиган адабий авлод ҳақида гапириш қанчалик ўринли экан?

    3. Адабиёт биз кўниккан тушунчадангина иборат эмас, албатта, унинг миссияси хийла теран, шунчаларки, инсоннинг аслий ва, энг асосий, ичкин эҳтиёжларига ажабтовур тарзда жавоб бера оладигандек туюлади менга. Чунончи, қадимдан: “Биз қайдан келдигу  кетурмиз қаён?” (Умар Хайём) деган савол фикрловчи инсон учун саволларнинг саволи бўлиб келган. Бунга муқаддас китобларда жавоб айтилган. Одатда, ўлмас битикларнинг жавоби ғоят умумий тарзда бўлади. Фикр одами эса шу умумийликни ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти мисолида конкретлаштиргиси, унга индувидуал либос кийдиргиси, яқиндан тушунгиси, ҳис қилгиси келади. Шу ерда адабиёт ўзининг образлар олами ва рамзий табиати билан унга ёрдамга бел боғлайди, назаримда. Румий ҳазратлари “Ичиндаги ичиндадир” асарида у дунёни, руҳлар оламини бу дунё орқалигина, бу дунёдан  олинган мисоллар воситасидагина тушунтириш мумкин, дейди. Бу борада Карл Густав Юнгда ҳам ажойиб фикр бор экан. Унинг “Хотиралар, тушлар, мушоҳадалар” номли асарида ўлимдан кейинги ҳаётга ишора бор, булар туш, онг ости ҳаётимиз, деган фикр илгари сурилади. Аслида, адабиёт ўз табиатига кўра, худди шундай жиҳатларни ҳам қамраб олади ва қамраб олмоғи керак эмасми? Фақат уч ўлчовли оламга, бу дунёнинг ақидаларигагина суяниб, унинг талабларигагина мўлжаллаб битилган адабиёт инсон кўнглининг яримигагина малҳам қўйиши мумкин, ҳа, шаксиз, у мавжуд ҳақиқатнинг бир палласигина бўла олади. Ҳақиқий адабиётда ҳар икки оламга ишора бўлмоғи ва, энг муҳими,  бундай адабиёт ҳар икки оламдан маънавий туртки олиб яратилмоғи керак, деб ўйлайман.  Чунки бу адабиёт бизнинг ўзимиз, кўнгил ҳолимиз, онг устию онг остидаги борлиқ “мен”имиз экан, унинг “беш кунлик дунё”нинг малайи бўлиб, ундаги бирон-бир ўткинчи мафкурага хизмат қилибгина “кун кўриши” ҳар қандай жиддий адабиётнинг кечирилмас нуқсонидек туюлади менга. Бу борада, мисол излаб узоққа боришнинг ҳожати йўқ, масалан, совет адабиётининг аччиқ қисматини олиб кўринг… Шу хусусда ҳам фикрлашиб олсак.

      4. Дунё дунё бўлибдики, эзгулик ва ёвузлик курашиб келади. Кеча адабиёт эзгулик, яхшилик, ёруғликнинг ёнида туриб “жанг” қилаётган эди. Бугунчи?..  Бугун адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялмаяптими”, “ор-номус” қилмаяптими? Кўпчиликнинг назарида кулгили аҳволга тушиб қолган эзгуликнинг ёнида, эзгулик учун “жон олиб, жон бериш” адабиётга ғалати, соғлом мантиқдан узоқ тутим, “романтика” бўлиб кўринмаяптими? Хуллас, адабиёт бугун кимнинг, ниманинг ёнида ва нима учун?..

5. Истаймизми-йўқми, бугун постмодернизм ҳақида тўхталмай ўтолмаймиз. У нима, бугун дунё олаётган ҳаво-нафасми? Унинг хусусиятлари ХХ аср ўзбек адабиёти мисолида қандай ва нималарда кўринади? У бизни қаерга бошлаб кетаяпти? Аслида, модомики, постмодернистик кайфият кўнглимизга ташриф буюрган экан, яхшиси, унинг қўлидан бизнинг етаклаганимиз беҳроқ эмасми? Ахир, унинг “манифести”да мутлақ эркинлик деган, бир қарашда хуш, моҳиятан эса инсониятни нималарга гирифтор қилиши номаълум бўлган (аслида, тахмин қилиш қийин эмас) бош “модда” бор. Бу “модда” маддалаб кетмайдими?.. Чунки Ҳаёт (Реализм) деб аталган “Шоҳкўча”га нисбатан у (ва ҳар қандай бошқа “изм” ҳам) бор-йўғи бир “ёндош кўча” бўлса-ю (ва у ўша “Шоҳкўча” туфайлигина қадриятга эга эса), бу кўчага ихтиёрини, сўнг ўзини бутунлай топшириб, ичкарига оёқ босган инсон алал-оқибатда адашиб кетмайдими?.. (Бу борада, фикр билдираётганда, у ёки бу “изм”га бўлган муҳаббатимиз ва ёки нафратимиз қобиғидан чиқиб олсак, ҳақиқатга яқинроқ келармиканмиз, дейман.)

      6. Адабиётнинг табиатида ўйинлик хусусиятининг тобора тош босаётганлигини кўриб-сезиб турибмиз. Бу, албатта, янги гап эмас. Қадимдан адабиётда “фойда” (меҳнат) (utile) ва “ўйин” (ducle) деган икки қанот мавжуд бўлиб келган (негадир учинчи хусусият – сиғиниш, илтижо ҳисси ҳақида айтилмаган. Чунки бадиий асарнинг яратилиш асносида, меҳнат ва ўйин завқидан ташқари илтижо, сиғиниш ҳиссиёти ҳам иштирок этади.) Фақат кейинги вақтларда ўйиннинг ҳиссаси кучайиб кетди. Бу дегани шуки, нимани айтишдан кўра, қандай айтиш, дард айтишдан кўра, “ниманидир” бўлсаям гўзал шакллар ёрдамида ўқувчига етказиш биринчи ўринга чиқиб бораётир. Аслини олсангиз, модерн, постмодерн суянадиган асосий устунлардан бири ҳам шу: ҳамма нарсани ўйинга, санъатга айлантириш. Нима деб ўйлайсизлар,  “ўйин”га берилиб, инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаймизми? Бу кетишда адабиёт чиндан ҳам бошқотирма – крассворднинг бошқачароқ хилига айланиб қолмайдими?..

    7.  Юқорида айтилган шунча мулоҳазалардан келиб чиқиб, битта гапни алоҳида урғу билан айтиш лозимга ўхшайди: бугун жиддий, оқни-оқ, қорани- қора деб айтишга билим, тафаккур кучи ва жасорати етадиган адабий танқид ҳар қачонгидан-да зарурроқ экан. Унинг тушунтирувчи, қарашларимизни тиниқлаштирувчи, адабий-маънавий ўзагимизга озуқа бергувчи, унга янги руҳ ҳадя этгувчи кучига жамиятда катта эҳтиёж пайдо бўлганига ортиқ шубҳа йўқ. Шу маънода, кунимизда бадиий асар қайси мезонлардан туриб баҳоланаяпти: унинг сифати, янгилиги, илмийлигидан ташқари танқидчининг ХОЛИСЛИК даражаси қай аҳволда? деган ҳақли саволлар туғилади.  Чунки, кўпинча, бадиий асарлар баҳоланган танқидий мақола, илмий тадқиқот ва ёки тақризни ўқиб, ўзингга ўзинг савол бериб қоласан киши: қайси бири паст, қайси бири ўртаю қайсиси баланд асар ва нима учун?..  Аксарият ҳолларда, ҳаммаси бирдек дурдона ўлароқ тақдим этилади. (Ва ёки кўркўрона “уриб” ташланади.) Назаримда, бу ўринда, танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати (ёки нафрати) изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти. Яъни, у ўзининг у ёки бу асарга ёки унинг муаллифига бўлган симпатия (ёки антипатия)сини олимнинг қараши деб ўйлаяпти. Шулардан битта ҳақли савол туғилади: бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда?

      8. Қанчалик гапни силлиқламайлик ва ёки индамайгина айланиб ўтишга ҳаракат қилмайлик, барибир, бугун ҳам ўша кўҳна муаммо ижодкор олдида кўндаланг бўлиб турибди: эски билан янги ўртасидаги кураш!.. Бу кураш кўчада эмас, аввало, ижод аҳлининг ботинида кечаяпти. Хўш, бугун қандай ёзиш керак? Кечагидек ёзишни, ўзидан битта кўйлак кўп кийган авлоднинг бадиий тилию ёзиш манерасининг ўзига хослигини тан олган, уни “яхши” деб билгани ҳолда, ҳозирги ўзбек адабиётини бугун яратаётган ижодкор нега, барибир, янгича ёзиш керак деб ўйлаяпти, шундай ёзишга уринаяпти ҳам? Ахир, тап-тайёр, асфальтланган, текис, ҳатто айтиш жоиз, чорраҳаларига светафорлар ўрнатилган йўллардан юриш оппа-осон эди-ку! Нима учун бугунги ижодкор янги йўллар очиш тараддудида яшамоқда? Бу икки йўлдан қай бирини танламоқ керак? Саволдан савол туғилар экан: хўш, нима дегани ўзи иккитасидан бирини танлаш? Эскига суянган кўйи, унинг негизида янгисини яратиш мумкин эмасми? Эски билан янги ўртасида кўприк қуриш узоқни кўзлаб иш тутиш бўлмайдими ва ёки, барибир, давр руҳи, замон нафаси айтиб тургандек ёзиш лозимми? Қайси бири тўғри йўл? “Янги-яхши” ёзаман деб “эски-яхши”дан маҳрум бўлиб қолмаяпмизми? Унда орадаги фарқ нима? Чунки ҳар қандай янгиликнинг пойдеворида эскиликнинг тоши мустаҳкам туради.  Биргина шу фактнинг ўзиёқ давомийлик, ворисийлик ҳақида бонг урмаяптими? Замоннинг бу шиддатида бугун бўлмаса, эртага бонгни эшитадиган қулоқларимизга “кўз” тегиб, том битиб қолмаслигига ким кафолат беради?..

