Манфаатий “биродарлик”

Манфаатий “биродарлик”
77 views
12 August 2013 - 9:42

“Донишмандликнинг олий мақоми – бу яхшилик билан ёмонликни ажрата олишликдир” –  деган эди қадимги давр файласуфи Суқрот. Инсоннинг яхшилик билан ёмонликни ажрата олиши эса ниҳоятда қийиндир. Боиси, кимлар яхшилик деб биладиган бир амал, бошқа биров учуш нафақат ёмонлик, ҳаттоки ваҳшийлик ҳам бўлиб чиқиши мумкин. Ва худди шунинг акси ҳам. Демак, гап ҳар бир инсоннинг яхшилик ва ёмонлик орасида шаклланган тушунчасига боғлиқ бўлиб қолади.

SaveҲар инсон борки, у ўз ҳаёти давомида турли яхшиликларни кўрганидек, турли ёмонликларни ҳам бошидан кечиради. Инсон тафаккури эса аксарида яхшиликларни эмас, балки ёмонликларни ёдда сақлашга мойилдир. Баъзи ҳолларда кимдир томонидан қилинган қандайдир зулм кишининг хотирасида бутун умр сақланиб қолади. Шу сабаб ҳам, кўплаб халқларда бировга, айниқса ёшларга  ўгит берилганида “ёмонлик қилма” дея уқтириб борилади. Токи кимдир биров бошқа бировдан зулм кўриб қолмасин ва бутун умри давомида ўша зулмнинг зардоби билан яшамасин.

Дини Исломда ҳам шу каби ўгитлар бор ва бировга ноҳақдан зулм қилган мусулмоннинг ибодатлари ҳам қабул бўлмаслиги айтилади унда. Токи у зулм кўргувчини  рози қилиб олмас экан, гуноҳидан фориғ бўла олмайди ҳам. Акс ҳолда зулм кўрган одам қиёматда золимдан ўз ҳаққини олишлиги билан огоҳлантирилади унда.

Инсоният қачон шаклланди ва нималарга эриша олди?  Албатта бу борада турли қарашлар ва турли ёндошувлар мавжуд бўлгани ҳолда, ҳалигача уларнинг бирортаси абсольют аниқликни касб эта олгани йўқ. Инсоният тараққиёти даврида унинг ютуқлари  бўлгани каби, ютқизиқлари ҳам оз бўлмади. Аммо XX асрда инсоният эришган энг катта ютуқ деб йирик урушлар оловининг буткул сўндирилганини айтишимиз мумкиндир. Бу билан инсонлар ирқи, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, бир бирларига биродар эканликларини уқтириш ҳаракатлари ҳам бошлаб юборилди. Аксар ҳолларда бундай таълимот ижобий натижаларга олиб келган бўлсада, бироқ барибир қайсидир бир миллат ва қайсидир бир элат учун бу таълимотлар ёвузлик тимсоли бўлиб қолмоқда.

Тараққиёт инсон камолити маҳсулидир. Тараққий этган миллатлар ва халқлар эса бугун дунё сиёсатини, шу билан бирга унинг келажагини ҳам белгилаб берааяпти. Ўтган XX аср техника асри бўлган бўлса, эндиги XXI аср эса технологиялар, нанатехнологиялар  асри бўлиб турибди. Бугунги технологияларни кузатарканмиз, у билан бирга инсон тафарркури ҳам ўзгариб бораётганлигини анламай иложимиз йўқ. Минг йиллар давомида инсонлар турли миллатларга, элатларга бўлиниб яшаган бўлса, ҳозирда бу каби бўлинишлар ўтмишга айланган. Шунингдек, кўпчиликни ажаблантираётган ҳол, инсоният жинсда ҳам бир бирини фарқламай қўяётгани бўлаяпти. Бу кетишда келажак нима бўлади? Келажак шу бўладики, юксак тараққиётга эришган ўша миллатлар йўқ бўлиб боради. Кимлардир томонидан ҳозирда айни шундай фикр мулоҳазалар билдириларкан, “келажак энди мусулмонларники” дея даъво қилаётганлар ҳам оз эмас. Лекин шундай бўлармикан? Қайдам?

Собиқ Совет ҳудадларида таниқли рус сатирачиси Михаил Задорновни билмайдиганлар бўлмас керак албатта. Мана шу сатирачининг шундай бир сўзи бор: “Дунёда яхши одамлар кўп, аммо ёмонлар жуда яхши бирлашишган”. Бу  кесатиқ остида айтилган сўзлар аслида ҳақиқатдир. Яхши одамларни, ҳамда ёмонларни бугун унинг қайси динга, ёки партияга мансублиги билан аниқлаб олишнинг ҳам иложи йўқ энди. Яна шуниси қизиқи, яхшилик билан ёмонлик абсольют бўлмагани учун ҳам ким яхшию, ким ёмон эканлиги  ноаниқ қолаяпти.

