Улуғ Туркистон фожеаси: 8-бўлим

Улуғ Туркистон фожеаси: 8-бўлим
27 views
07 August 2013 - 15:03

АЖОЙИБ БИР ВОҚЕА 

i1885 йили январ ойинда Ислом жамиятига мансуб муфтий ҳазрат вафот этди. Уфа шаҳрида дафн қилинди Раҳматулоҳ алайҳи. Ўрниға ўлтиришга кўб кишилар рағбат қилдилар. Аммо муфтийларини тайин қилиш салоҳияти фармони шоҳона ила ҳукми нофиз мусташриқларнинг қўлида эди. Биноан алайҳ мусташриқлар бир-бирларила кўришиб, машваратлашиб, сўнгра ўзларининг маром ва мақсадлариға мойил бўлғудек, дуторлариға ўйноғудек дасисаларини юргузадургон мошиналариға олат бўлғудек бирини тайин қилиш одатлари бор эди. Бу хусусда бош рўлни ўйнайдурғонлардан бири мусташриқ Николай Иванович Илминский, яна бири Константин Петрович Победантсўфдур. Бу икови Ислом миллатига замонасининг биринжи зарар берувчиларидур. Бу иковлари ҳеч фарқсиз бири Фиръавн, яна бири Абу Жаҳлни том ўзидур. Бу икки иблисни ораларинда бўлғон хат ва китобатни намуна ўлароқ ёзилди. Шояд бу икки Ислом душманларининг фикрларидан, русларнинг мусулмонларга қилғон ва қиладурғон адоватларини, малъунликларини муҳтарам диндошларимиз ўқуб, кўбгина маълумот касб этсалар, ажаб эмасдур. Собиқ муфтийнинг вафотини мутаоқиб мусташриқ Илминскийнинг мусташриқ Победантсўфга ёзғон 18.2.1885 сана м. тарихли мактубини айнан таржимаси:

Санга бир сирни билдирмоқчиман. Шул шарт биланки, жуда ҳам эҳтиёт қиласан. Мумкин қадар ёширасан. Билғилки, янги муфтийни интихоби учун газеталар номзод ёзишда от чопишмоқдадурлар.

Ислом жамиятининг раёсатида муфтийликга бўлғон номзодлар ичида Қозон олимларидан муфтий сайлаш маъқул эмас. Зеро, улар мутаассибдурлар. Аммо Чингизни муфтий бўлиши нисбатан бир даража фарқлидур. Ва лекин бошқача зарарлари бордур.

Масалан, у мутамаддин, насаб соҳиби ва ҳам ҳасабда машҳурдур. Соҳиби насаб ва соҳиби сарват(бойлик)дур. Бу жиҳатлардан мусулмонларга шарафни мерос қила биладур. Яна бир тарафдан қирғиз ва қозоқ қавмлариға таъсир қилинишдан тақвия Ислом ила нуфузини ортдиришиндан андиша қилинадур.

Агар ҳукумат жамияти исломияни лағв (бекор) қилса эди, ниҳоят яхши бўлур эди. Аввалги интихоблардаги муфтийлар мутаассиб эрдилар. Манинг фикримча русчани дуруст адабиётини билмаган бирини муфтий бўлиши гарчи мутаассиб бўлса ҳам рус тилини ва унинг маданиятини билғон бирисиндан афзалдур. Хусусан, аҳли шараф, аҳли насаб бўлса, бундоқларидан қўрққулуқ. Агар мусулмонлардан дорул-фунунни битириб чиқғон бўлса, алҳазар-алҳазар бундан ёмони йўқдур. Илминский имзоси. Мусташриқ Илминскийга жавобан садри аъзам Победантсўфни 21.4.1885 тарихинда ёзғон жавоби.

Хатини 12.4.1885да кеч олди. Жавобини ёзишда ҳам кеч қолди.

Маълуминг бўлсинки, Уфадан 120 верст (юз километр) узоқлиғдаги Султонўф оиласи ўз қишлоқларида бир қоч биродардурлар. Мачший қишлоқларида ер-сувлари, мол-мулклари бор, ўрта турмушда яшайдурлар. Бой ҳам эмас, камбағал ҳам эмас. Олий мансаб соҳиблари ҳам эмас, нофизул-ҳукм кишилар ҳам эмасдур. Булардан дорул-фунунни битиргонлари йўқдур. Фақат русча ўқиш-ёзишни яхши биладурлар.