      9. Ижодкорнинг ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини қандай изоҳлаган бўлардингиз? Ёки улар бир нарсами? Агар бир нарса бўлмаса, ижодкорнинг ижодкорлик бурчига садоқати унинг фуқаролик бурчини адо этишига монелик қилмайдими? Ва ёки фуқаролик бурчимни тўла-тўкис бажо келтираман, деган ижодкор кўнглига хиёнат қилиб қўймайдими? Масалан, жадид адабиёти вакилларини эсга олайлик. Улар давр тақозосига кўра, яшаб ижод этдилар. Кўнгилларида бўлса ҳам анъанавий “гул ва булбул” ҳақида куйлай олмадилар. Худди шундай тақдирни 70-йиллар авлодида кўриш мумкин. Шоирларимиздан Шавкат Раҳмон “рубобий шеър”лар ёзишни орзуладию “жангчи”ю “зобит” бўлиб қолганини алам билан шеърга солди… Битта ишни амалга ошира туриб, ҳар икки – ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини адо этиш мумкинми ўзи? Агар мумкин эса, нега, унда, кўпинча кўнгилнинг истаги бошқа бўладию қаламнинг юриши бошқа чиқади?  Агар саволни шундай қўйиш мумкин бўлса, ижодкор учун қайси бурч муҳимроқдир?

 10. Бугун, назаримда, “жиддий адабиёт” деган алоҳида бир терминни бот- бот ишлатишга тўғри келади. Чунки “омма” ва ёки “кўча адабиёти” деган нашрдан уни ҳимоя қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. “Жиддий” ва “омма адабиёти” ўртасидаги чегарани аниқлаштириб олмаганимиз туфайли ҳам эрта бир кун кейингиси аввалгисининг ҳуқуқларига даъвогарлик қилиб қолиши ҳеч гапмас. Натижада, “адабиёт” деганда, ўқувчи кўз олдига енгил-елпи, ур- сур, фаҳш ва олди-қочдидан иборат негатив матнлар йиғиндисининг келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шулардан келиб чиқиб, бугунги ўқувчи “жиддий адабиёт нимаю омма адабиёти нима?” деган саволнинг жавобини юзакироқ бўлса ҳам билиши керак, деб ўйлайман. Чунки мен назарда тутаётган “жиддий адабиёт” инсонни инсон, миллатни миллат сифатида тикланишига маънавий далда бўлса, “омма адабиёти” кўринишидан беозор бир эрмакдек туюлса-да, алал-оқибатда инсон ва миллатни буҳронга етакловчи кучга ўхшайди. Шунинг учун ҳам мўри-малахдек урчиб кетаётган “омма адабиёти” қаршисида маънавий таназзул олдини олишга қаратилган “жиддий адабиёт”нинг бўлиши, бўлгандаям, бақувват устундек туриши жудаям зарур! Бунинг учун эса жамият миқёсида шундай адабиёт ҳақида қайғурмоғимиз шарт бўлади. Сиз-чи, сиз қандай ўйлайсиз?..

 

ЖАВОБЛАР

Дилмурод Қуронов:

 

1. Сирасини айтсам, мен кўпроқ “70-йиллар авлодидан кейин бизда адабий авлод шаклланмади” дегувчилар фикрига қўшиламан. Бироқ бу фикрни ёзғириқ оҳангида ёки адабиётимизга 70-йиллар авлодидан кейин кириб келганларни камситиш маъносида айтиш тўғри эмас, деб биламан. Назаримда, саволда ХХ аср ўзбек адабиётидаги адабий авлодлар жуда тўғри санаб ўтилган, ҳар бирининг ғоявий-эстетик мавқеи, ижодий кредосини белгилаган асосий омил – давр доминант ижтимоий кайфияти моҳияти ҳам лўнда ифодаланган. Ҳақиқатан ҳам саналган авлодлар ғоявий ва адабий-эстетик қарашлари жиҳатидан бир-биридан аниқ-тиниқ фарқланади. Савол туғилади: мумтоз адабиётимизда ҳозир биз назарда тутаётган маънодаги “адабий авлод”лар борми? Ўйлайманки, агарда йўқ десам, биров эътироз қилмаса керак. Демак, адабий авлод дегани муайян давр, шу давр юзага келтирган маълум шарт-шароитлар маҳсули экан-да! Фикримча, шундай: у шахс ижтимоийлашган, ўзининг моҳиятию тақдирини жамият билан бирликдагина идрок қилиб, ижтимоийликни шахсийликдан устун қўйган давр маҳсули. Ҳозирги инсон эса, буни хоҳ Ғарб таъсири денг ва хоҳ бошқа, тамомила бошқа олам: у турмушини яхшилаш, ўзи ва яқинларида мавжуд имконларни намоён этишу фаровон яшаш учун зарур шароитлар яратиш… каби оддий, кундалик ташвишлар билан андармон. Илож қанча, яқин-яқинларгача адабиётимиз “мешчанча” дея қоралаб келган турмуш ва тафаккур тарзи энди одатий нормага айланиб улгурганини тан олишга тўғри келади. Айтмоқчиманки, “янги даврга хос бўлган кайфият”, менимча, шунинг ўзидир. Тўғри, ич-ичимизда бу билан келишолмай турганимиз бор гап: ижтимоий фикрга кенг миқёсда таъсир қила оладиган адабиётни, нафақат бадиий, балки ижтимоий тафаккурнинг ҳам илғорида борадиган ижодкорларни – шу куннинг гапини айтадиган “адабий авлодни” ҳануз соғинаётганимиз шундан. Ҳолбуки, “янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган”, фақат ундан энди салафларидаги белгиларни излаш бефойда. Негаки, энди ижод аҳлининг барини бирдек ўртовчи умуммиллий дард йўқ, яъни бугун санъаткорнинг ижтимоий дардни шахсийлаштира олиши кифоя эмас, аксинча, шахсий дардни ижтимоий аҳамиятга молик даражада бадиий талқин қила олиш салоҳияти зарур. Энди бир ўйланг, бугунги санъаткор – умумнинг дардини эмас, аввало, ўзини ифодалаётган одам ҳамманинг дилига бирдек йўл топиши, ҳамманинг дилидагини айта олиши мумкинми? Фикримча, йўқ, унинг айтганлари фақат бир қисмнинг кўнглидагина акс-садо беради, чунки оммадаги бадиий дид турфа, маънавий-руҳий эҳтиёжлар ҳам хилма-хил. Иккинчи томони, ижодкор бугун, аввало, ўзини ифодалаётган экан, демак, асарларда воқеланаётган шахсиятнинг даражаси, маънавий-руҳий имконлари-да турфа: бирида оламий муаммоларнинг ташвишли талқини, бошқасида кўнгилнинг олис пучмоқларида ботин – шаҳвоний ва ё ваҳшиёна майллар муҳри… Ижодкорларнинг кимиси атрофидаги нарса-ҳодиса ва ё воқеадан ҳикмат излайди, бошқаси тамом янги воқелик яратиш пайида, тағин бириси учун айтаридан кўра айтиш жараёнининг ўзи муҳимроқ – сўзларни, рамзу тимсолларни ўйнатиш билан овора.

2. Аввало, агар хилма-хиллик бебаҳо бойлик дея эътироф этиларкан, бугун ўзининг ғоявий-эстетик мавқеига эга адабий авлод шаклланмаяпти, дея койишимиз ўринсиз. Ижод эркинлиги масаласига келсак, у бугуннинг  кун тартибидан олинган десак бўлаверади. Бироқ, назаримда, бошқа бир масала – эркинликнинг ҳадлари борми ё чек-чегарасизми деган масала долзарблаша бошлади. Сираси, ижод эркинлиги ҳам демократияга ўхшаш нарса: демократия ҳуқуқ ва бурч бирлигини назарда тутади, агар бурчлар инкор қилинса, анархия юзага келади. Шунга ўхшаш, ижодкор ҳам эркин, лекин у бурчини – миллий маданият вакили эканини, қадриятлар, урф-одат ва анъаналарга ҳурмат билан қарашга бурчли эканини ич-ичидан ҳис қилмоғи керак.

