Нақшбанд, кубро ва тариқат демократияси

Нақшбанд, кубро ва тариқат демократияси
103 views
05 August 2013 - 9:17

ТАСАВВУФНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДАГИ БАҲОЛИ ҚУДРАТ УРИНИШЛАР

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!
7DSC_00511-200x300«Қўрқсанг – айтма, айтсанг – қўрқма», – деганлар авлиё-анбиёлар.
Рост айтсак, Аллоҳнинг мадади биландир.
Хато қилсак, биродарларимиз кечирсинлар. Кечирмасалар, Аллоҳ кечирсин. Аллоҳ кечиргувчидир. Аллоҳ меҳрибондир. Аллоҳ раҳмлидир.
Чун нест зи ҳар чи нест жуз бод ба даст,
Чун ҳаст ба ҳар чи ҳаст нуқсону шикаст.
Пиндор, ки ҳаст ҳар чи дар олам нест,
Ангор, ки нест ҳар чи дар олам ҳаст.
Нажмиддин Кубро (Н. Комилов, «Тасаввуф», 2-китоб, 186-бет)
Ҳар неки гўё йўқ шамол каби кўринмас зинҳор,
Ҳар неки гўё бор омонатдир, емрилар абгор.
Кўргин, ҳар нимаки оламда бор охири йўқдир,
Билгин, ҳар нимаки оламда йўқ – аслида бор, бор…
(Таржима бизники – К.Б.)

Бу Аллоҳни ва руҳни ҳақиқий борлиқ деб ҳисобловчи, бу кўриниб турган дунёни – ёлғон, нариги тириклар ҳали кўрмаган дунёни чин дунё билгувчи донишманд аждодларимиз тасаввуф таълимотининг муқаддас мафкурасидир. Унга кўра, бизга бор бўлиб туюлган нарсалар аслида йўқдир (йўқолгувчидир), чунки улар яралгандир ва комил эмасдир, улар ҳаракатда, ўзгаришда, демакки, охири емирилиш ва йўқолишдадир.
Туғилган нарса ўлади. Кўкарган нарса қурийди. Бошланган нарса охирлайди. Ибтидоси бор нарсанинг интиҳоси ҳам бор.
Аллоҳ Биру Бордир. Унинг ибтидоси йўқдир ва шунинг учун интиҳоси ҳам йўқдир. Оми кўзига йўқ бўлиб туюладиган Аллоҳ, руҳ худди шамол кўринмагандек кўринмаса-да, аммо бордир, комилдир ва собитдир. Дарахтни шамол тебратади, аммо ўзи кўринмайди. Биз шамолни кўрмасак-да, дарахтнинг тебранганини кўриб, шамолнинг борлигига иқрор бўламиз. Аммо шамолни яратиб қўйган Аллоҳни кўрмаганимиз учун гоҳи гумроҳлик билан унинг борлигига шубҳа қиламиз. Яралган нарсага ишончимиз комил, аммо Яратганга ишончимиз суст.
Аллоҳ, ўзинг кечиргин! Яратган буюкдир! Яратган покдир! Яратилганлар Яратганнинг қошида ожиздирлар.
Дунёда кўриниб турган, сезилиб турган, бор нарса абадий эмасдир. Кўринмаётган руҳ абадийдир. Бор йўқдир, йўқ бордир.
Миллиард йиллик юлдузлар бир куни келиб бир лаҳзага ҳозиргина ёнгандек йилт этиб ўчади, қоронғулик чўкади. Коинотни ўраган бўшлиқ, қоронғулик, йўқлик абадийдир.
Борлиқ ўткинчидир. Йўқлик абадийдир.
Миллион йиллик тоғлар, залворли чўққилар емрилади. Улар юракларга солган салобат, виқор абадийдир.
Ёнаётган гулханлар ўчади, уларнинг дилдаги тафти абадийдир.