Билдигима кўра, бу оила таассубдан узоқдур. Шунинг учун Ислом жамиятида муфтийликка лойиқдур. Зеро, қўзғолон, тўполон қилишларидан хавф йўқдур, ундан аминдурмиз. Булардан афзали топилмайдур. Шуниси ҳам борки, алар билан қозонликларни ораларинда қаробат йўқдур. Ихтилотлари йўқ, бир-бирлариға эътиборлари ҳам йўқдур.

Аммо Солиҳ Бекчурин бундоқ эмас. Манимча уни муфтийликдан узоқлашдирилиш савобдур ва фойдалироқдур. Буни маориф нозири граф Толстўйга таблиғи лозимдур. Ҳар ҳолда Султонўфни аҳвану шаррайн (икки ёмонликнинг енгилроғи) талаққий эдилса (қабул қилинса) бўладур. Бизнинг динимизда бўлмағон бирини мадҳ этиб бўлмайдур.

Муфтий бўлувчи шахсни белгиси ўзиға кофий келса, раҳбон масиҳий ҳокимлардан илми урфони тубан бўлса бизга кераклиғи шулдурки, Қозон аҳли ва қримликлар муфтийлик мансабидан узоқда бўлсунлар. Чунки алар илмни дўст тутувчи ҳамиятлик ва миллатчи кишилардур. Пўбедантсўф имзоси.

 

САДРИ АЪЗАМ ПЎБЕДАНТСЎФНИНГ 29.4.1885ДА ИЛМИНСКИЙГА ЁЗҒОН ИККИНЧИ МАКТУБИНИНГ ТАРЖИМАСИ 

12 апрел тарихли Бикчурин ила Султонўфлар ҳақидаги машваратомуз мактубинг кеч келди эди. Жавоби 21 апрелда ёзилди эди. Шояд етгондур.

У мактубда муфтийликға Султонўфни таржеҳ қилинғон эди. Илова ўлароқ билғилки, вақтила Шоҳимардон Иброҳимўф ила Петрбурғдан қайтиб Тошкандга келаркан, Қозонда учрашган эдик. Баланд бўйлик, хўб суратлик, ҳайбатлик, маданиятни асари юзидан ҳувайдо бир кишидур. Эшитгонларимга кўра, у киши илм маърифати соясида Осиё луғатларини ва лаҳжаларини анвоини билғонлиғидан ва яна сиёсатлик маҳоратлик бўлуб, ҳар қандай ишларда сўзи иложпазир бўлғонлиғи учун генирол Кауфман даврида соҳиб тасарруф ва соҳиб ихтиёр бир шахсият эмиш. Бунинг устиға Иброҳимўфни мусташор (дестивителний истатиский советник) бўлиши ифодаи маромда фасеҳ сўзларила нутқи томмаси ила рус руҳонийларига ҳеч шубҳасиз ғалаба эҳроз этодурғонлиғи собитдур.

Андиша қилинадурғон тарафларимиз шулдурки, Туркистон ўлкасини марказ идораларинда Шоҳимардонни узоқ муддат бўлғонлиғи недур? Бу шахс ақлила, дироятила у ўлка мусулмонларини аҳволидан хабардордур. У ернинг идоравий ишлариға воқифдур. Дунё мусулмонларини вазиятлариға, мақсадлариға зиёдаси ила огоҳдур. Ақл мезони ила ўлчанадурғон бир одамдур. Мунинг устиға кўб ихтилоти натижасида Осиёдаги қирғизлар, афғонлар, ҳиндулар ва бошқаларни яхши танийдур, яхши биладур.

Шунинг билан баробар иттиҳоди Ислом мафкурасиға ҳақила олимдур. Русчани китобий ва шифоҳий ўлароқ адосиға камоли фасоҳат ила сўзлашға моҳир бир кишидур. Асрий илмлардан хабардордур. Бу шахс илмиға омилдур.

Зарурат вақтида ифодаи маром қилар экон, илми ва маълумоти ила, ҳуррият ила сўзларкан, ҳар қандай ҳокимни гаф билан ўраб кетиб, ўз йўлиға юргуза оладурғон қудрати бордур. Бу эса у зотни ёшириб бўлмайдурғон хислатларидандур.

Ва яна ҳокимларимизни ҳузурида ҳар хил бобдан ва ҳар хил фасллардан баҳс очиб, ҳокимларимизни мақом даражалариға кўра таъзим ила кўзларини пардалай биладурғон ҳокимларнинг закосини, зеҳнларини ўтмас қиладурғон бир донишманддур. Хулосаи калом собиқ муфтий бу Шоҳимардоннинг олдида бир шай эмасдур.