Ҳа, бугунги ранг-баранглик ижодда ижтимоийлик устувор бўлган ХХ аср адабиёти билан боғлиқ шаклланган “адабий авлод” тушунчасини инкор қилади. Энди адабиётимизнинг қиёфаси мозаикасимон эканига кўнишимиз, кўникишимиз лозим. Зеро, бу табиий ва қонуний бир ҳолдир. Шунақа экан, аввало, бугунги адабий жараёндаги ҳодисаларга муносабатни шунга мослаш, уни дунёни бадиий идрок қилиш бобидаги ҳар қандай ғоявий, бадиий-услубий изланиш – яшашга ҳақли деган тамойилга қуриш керак бўлади. Яъни турли “изм”лар ҳақида баланддан туриб, бурун жийириб гапириш тўғри эмас. Аксинча, адабиёт ривожи эндиликда ўша “изм”лар орасидаги соғлом рақобат муҳитини тақозо этади. Майли-да, ахир, бир-бирига яқин ижодкорлар ўз клублари, адабий мактабларини ташкил қилсинлар, ижодий-эстетик дастурларини ишлаб чиқсинлар, ўзларининг матбуот ва интернет нашрларини таъсис этсинлар… Равшанки, мавжуд шароит ижодий уюшмаларда ҳам шунга мос таркибий ўзгаришлар қилиш, уларнинг фаолиятини уюшмалар уюшмаси тарзида йўлга қўйишни заруратга айлантиради.

3. Саволнинг ўзида ички зиддият кўряпман: агарки адабиёт “мен”имиз экан, у “беш кунлик дунё”дан айро тушолмайди, негаки, “мен”имиз дунё билан муносабатдагина мавжуд. Бас, адабиёт ўша “мен”ни дунё билан узвий алоқада, яъни дунёдаги “мен”ни ёки “мен” орқали дунёни ўрганади. Шунақа экан, уларни бир-бирига бу қадар кескин қарши қўймаган маъқул кўринади. Ахир, бизга шу беш кунлик дунёнигина қисман билиш имкони берилган, буни Румийдан келтирилган фикр ҳам тасдиқлаб турибди. Тўғри, адабиётнинг воқеликка бадиий иллюстрация бўлиши ҳам, мафкура хизматчиси бўлиши ҳам нораво, лекин улардан буткул холи ҳам бўлолмайди. Зеро, ижодкор воқеликни бадиий идрок этаркан, у ҳақдаги муайян фикр-қарашларини ифода этади. Бас, жамиятда яшаб турган шахс сифатида ижодкорнинг фикр-қарашлари мавжуд мафкуралардан бирига яқин бўлиши ажабланарли эмас. Ҳа, биз шўроча андозадаги адабиёт ва мафкура муносабатидан задамиз, шунинг таъсирида иккисини бир-биридан тамом айиришга ҳаракат қиламиз. Ҳолбуки, бир томони онг соҳаси бўлмиш адабиётнинг ички моҳиятидан келиб чиқувчи мафкуравийликни инкор қилиш зўрликнинг бошқача кўринишидир.

4. Ҳа, сиртдан қараганда адабиёт ҳануз эзгулик томонида тургандек эса-да, афсуски, бу ташвишда асос йўқ эмас… Ҳаммага маълум, бадиий асардаги ошкор дидактика – насиҳатбозлик қанчалик ғашга тегса, намойишкорона эзгулик байроқдори бўлиш ҳам шунчалик эриш туюлади. Мен сариқ матбуот саҳифаларида урчигандан урчиб ётган “ибратли” ҳикояларни назарда тутяпман. Эҳтимол, ўзини шулардан фарқлаш учун чин адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялиброқ” турган бўлса бордир. Албатта, бу нотўғри, бу ўз мавқеини қўшқўллаб топшириш, жанггоҳдан ура қочишдан бошқа эмас. Умид қиламизки, чин адабиёт бу хатосини тез англайди ва яна ўз мақеини эгаллайди. Бироқ бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати муҳимроқ кўринади. Айтайлик, жангари фильмларни кўп кўрганмиз – уларда қаҳрамон ҳамиша эзгулик тарафида. Лекин эзгулик тантанаси кадр ортида қолади, томошабинни эса кадрдаги муштлашувлар, отишмалар, қон тўкишлар, фаҳш саҳналар ўзига жалб этади… Албатта, бунинг инсон психологияси билан боғлиқ асослари бор, лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, адабиётда ҳам шу ҳол бот-бот кўзга ташланиб қолаётир. Масалан, биров фоҳиша ҳаётини қаламга олади-да, унда-да аввало, бир инсонни кўрмоқни, тақдир дегани кутилмаган эврилишларга бойлигию инсон ҳаётининг у ё бу ўзандан кетишига атрофдагилар ҳам сабабчи бўлишларини кўрсатмоқчи бўлади. Ният-ку яхши, лекин шўрлик ният фаҳш саҳналар соясида кўмилиб кетади-да! Энг ёмони, аксар эпизодлар миллий руҳга озор етказади, бадиий дидга ўтиришмайди. Қизиғи, биров буни беаёв танқид қилса, бошқаси шуни ўқимасдан адабиётшуносман, деб юрганларни койийди, тағин бириси буни Чўлпон бошлаган анъаналарнинг давоми дейди. Майли, Чўлпоннинг ёзганлари ўз даври учун жудай-ла ошкора, бунга қўшилайлик ҳам. Ҳолбуки, Чўлпон тасвиридаги фоҳиша ўзи тушиб қолган ботқоқдан чиқиш умидида пул йиғиб, кун санаб юрган бир мазлума, Мирёқуб бўлса ўзидаги “итлик”дан қутулиб, одам бўлишга чоғланган инсон. Чўлпон фаҳшни таназзул сабабларидан бири сифатида талқин қилади, энг муҳими, унинг ёзганлари инсоннинг шаҳвоний майлларига эмас, онг-тафаккурига қаратилган. Афсуски, ҳозирда яратилаётган айрим асарларга нисбатан бу гапни айтиб бўлмайди. Айтмоқчиманки, ижодкорнинг ўз олдига эзгу ният қўйганининг ўзи кам, бу ниятнинг қай йўсин амалга оширилиши пировард натижани – ўқувчида қандай таассурот қолдирилишини белгилайди.

5. Назаримда, адабиётимиздаги Ғарб таъсири масаласи кўтарилсаёқ ваҳима оҳанги ўз-ўзидан баланд пардага кўтарилиб кетаверадигандек туюлаверади менга. Умуман айтаман-да, ҳозир гап келиб қолди… Ойбекни эсланг: Блок шеърияти билан танишгач, шеърият ҳақидаги фикрларим буткул ўзгариб кетди, дея эътироф этганди у. Жумладан, шоир Блокдан рус символизмига хос ва кейинча импрессионизм мутлақлаштирган “оний лаҳзани” тасвирлаш манерасини ижодий ўзлаштирдики, шунинг маҳсули ўлароқ 20-йилларнинг охирларида пейзаж лирикасининг гўзал намуналари дегулик қатор бетакрор шеърларини яратди. Лекин бу билан Ойбек символист ҳам, импрессионист ҳам бўлиб қолмади – миллий шоиримизлигича қолди. Бир пайтлар Чўлпонга Фрейд таълимоти таъсири ҳақида ёзгандим: адиб психоанализга хос ёндашувни Мирёқуб руҳияти таҳлилида қўллайди. Чўлпон ҳам бу билан фрейдчи бўлиб қолмади – бор-йўғи миллий романчилигимизни бир одим илгарилатди, холос. Бунақа мисолларни яна келтиравериш мумкин, лекин бунга зарурат йўқ, деб ўйлайман. Фақат айтмоқчиманки, миллий маданиятимиз ўзга маданиятлар билан алоқада ўзлигини йўқотар даражада ғариб эмас, аксинча, ғоятда бой ва томирлари теран маданиятдир. Бас, маданиятлараро мулоқот жараёнида у ўзига сингишадиган, ЎЗИНИКИ бўлиб кета оладиган жиҳатларнигина олиб, бошқаларини сиқиб чиқаришга қодир. Аминманки, постмодернизм ҳам бундан истисно эмас. Мазкур қонуниятнинг мудом амал қилиши учун кўп нарса талаб этилмайди – ижодкорларимиз миллий ўзлигини, қайси ва қандай маданият вакили эканларини унутмай қалам тебратсалар кифоя.

6. Йўқ, чамаси, бу масаладаги қарашим бирмунча оптимистикроқ ва у, аввало, инсоннинг, сониян, адабиётнинг табиатидан келиб чиқади. Инсон бир жиҳати ижтимоий махлуқ экан, унинг дарддан мутлақ холи бўлишига кўзим етмайди. Модомики, дард бўлар экан, инсон изҳор эҳтиёжини туяди. Изҳор воситаларидан бири адабиёт бўлса, у инсон томонидан инсон учун яратилади ва ижтимоий муносабатлар тизимида яшайди.Шуларнинг ўзиёқ, фикримча, адабиётнинг кун келиб тамом ўйин бўлиб қолмаслигига кафилдир. Ўйинга келсак, у ижод табиатига ёт эмас, ўзингиз айтгандек, ижодда ўйин моменти қадимдан бор: сўз ўйинлари, ўткир қочиримлар, турфа кўринишдаги шакл ўйинлари… Ижодкор учун булар бари – восита эди: фикр-ҳисни ўзига хос тарзда ифодалаш ва эстетик завқни кучайтириш воситаси. Вақти келдики, постмодернчилар воситани мутлақлаштирдилар, унга тугал мақсад деб қарай бошладилар: уларнинг ижодий изланишлари боис ижоддаги ўйин кўлами, имконлари бағоят кенгайди. Бироқ бу ҳол, фикримча, мангу қололмайди: қазисан, қартасан – ўз аслингга қайтасан, деганларидек, ўйин яна восита мақомига қайтади. Зеро, ўзни ифодалаш эҳтиёжисиз ижод йўқ, бас, ўйин яна ўзни ифодалашга, постмодернчилар кенгайтирган имконлари билан энди янада самаралироқ хизмат қилади. Дарвоқе, бу қадар ишонч билан гапиришим бежиз эмас: бадиий тафаккур тарихидаги фактлар шунга асос беради. Эсланг-а, шовқин-сурон билан майдонга чиққан импрессионизм, экспрессионизим, онг оқими, абсурд каби “изм”лар ўз даврида ниманидир мутлақлаштирган, ўшани асосга қўйиб, адабиёт шундай бўлур деган даъвони ўртага ташлаган эди. Эътироф этиш керак, уларнинг ҳар бири ўзи асосга қўйган нарсани юксак даражада ривожлантирди. Оқибат шу бўлдики, улар ривожлантирган нарса бадиий тафаккурга сингиб кетди – адабиёт эса аслича қолди, фақат уларнинг ижодий изланишлари ҳисобига имконлари кенгайди, холос.