Маъшуқасига термулиб турган ошиқ ва ошиғи назаридан қизариб бораётган маъшуқа ўткинчидир, фақат улар туйган эҳтирос, улар чеккан ҳижолат абадийдир, қайдадир кезиб юрадир. Зеро муҳаббатнинг манзили қалбдир, инсон ўлгач, танни қабристонга қўядилар, қалб боқийлик сари кетадир…
Яшнаб турган баргнинг муқаррар хазон бўлиши ҳам бор. Хазоннинг шамолда эврилиб-эзилиши, чириши ва тирилиши, Қиёматгача яна-яна куртак уриши бор.
Ҳамма яратилганлар фонийдир. Яратган боқийдир. Бу, бир қараганда, шунчаки сўз уйинига ўхшайди… Аслида бундай эмас. Биз кўриб турган нарсамизга қараб фикрлаймиз. Кўзимизни юмсак, ўйлаётган нарсамизни кўра бошлаймиз. Шунинг учун донишманд шоир Румий «кўзга айлансин кўнгил» дея иштибоҳ қилади.
Сиз фотонегативни кўргансиз. Фотонегатив – суратнинг акси. Энг гўзал мавжудотнинг сурати ҳам фотонегативда даҳшатли кўринади. Гарчанд негатив бор-йўғи суратнинг аксидир. Нетативда позитивни кўришга ўрганиш керак. Худди шундай биз ўзимиз кўникмаган, кутмаган фикрлардан қўрқмаслигимиз керак. Файласуфлардан бири айтгандек, ҳамма фикрларнинг яшашга ҳаққи бор. Агар имтиёз бўлса, қувғинда бўлган фикрларнинг яшашга ҳаққи кўпроқдир. Негатив фикрлар позитив фикрларнинг нариги томондан кўриниши, холос. Қора – оқнинг соясидир, аксидир. Бу дунё – нариги дунёнинг негативи, шунинг учун дунё кўзимизга кўпинча қора кўринади. Аллоҳ ўз жамолини яратилганларга кўрсатмади, ўз жамолининг акси кўринсин учун дунёни яратди. Бу дунё – Аллоҳ жамолининг кўзгудаги акси.
Дунё – гўзал. Кўплар бу дунёнинг жамоли деб ақлидан озади, нафсу ҳирснинг комига тушади. Аллоҳнинг аксики шу қадар гўзал бўлса, Аллоҳнинг ўзи қанчалар гўзалдир! Сўфийлар Аллоҳнинг жамолига ошиқ бўлганлар. Тасаввуф Аллоҳ жамолига етишиш сари ҳаракат йўлидир.
Дарвишлар оломондан чекинадилар. Оммадан бошқача фикрлайдиган одам ёлғизликка маҳкумдир. Аммо бу қўрқинчли эмас. Банданинг ёлғизлиги нима бўларди, Аллоҳнинг ўзи якто, ёлғиз бўлган бир пайтда…
Дарвиш – ёлғиз эмас, унинг хаёли Аллоҳдадир.
Сени кўрмаётганлари ҳечдир, Аллоҳни кўрмаётганлари фожеадир. У яратган дунёда юриб, уни танимаётганлари фожеадир. «Мен гизли бир хазина эдим, ошкорланишни истадим» дейди Аллоҳ ва ўзининг акси бўлган дунёни бор қилади (Жалолиддин Румийнинг «Ичингдаги ичингдадир» асаридан).  Дунё – Аллоҳ чеҳрасининг аксидир, акси шу қадар гўзал бўлса (ахир, дунё деб кимлар ўзини йўқотмади?!), Аллоҳнинг ўзи қанчалар гўзалдир.
Афсуски, одамлар аксига – ўткинчи дунё жилвасига ошиқ бўладилару, Аллоҳни кўра олиш учун тариқат машаққатиини чекишга интилмайдилар. Тариқат йўли машаққатлидир. Ҳамма ўрганган «ҳақиқат»ларга қарши тура билмоқни талаб қилади бу йўл.
Дарвишлар исён эмасми эдилар?! Ҳамма оила қурса, улар тоқ яшардилар. Ҳамма уйда яшаса, улар қабристонларда тунни тонгга улардилар. Ҳамма ялтироқ либосларга бурканса, улар жандага ўранардилар. Ҳатто кийим, ҳаракатда бошқаларга тескари эдилар. Аллоҳнинг жамолига етиш йўли ана шу терслик орқали эмасмикин?!