Пайғамбаримиз бўлган Муҳаммад саълоллоҳи аълайҳи вассалам томонидан айтилган ҳадиси муборакларнинг бирида шундай дейилган: “Мусулмон – бу бировга на қўли билан ва на тили билан озор бермайдиган шахсдир”.

Бироқ шундай зотларни кўраяпмизми? Ҳа, кўрамиз гоҳида, аммо бу тоифа инсонлар мусулмонлар орасида ҳам, ўзга динга эътиқодда бўлганлар ва умуман динсизлар орасида ҳам кўплаб учрата оламиз. Ҳозирда инсоният яхши ва ёмонга бўлинган экан, унда ёмонлар Михаил Задорнов айтганидек жуда яхши бирлаша олганларини ҳам кузатамиз.

Ҳозирда бизда қандай тушунча шаклланган? Тушунчамизни эса дунёнинг “манфаатлар тушунчаси” деб атасак муболаға бўлмайди. Дунёни ҳозир яхшилик ва ёмонликлар эмас, балки манфаатлар қизиқиши, ёки тўқнашуви бошқариб келмоқда. Кимда куч бўлса айни ўша одамнинг, ҳаттаоки бутун бир мамлакатнинг айтгани бўлади. Масалан АҚШ бугунги кунда дунёда “додахўжалик” қилаётган давлат эканлигини ёш бола ҳам тушунади. Айни мана шу “додахўжа” мамлакат дунёда нима ишлар қилмади дейсиз. Дунёда таъқиқ қўйилган оммавий қирғин қуролларини қўллаган ягона мамлакат ҳам АҚШ дир.

Улар 1945 йилда Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари устида ядро қуролини портлатди. АҚШ  ўтган асрнинг олмишинчи, етмишинчи йилларида Вьетнамда ҳарбий амалиётлар олиб бораркан, химиявий қуролларни ҳам қўллаб бу ҳарбий амалиётгларда иштирок этмаётган тинч аҳолини қурбон қилишгача борди. Янги асримизнинг 2003 йилида эса АҚШ Ироққа боситириб кираркан, унда химиявий қуроллар борлигини баҳона қилганди. Аммо бундай қурол топилмади.

Хулласи калом, АҚШ дан дунё фақат вайронагарчиликдан бошқа бирор нарса кўрмади, аммо бу мамлакатнинг қўли баланд, яхши қуролланган ва фаолиятини фақат ўз манфаатлари йўлида олиб боради. Ким яхши, ким ёмонлиги ҳам қизиқтирмайди уларни, аниқроғи эса, ким яхшию, ким ёмонлигини ҳам АҚШ нинг ўзи белгилаб беради.

Қадимги давр файласуфи Суқротнинг яна бир сўзига эътибор қаратайлик: “Инсонлар орасидаги барча муносабатлар дўстликсиз бирор қийматга ҳам эга эмас” – деган эди Суқрот.

Дўст неча кўринишда бўлишини билмасак керак, аммо душман неча хил бўлишини билмайдиганлар камдан кам ҳолларда учрайди. Биринчи хилдаги душман — бу тўғридан тўғри душманнинг ўзи бўлса, иккинчи кўринишдагиси, дўстимизнинг душмани бўлади. Учинчи кўринишдаги душман – бу душманимизнинг дўстидир. Ҳозирги давр инсонлари айни кўринишлардан келиб чиқиб ўзаро муносабатларни ўрнатсалар ва ўша дўстликка содиқ бўла олсалар ҳамма учун яхши бўларди. Аммо бу кўринишдаги инсоний муносабатлар эса дунёни тағин икки қутбга ажратади, худди совуқ уруш йилларидаги каби. Аммо начораки, ўзга йўл ҳам йўқдек.