7. Менга қолса, гапнинг пўсткалласини айтиб, танқидчилигимиз бир жойда депсиниб қолгани тобора равшан бўлиб боряпти, у ўз миссиясини бажаролмай қолди, деган бўлардим. Майли, жавоби қанчалар нохуш бўлса ҳам, аввал мана бу саволларни қўйиб кўрайлик: “Бугун адабий танқидий асарлар ўқиляптими? Ўқилса, кимлар ўқияпти?” Афсус, биринчи саволга дадил “ҳа!” жавобини беришимиз мушкул. Сир эмас, адабий танқидий чиқишларни, асосан, мутахассислар ҳамда матбуотни мунтазам кузатиб боришга ўрганиб қолган айрим катта ёшли ўқувчилар “тарки одат – амри маҳол” қабилида ўқийдилар. Мен бу гапларни педагогик фаолиятим давомидаги кузатишлардан келиб чиқиб айтаётирман: эртага филолог мутахассис бўлиб етишадиган талабаларни оласизми ё малака оширишга келаётган тил-адабиёт ўқитувчилариними – адабий-танқидий материаллар чоп этиб бориладиган нашрларни ўқийдиганлари юздан бирни ҳам ташкил қилмайди десам, лоф эмас. Мазкур шароитда “танқид омманинг бадиий дидини тарбиялашга масъул” дегани қуруқ гап, негаки амалда “танқид –танқид учун” тамойили ҳукм сурмоқда. Тўғри, адабий танқидий ишларни чоп этадиган нашрлар ҳам, уларнинг тиражи ҳам кам, боз устига, уларнинг талаблари ҳам танқидчиларни бироз чеклайди. Лекин бу асосий сабаб эмас. Фикримча, танқиднинг ўзи ўзгариши зарур. Биласиз, ҳозир танқидчи ўзини, аввало, адабиётшунос ўлароқ ҳис қилади, ёзганларида ҳам олимнинг назари устувор. Балки, адабий танқидий асарларни кўпроқ мутахассислар ўқишининг сабаби шундадир?! Ҳолбуки, танқид ўқувчи омма билан мулоқот қилиши, уни адабий асар моҳиятига яқинлаштириши, муҳими, унда ўқиш эҳтиёжи ва уқиш малакасини шакллантириши лозим. Бу эса, ўз навбатида, шу мақсадларга мос услуб ва ифода тарзини тақозо этади.Айтмоқчиманки, адабий танқидий асар илмий мақоладек эмас, адабий асар каби ўқилиши, бир сўз билан айтсак, ЎҚИШЛИ бўлиши керак. Айни чоғда, мунаққид ўз фикрларини пухта адабий-назарий асосда турган ҳолда ифодалаши лозим бўлади. Фикримча, танқидчилик шу талаблардан келиб чиқиб ўзини ўзгартирса, ундаги сиз айтган муаммолар ҳам навбати билан ҳал бўлади.

8. Ижод аҳли ботинида кечувчи “эски ва янги” кураши ҳамиша бўлган ва бўлади. Бу истеъдоднинг табиати билан боғлиқ қонуний бир ҳолдир. Зеро, истеъдод табиатан янгиликка, оригиналликка интилади, иккинчи ёқдан, унинг фитратида аждодлар тўплаган тажрибанинг генлар орқали ўтиб келган қаймоғи мужассамдир.Яъни чин истеъдод миссияси тафаккур имконидаги барча фикрлар айтилиб, кўнгилдан кечиши мумкин барча ҳислар ифодаланиб бўлган бир шароитда “ўз гапи”ни айтмоқдирки, “эски ва янги” курашининг бардавомлиги шундан. Айни ҳол ҳатто бизга (ё ижодкорга) мутлоқ янгилик туюлаётган нарса ҳам асли анъана заминида туришини таъминлайди. Демак, масала бизнинг ўша заминни кўра олаётганимиз ё кўра олмаётганимиз, ижодкорнинг буни эътироф этаётгани ё этмаётганида, холос. Сираси, бизга ёқиш ё ёқмаслигидан қатъи назар, ўз “ижодий мени”ни юксак баҳолаш чин истеъдодга хос хусусият: ундаги шу ҳис ва ўз сўзини айтиш эҳтиёжи бадиий тафаккурни ривожлантирувчи асосий омиллардир. Ўзи яратаётган янгилик шавқида истеъдод анъана заминида турганини иқрор қилмаслиги ажаб эмас, зеро, ижодий изланишларига ўзини анъанага қарши қўйишдан қувват олади. Бундай қарши қўйиш, ботинда кечувчи “эски ва янги” кураши истеъдод ижодий ўзлигини қарор топтиргачгина барҳам топади. Зеро, энди унинг ижодий изланишлари маҳсули – янгилик воқеланиб улгурган, анъанага бир зарра мисоли қўшилиб кетган бўлади… Ижодкор ботинида кечувчи “эски ва янги” курашини шундай тушунганим учун саволда тилга олинган бонгни эшитадиган қулоқларимиз том битмаслигига ишонгим келади.

9. Фуқаролик ва санъаткорлик бурчи деган тушунчаларни бир-биридан бу тарз ажратишда, назаримда, бироз сунъийлик бордек. Зеро, адабиёт ўзни ифодалаш шакли экан, асар ўзида яратувчисининг шахсини акс эттиради. Шахс дегани эса – бир бутун, унинг бу қисми фуқаро, буниси санъаткор дея ажратиб бўлмайди. Ҳа, шеърларидан бирида Ш.Раҳмон “рубобий шеър”лар ёзиш ўрнига курашиб ўтгани учун ўкингани бор. Лекин бу, менимча, оний бир кайфият. Ҳақиқатда шоир қаршисида “рубобий шеърлар ёзсамми ва ё курашчан шеърлар?” тарзидаги танлов зарурати турган эмас. Йўқ, у атиги ўзи тўғри деб билган равишда тўлақонли яшаган ва даврини кўнглида яшатгани  ҳолда дилидагини изҳор қилган – қаламидан ўша сизу биз билган курашчан шеърлар тўкилган. Яъни шундай яшаш унинг бандалик тақдирига, шундай ёзиш шоирлик қисматига битилгандир… Савол ўзи ғоят мураккаб, бунинг устига муайян йўриқ-тавсия беришни талаб қилаётгандек: жавоб беришга журъат етишмайди, бермасликка ҳам кўнгил бўлмайди. Фикримча, ижодкор инсоний комилликка интилиб, атрофидагиларни ҳам баркамолу жамиятни мукаммал кўриш истаги билан яшаса, айни шу ҳаётий мавқеи билан воқелик муносабатидан туғилган ўй-ҳисларини рўй-рост ва гўзал тарзда ифодаласа, бас –  фуқаролик бурчини ҳам, санъаткорлик бурчини ҳам ўтаган бўлади.

10. Парадокс шундаки: бадиий тафаккур жиҳатидан адабиётимизда ўсиш бўлгани ҳолда китобхонлик даражаси тушиб боряпти. Афсуски, бу гап фақат “жиддий адабиёт”га нисбатан тўғри, чунки турфа номдаги оммавий нашрлар ҳам, уларнинг адади ҳам, демак, ўқувчилари ҳам ортиб бормоқда. Бу эса ўша “жиддий адабиёт” билан ўқувчи омма орасида жарлик каттариб бораётганидан даракдир. Албатта, бунинг кўплаб сабаблари бор, бу ҳақда кўп айтилди ва яна айтилади. Мен бу ўринда “жамият миқёсида шундай адабиёт ҳақида қайғурмоғимиз керак” деган фикрни қувватлайман. Мавжуд аҳволни ўнглаш учун эса бир неча йўналишда иш олиб боришга тўғри келадики, шулардан энг муҳими, фикримча, адабий таълимдир. Менга қолса, илгари ҳам ёзганимдек, адабий таълимнинг пировард мақсадини аниқ ва лўнда қилиб қуйидагича белгилаган бўлардим: ўқувчи таълим муассасасини адабий асарни ўқиш, уқиш, ҳис қилиш, ундан завқлана билиш малакаларини эгаллаган, адабиёт ўқишни ўзи учун зарурат мақомидаги табиий эҳтиёжга айлантирган ҳолда тарк этмоғи керак. Бу эса адабий таълимни шулардан келиб чиққан ҳолда ислоҳ қилиш, шуларни назарда тутиб ўқув дастур ва режалари тузиш, дарсликлар, методик ишланмалар яратиш ва, муҳими, ҳар бир машғулотни шу мақсадларга мос ҳолда ташкил этишни талаб қилади.