Ҳечи мо не-ю, ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам не.
Жанда бар пўшту пушт – гўристон,
Рўзе, ки мирем мо, мотам не.
Баҳоваддин Нақшбанд (Н. Комилов, «Тасаввуф», 1-китоб, 8-бет).
Ҳечимиз йўғу ҳечимиз кам эмас,
Ҳечимиз йўқи бизга ғам эмас.
Жанда – кафану уйимиз – гўристон,
Биз ўлган кун ҳеч мотам эмас.
(Таржима бизники – К.Б.)
Нақшбанднинг бу нолаларидан аёнки, тасаввуф аҳли бу жилвагар дунёга боғланган ришталарни бир-бир узганлар. Дарвишнинг ҳеч нарсаси йўқлигини у овқат емаган, кийим киймаган деб тушунмаслик керак. Дарвишлар овқатни нафс талаби билан емаганлар. Кийимни чиройли кўриниш учун киймаганлар. Овқат қаноат билан ейилган. Кийим баданни беркитиш учун кийилган. Кийимни – кафанга, уйни қабрга менгзаганлари уларнинг ўлимга – Аллоҳнинг даргоҳига боришга ҳамиша тайёр эканликларини билдиради, шунинг учун ўлим куни ҳам уларга мотам эмас.
Аллоҳни ақл билан тушуниб бўлмайди, уни қалб билан тушуниш мумкин. Аллоҳнинг йўли – ақл талпинаётган томонда эмас, қалб талпинаётган жойдадир, эҳтимол.
Ақл чегаралидир. Энг ақлли одамнинг ақли ҳам дунёнинг кўп жумбоқларини ечишга келганда ожиз қолади. Ақлни тажриба беради. Ўқиб, ўрганиб ақлли бўлиш мумкин. Ақл билан бу дунёни англаса булар, аммо муайян бир чегарага келганда, ақлнинг ваколати тугайди.
Ақл тирикликнинг, ҳаётнинг, борлиқнинг сирларини очишга ёрдам берар, аммо йўқликнинг, ўлимнинг ва абадиятнинг сирларини очишга ожизлик қилади.
Ақл чегаралангандир, қалб – чексиздир. Ақл тугаган жойдан қалб бошланади. Ақлга сиғмаган нарса кўнгилга сиғади. Ақл бизга тегишлидир, қалб Аллоҳга тегишлидир. Ақлнинг боши ва охири бор.
Гўдак бирор онгли иш қилса, ақлини танияпти, деймиз. Аммо унга кўнгил туғилганидан берилган эди. У нималардандир изтироб чекиб, чинқириб йиғларди. Инсон ўлмай туриб ақлидан жудо бўлиши мумкин, ундайларни телба дейдилар. Аммо ана шу «телба» ҳам ўлганча кўнгли билан бўладир, ўзича йиғлаб, куладир.
Инсонни Аллоҳ чириган тупроқдан бор қилди. Одам ўлади ва тани бир кун тупроққа айланиб чирийди. Одам тупроқдан руҳга қўшилиб бунёд бўлади-да, ман-манликка берилади – яхши есам, яхши кийинсам, дейди, амалга мингиси келади, қўйиб берсанг – қолган ҳамма унинг қули бўлса… Ҳолбуки, одам – омонат, у ҳавас қилаётган дунё – ўткинчи.
Одам бир куни ўлишини билади, тупроққа аралашиб, қурт-қумурсқаларга таланиб ётишини ўйлаб қўрқувга тушади – аммо бу қўрқув дунёсеварлик ҳосиласидир. Қўрққани сари банда ўзини ботир кўрсатишга тиришади. Дарвишлар эса ўлимдан қўрқмайдилар, Аллоҳдан қўрқадилар.