Яқин таърихимиз бўлган Совет ўтмиши йилларида ҳам дунё икки лагерга ажралганди ва уларнинг бирида коммунистик ғоя ҳукмронлиги бўлса, иккинчисида капитализм ҳумронлиги ўрнатилганди. Совет давлатининг парчаланиши ортидан совуқ урушга чек қўйилди, лекин ундан ҳам хатарлироқ бошқа кўринишдаги урушга йўл очилди. Балки бу урушни “терроризм ва унга қарши кучлар каолицияси уруши” дейишимиз ҳам мумкиндир. Ажабланарлик томони шундаки, бу янги урушни ўша Совет Иттифиқони қулатганлар келтириб чиқаришди. Улар ўз қўллари билан радикал кўринишдаги исломни бунёд қилишди ва энди кўплар унинг домига тушиб ортга йўл топа олмай қолган. Гапнинг қисқаси, СССР нинг парчаланиши АҚШ учун жуда қимматга тушганга ўхшайди. Чунончи, АҚШ дунёда илгаригидек обрўга эга эмас ва унинг ҳудудлари ичида ҳам террорчи гуруҳлар турли портлашларни уюштириб туришади. Ҳозирда АҚШ ўз фуқаролари оромини сақлаш учун сарфланаётган харажатлар ҳам оз бўлмаса керак.

Инсониятнинг бугунги янги даврида дунёни теология билан бошқариб бўладими? Мана шу саволни Исломий давлат қурамиз дея томоғини йиртаётган ҳар бир мусулмон ўзига бериб кўрса яхши бўларди. Дунё жуда тараққий этди ва бу ривожланиш ҳали ўзининг сўнги нуқтасига етиб боргани йўқ. Дунёнинг мана шу ривожида қайси дин муҳим роль ўйнади экан? Жавоб бир: ҳеч қайси бири! Дунё дин билан эмас, балки аксинча, динсизлик билан ривожланди.

Эсланг, Христиан дини қанақа «кароматлар» кўрсатганди? Черковлар ҳокими мутлоқ бўлиб олган кезларда улар илм-фан тараққиёти йўлига тўсиқ бўлишди. Оқибатда, протестанлик ҳаракатлари бошланиб, XVI -XVII асрларда бошланган реформалар сабаб, черковлар ҳокимияти тугатилинди. Инсоният тараққиётини беланчаги деб балки ўша дамни келтирсак бўлар. Бироқ унгача Исломда илму-фан тарққий этиб келарди. Чунки Ислом дини илм-фанга чек қўймаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саъллолоҳи аълайҳи вассаламдан келган ҳадиси муборакларнинг бирида шундай дейилади: “бир кун толиби илм бўлмоқлик уч ойлик нафл рўзасини тутмоқлик билан баробардир”.

Биринчи касалхоналар, биринчи университетлар (дорилфунунлар), илм – фан асослари айнан Ислом ўлкаларида тарқалиб келган бўлсада, негадир ўрта асрлардан бошлаб Исломда тараққиёт тўхтаб қолди. Мусулмонларнинг кейинги қисматлари нима бўлганлигини ҳаммамиз биламиз. Ваҳоланки, мана шу ортда қолиш оқибатлари жафосини ҳозирда ҳам тортиб келаяпмиз. Ислом ўлкалари хом-ашё сотувчилар, ишчи кучини сотадиганлар, сўнги вақтларда эса улар гастербайтерлар ва ҳакозо, ҳакозолар бўлиб қолишди. Турли тоифа уламолар мусулмонларни фақат ибодатгагина эътибор қаратиши лозимлигини уқтириши ортидан уммат мана шунақа хароб ҳолга келдики, энди оддий инсонийлик ғояларини ҳам қабул қила олмайдиган догмаларга айландик.

Тараққий этган мамлакатлар дунё технологиясининг олдида турган бир вақтда биз сафсата сотишдан нарига ўта олмаяпмиз. Ўша оддийгина яхшилик ва ёмонликни бир биридан ажрата олмайдиган бўлиб қолганмиз. Биримиз биримизга бемалол ёлғон айта оламиз, ёки ҳақ сўзини яшириб қоламиз. Биз билган яхшиликлардан бирига эътибор қаратайликчи. Эмишки, ўғрининг қўли кесилса унинг ярим гуноҳи кетаркан ва умрининг қолган қисмида гуноҳларининг қолган ярмидан ҳам қутиларкан. У бир қўли билан қандай қилиб ишлайди ва қандай қилиб яшайди? Бу қиладиган амалимиз эса бир қарашда яхшилик бўлиб кўринсада, аслида ёмонлик ҳамдир.