 

                                   

Раҳимжон РАҲМАТ:

1. Ростини айтсам, ўтган йигирманчи асрда, жаҳон адабиёти мезонлари билан ўлчайдиган бўлсак, ўзбек насрида адабий-эстетик қимматга эга бўлган асарлар жуда кўп яратилмади. Бунга сабаб узоқ йиллар адабиётимизда “соцреализм” деган сохта ва ўта зарарли методнинг ҳукмрон бўлишидир. Бу метод ёзувчини энг асосий қуроли –кўнгилдан кечадиган рост кечинмаларни тасвирлаш имкониятидан маҳрум қилди. Албатта, истеъдодли ёзувчи “соцреализм” деган метод қўйган чегараларни жуда осонлик билан бузиб ўтиб, кўнгли буюрган ва ўзи ҳақ деб билган фикр-туйғу ва ғояларни қоғозга тушириши мумкин. Аммо бу каби асар, биринчидан, ёруғлик юзини кўрмас эди. Иккинчидан эса, эркин фикрли ёзувчининг тақдири хавф остида қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бир нарса тўғрисида чуқурроқ ва инсонларга хос фикр юритиб кўрайлик. Ўтган асрнинг 30-йиллар авлоди деб атайдиганимиз Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода ва бошқалар 20-йиллардаги эркин фикрли ёзувчилар – Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Фитратларни айнан эркин фикрли ёзувчи бўлганлиги учун жисмоний ўлимга маҳкум этилганлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу нарса уларнинг кўнглида жуда катта қўрқув ва эҳтиёткорлик пайдо қилиши шубҳасиздир. Биз 30-йиллар ёзувчиларининг қалби тубида қандай қўрқув, ваҳима ва ҳадиклар пинҳонлигини фақат тасаввур қилишимиз мумкин, холос. Иккинчидан эса, коммунистлар адабиёт ва санъатнинг жон томири бўлган дин ва фалсафани жамиятдан бутунлай қувиб чиқардилар. Ижод аҳли учун партия съездларидаги қарорлар илҳом манбаи қилиб белгиланди. Бу деганимиз шуки, қушни кенг ва озод осмондан маҳрум қилишди, у фақат қафаснинг ичида калта-калта парвоз қилиши мумкин эди, холос. Шундай шароитда ҳам, адибларимиз эътиборга лойиқ асарлар ёза билдилар. Ғафур Ғулом ва Абдулла Қаҳҳор прозаси ўзбек насрининг яхшигина намунасидир. Ўтмишни ўзгартириб бўлмайди. Ҳар қанча эътироз билдирсак-да, Абдулла Қаҳҳор ёки Ғафур Ғулом қабрдан тирилиб келиб, бошқача асарлар ёза олмайдилар. Демак, ҳар қандай ижодкор ижодига баҳо бераётганда, у яшаган даврни ҳам алоҳида ҳисобга олиш керак.  “Сароб” романи бадиий жиҳатдан жуда ҳам пишиқ, пухта. Асарнинг образлилиги жуда юксак. Аммо романнинг ғояси анчайин суст, бўш. Ёзувчи ўз эрки билан эмас, балки ташқаридан бўладиган босим ва давр тақазосига кўра асар ғоясини белгилаган.

Жангга кираётган аскарнинг қўлида сифатли ва замонавий қуроллар бўлиши лозим. Қуролсиз аскар душман учун тирик нишондир. Демак, ўтган асрнинг 30-йилларида адабиётга кириб келган истеъдодлар мавжуд шароитга кўра ўз истеъдодларидаги бир қатор сифатларни амалда ишлатишдан маҳрум этилган эди. Бир нарсага эътибор қаратиш керакки, бу даврда ёзувчиларимиз оддий севги изтиробини ҳам асарга айлантира олмас эди. Ўша давр – киши кўнглида кечадиган ишқий-интим кечинмаларни ҳам тан олмаган. Бир сўз билан айтсак, коммунистик мафкура инсоннинг ботиний оламига ҳам хўжайинчилик қилган. Шунингдек, оддий одамнинг сиёсий ғояга алоқаси бўлмаган маиший турмушидаги икир-чикир ходисалар тўғрисида ҳам ёзиш мумкин бўлмаган бу даврда.

Кейинги давр – 60-йиллар ўзбек носирлари ижодида коммунистик мафкуранинг сезилар-сезилмас соясида бўлса ҳам, оддий инсоннинг маиший ҳаёти ва инсоний севгилар тасвири кўзга ташлана бошлади. Ўзбек ўқувчиси ўзининг оддий турмуш тарзи акс этган, севгиси тилга олинган асарларни ростдан ҳам соғинган эди.

70-йилларга келиб, гарчи ўзбек бадиий тафаккурида инқилоблар содир бўлмаган бўлса-да, ёзувчилар ижодида коммунистик мафкура сояси бутунлай ғойиб бўлди. Адибларимиз асар ёзаётиб даврнинг ҳукмрон мафкурасини тасодифан ёддан чиқариб қўйгандек эди. Ўзбек ҳаётининг маиший ҳаёти, ишқ-муҳаббати, изтироблари, меҳр-оқибат, инсоф-диёнат каби мавзулар кенг кўламда қаламга олинди. Адабиётимизда турли қатлам вакилларининг образлари – янги персонажлар пайдо бўлди. Ҳатто шу даражага бориб етдики, айрим ёзувчилар ижодида коммунистик мафкура, хусусан, бу мафкуранинг посбонларига нисбатан беозор киноялар пайдо бўлди. Айрим ёзувчиларимиз эса, шакл ва мазмунда кескин ўзгаришлар ясашга ҳам уриниб кўришди. Хуллас, 70-йилларда узоқ вақт асоратда ушлаб турилган, қафасга қамаб қўйилган ўзбек бадиий тафаккурида эркинлик, жонланиш тамойиллари сезилди.

Мустақиллик юз бергандан кейинги ўзбек насри эса самарали изланишлар жараёнини бошдан кечираётир. Янги авлод ёзувчилари йўқ ердан ёки бутунлай Европа адабиёти заминида  пайдо бўлди, дея олмайман. Аксинча, уларнинг ижоди ўзбек насри замирида узоқ йиллардан буён кечаётган ижобий ўзгаришларнинг ёрқин намунаси, мантиқли давоми,  кўнгилни умидлантирадиган бир босқичидир.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, кейинги қарийб юз йилликда  ўзбек носирлари ўз даври берган имконият ва мавжуд эҳтиёжга яраша истеъдодларини намоён қилишди. Бир даврнинг адиблари бошқа бир даврнинг носирларидан кўра истеъдодлироқ эди, деган фикрга умуман қўшилмайман. Ўзингиз такрорлаб юрибсиз-ку: “ҳамма замонларда Навоий  каби буюк истеъдод соҳиблари туғилади. Лекин бу истеъдодларнинг Навоий ёки Биноий бўлиб қолишини давр белгилайди”, деб. Худди шундай.

Юқорида айтдикки, кейинги юз йилда, ҳар ўн-йигирма йилда ижодий эркинлик кенгайиб, ёзувчини ўз имкониятларини тўлароқ намоён қилишга шароит яралиб келган. Бугунги даврдаги ижодий эркинликни 70-йиллардаги ижодий эркинлик билан асло қиёслаб бўлмайди. Ҳозирги кунда ёзувчиларимиз жаҳон адабиёти тарихидаги мавжуд барча усул ва шакллардан фойдалаши, инсониятнинг барча жабҳадаги тарихларини чуқур ўрганиб, барча фанларни ўқиб ўз истеъдодларини тўла намоён қилишлари мумкин.

2. Ижодий эркинлик – иқтисодий эринлик меваси эканлигини англаб етиш зарур. Йигирманчи асрда ўзбек адиблари иқтисодий жиҳатдан сиёсий ҳокимиятга тўла қарам эди. Қарам ёзувчи эса ўзи яшаб турган ҳаётга холис ёндашиб асарлар ёзишга бир оз қийналади. Айтишадики, иқтисодий эркинлик шароитида бадиий тафаккур ривожланади деб. Ҳозир бизлар иқтисодий либерализм даврида яшаяпмиз. Давр демократик тараққиёт йўлини танлаган. Бу демак, ижодий эркинликдан биринчи навбатда жамиятнинг ўзи манфаатдор.

