Ўзбек махсус хизматлари Салим Абдуллаевни қандай “ҳайдаб юборишди”?

Ўзбек махсус хизматлари Салим Абдуллаевни қандай “ҳайдаб юборишди”?
224 views
14 August 2013 - 17:40

DA5A9B61-A796-4F14-9429-4412CB2FE991_w640_r1_s(Салим Абдуллаевнинг Тошкентга қайтгани ҳақидаги хабарларнинг тарқалишига қарамасдан, баъзи таҳлилчилар бу шахснинг бутунлай чиқиб кетгани ҳақидаги талқинни ривожлантиришда давом этишмоқда. Қуйида сиёсатшунос Усмон Ҳақназаровнинг айни мавзудаги мақоласи)

 Узоқ давом этган бир ярим йиллик сўроқ-суриштирувлар ортидан, ўзбек махсус хизматлари бу таниқли “тадбиркор Салим Абдуллаевдан 10 миллион АҚШ долларини олиб, унга фуқаролик паспортини қайтиб берди ва ўзини мамлакатдан ҳайдаб юборишди.

Шундай қилиб…

“Чиқиб кетмаслик” ҳақидаги тилхат тарихи

Салим Абдуллаев илк бор Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Миллий Хавфсизлик Хизмати терговчилари ҳузурига сўроқ учун ўтган йилнинг баҳорида “МТС – Ўзбекистон” иши бўйича чақиртирилганди.

Ўзбек чекистлари ва прокурорлари Салим  бойнинг “МТС-Ўзбекистон” бош директори Беҳзод Ахмeдовнинг чет элга чиқиб кетишида,  ҳамда бу “йирик тадбиркор” “МТС – Ўзбекистон” учун зарур бўлган, Хитойда ишлаб чиқарилган  “Huawei” ва  “ZTE” телекоммникация ускуналарини келтирилишида унинг қанчалик иштироки борлиги, шунингдек собиқ бош вазир Абдулла Орипов билан ҳамкорлиги қирралари билан қизиқишган.

Сўроқ-суриштирув ишларининг дастлабки кунидаёқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва унинг қизи Гулнора Каримова топшириғи билан ҳаракат қилаётган Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Миллий Хавфсизлик Хизмати терговчилари Салим Абдуллаевдан Республика ҳудудларини тарк этмаслик ҳақида тилхат олишиб, унинг фуқаролик паспортини ҳам олиб қўйишди. Улар Салимбойга паспортини 2012 йилнинг август ойида қайтариб бериб, бу “йирик тадбиркорни” Лондонга ёзги Олимпиада мусобақаларига бориши ва “қандай усул билан бўлмасин, Ўзбекистон учун лоақал битта олтин медал олиб бериши” учун кузатиб қолдилар.

Салим Абдуллаев ўзбек ҳукумати топшириғини бажарди. У олимпиада мусобақаларида курашчи Артур Таймазовнинг ғалабасини молиялаштириб берди, бу ғалаба ўзбек тадбиркори учун 7 миллион АҚШ долларига тушди.

Бироқ Салим Абдуллаев Тошкентга қайтиб келиши биланоқ  ўзбек ҳукумати вакиллари ундан Беҳзод Ахмедовнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот сўраб, терговга тутишди.

Мамлакатдан чиқиб кетиш учун рухсатга 10 миллион доллар

Ушбу йилнинг август ойи бошларида Ўзбекистон МХХ раҳбарияти (раис Р.Иноятов ва унинг биринчи муовини Шуҳрат Ғуломов) Салим Абдуллаевдек “йирик тадбиркорга” бир таклиф киритиб, 10 миллион доллар эвазига унга нисбатан қўзғатилган ишни ҳаракатдан тўхтатиш ваъдаси, ҳамда ўзбек бойига хорижга чиқиши учун рухсат бериш таклифини киритишди.

Салим Абдуллаевга йирик миқдордаги порани беришга рози бўлишдан ўзга чора қолмади, чунки ўзбек ҳукумати  уни истаган вақтида узоқ йиллик муддатга қамаб юбориши, ҳамда бор буд-шудини мусодара қилиши ҳам мумкин эди.

Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи муовини Шуҳрат Ғуломовнинг эмиссари Салим Абдуллаевдан мазкур йирик миқдордаги пулни оларкан, “йирик тадбиркорга” Ўзбекистон махус хизматлари раҳбариятининг “тавсиясини” ҳам топширди.

Унда айтилганига кўра, Салим-бой паспортини олганидан сўнг “тeзда”, “ота” ва унинг “қизи”, Ислом Каримов ҳамда Гулнора Каримовалар томонидан янги жиноят ишлари қўзғатилмасдан туриб, мамлакатни тарк этиши кераклиги уқтирилди.

Салим Абдуллаев тезгина Италияга жўнаб кетди,  “Ўзбекистонда аҳвол яхшиланмагунича”  ўша ерда қолишга қарор қилди.

Ватанни тарк этишидан олдин Салим-бой Тошкентнинг Жарқўрғон кўчасидаги уйида тор доирада ўз одамларига “видолашув оши” қилиб берди.

Шу йўл билан Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов ва унинг биринчи муовини Шуҳрат Ғуломовлар ўзбек президенти, ҳамда унинг қизи томонидан Салим Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган ишдан 10 миллион доллар “ишлаб олишга” муваффақ бўлишди.

Бу икки чекист Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга  Салим Абдуллаевнинг сохта паспорт билан рухсатсиз мамлакатни тарк этгани ҳақида “афсона” тўқиб беришди.

Шу билан бирга улар “МТС-Ўзбекистон” бош директори  “қочиб кетган Беҳзод Ахмедовга  кўмак берган ва Ахмедовнинг қаерда эканлигини билган бошка бизнесменлар борасида хам рапорт беришди.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек президентининг сиёсий амбицияларидан катта фойда кўриш йўлини биладиган  Рустам Иноятов ва Шуҳрат Ғуломовлар энди ўзбекистоннинг ишбилармон доираларига нисбатан навбатдаги қатағонлар тўлқини режасини тузиб чиқишди.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, МХХ раҳбарияти ўзбек тадбиркорларининг хусусий капиталларидан нафақат ўзининг шахсий манфааатлари йўлида, балки президент Каримовнинг сиёсий мақсадлари йўлида ҳам ишлатишга рози.

Шундай қилиб…

Ўзбек бойлари – Каримов режимининг сиёсий буюртмалари сармоядорларидир

Ўзбек махсус хизматлари “гуноҳкор” бўлиб қолган тадбиркорларнинг капиталларини Каримов ва унинг оиласи аъзоларининг сиёсий мақсадлари, ҳамда жиноий буюртмаларини амалга ошириш ишларига жалб этишнинг илғор усулларини ишлаб чиқишган.

Кўпиликка аён бўлганидек, 2000 йилларнинг бошида улар Ғофир Раҳимовдек “йирик тадбиркорни” ўзбек мухолифати лидери бўлган Муҳаммад Солиҳга нисбатан суиқасдни уюштириш ва уни амалга ошириш учун икки миллион доллар ажратишга мажбур қилишганди.

Ўзбек ҳукумати учун бу “амалиёт” жуда муваффақиятсиз якун топди. Бугунги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташкилотининг раисига нисбатан ташкиллаштирилган бу суиқасдни амалга ошириши лозим бўлган қотиллар ўз аванслари олишган бўлишса-да, бу буюртмани ижро этишдан бош тортишди.

Каримов режимининг жинояткорона буюртмаларини молиялаштиришга рози бўлиб, мажбурият олаётган тадбиркорлар ҳозирда ҳам бор.

Улардан бири  “Пахтакор” ўзбек  футболи клубининг эгаси бўлган тадбиркор Ботир Раҳимовдир. Бундан икки йил аввал Ботир Раҳимов “бир қатор молиявий жиноятларни, даромадларни яширганлик ва давлат бюджетига солиқларни тўламаганлик” айби билан Ўзбекистон МХХ тергов изольяторида қамаб қўйилганди. Ҳақиқатда эса Ботир-бойнинг вақтинчалик “қамоққа олиниши” сабаби, унинг Гулнора Каримова олдида ўзининг тадбиркорлик манфаатларини ҳимоя қилгани бўлди.