Яхшилиги шундаки исломий мамлакатларнинг аксарида ўғирлик йўқ. Қўли кесилишидан қўрққан одамлар бу жиноятни содир этишмайди. Ёмонлиги шундаки, унда савдогарлик қилишни ўргана олмаган одамлар очидан ҳам ўлиб кетаверади. Ахир улар ўғирлик қила олишмайдида. Мусулмонлар учун эса савдогарлик, деҳқончилик, кейин турли хизматлар кўрсатиш соҳаларидан бошқа соҳаларда иш йўқ. Чунки уларда ўзларининг фабрикалари, заводлари, илмий – тадқиқот институтлари йўқ. Токи ғарбнинг ёрдами бўлмас экан, улар бирор нарса ишлаб чиқаришга ҳам қодир эмаслар.

Балки шунинг учун ҳам мусулмонларни фақат тепишар, фақат хўрлашар? Шундай бир янги давр “ҳикмати” бор. Футболь майдонида тепилаётган тўпдан сўраган эканлар: “Нега сени бунчалар тепишади?”. Шунда тўп тилга кириб жавоб берибди: “Чунки менинг ичим бўш-да?”. Дарҳақиқат, ўша тўпнинг ичи бўш бўлмаганида уни ким ҳам тепиб ўйнарди дейсиз. Мусулмон ҳам айни шу аҳволда. Унинг ичи бўш ва шунинг учун ҳам уни тепиб ўйнайдилар. Бу ўйинда мусулмонларнинг ўзлари қурбон бўлишади ва бу берилаётган қурбонлар дунё давлатларини ташвишлантирмайди ҳам. Ироқда, Сурияда, Мисрда, Афғонистон ва Покистонда, қўйингки, дунёдаги исломмий жамоалар яшайдиган ҳар бир мамлакатда мусулмонлар бир бирларини ўлдиришмоқда. Меҳр қани, муҳаббат қани? Афсуски кўзлар кўр, қалблар ғўр!

Дунёда меҳрибонлик ҳақида кўп гапирилади. Ўша меҳрни кўрсатадиганлар кимлар ва зулм кўрсатадиганлар кимлар — бу амаллар олдиндан аниқлаштириб, ажратилиб  қўйилганга ҳам ўхшаб кетади. Масалан, АҚШ да бутун дунёга меҳр-мурувват кўрсатадиган, тадқиқотлар олиб борадиган обрўли халқаро ташкилотлар мавжуд. Улар давлатдан эркин саналишади. Дунёнинг энг йирик инсон ҳуқуқлари ташкилоти –  HRW ҳам айни мана шу мамлакатдадир. Лекин шу билан бирга АҚШ да Пеньтагон ва МРБ ҳам бор, қайсики, улар фақат уруш оловини ёқиш билан машғул бўлишади.  Михаил Задорнов айтиб ўтганидек, ёмонлар жуда яхши бирлашишган! Айни вақтда Пентагон атрофида.   Дунёдаги яхшилар бирлаша олишмаган.

Биз ўша аслида озчилик бўлган ёмонларни исломийлар орасида ҳам, ўзга дин ва конфессияларда ҳам, ҳаттоки динсизлар орасида ҳам учрата оламиз. Исломий тафаккур эгалари динлари маданиятида мавжуд бўлган бир ҳолатни билмайдилар, ёки билсалар ҳам атайдан эътибор қилмайдилар. Мусулмон маданияти нафақат мусулмонларнинг, балки бутун инсониятнинг бир бирларига биродар эканликларини уқтирган.

“Мусулмон бўлган биродарлар бизнинг иймоний биродарларимиз бўлса, иймонда бўлмаганлар бизнинг инсоний биродарларимиздир”. – дейилади унда. Бироқ аксар ҳолларда нафақат инсоний, ҳаттоки ўша иймоний биродарликка бўлган садоқатини ҳам кўрмаймиз. Нега? Негаки “ҳазрати инсон” диний, ёки сиёсий кўз қараши қандай бўлишидан қатъий назар, “манфаатий биродарликга” бўйинсўнадиган бўлиб қолгандай. Чунки манфаат бор жойда ҳамма нарса унут бўлмоқда ва ҳар қандай очофат у ердан ўз улушини олиб чиқиш ҳаракатида бўлади. Бунда диний ва сиёсий позициялар бирор муҳим роль ўйнамайди!

Ислом ёлғонларни инкор қилади. Умуман олганда, ёлғон гапирмоқликни гуноҳ санамайдиган дин – бу иудаизмдир. Шунда ҳам бу диндагилар яҳудийларни эмас, ўзга диндагиларни алдашлари жоиздир. Гарчи Исломийларимизда ёлғончиликни учратиб турсакда, бунга ҳам мутлоқ аҳамият бермай кетаверамиз. “Ҳар ким ўз гуноҳи учун ўзи жавоб беради”, — дея ўзимизни овутамиз. Лекин Ислом ақидасига кўра, бунда ҳар биримиз ўша ёлғончининг гуноҳига шерик бўлиб қолаётганимизни ё тушунмаймиз, ёки тушунсакда, уни инкор этамиз. Ёлғонлар кўп бўлсада, кўпчиликка таниш бўлиб қолганларидан икки мисолни келтириб ўтайликчи. Билингки, бу ёлғонларни кунда такрорлаб юрганлар ҳам оз эмас.