Афлотуннинг «Мусоҳабалар» китобида айтилишича, Суқрот ўлим тўшагида ётган дўстининг: «Кўзимга кўринмоқдаки, куним битган – эрта индин ўламан, қабрда илон-чаёнлар ўрмалаб келиб чақадилар, қуртлар бармоқларимни кемирадилар», – деган ноласига шундай таскин беради: «Сен бундан икки юз йил аввалги ёмғирда ивиганмидинг?! Йўқ! Сен беш юз йил аввалги жангда ярадор бўлганмидинг?! Йўқ! Нега? Чунки сен ҳали туғилган эмас эдинг. Туғилганингдан аввалги ёмғирда ивимаганинг каби, туғилганингдан олдин юрт бошига келган касалликка чалинмаганингдек, ўлганингдан кейин ҳам бўлмайсан. Ўлганингдан кейин бу дунёнинг ёмғири-қори, қурти-қумурсқасининг сенга алоқаси бўлмайди», – деб таскин беради.
Эпикурнинг фикрича, ўлимнинг одамга дахли йўқ. Сен тириксан, демак, ҳали ўлимнинг сенга алоқаси йўқ. Агар ўлсанг, йўқсан – яна азоб чекмайсан. Қайси мурда азоб чекади?! Ўликлик – ҳар қандай ҳис-туйғудан холиликдир, ҳаракатсизликдир.
Тўғр-да, дунё сенгача ҳам миллион йиллар бор эди. Йилт этиб, келасан ва у ёқ-бу ёққа тузукроқ қараб улгурмай, ўтиб кетасан. Яна миллион йиллар дунё сенсиз жойида қолаверади. Нуҳ алайҳис-салом бойлик тўпламаганлар, бир чайла қурганлар, мўъжазлигидан оёқ узатиб ухласалар, оёқлари чайланинг ташқарисида чиқиб турарди. Шу чайлада беш юз йил яшаганлар ва ўлар чоғи Аллоҳга: «Агар умрнинг шу қадар қисқалигини билганимда, шу чайлани қуриб ўтирмаган бўлардим», – деганлар.
Сўфийлар ўлимдан қўрқмайдилар, чунки бу ясама дунёни севмайдилар, уни Яратганни севадилар. Улар негативни эмас, позитивни – Ҳақни севадилар. Бу дунёдан олдин ҳам, кейин ҳам бор бўладиган Дунёга – Аллоҳга ошиқдирлар.
Одамлар Дунёга меҳмондирлар, бирин-кетин бу четидан кириб, бирин-кетин у четидан чиқиб кетаверадилар. Аммо аксарият одамлар ўзларини бу дунёга минг йилга, эҳтимол, мангуга келгандай тутадилар.
Аллоҳ акбардир, бизнинг чекланган ақлимизга сиғмайдир, чексиздир. Аллоҳни сиғдиролмаган ақлимиз шубҳаларга борадир: «Аллоҳ бўлиши мумкин эмас», «Уни ҳеч ким кўргани йўқ», «Агар бор бўлса, бирорта одам кўрарди»… Биз ҳамма нарсага сабаб ахтарамиз, исбот истаймиз. Ҳолбуки, Аллоҳни шартсиз севмоқ жоиздир. Аллоҳнинг борлигига исбот сўраётган, нега кераклигини, зарурати бор-йўқлигини талаб қилаётган ақл бу дунёнинг маҳсулидир, у дунёни бу дунёнинг қаричи билан ўлчайдир.
Аллоҳ бу дунёнинг ўлчовига сиғмайдир. Аллоҳ чексиздир, тасаввурдан-да ташқаридир. Аллоҳ қалбга сиғадир. Аллоҳ – қалбдадир.
«Дил – ба ёру даст – ба кор», яъни «Қалб – Аллоҳда, қўл – ишда» – дедилар Нақшбанд.
Қалб – Аллоҳ бандаларга инъом этган мўъжизадир, Аллоҳ қалбнинг қудрати орқали ҳам бандага ўзининг қудратини намоён қилади, қалб ақл билан тушуниладиган воқеа ва ходисаларнигина эмас, ақл бовар қилмайдиган нарсаларни ҳам сиғдиришга қодирдир. Очиқ чеҳрали, муроса-ю мадорали одамни кўрсак, «бағрикенг одам», «кўнгли кенг инсон» деймиз. Ана шу бағрикенглик демократиянинг асосидир. Демократия турли фикрларни чидаб эшитмоқ, халқни унинг иродасига мос йўллар билан бошқармоқ демакдир.