Ҳар ҳолда,  ҳозирги даврда ўзбек адабиётида жиддий асарлар юзага келиши учун объектив вазият мавжуд. Яъни, биринчидан, сиёсат адабиётни мажбуран ўз измига солишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Чунки эркин фикрлиликдан манфаатдор жамият ижод аҳлининг тафаккур тарзига аралашмайди. Ва шундай бўляпти ҳам. Иккинчидан, бугунги ижодкор, давлатга иқтисодий қарамликдан қутилиб,  яшаши учун керак бўлаётган неъматларни ўз меҳнати билан топяпти. Бу нарса ҳам унинг эркин фикрли ижодкор бўлишига катта бир имкониятдир. Бугунги кунда яратилаётган асарлар биринчи навбатда ҳеч қайси жиҳатдан бирон-бир кучга қарам бўлмаган, тафаккури эркин ва озод ижодкорнинг қалбида кечаётган тирик ҳодиса, жараён сифатида қимматга эгадир. Масалан, Назар Эшонқулнинг “Баҳовиддиннинг ити”, Исажон Султоннинг “Қисмат”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув“ ҳикояларини ўқиётиб, бу асарларни қалби ва тафаккури тўла эркин ижодкор  ёзганини ҳис қиласан. Икки йил бурун Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли”романининг қўлёзмасини ўқиб чиққандим.  Асарда асли тирик одам жамиятда ўзининг тирик эканлигини исбот қиламан, деб роса уринади. Лекин унинг ҳар бир уринишидан кейин жамият унинг тирик эканлигини баттар тан олмайди. Менда жуда катта таассурот қолдирди бу асар. Инсон ўта мантиқсиз, ёвуз ва чигал ғояларнинг қурбони бўлиб кетиши мумкинлигини тушунгандек бўлгандим. Назар, аслида, бу романини ўтган асрнинг 90-йилларида ёзган эди.

Улуғбекнинг 1996 йилда ёзиб улгурган “Ёлғизлик” қиссасига мен сўзбоши ёзган эдим. Бу асарда инсон ботинида сезилар-сезилмас кечадиган, ҳеч қачон тилга чиқмайдиган фикр-туйғулар акс этганлиги менга маъқул келган эди. Аслида, кўнглимизнинг туб-тубида содир бўладиган ҳиссий жараёнларни ўзимиз ҳам тўла-тўкис идрок эта олмаймиз. “Билмайман,  қийнайди қайси хотира” дейди Абдулла Орипов.

Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли” ва Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романининг мазмун-ғоясида бир-бирига яқинлик сезаман.  “Гўрўғли”да асар қаҳрамони ўзининг тирик эканлигини исботлай олмай ҳалак. “Боқий дарбадар”  романида эса ёзувчи инсон қисматининг моҳияти дарбадарлик эканлигини урғулайди.  Муштарак маъно шуки, дарбадарлик ҳам тириклик эмас.  “Ёлғизлик” қиссаси қаҳрамони ҳис-туйғуларида ҳам дарбадарлик, ўзининг тирик эканлигига шубҳалар сезилади.

Шу ўринда бир узримни айтиб ўтишим жоизки, ҳозирги кунда турли йўналиш ва жанрларда асар ёзаётган адибларимиз жуда кўпайиб кетди. Беш-олтитадан китоб нашр қилиб улгурган бир қатор ёзувчиларнинг номини ҳам эшитмаганман. Баъзан китоб дўконига бош суққанимда, адабиётимизда жуда кўп янги номлар пайдо бўлганлигини кўраман, холос. Яъниким, адабиётимизда пайдо бўлаётган ҳамма асарларни бир бошдан ўқиб, таҳлил қилиш имкониятим йўқ ҳисоби.

Бир нарсани таъкидлаш керакки, денгиз кўпиксиз бўлмаганидек, бугунги кунда бачкана истеъдодсизлик модернизм деган жиддий ҳодисани ўз айбини яшириш учун ниқоб қилишга ҳаракат қиляпти. Бир тикувчидан : “Ҳар хил кўйлаклардан чиққан қийқимларни нима қиласан?“ деб сўраганимда у: “Ташлаб юбораман“ деб айтганди. Шунга ўхшаган гаплар-да…. Яна нима дейиш мумкин модернизмни ўйинчоқ қилмоқчи бўлаётганлар ҳақида. Европа модернизми жамиятда содир бўлган улкан фожиалар, йўқотишлар, хўрлик ва хақоратлар тасирида пайдо бўлганлигини ҳам унутмайлик. Европа модернист ёзувчилари аввал биринчи жаҳон урушида, кейинроқ иккинчи жаҳон урушида инсоният қони дарё-дарё бўлиб оққанини ўз кўзлари билан кўрганлар. Уларнинг аксари бу фожиалардан шахсан жабр ҳам чеккан. Йигирманчи аср бошларида аҳвол шу даражага бориб етганки, инсон зотини ҳаддан зиёд хўрланишини ўз кўзлари билан кўрган файласуф ва ёзувчилар   “Худо ўлди” деб инсон тафаккурига қўйилган азалий ва муқаддас чегарани бузишга уринишган. Худо ўлди дегани, бу, аслида, инсониятнинг руҳий ва маънавий қадриятлари сариқ чақалик қимматга эга эмас дегани.

3. Учинчи саволга нима деб жавоб беришни билмай бошим қотиб қолди. Илоҳий китобларнинг барида биз яшаб турган дунё ҳақиқий, боқий дунёнинг сояси эканлиги тўғрисида очиқ-ошкор далил, ҳужжатлар келтирилган. Пайғамбарлар, азиз-авлиёлар, донишманд ва файласуфлар, шоиру ёзувчиларнинг бари, аслида, идеал олам ҳақида мушоҳада қилишади. Тафаккурни ҳаракатга келтирадиган куч ҳам илоҳий оламга ишончдан бошқа нарса эмас. Бу оламнинг омонат ва ўткинчи эканлигини ҳаммамиз биламиз. Ҳаёт ҳақиқати шуки, бу оламда бугун борсан, эртага йўқсан. Ҳақиқий адабиётда  инсон, барибир, бу дунёда эмас, нариги дунёда ҳақиқий саодатга эришади, деган ғоя тараннум қилинади. Совет адабиёти эса бу ҳақиқатни инкор этди, ўз навбатида ҳақиқат ҳам уларнинг ёзганларини инкор этиб боряпти. Шу пайтгача бирорта ижодкор “мен бахтлиман“ деган сезгини ҳатто шивирлаб айтмаган. Аксинча, Навоий ва Машраб, Пушкин ва Байрон ҳам кўпроқ инсон бахтсизлигини мушоҳада қилишган.

Мен бадиий асарлардан чуқур, кенг кўламли, боқий дунё нафаси сезилиб турадиган, инсоннинг олижаноб сифатлари улуғланган, руҳ ва тафаккур эркинлиги тараннум қилинган маъноларни излайман. Бадиий асарда кўриниб қоладиган яланғоч ахлоқсизлик ғашимни келтиради. Алоҳида бир сиёсий ғоя бадиий воситаларда акс эттирилган китобларни ҳам унчалик ёқтирмайман. Бир одамнинг бармоқ излари бошқа бир одамнинг бармоқ изларига ўхшамаганидек, ҳар бир ёзувчида бошқаларникига умуман ўхшамаган ўз услубларини кўргим келади. Тақлидий асарлар жаҳлимни чиқаради. Ахир, дейман тақлидчи ёзувчига, ўз қалбингда бировникига ўхшамаган қувонч ва қайғуларинг, армону ғуссаларинг бор, ана ўшаларни китоб қилиб ёзсанг бўлмайдими. Сен бўлсанг, ўз қалбингни инкор этиб, бировнинг қайғу ва қувончини кўчириб асар қораламоқчи бўласан.

4. Эзгулик ва ёвузлик орасидаги кураш ҳамиша бўлган ва бундан кейин – қиёматгача давом этади. Инсоннинг биологик ва руҳоний табиати орасидаги зиддиятдан пайдо бўлади эзгулик ва ёвузлик орасидаги зиддият. Ажабки, ҳайвонлар орасида бу икки тушунча аҳамиятга эга эмас. Бўри гўшт емаса, очдан ўлади. Катта балиқлар кичик балиқларни ютиб турмаса, қорни тўймайди. Дарахтлар ҳам кенглик ва нур талашиб бир-бирини қуритишга қасд қилади. Кишилик жамиятида эса барча давр ва халқлар учун ўзгармас бўлган муқаддас қонун – чекловлар бор. Аёллар, болалар, ногиронлар ва кексаларга шафқатли бўл, дейилади инсонлар жамиятида. Ҳатто бу нарсалар  қонун йўли билан ҳимоя қилинади. Дейлик, автобус ҳайдовчиси балоғатга етмаган болани ярим кечаси пулинг йўқ экан, деб автобусдан тушириб юборса, жиноят содир қилган ҳисобланади. Яъни у вояга етмаган болани мазмунан хавфда қолдириб кетаётган бўлади. Инсонни инсон қилиб турган миллионта руҳий-маънавий қадриятлар бор, уларнинг бари умумлашма ном билан эзгулик дейилади. Кейин эса, инсон табиатида уни ҳайвонга айланишга мажбурлаб турадиган миллионта иллатлар бор, булар эса бир сўз билан ёвузлик дейилади.

Ёзувчи деганлари, ўз-ўзидан эзгулик, юксак инсоний қадриятлар куйчиси, ҳимоячисидир. Унутмайлик, Яратган шайтонни ҳам бадиий истеъдоддан қисмаган… Яъниким, боши бузуқ одамга ҳам Худо ёзувчилик истеъдоди ато этиши мумкин. Лекин боши бузуқ ёзувчининг асарлари умуминсоний қадриятлар сафидан жой ола билмайди.