Сўзимнинг мухтасари шулки, бундоқ одамлар ва ўхшашларини бизнинг йўлимизга мойил қилиш мумкин эмасдур.

Бизга шундоқ одам бўлсаки, тилимиз билан, қўлимиз билан ўз тарафимизга бура билсак. Шундоқ одам бўлсаки, русча сўзлағонда сўз орасида баъзи хатиоси чиқуб хижолатлиғидан юзи қизарса. Хато ёзғонда ғалат ёзиб маҳжуб бўлса, кичикроқ рутбадаги ҳокимларимизни кўрғонда ҳокимнинг ҳайбатидан қўрқуб, волийни кўрғондаги ҳолдан зиёдароқ елкаси титраб турса.

Ман бу кўрушларимни тажриба ила эмас, ақл тақозосича ёздим. Магар савобдан ҳам узоқ эмас. Зарар ҳам келмас. Бу қадарла иктифо қилинди.

Пўбидантсўф имзоси

Икки рус мусташриқларининг мукотабалари тамомланди. Бу ажиб иборат, ғариб таълимотдан ибрат олиш, ҳукм чиқариш муҳтарам ўқувчиларга оиддур. Қисқача айтилгонда русларнинг истағон муфтийлари ва бошқа маъмурлари фақат кўр кишидек очиқ кўр бўлсун. Руслар ҳамиша етаклаб юрсун. Шундоқ боқар кўр бўлиши лозим. (Рус маданияти шулдур).

 

РУС МУСТАШРИҚЛАРИНИНГ СИЁСИЙ ФАОЛИЯТЛАРИДАН ЯНА БИР НАМУНА 

Марғилон шаҳрида Оқ Подшо Туркистондан аскар олар эмиш, деган сўз халқ ичида тарқалиб, ҳамма баробар қўзғолонга ҳозирланган музабзаб бир замонда Сим (Искобил)даги воли (губернатор) дабдабалик муҳофаза аскарлари билан Марғилонга тушди.

Волий аскарларини Ўрда тагиға тўхтатиб, ёвари бирлан қозихонага кирдилар. Ёвар қози домлага одоб билан салом берғондан кейин қози домлани зиёратлари учун губернаторнинг келғонлиғини, майдонлиқда кутиб турғонлиғини билдирди. Бу зиёратнинг даҳшатидан титраган қози ҳамма ишларини тўхтатиб, чақирилмағон меҳмоннинг истиқболиға югурди.

Госпадин губернатордан қўрқуб-қўрқуб иззат-икром ила қаршилади. Қозихонада фақат икковлари холи суҳбатга бошладилар. Хушомади маросимидан сўнгра қозининг ҳаяжонларини босиш учун губернатор сўзга бошлади. Қози домла, мунча изтироб чекасиз, ташвиш қилманг, мени танимадингиз, деди.

Қози жавобан, ўзлари Фарғона вилоятининг губернаторидурлар, лутф буюрдилар, илтифот қилдилар, деди. Губернатор бошидан шапкасини олиб, менга қаранг, энди таниғондурсиз, жанобларининг Бухорода таҳсил замонингизда мадрасада сиз билан шерик бўлуб ўқуғон мадраса орқадошингиз хатимкарда шерикларингиздан фалоний ҳазрат мандурман, сизни зиёрат қилғоли келдим, гарчи ман вазифа эътиборила бугун сизларнинг губернаторларингиз бўлсам ҳам қадрдонлик эътиборила сизнинг дарс шерикларингиздан фалонийдурман, деб ўзини танитди. Икковлари ҳам баробар ўринларидан туриб, қучоқлашиб, бошқадан кўришдилар. Шериклари ҳақида қози домла меҳмоннавозликда бўлди. Суҳбат асносида назокатлик баъзи жумлалар губернатор тарафидан сўзланди. Ниҳоят меҳмон қўзғолди.

Усулан эъзозу икром билан ҳамма баробар даст алифлом туриб, губернатор узатилди. Кетар чоғда губернатор қози домлага хитобан, ўзларини ҳам биз тарафга ташрифлари лозим, гоҳ-гоҳ кўришиб турайлик, деб видолашдилар.