Мо ин кор накунем,
Аммо инкор накунем.
Баҳоваддин Нақшбанд. «Маноқиби ҳазрати Нақшбанд»дан (Н.Комилов,              «Тасаввуф», 1-китоб, 107-бет).
Бу ишни зинҳор қилмаймиз,
Қилганни инкор қилмаймиз
(Таржима бизники – А.Б.)
Баҳоваддин Нақшбанднинг бу ҳикматлари тариқатнинг бағрикенглик тамойилини намойиш этади. Биз ўзимиз қилмаган ишни, ўзимиз англамаган фикрни инкор қилмаймиз, уни тушунишга ҳаракат қиламиз, дейдилар Нақшбанд. Демократия, эрк, ҳурфикрлик ана шу тасаввуфий бағрикенгликнинг ижтимоий намоёнидир.
Бағрикенглик демократиянинг асосидир. /арб файласуфлари демократияни «ижтимоий шартнома», «жамоатчиликнинг мулоқоти», «диалог» деб атаганлари кўп ўқимаган кишиларга янги фикрдай туюлади. Аммо аждодларимиз буни аввалроқ айтганлар.
Баҳоваддин Нақшбанд деганлар: «Бизнинг тариқатимиз суҳбатдир ва хилватда шуҳратдур ва шуҳратда офатдур. Хайрият жамъиятдадур ва жамъият суҳбатдадур». (Баҳоваддин Нақшбанд. «Маноқиби ҳазрати Нақшбанд»дан. Нажмиддин Комилов, «Тасаввуф», 1-китоб, 107-бет).
Коммунофашистик жамиятда «диалог» эмас, «монолог» ҳукмрон эди. Коммунистлар фирқасини ҳам «монолит партия» дейишарди. «Бир ёқадан бош чиқарайлик» деб бошқача фикрлайдиган ҳар қандай бошни кесиб ташлашарди. Мажлисларда Раёсат тепада ўтирар ва буюрарди, халқ пастда турар ва итоат қиларди. Жамиятда диалог – суҳбат йўқ эди. Оқибатда даҳрий давлат инқирозга юз тутди. Жамият ривожланиши учун тенглик, суҳбат керак. Халқ фикрининг узлуксиз инкор қилиниши оқибатда иштиёқни сўндиради, ижодкорликни барбод қилади, жамият ривожланишдан тўхтайди. Фикрлар инкор қилинадиган, онг ривожланмаган жамиятни турғунлик ўз домига тортади.
Буни англаган Баҳоваддин Нақшбанд: «Бизнинг тариқатимиз суҳбатдир», – дедилар. Суҳбат томонларнинг тенг туриб гаплашишини тақозо қилади. Одам ўзи қўрқадиган одамнинг олдида очилиб ўтиролмайди, кўнглидагини айтмайди. Суҳбат суҳбатдошларнинг тенг мақомини талаб қилади. Демократиянинг тамойили ҳам шу – унга ҳокимият тармоқларининг тақсимлангани ва бир-бирига тенглиги, ҳеч бир ҳокимият тармоғининг яккаҳокимлигига йўл қўйилмаслиги, жамоатчилик назоратининг самаралилиги, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги, ижтимоий фикрнинг бехадик ривожланганлиги  муҳимдир.
Яккаҳокимлик – ўзини бошқалардан ажратишдир, худбинликдир, Нақшбанд айтган «хилват»дир. Хилват шуҳратпарастликка олиб келади. Шуҳратпарастлик эса халқ учун офат келтиради. Яккаҳокимликнинг аччиқ оқибатини кўра олган Нақшбанд шунинг учун «хилват шуҳратдур ва шуҳрат офатдур» дедилар.
