СЎҚИР

СЎҚИР
38 views
15 August 2013 - 18:13

Ги де МОПАССАН

Биз нима учун қуёш чиққанида хурсанд бўламиз?

Нега унинг ерни ялаётган нурлари бизга бахт улашади? Мовий осмон, атроф ям-яшил, кўзларимиз бу рангларни симириб, юрагимизни бўяйди. Бахтинг ичингга сиғмасдан югуриб, сакраб, куйлагинг келади. Лекин умрбод зимистонга маҳкум қилинган кўзи ожизлар атроф борлиққа ўзгача сурур бахш этувчи ёрқин ранглар ва ажиб жилоларни кўра олишмайди. Агар сўқирга “Бугун ҳаво жуда яхши!”- десангиз, у шундай жавоб беради:

-Мен буни дарров сездим, чунки итим далага ошиқди.

Мен хаётнинг ўзи шафқатсизларча ўлимга маҳкум қилган бир ногиронни билардим. У Норман фермерининг ўғли эди. Ота-онаси хаётлигида уни фақат мажрухлиги безовта қиларди, лекин улар ўлимидан сўнг унинг ҳаёти азоб исканжасида кечди. Бечорани опаларидан бири ўз қарамоғига олди, бироқ фермадагилар уни текинтамоқ, бекорчи, ишёқмас, деб ҳар бир тишлаган луқмаси учун кесатиб, ҳақорат қилишарди. Ҳатто овқатни ҳам унга очидан ўлмаслиги учунгина беришарди. Унинг юзи қонсиз, оқ тушган кўзлари эса катта-катта эди. Ўзига бўлган муносабатларга эътибор беряптими йўқми билиб бўлмас эди. Бечора умрида меҳр кўрмаган, ҳатто онаси ҳам уни ёмон кўриб, қўпол муомала қилар эди. Қишлоқларда ишга яроқсиз киши доим ортиқча бўлган. Деҳқонлар ундан кўра товуқларни кўпроқ қадрлашарди,чунки товуқлари айниган овқатларни еб, тухум қўйишарди-да.

Сўқир ёзда остонада, қишда эса печка ёнида ўтириб, кечгача ўрнидан жилмас эди.Қимирламас, ҳаракатланмас, фақат онда-сонда қўли билан оппоқ парда қоплаган кўзларини беркитишга ҳаракат қиларди. У касалми? Келажаги ҳақида ўйлайдими?

Тафаккур қиладими?  Бу саволлар ҳеч кимни қизиқтирмас эди.

Бир неча йил шу алфозда ўтди. Ахийри , ногироннинг ишга яроқсизлигидан қариндошларнинг сабр косаси тўлиб, унинг устидан шафқатсизларча кула бошладилар. Сўқир гўё буқалар орасига қўйиб юборилган эчкичадек эди. Улар тушки овқат маҳалида кўзи ожизнинг бечораҳоллигидан фойдаланиб, ваҳшиёна ҳазилларни ўйлаб топишарди. Тушлик пайтида ошхона бу саҳнани томоша қилиш учун қўшни фермадан келган деҳқонлар билан тўлиб кетар эди. Баъзида у овқат еяётган товоқнинг ёнига кучукними, мушукними келтириб қўйишар, одамнинг ожизлигини сезган жониворлар товоқдаги овқатни сассиз еб битиришарди. Сўқир бу ҳолатни сезиб қолса, қошиғи билан столнинг исталган жойига тўқиллатиб урарди. Хонага сиғмай кетган томашабинлар оёқлари билан депсиниб, бир- бирини турткилаб кулишар эди. Қурбон эса чап қўли билан товоқни бекитиб ўнг қўлида овқатини ерди. Баъзида унинг товоғига қопқоқ, барг, тахта чиқиндилари, ҳаттоки ювиндиниларни солиб беришар, у эса ҳеч ниманинг фарқига бормасди.

Бу томошалардан зериккан почча сўқирнинг иккала юзига тарсаки туширар ва унинг жавоб қайтаришини кутар, шу жавобни эса сўқирни уйдан ҳайдаб солишга сабаб қилиб кўрсатишни истарди. Энди унга хизматкорлар ҳам шапалоқ туширар, у эса қаерга қочишни билмасди. Ўтирганда ҳам турганда ҳам бирор киши юзига мушт тушириб қолмаслиги учун қўллари билан ҳимояланар эди. Ва ниҳоят, уни тиланчилик қилишга мажбур қилишди.

Якшанба кунлари сўқирни йўл четига чиқариб қўйишар, у оёқ товуши ёки араванинг тақир-туқири эшитилиши билан фуражкасини чўзиб, “Худо йўлига садақа қилинг,деб тиланар эди. Лекин деҳқонлар зиқна халқ. Шунинг учун у хафталаб уйга бир чақасиз қайтарди. Натижада ундан шафқатсизларча нафратланишарди. Мана, унинг ҳаёти қандай завол топди.
Қиш аёзли келди. Қалин қор ёғишига қарамай, поччаси уни узоқдаги катта кўчага тиланчилик қилиш учун элтиб қўйди. Сўқир кун бўйи ўша ерда қолди. Кечқурун эса почча қайнисини топа олмаганини эълон қилиб шундай деди:
Нима қиламиз у учун қайғуриб, етар шунча ташвишини қилганимиз. Совуқда қолганини кўриб кимдир уйига обкириб кетгандир. Эртага тушгача судралиб келади.

Аммо у қайтиб келмади. Сўқир бир неча соат поччасини кутди-да, тураверса музлаб қолишини сезиб, уйга бир ўзи қайтишга қарор қилди. Қор босган йўлларнинг фарқига бормай кўп юрди. Балчиқларга йиқилсада, жимгина ўрнидан туриб йўлида давом этди. Аммо толиққан оёқлари юришдан тўхтаб, совуқдан қотиб қолаётганди. Шундай қилиб, у қор қоплаган даланинг ўртасига ётиб қолди ва қайтиб турмади. Оппоқ қор учқунлари уни кўмиб ташлади. Энди ҳеч нима бу ерда мурда ётганини эслатмасди.

Қариндошлари бир ҳафта давомида ўзларини худди асабийлашаётгандек,уни қидираётгандек қилиб кўрсатишди. Ҳаттоки кўз ёши ҳам қилиб олишди. Қиш қаттиқ келганидан қорларнинг эриши ҳам узоққа чўзилди.

Бир куни ибодатхонага кетаётган деҳқонлар қарғалар тўдаси фақат бир ерга ёғилаётганини кўриб қолишди. Шумқадам қушлар бир ҳафтадан бери бу ерда меҳмон эди. Улар гўёки уфқнинг ҳамма томонидан учиб келиб, осмонни булутдек қоплаганди. Одамни кар қиладиган даражада қағиллаб фақат пастга қўниб ниманидир кавлар эди. Бир йигитча у ерда нима бўлаётганидан хабар топиш учун югуриб борди ва ярми еб тугатилиб, тана аъзолари ҳар ерда сочилиб ётган мурдага қоқилиб тушди. Унинг оппоқ парда билан қопланган кўзлари ҳам жойидан йўқолган эди.
Улар бехосият қарғаларга ем бўлганди.

Рус тилидан Хадижа Ясийн таржима қилди.