Губернатор билан қози домлани қилғон тарихи суҳбатларидан кейин Оқ Подшонинг фармонидаги аскарлик исми йўқ бўлди. Ҳукумат мардикор оладур, дегон гаплар тарқалди. Шунинг билан халқни исён, ғавғолари ҳам босилди.

Руслар Туркистон ва бошқа ўлкаларни уламоларини идора қилиш ва ҳам аларни нуфузидан истифода қилиш йўлларини яхши билур эрдилар.

Руслар келажак замон учун етиштирадурғон мусташриқлар, мисёнерларини Бухорои шарифда Ислом илмини ўқитадурлар. Рус талабалари ўз исмларини нўғойча Итоятуллоҳ, Ҳидоятуллоҳ, Зийнатуллоҳ, Хайруллоҳ, деб сохта исм билан ўзларини нўғой қилиб кўрсатиб, Бухорода яхши таҳсил кўруб, хатмикарда мулла бўлиб, юртиға қайтадурлар. Бундоқ сохта мусулмон, хатмикарда муллалар мусташриқ бўлуб, Масковни амри билан рус мустаъмаралариға волий, ҳоким ўлароқ ва ё бошқа вазифаларга тайин бўладурлар.

Бундоқ бўлуб етишдирилғон мусташриқлар, мисёнерлар муҳим бўлғон вазифаларини ҳақила бажо келтирадурлар.

Руслар ерли мусташриқлар чиқаришда моҳирдурлар. Аввалан мусулмонларни чўқинтирадур, муртад қиладур. Уни тарбия қилиб, бора-бора уни лаёқат ва садоқатига қараб мисёнер қилиб чиқарадур. Қобилиятликларини мусташриқ қилиб, етиштирадурлар. Ўз мақсадларига ром қилиб, фойдаланадурлар. Чунончи, аслан қирғиз бўлиб, қирғиз чўқиндиларидан чиқғон мусташриқ Налифкин (NALIVKIN) русларга содиқ бир ходим бўлиб етишгон биридур. Туркистоннинг фалокат чуқуриға судраган бош омиллардан бири шундоқ чўқиндиларнинг тутгон йўлларидур.

 

РУСИЯ МУСТАШРИҚЛАРИНИНГ БАЪЗИ ИШЛАРИДА МУСУЛМОНЛАРГА ФОЙДАЛИК ТАРАФЛАРИ ҲАМ БЎЛҒОНДУР 

Нетаким, мусташриқларни тарихда қолдирғон ажойиб фаолиятлари бўлғондурки, бу ҳаракатлари соясида юракларидаги мусулмонлар ҳақида соқланғон кин ва адоватлари юзага чиқиб қолғондур.

Дунё буюнча маълумдурки, Олтин Ўрданинг олтин давриға оид бутун дунё воқеанавислари тарафидан жилд-жилд китоблар ёзилди. Араб муаррихлари, порс тарихчилари кўп асар ёздилар. Туркча ёзилғон тарихлар беҳисобдур. Бу асарларда иқтибос қилинғон Оврупоча тарихларни ҳисоби даҳо кўбдур.

Ҳамма тарихчиларни ёзувларина кўра, Олтин Ўрдага русларни асир бўлиб яшағон замони иттифоқла уч юз йилга болиғдур. Буни рус крўниклари ҳам эътироф этадурлар.

Чиғатой (мўғул) давлати ила руслар орасидаги муҳорабалар ўз замонасида у қадар шиддатлик бўлғондурки, асрлар ўтгандан кейин ҳам мўғулларни Масковга ва бошқа шаҳарларга қилғон ғалаба ва зафарларини Русияга бўлғон сайтаратларини руслар ҳазм қилолмадилар.

Тарихдан силиб бўлмайдурғон мусулмонларнинг истило даврини Масковга бўлғон ҳужумларини эътироф қилмаслик учун рус муаллифлари кўб ғайрат сарф этдилар-да, русларни бир тўққуз мусташриқлари тўплануб, мўғулларнинг тарихий ҳужумларини ним ва ним кола тасбити учун ҳайъатлар қуруб, мусобақалар эълон этдилар ва нашриёт учун ҳайратонгиз буджалар чиқардилар. Турли мулоҳазада бўлиндилар.

Жумладан 1826да Петрбурғда рус илмлар академияси қурулди. Мусташриқ аъзоларидан Шамид, Круг, Фирохн SCHMIOT, KRUG, FRAHN исмлик учлик бир ҳайъат сайланди. Бу ҳайъат исминдан Русияда мўғуллар тарафиндан бўлғон футуҳотни очиқлаб илмий ва тарихий бир асар ёзилиши учун Русия ва Оврупо олимларини мусобақага чақирилди.