5. Мен азалдан “изм”ларга унчалик қизиқмайман. Лекин дўстимиз Дилмурод Қуроновнинг адабиётшуносликка оид китобларидан барча измлар тўғрисидаги таърифларни ўқиб, билиб олганман. Модернизм ва постмодернизм тўғрисида рус ва Европа адабиётшуносларининг бир қатор тадқиқотларини ҳам кўздан кечирганман. Хосе Ортега Гассетнинг модернизм эстетикасига оид ажойиб тадқиқоти билан ҳам танишман. Лекин, барибир, адабий асарларни ўз ақлу тажрибам билан “изм”ларга ажратишга қийналаман. Бизда адабиёт намуналарини “изм”ларга ажратиш унчалик урф бўлмаган. Шунингдек, ватанимизда адабий ўй-хаёлларнинг эркин бўлганига эндигина йигирма йилдан жиндай ошди. Эски тузум пайти “соцреализм” деган сохта ва зарарли методдан хорижда ижод қилиш ҳақида ҳатто орзу қилиб бўлмасди. Битта рост гапни айтиш лозимки, ўзбек прозасида “соцреализм”нинг асоратидан тўла-тўкис қутилиб улгурган бир неча ҳикоя пайдо бўлди, холос. Шунинг учун прозамизда алоҳида бир йўналиш пайдо бўлди, деб айтиш жуда қийин ҳали. “Соцреализм” асоратларидан халос бўлганимиз билан миллий менталитетимизда соф бадиий тафаккурга ёд бўлган бошқа иллатлар ҳам бор… Масалан, бизлар ёзувчи сифатида реал ҳаётга яқинроқ келишдан чўчиймиз. Бизлар учун реал ҳаёт жаҳлдор бир ит, ёнига яқинлашгани қўрқамиз; нарса ва ҳодисаларни анча узоқдан кузатиб қўя қоламиз. Аслида, реал ҳаётга яқинлашиш учун ишончли бир восита зарур. Ҳозирги кунда ёзувчиларимиз реал ҳаётга қўрқмай жуда яқин бориш учун ишончли восита топгандек бўляпти. Бу воситанинг номини символизм деймизми, метафора деймизми, хуллас, реал ҳаётга яқин келиш учун бир восита зарур. Реал ҳаёт деганимда, муайян даврдаги ижтимоий вазиятни назарда тутаётганим йўқ, албатта. Инсоннинг тириклик-ҳаёти моҳиятини реаллик, деб атаяпман. Масалан, сюреалистлар инсон онги остидаги фикр-туйғуларни инсон табиатига хос ҳақиқий реаллик деб билишган. Аслида ҳам, гапираётган гапингиз, қилаётган хатти-ҳаракатингиз эмас, балки кўнглингизда пинҳон фикрлар реал фикрлар эмасми? Қизиғи шуки, инсон ўз онги остида нималар пинҳонлигини ўзи ҳам тузук-қуруқ идрок эта олмайди. Фрейднинг онг ости жараёнлари тўғрисидаги назарияга таянган ҳолда юз йиллик адабиётимизни таҳлил қилиб чиқсак, бениҳоя қизиқарли ва кутилмаган таҳлиллар қилиш мумкин. Бу усулда асар билан бирга, ёзувчи психологияси ҳам тенгма-тенг таҳлилга тортилади. Масалан, бундай усулда ўзбек совет ёзувчилари асарларидаги ижобий қаҳрамонларнинг, аслида, салбий қаҳрамонлар эканлигини фош қилиш мумкин.

6. Адабиёт, биринчи навбатда, бадиий санъатдир. Тўғри, дард ва изтиробсиз шеър ёки ҳикоя ёзишнинг иложи йўқ. Айниқса, ғам-аламсиз бир мисра ҳам шеър ёзиб бўлмайди. Лекин биргина дарднинг ўзи билан ижодкор бўлиб, ўқувчига манзур асар яратолмайсиз. Дейлик, ҳикояда ўқувчига айтадиган гапингиз нақадар муҳим бўлса-да, лекин айтадиганларингизга чиройли бадиий либос кийдирмасангиз, ёзганларингизнинг бари – бир пул. Дардсиз асар пайдо бўлмаганидек, асарда санъатсиз дард ҳам беқадрдир.

Яна бир гапки, бизда адабиётнинг ўйинга айланишига ҳали анча вақт бор. Керак бўлса, жиддий мавзуларга энди-энди қўл ура бошладик. Қачонки, мавзулар тугаса, ҳамма дардларимизни айтиб бўлсак, ана ундагина сўзларни бир-бирига уриштириб ўйин ўйнашимиз мумкин. Лекин “ўйин” ўйнашга имкон йўқ ҳали.

7. Бизда холис адабий танқид ҳозирча шаклланиб улгургани йўқ. Мен йигирма йилдан буён, нақадар зерикарли бўлса-да, адабий танқидни кузатиб келаман. Бу соҳамиз холислик ва самимиятдан анча узоқ ҳали. Адабий танқидимизда ақл ва руҳ сезилмайди. Кўплаб отахон устозларимизнинг кўп йиллик меҳнатини бир оғиз сўз билан йўққа чиқармоқчи эмасман, албатта.

Ҳозирги кунда адабий танқидда истеъдодлар ғойиб бўлди. Ўтган асрнинг 90-йилларида ёш ва умидли олимларимиз жуда кўп эди. Афсуски, уларнинг барини турмуш деган аждарҳо ютиб юборди. Умуман, бизда адабий танқидда танқид йўқлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Бизлар адабий танқид воситасида бир-биримизнинг кўнглимизни кўтариб, дўстона муносабатимизни билдириб қўямиз, холос. Адабий танқид билан шуғулланиш жуда ҳам ноқулай эканлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Менинг ўзим бундан икки йил бурун ўзим тенги ёзувчиларнинг қатор ҳикояларини асосли танқид қилиб, битта мақола ёзгандим. Бу мақоламни матбуотда эълон қилишдан ҳалиям чўчийман. Чунки мақолам эълон қилинса, унда номи тилга олиниб, асарлари танқид қилинган ёзувчилар бирданига мени ёмон кўриб қолади. Айримлари қайсидир шаклда менга зарар етказишга ҳам уриниб кўриши мумкин, деб тахмин қиламан. Жасорат етишмайдими менда?.. Билмадим.

Узоқ вақт машҳур адабиётчи олимларнинг ёнида юрган одамман. Устозларимиз росмана адабиётчи олим эмас, балки адабиётдаги дипломатлар эканлигини яхши биламан. Ҳаммамиз сентименталмиз, ҳали танқидга дуч келмай, кўзларимиз ёшланиб, овозларимиз ингичкалашиб қолган.

Лекин танқидчи учун адабиётимизда иш жуда кўп. Ҳозирги кунда шоирман, ёзувчиман, бешта, ўнта китоб чиқардим дегувчи сохта ижодкорлар армияси пайдо бўлди. Бу армия ўзининг кучи ва қуроли билан омма дидини бениҳоя пасайтириб юборяпти, керак бўлса, миллатимиз ахлоқига тажовуз қиляпти.  Замонавий қўшиқчилар айтаётган ашуланинг матнига бир диққат қилиб кўринг. Ҳофизларимиз одамнинг асабини қўзғаб, кўнглини айнитар даражадаги сўз қоришмаларини қўшиқ қилиб айтаётганини кўрасиз. Айниқса, замонавий қўшиқчиликда матннинг ўрни нолга тушиб қолди. Уялмайдиям-а, ҳеч қайсиси? Адабиётчи мутахассислар томонидан ижоди эътироф этилмаган, ҳатто тилга тушмаган ҳаваскор шоирлар катта байрамларда тўпланадиган санъат элитаси орасида кўриниб қоляпти. Ҳофизларимиз ўта мантиқсиз, фақатгина чўчқанинг миясидан чиқиши мумкин бўлган ўта саёз, бемаъни алжирашларни катта давраларда қўшиқ қилиб куйлашмоқда. ”Ҳой, адабий танқид, нега жимсан?  Ярамас ва сурбет истеъдодсизлик тўрга чиқиб, ялпайиб ўтириб олибди, ҳам ақл бўлиб бир нарсаларни гапиряпти. Бир ҳамла билан уни пойгакка тушириб юборсанг бўлмайдими?”. Адабиётимизда жудаям уятсиз одамлар кўпайиб кетди. Адабиётдан узоқ кимсалар фақатгина пул ишлаб олиш мақсадида русча дедектив асарлардан кўчирмачилик қилиб ёстиқдек романлар яратиб ташлаяпти. Ҳамма нарсадан кўнгилхушлик излайдиган кимсалар жиддий фикрдан чўчийдиган, қочадиган бўлиб қолди. Мумтоз меросимизни қизиқиб ўқийдиган ўқувчилар бутунлай йўқолиб кетди. Гарчи тўртта-бешта шеърий китоб чоп этиб улгурган бўлса-да, Абдулла Қодирий билан Чўлпонни адаштириб юборадиган “шоирбачча”лар кўпайди. “Танқид саралашдир”, дейилади. Лекин бугунги кунда танқид сараламаяпти. Танқиднинг ўзи йўқ бугун. Лекин жуда керакли нарса танқид…

8. Эски билан янги орасида ҳамма замонларда ва ҳамма жабҳада кураш тинмайди ва тўхтамайди. Хўш, бу нарса адабиётимизда қандай кўринишда намоён бўляпти? Масалан, прозамизда маиший ҳаётни қизиқарли йўсинда баён қилиб ҳикоя қоралашни эски усул, деб биламан. Янги асарларда эса маънолар қатлами сезилиб туради. Бундай асарлар учун маиший турмушдаги бирор ҳодиса мақсад эмас, балки воситадир. Баёнчилик услубида эса маиший ҳаёт мақсад ўлароқ кўрилади.