Эмишки, Америкалик астронавт Нейл Армстронг ойга чиқганида у ерда очиқ турган бир китобни кўрибди ва азон овозини ҳам эшитибди. Орадан 16 йил ўтиб Армстронг Мисрга борганида азон овозини эшитиб, унинг нима эканлигини англагач иймон келтириб юборган экан. Шундан сўнг у исломни қабул қилган экан (http://www.youtube.com/watch?v=ZQvYVuN9Eio). Яна ҳам ажабланарлиси, франциялик океанлар тадқиқотчиси Жак-Ив Кустонинг ҳам Исломни “қабул қилгани” бўлган. Эмишки, у окенларни тадқиқ қилаётганида чучук сув билан шўр сув бир бири билан аралашиб кетмаётганлигини кўрган экан ва бу 1400 йил олдин Қуръонда айтилган мўъжизага дуч келганини пайқабди. Шунда Кусто ҳам Исломни қабул қилибди.

Аслида эса бу гаплар мутлоқ ёлғон!  Жак – Ив Кусто Исломни қабул қилмагани ҳақидаги бир ҳужжат мана бу линкда келтирилган:http://mission-center.com/islams/false-kusto.htm. Аммо унинг мусулмон бўлганлигини таъкидлайдиганлар эса ҳали бирорта бўлсин, асослик далил келтира олганлари йўқ.

Энди Армстронгнинг “мусулмон бўлганлигига” эътибор қаратайлик. Ўтган асримизнинг олмишинчи йилларида коинотни забт этиш учун кураш бораркан, бунда Советлардан ортда қолиб кетган АҚШ нинг ўша дамдаги президенти Джон Кенниди ойга одам қўндиришларини эълон қилиб юборди. Аммо инсонни ойга қўндириш мушкул эди, лекин АҚШ нинг обрўси учун ҳам амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳа эди бу. Ойга қўниш операцияси эса ерда тасвирга олинди ва дунёга Америкалик астронавтларнинг ютуғи ҳақида лоф тарқатилди. Ойга “уюштирилган экспедиция” тасвирларни америкалик машҳур кинопродюсер Стэнли Кубрик туширганди (http://www.youtube.com/watch?v=x63-L2__Jv8), (http://www.youtube.com/watch?v=hcuHzzg6_7w&list=PLF532A4B66A8CBBFB).

Хўш, нега бизнинг биродарлар Армстронг мусулмон бўлганлиги даъво қилишади? Бу ёлғонлар кимга керак ўзи? Улар бу  ёлғонлари билан динга фойда эмас, аксинча зарар етказилаётганликларини билишмайдими? Балки ҳақиқатни билсаларда, атайдан Исломга шикаст етказишаётган бўлишсачи?

“Одамлар учун тилларида сирларни сақлашидан кўра, кўмир чўғини тил устида тутиб туришлари осонроқдир” – деган экан қадимги дунё донишманди Суқрот. Ёлғон қачондир фош бўлади, уни тарқатганларни худди Американи шарманда қилгани каби, уятга ҳам қолдиради. Манфаат йўлидаги уринишлар, манфаат учунгина олиб бориладиган курашлар мусулмонларни шу даражага келтириб қўйдими? Бутун дунёда исломийларга қарши гоҳида яширин, гоҳида ошкора олиб борилаётган курашлар, мусулмонларнинг беҳуда тўкилаётган қонларини кўрганда иймондаги ҳар бир шахс “нега бу кунга тушдик?” — деб ўйлаб кўрса яхши бўларди. Балки ўша одамлар орасида кенг тарқалган ёлғончи манфаатий биродарлик бизни шу куйга солгандир? Ҳажга, умрага боришнинг, ёки қўшша-қўшша хотинлик, бир нечиталаб машиналик бўлишларнинг эса ҳозир мавриди эмас. Керак бўлса бутун умматни асрлар давомида ортириб олган иллатларидан халос қилиш зарур. Кейин эса биз учун ҳам тарақиёт йўли дарвозалари очиларди.

Тўлқин Қораев
Швеция. 

tulkin-karaev.blogspot.