Бугун демократик давлат қурмоқчи бўлганлар «фуқаролик жамияти», «кучли давлатдан кучли жамият сари» деган шиорларни эълон қилмоқдалар. Нақшбанднинг таърифича, ҳақиқатан ҳам барча яхши ишлар, эзгулик, «хайрият жамъиятдадур ва жамъият суҳбатдадир».
Фуқаролик жамияти суҳбат мақомини – ҳамманинг тенглиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини талаб қилади.
Аллоҳ қодирдир, унинг қудрати чексиздир, мўъжиза унинг ваколатидир, бизга имконсиз туюлган нарса Аллоҳга осондир, биз чорасиз турган жойда Аллоҳ учун муаммо йўқдир.
Аллоҳ бизнинг ақлимизга сиғмаган хатти-ҳолларга ҳам қодирдир. Агар биз Аллоҳга яқин бўлишни, унинг жамолига муяссар бўлишни, унинг сирларига ошно бўлишни истасак, эҳтимол, ақлимиздан чиқишимиз керакдир, яъни Аллоҳнинг борлигини исботлашга уринмай, унга сабабият, зарурат изламай, Яратганни қалб билан севишимиз лозимдир. Шунинг учун Аллоҳга ошиқ бўлганлар бизга ақлсиз кўринар, биз уларни «девона», «дарвиш», «телба» атармиз, «ақлсиз» дермиз. Аллоҳ сари йўлдан бу ёлғон дунёда орттирилган ақл чалғитар, эҳтимол.
Аллоҳ тасаввурга сиғмас мўъжизадир ва унга етишиш учун биз ақл бовар қилмайдиган имконсиз йўлдан – ақлсизлик, ошиғу девоналик йўлидан юришимиз керакдир.
Бизни узоқ ўқитган устозларимиз: «Ҳеч нарса бежиз бўлмайди», – деб келдилар. Бу «тарбия»нинг таъсирида биз ҳамма нарсадан фойда ахтарадиган, ҳамма нарсага сабаб излайдиган бўлиб қолдик. Бу шубҳалар бизни Аллоҳдан ҳам узоқлаштирди. Аллоҳга яқинлашиш учун биз «ҳамма билган йўл»дан эмас, «ҳеч ким билмайдиган» йўлдан – ақл бовар қилмайдиган тариқат йўлидан юришга ўрганишимиз керак.
Ақл бовар қилмайдиган йўллардан юрганлар – Аллоҳнинг беғараз ошиқлари бўлган дарвишлар, қаландарлар бизга телба туюладилар, уларнинг қилиқларини қабул қилолмаймиз, ҳолбуки, улар ақлнинг қули эмаслар, қалбнинг йўриғидадирлар.
Аллоҳ одамнинг ақлига сиғмайди.
Яратган яратилганлардан қудратлидир.
Яратган ўзи яратган нарсасини истаган куйга сола олади.
Одам Аллоҳга, унинг қудратига ишонмагани билан Аллоҳ йўқ бўлиб қолмайди. Аллоҳ барибир мавжуддир, бизнинг тушуниш имконимиздан ташқаридадир.
Аллоҳга ибодат холис ният ва ихлосни талаб қилади. Жалолиддин Румийнинг «Фиҳи мо фиҳи» асарларида келтирилишича, бир киши мавлонодан сўрайди: «Намоздан ҳам афзалроқ ибодат борми?!» У киши жавоб берадилар: «Намознинг жони (руҳи) ўқилган намоздан яхшироқдир (яъни, тил билан пичирлаб чиқарилган товуш ва сўзлар эмас, дилдан кечгани – А.Б.). Иймон намоздан устундир, чунки намоз – кунда беш маҳал, иймон эса истисносиз ҳамиша (ҳамма вақт, ҳар лаҳзада, хар нафас кирган-чиққанида – А.Б.) фарздир. Намоз узрли сабаб билан қолдирилиб, фурсат  бўлиши билан адо этилиши мумкин. Иймон учун узр (бироз иймонсиз бўлиб туриб, кейин иймонга «қайтиш» – А.Б.)) йўқ. Намозсиз иймоннинг фойдаси бўлади. Аммо иймонсиз намознинг фойдаси йўқ… Намоз ҳар динда турлича, иймон эса ўзгармасдир» (Мавлоно Жалолиддин Румий, «Ичингдаги ичингдадир».Тошкент, «Ёзувчи», 1997 йил. 34-35 бетлар).