“Эски” деган сўз билан атаётганимиз ўзбек насрида ёзувчи, иложи борича, макон ва замонга яқин келишга чиранарди. Янги прозамизда эса макон ва замон мавҳумлашиб кетяпти, яъни ёзувчи ўзи мансуб бўлган макон ва замондан қочишга уриняпти. Эски давр прозамизда адибларимиз тип ва характер яратишни ўз олдиларига катта мақсад қилиб олишар эди. Ҳозирда “янги” деб атаётганимиз ижод намуналарида бу нарса, яъни алоҳида бир персонажнинг қилиқ ва одатларига урғу бериб, характер ва тип яратиш одати сезилмайди.

Мана бир ўхшатиш: иккита тангангиз бор, бири мис, иккинчиси тилло.  Мис тангага қараб ўйлайсиз: икки дона гугурт ва туз сотиб оламан. Тилло тангани қўлингизга олиб эса жуда кўп нарса ҳарид қилишингиз мумкинлиги ҳақида мушоҳада қиласиз. Ҳозирги кунда бир-бирларининг чегараларини аниқлаштираётган (делимитация ва демаркация) адабиёт намуналари орасидаги фарқ юқоридаги ўхшатишдаги ишорага ўхшайди. Хусусан, янги ҳикоячилик намуналари ўз бағридаги маъноларни ўқувчидан беркитишга, яширишга уринади. Оқила ва тарбияли қизлар дуч келган йигитнинг бағрига ўзини отмайди-ку! Улар йигитларнинг энг муносибига кўнглини очади. Янги ҳикоячилигимиз ҳам ўқувчини танлайди, саралайди. Назар Эшонқулнинг кейинги пайтда ёзилган “Баҳовиддиннинг ити“, Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув” ҳикоялари, Исажон Султоннинг “Озод“ романи Гассет айтмоқчи, ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб юборади: асарни тушунадиганлар ва тушунмайдиганлар. Бу асарлар жамиятимизда элитар ўқувчиларни пайдо қилади.

Назар Эшонқулнинг “Баҳовиддиннинг ити“ ҳикояси персонажи итга айланиб ёрига – саодатга эришяпти. Унинг инсон бўлиб юрган кезлардаги қалбини доимий эгаллаб юрадиган изтироб ва зерикишга диққат қилинг. Инсонликдан воз кечиб итга айлангач, қалбида минглаб илоҳий қувонч юлдузлари порлай бошлади. Инсоннинг итга айланиши жараёни жудаям қизиқарли ҳодиса. Бу ҳодиса замиридаги  маъно қатламлари эса, ўқувчини мулоҳазага, мушоҳадага ундайди. Юқорида айтдикки, ёзувчининг  “Гўрўғли” романи қаҳрамони тирик бўла туриб, ўзининг тирик эканлигини исботлай олмаяпти. “Баҳовиддиннинг ити” ҳикоясида эса инсон итга айланганидан кейингина ўзининг инсон эканлигини сезяпти. Инсон икки марта –  биринчисида физиологик, иккинчисида психологик жиҳатдан туғилади. Жисмоний туғилишда одам она қорнини тарк этиб, алоҳида мавжудликка айланяпти. Психолгик жиҳатдан қайта туғилиш эса, ўзгаларга фикрий-ҳиссий қарамликдан бутунлай халос бўлишдир. Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси қаҳрамонида психологик туғилиш содир бўлмаган. “Баҳовиддиннинг ити” ҳикояси қаҳрамони эса психологик жиҳатдан қайта туғилиш лаззати нақадар илоҳий бўлишини сезиб, саодатга эришяпти.

Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув“ ҳикоясида, аслида, аробада сув олиб кетаётган кимса катта бир қўналғага бир пиёла сув ичгани киради. То бир пиёла сув ичиб ташқарига чиққунича йиллар ўтиб кетиб, чолга айланиб қоляпти. Ундан ҳам қизиғи шуки, аробада олиб кетаётган нарсаси сув эканлигини сезиб қоляпти. Ўқувчи сифатида мен ана шундай ҳикояларни ёқтираман. Бу ҳикоялар замирига чуқурроқ тушиб, инсон тақдирининг ўта сирли, оддий кўздан пинҳон жиҳатларини илғагим келади.

Яна бир гапки, ўзбек  бадиий тафаккури ривожланишини, асарлари бутун дунёга машҳур бўладиган ўзбек ёзувчилари пайдо бўлишини жуда-жуда истаймиз. Биринчидан, жиддий асарлар миллатимизнинг муҳим тарбиячиларидир. Иккинчидан эса, бадиий тафаккурдаги юксалиш охир-оқибат ватанни юксалтиришга муносиб ҳисса қўша олади.

9. Чин ижодкорнинг фуқаролик бурчи жуда ҳам буюк. Айниқса, бугунги кунда донишманд, ватанпарвар, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, моҳиятларини англайдиган адиблар жамиятимиз учун жуда зарурдир. Хусусан, ёшларимизни фитна ва фалокатлардан асраш, биринчи навбатда, адибларимизнинг муҳим  вазифаларидир. Бугунги кунда маданият ниқоби остида ватанимизга ахлоқсизлик бостириб киришга ҳаракат қиляпти. Бу нарса миллатимизга зарар келтиришини идрок этиб улгурмаган айрим ёзувчилар ўз ижодлари билан ахлоқимиз сарҳадларини бузишга уринаётган ахлоқсизликка ёрдам бераётганларини сезиб улгуришгани йўқ. Ахлоқсизлик охир-оқибат инсонни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятларга етаклайди. Бу балодан ҳазар қилиш керак.

Девонасифат, ароқхўр, “ижоддан бошқа нарсани тан олмайман”, деб арзон ошхоналарда шотирлари даврасида бетамиз латифаларни айтиб юрадиган шоир ва ёзувчиларни умуман ёқтирмайман. Ижодкор шахсий ҳаёти ва ватанга муҳаббати билан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Глобализация шароитида ҳар турли намақбул ғоялар ёшларимизга зарар етказишга ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Адибнинг сўзидан, асарларидан, ҳаёт тарзидан халқнинг кўнглини илитадиган, ҳаёти дунёсини ёритадиган нур таралиб турсин. Классик шоирларимизнинг ҳеч бири ўзи яшаб турган жамиятдан ўзларини холи ҳис қилишмаган. Аксинча, улар сўзи ва фаолияти билан жамият ҳодисаларига фаол аралашиб, ватанга, халққа наф келтиришган. Ёзувчи сўзининг салмоғи катта.

Ёзувчи одам бир сўз айтишдан олдин айтадиган сўзининг оқибати ва масъулиятини сезиши лозим. Оддий халқнинг онгида бир тушунча пайдо бўлиб қолган. “Шоирми, демак, у – ароқхўр”, деб ўйлайди оддий одамлар. “Ароқ ичсаларинг кейин илҳом келади-да”, деб сўраб ҳам қўйишади одамлар. Уч-тўрт пиёниста ароқ ичиб ўтирган жойга шоир бориб қолса, оғзидан суви оқиб, кўзлари олайиб кетади алкашларнинг “Шеър ўқиб бер! Кайфимизга кайф қўш!” – деб шоирни оддий масҳарабозга айлантириб қўйишади. Мен ёмон кўраман бу нарсаларни жуда. Халқнинг ижодкор халқига нисбатан масхараомуз муносабат билдиришига ўзимиз айбдордирмиз, балки.

Альбер Камюнинг асарлари билан бир қаторда, унинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳам менга маъқул келади. Лев Толстой ўз вақтда Руссиянинг улкан виждонига айланган эди. Достоевскийнинг кундаликларини ўқиб,  унинг ҳам ўз ватанининг ватанпарвар ёзувчиси бўлганлигига қойиллар қолганман. Чўлпон ва Абдулла Қодирийлар буюк ватан ғояси учун жонларини бериб юборишди-ку! Лекин бизлардан ҳеч ким ва ҳеч қандай ғоя жонингни қурбон қил деяётгани йўқ! Бизлар юлдуз каби нур таратиб, ёшларимизнинг етук инсон ва ватанпарвар ўғлон бўлишига ёрдам беришимиз керак, холос. Шунингдек, миллатимизнинг тиллога тенг ахлоқий қадриятларини қўриқчилари бўлишимиз лозим.

10. Кундан кунга адабиётнинг табақалашаётгани яққол сезила бошлади. Омма ўз асарлари ва адибларини танлаб улгурди. Чуқур маъноларнинг қадрига ета биладиган элитар ўқувчилар ҳам ўзларини оммадан алоҳида қилиб олишяпти.

Яна ўн-йигирма йиллардан кейин адабиётдаги табақалашиш аниқ юзага чиқади. Ҳозирги кунда ўта истеъдодли ижодкорларимизнинг омма орасида машҳур эмаслиги, адабиётчи мутахассислар томонидан ижодкор сифатида умуман эътироф этилмаган, ҳатто тилга олинмаган айрим шоирларнинг омма орасида машҳур бўлиб кетиши  ҳам, адабиётимиздаги табақаланишнинг яққол белгисидир. Ортега Гассет айтганидек, ҳамма жамиятларда юксак бадиий асарни чуқур тушунадиган алоҳида инсонлар мавжуд. Файласуф уларни туғма аристократлар, деб атайди. Бизнинг жамиятимизда ҳам мана шундай аристократ қатлам шакллана бошлади.

sharqyulduzi.uz