Орадан икки ой ўтиб Ўзбекистон МХХ Ботир Раҳимовни бир қанча шахсларга нисбатан суиқасд амалга ошириш ишларини маблағ билан таъмин этиш шарти остида озод этади. Улар мана бу шахслар эди:

1) “йирик тадбиркор”  Ғофир Раҳимов,
2) ўзбек имоми Обид қори Назаров,
3) Қозоғистондаги турк тадбиркори….

Салим Абдуллаевнинг “ўнг қўли” ва “яқин шогирди” бўлган Ботир Раҳимов бунга розилик бериб, ўзбек ҳукумати вакилларининг жиноятларини молиялапштириш ишларига шўнғиб кетади.

Ботир Раҳимов тез фурсатда такрор Ўзбекистон МХХ нинг тергов изоляторига чақиртирилади. Ўзбек чекистлари бу сафар уни “МТС-Ўзбекистон”нинг собиқ раҳбари Беҳзод Ахмедовни излаб топиш харажатларини маблағ билан талаб қилишади.Шундай қилиб….

Компроматлар «омбори»

Беҳзод Ахмедов ўзбек ҳукумати учун молиявий ва иқтисодий жиноятлар “айбдори” сифатида  эмас, балки Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан компроматлар “омбори” бўлганлиги учун тахликалидир.

Яъни  Беҳзод Ахмедов – Гулнора Каримова собиқ “Бунёдкор” клубининг собиқ тренери Луиз Сколари (Бразилия), таниқли футболчи Кристиану Рональдо (Португалия), ҳамда собиқ ИП «Zeromax» нинг маблағи эвазига Тошкентга чақиртирилган бошқа таниқли кишилар билан интим алоқада бўлганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларга эга бўлган ноёб шахсдир.

Бундан ташқари, “МТС-Ўзбекистон” собиқ раҳбари Гулнора Каримованинг Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги “Учқизил” қишлоғида президентнинг тўнғич қизига тегишлик “давлат қўриқхонаси” сифатида қайд этилган, аслида эса, кўкнори етиштириладиган 10 гектар махфий плантациялар борлиги ҳақидаги телефон суҳбатларининг аудио ёзувиларига ҳам эга.

Шунингдек, бу ноёб шахс  “МТС-Ўзбекистон” га қарши иш россиялик таниқли олигарх Алишер Усмонов томонидан ташкиллаштирилганлиги ва у  “МТС” фаолиятини тўсиб қўйиш учун Гулнора Каримовага 60 миллион доллар берганлиги, ҳамда россиянинг “Мегафон” уялик телефон алоқалари хизматини Ўзбекистонга киритишга давлат !”розилигини” олиш учун 100 миллион доллар миқдорда пул ваъда қилганлиги ҳақида маълумотларга хам эга.

Қочқинликдаги бу тадбиркор Алишер Усмонов ўзининг Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий мавқеини  яхшилаб олиш учун жиянларидан бирини Гулнора Каримованинг қизи Имонга уйлантириб қўйишни режалаётганини ҳам билади.

Шундай қилиб…

Хулоса ўрнида

Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбек ҳукумати махсус хизматнинг раҳбари бўлган Шуҳрат Ғуломов билан бирга мамлакатни “таъсир доиралари”дан “тозалаш” ва уларнинг ўринларига куч ишлатар тизимлардан, асосан МХХ ва Бош прокуратурадан “янги бойларни”  келтириш ишларига шўнғиб кетган.

Каримов ва Ғуломов учун эндиликда эскирган Ғофир Раҳимов, Салим Абдуллаев ва бошқалар тимсолидаги “йирик тадбиркорлар”  – хатарли ва ишончсиздир. Аммо милицонерлар, прокурорлар ва МХХ чилардан ташкил топган “янги бойлар” эса ишончлик, ҳамда сиёсий режаларда вафодордирлар.

Усмон Ҳақназараов
сиёсатшунос