ДЎЛАНАГА СМС ЁЗДИМ

ДЎЛАНАГА СМС ЁЗДИМ
215 views
13 August 2013 - 6:22

Биз Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош бўлган Ғишткўприк номли маҳалласида яшаймиз. Маҳалламиздан бир оз четга чиқилса жийда, ёнғоқ ва дўлана билан безанган адирларни кўриш мумкин. Опам билан рус тилига ихтисослашан мактабда ўқиймиз. Уят бўлсада тан оламанки, биз ўзбек тилида ўқиш ва ёзишни яхши билмаймиз.Ойим, хар доим бизга, “Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек тилини билмаслик уят”, дер эдилар

Биз кечалари ўзбекча китоб ўқиб ўзбек тилида хатлар ёзар эдик.  Хат ёзиб чиқмаган хеч бир танишимиз қолмади. Хатто ўлиб кетган бобо ва бувимизгача хат ёзиб чиқдик. Биласизми, табиатни тириклигини қабул қилиб унга дўстларча муносабатда бўлиш жуда қизиқ. Опам кўчамизни кесиб ўтадиган ариқчага хат ёзса, мен адирларда ўсадиган ёввойи дўланага хат ёздим. Шундай қилиб биз фикрларимизни ўзбек тилида қоғозга туширишни ўргандик. Мен сизга ёввойи дўланага ёзган хатимни ҳавола қилмоқчиман: “ Салом, Дўлана! Биз сенинг меваларингни кўриш учун кузни сабрсизлик билан кутдик. Сенинг олдингга қонмайдиган чанқоқлик-ла югурар эдик. Сенинг оловранг меваларинг қуёшда ял-ял ёнарди мен сени қуёшдан ҳам рашк қилар эдим. Меваларингни эса қуёш нурлари мазза қилиб ялар эди. Футболкаларимизни тўлдириб қишлоққа қайтар эдик. Охирги марта меваларинг туршак бўла бошлаган холатда кўрдим сени. Қуёшнинг содиқ нурлари эса ҳали хам сенинг қурқшаган меваларингни иситишда давом этарди.

Баҳорда сен яна кучга кирасан, новдаларингда янги хаёт оқа бошлайди. Мен бу хатни қишнинг изғирин кечасида ёзмоқдаман. Балки совуқ қотаётгандирсан. Бахоргача сени соғиниб қоламиз”

Қишнинг узун кечаларида биз опам иккаламиз хат ёзмаган нарса қолмадиёв менимча. Аммо яхши бир натижага эришдик, ўзбек тилида тўғри ёзишни ўргандик. Бу учун мактубларимизни ғойибона соҳибларидан мамнунмиз. Жумладан Дўланадан ҳам.

 

Исломжон Раҳим,  мактаб ўқувчиси.