Мусобақада ўзган муаллифга мукофот ўлароқ юз олтун, китобнинг ёзилиши учун уч йил муддат тайин қилинди. Бу муддат ичинда мавзуга оид ҳайъатга келгон китоблар, ёзувлар академия ҳайъатича мақбул бўлмади, эътибор қилинмади, рад қилинди.

Академия ҳайъатининг бу ташаббуси ўзаро кутилган натижани бермади. Маа ма фийҳи (шунга қарамасдан) ҳайъат вазифасида давом этди. Олти йилдан  кейин 1832да ҳайъат мазкура такрор мусобақага киришди. Бу дафъа шарқий Оврупони мўғуллар тарафиндан фатҳи, дегон мавзуда мусобақа эълон этди.

Бу мусобақада ҳам мавзу кенгайтирилди. Ҳам мукофот, жоиза зиёда қилинди. Асарда биринчи келганларга икки юз олтун мукофот тайин қилинди. Асарни мавзуи Олтун Ўрдани танқид қилиб, тарихини ёзиш. Бунинг учун бир тарафдан шарқ тарихшуносларига, бил-хосса Ислом муаррихлариға бу сулоланинг хонлариға, амирлариға оид саккаларга дигар тарафдан қадимий рус Можарлаҳастон (Пўлуния) ва бошқа воқеанависларининг ҳам муосир Оврупо олимларининг асарларида рост келғон маълумотларга мурожаат қилиш кераклиғини буларга эътино қилиш (эътибор бериш) лозимлиғини билдирғон муҳим бир баённома (ропўр) ҳайъатнинг раиси FRAHN тарафиндан нашр қилинди.

Ропўрда ҳамма нарсага вақт қилинди. Аммо Олтун Ўрданинг тарихи ҳақида ўртага қўюлғон масалалар орасида ижтимоий ва иқтисодий масалалар бутунлай эҳмол (бекор) қилинди.

Уч йилдан кейин мусобақага киришган олмон мусташриқи Ҳоммер Пуростол HOMMER PURGSTAL тафарфиндан 1272 саҳифалик муаззам бир асар ҳозирланиб, Петрбурғ рус илмлар академиясиға тақдим этилди. Ҳайъат бу асарни қийматини, мазийятини қабул этди. Ва лекин икки юз олтун мукофотни бермади.

Рус илмлар академия ҳайъатидан ҳусни қабул кўрмагон олмон муаллифининг ҳимматила тўрт йилдан кейин  GESCHICHTE DER GOLDENEN HAROE IN KIPTS CHNAK VON HOMMER PURGSTAL исмида рус илмлар академия ҳайъатининг ропўри ила ва ҳам муаллифнинг шиддатлик мудофаасини муҳтавий (ўз ичига олган) бир китоб босилиб, бутун дунёга тарқатилди.

Бу китобни тақдир ва таҳсин қилғон машҳур муаррих Якубовскийнинг “Олтун Ўрда” исмли китобида ушбу жумлайи жамиласи мастурдур:

Бу мусобақадан юз йил кечгондан кейин кўб камчиликларига рағман Ҳоммернинг бу асарининг бир инкишоф ташкил этгонлиғини ва яна Фрохн FRAHN каби бир илм одамининг раёсатидан бўлғон илмий бир ҳайъатнинг тасвибиға лойиқ эконлиғини баён қилишга ҳақлимиз.

Рус илмлар академияси зикр қилинғон икки мусобақада комёб бўлолмади. Муродига етмади. Учинчи мусобақага жасорат қилолмади. Шундай бўлса ҳам Олтун Ўрдада мўғул тарихига оид жастижўларида давом этди. Ҳар хил мажмуалар, рисолалар, китоблар чиқариб, ёзувчиларни ташбеъ қилиб турди.

Бу орада Олтун Ўрданинг иккинчи пойтахти сарой Баракахон атрофида бошланган ҳазриёт натижасида қўлға келғон осори атиқалар, ёдгорлар, ёдгорлар воситасила кўб маълумотлар кашф этилди. Дигар тарафдан рус мусташриқларининг ижтимоларила Олтун Ўрда тарихига воқиф бўлиш учун саъйи ҳаракатлар давом этдилар.

МУСО ТУРКИСТОНИЙ

(Давоми бор)