Аллоҳ дил билан танилади.
Бу тавхид, яъни «Ла илаҳа иллалоҳ»нинг маъносини билиш ва (тилда эмас) дилдан тасдиқлашдир. Аҳли суннат вал-жамоат уламолари тавҳидни шундай шарҳлайдилар: Худойи таоло бор ва у ягона. Унинг бирлигига шак-шубҳа йўқ. Унинг шериги ва ўртоғи йўқ. У мутлоқ мавжуд бўлган ва қоим тургувчи бир зотдир. Аллоҳнинг буйруғи бўлади ва ундан ҳеч ким қутулиб кетолмайди. Аллоҳнинг зотида собит бўлган азалий ва абадий саккиз сифати бор: ҳаёт, илм, қудрат, басар (кўриш), самъ (эшитиш), ирода, калом, таквин (йўқдан бор қилиш, бордан йўқ қилиш).
Аллоҳнинг ҳаёти ибтидоси ва интиҳоси бўлмаган, ўлчовсиз, абадий ва азалий ҳаётдир. «Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам У (Аллоҳ)дир («Қуръони Карим», Ҳадид, 3). Дунё пайдо бўлганидан олдин ҳам у бор эди, Дунё тугаганда кейин ҳам бўлади. «Барча мавжуд нарсалар йўқ бўлади, илло Аллоҳнинг ўзи боқий қолади» («Қуръони Карим», Қасос, 88).
Аллоҳнинг илми махлуқнинг илмидан фарқ қилади. Одам аввал билмаган нарсасини билса, «билдим» дейди. Аллоҳ билмаган нарса йўқ. Аллоҳ аввал бўлган нарсани ҳам, бўлаётган нарсани ҳам, кейин бўладиган нарсани хам, бўлмайдиган нарсани ҳам, ошкора нарсани ҳам, махфий нарсани ҳам билади. Аллоҳ нафақат тилимиздагидан, балким дилимиздагидан ҳам хабардордир.  «Аллоҳ учун еру осмонда бирор нарса махфий эмасдир» (Қуръони Карим», Иброҳим, 38).
Аллоҳ қилиб бўлмайдиган ишни қилишга қодирдир ва буни тушунишимиз учун биздан ҳам имконсиз шижоатни – тасаввуримизга сиғмайдиган нарсани қалбга сиғдиришни, Аллоҳни танишни талаб қиладир.
Бу талабни бажара олдикми-йўқми, қанчалар эътиқодимиз беғараз, иймонимиз мустаҳкам?! Билмадик. Аллоҳ биладир. Ақлимиз қанчалиги бизга аёндир, эҳтимол, гарчанд «ақли камлиги»дан нолиган одамни кўрмадик, аммо қалбимиз ёлғиз Аллоҳга аён.
Ҳар ҳолда менинг тушунганим шу бўлдики, Аллоҳ сари йўл – бу дунёда «қабул қилинган», «ҳамма биладиган», «оқилона», «тажрибадан ўтган» йўллар эмас, қалб орқали бориладиган, бу дунёдан юз ўгириб, эҳтимол, у дунёдан ҳам юз ўгириб, фақат Аллоҳ жамоли умидида юриладиган эътиқод йўлидир.
У дунёда ҳам юз ўгириш деганда шуни тушуниш керакки, у дунёнинг «жаннати» умидида Аллоҳга топиниш ҳам ҳақиқий сўфий наздида таъмага қурилгандир.
Аллоҳнинг ошиқлари фақат Аллоҳнинг жамолига талпинадилар.
Яна билмадим. Аллоҳ билади.
Омин! Аллоҳу акбар!

19 декабрь, 2007 йил

Абдулкарим БАҲРИДДИН

karimbahriev.com