Сиз фаришталарни кўрганмисиз?

Сиз фаришталарни кўрганмисиз?
48 views
16 August 2013 - 12:51
uyuyan-bebek-resimleriЖажжигина, беғубор, бегуноҳ… Бу масканда юзга яқин шундай фаришталар бор. Кўзларига қарасангиз ярим кўнгилларининг тубини кўргандек, этингиз жимирлаб кетади. Беихтиёр пичирлайди лабларингиз, «Қандай кўзи қийди экан?” О, бу кўзлар…Бу Баҳодир. Икки ярим ёшда. Оппоқ, дўмбоқ кулча юзлари, қоп-қора қош кўзига қараб ҳавасингиз келади. Эшикдан бирор бегона кириб келса борми, чопқиллаб бориб қучоғини очади, ҳудди минг йиллик қадрдонлардек бағрингизга отилади. Онаси деб ўйлайди…

Бу Диёра. Олти ойлик. Вой бу Диёра қиз-ей… Салгина кулиб, эркаласангиз кемшик оғизчаларини очиб бирам ширин кулади-ки. «Табассумхон” деб чақирамиз уни. Озгина эътибордан қолдирсангиз ўзича бирнималар деб, оёқ қўлини типирлатиб «чақириб” олади. Бир зумда меҳрингиз тушиб қолади қизалоққа.

Бу Костя. Уч ёшда. Яқинда «учирма” бўлади. Ҳозирча бу ернинг «катта”си. Пайт пойлаб туриб дарвозанинг ёнига бориб олади-да, жажжи қўлчалари билан баҳайбат темир дарвозанинг қулфини бузишга уринади. Қани «мана” деб очиб беришса-ю, кўчага отилса. Машиналар ўтиб қолса бирам севиниб кетади… Чучук тиллари билан «Башина! Башина!” деганча панжарага тирмашади. Олиб кетгани келишяпти деб ўйлайди…

Бу Асал. Беш ойлик. Исми жисмига мос деган нақл ҳудди шу ширинтойга айтилгандек.  Бирам асал, бирам асал… Бир текис қоп-қора қошлари узун-узун киприклари билан бирлашиб кетгандек. Кўзлари…  Бу ердаги ҳеч қайси болажоннинг кўзларига ўхшамайди унинг кўзлари. Саксон яшар қариянинг кўзларида ҳам йўқ унинг кўзларидагичалик мунг, дард…  Минг эркалаб, кўтариб, ўйинчоқларни шақирлатиб, ўйнатсангиз ҳам кулмайди у, ақалли жилмайиб ҳам қўймайди. Ҳудди катталардек жиддий, гўё туғилгани ҳамон ёлғизлик битилган тақдири пешанасига тамға бўлиб урилганини, кенг дунёга сиққан жажжигина вужуди онасининг торгина бағрига сиғмаганини тушунгандек, англагандек…  Асалгинам-эй…

Бу Шаҳзода. Икки ярим ёшда. Яқиндагина келди у. Ажаб, ота-онасининг ўзи, ўз қўллари билан ташлаб кетишди. «Эти ҳам, суяги ҳам, тақдири ҳам Сизники” дегандек. Бир бурчакка бориб олади-ю, жимгина ўтираверади. Гапирмайди. Балки гапиргиси келмас…

Бу Сардор. Бир ойлик… Бошқа чақалоқлар туғуруқхонадан карнай-сурнай садолари остида узун-узун машиналарда, қувончдан бошлари кўкка етган ота онасининг бағрида уйига кетса, бу кичкинтой тўғри бу ёққа келган. Ётиб-ётиб ўзига катталардек «ҳуууҳ” деб хўрсиниб қўяди. Бир кулгингиз, бир йиғлагингиз келади унинг бу қилиғига.

Бу… Хуллас бу маскандаги ҳар бир болажоннинг ўзгача феъли, ўзгача… дарди бор. Ҳар бирига алоҳида алоҳида таъриф берсангиз арзийди. Ишонасизми? Бошқа болаларга ўхшашмайди улар. Белгиланган вақтда уйғонишади, белгиланган вақтда овқатланишади, ўйнашади, машғулот, сайр, овқат, яна уйқу, яна овқат, яна машғулот… Ортиқча эркалик, хархаша, инжиқлик бу болажонларга бегонадек. Уйимиздаги шумтакалар қайрилиб қарамайдиган овқатларни булар иштаҳа билан ейишади, бошқа болалар йиқилиб ё бирор ерини уриб олса «ойижон”лаб бир соат йиғласа булар миқ этмай жимгина ўзлари ўринларидан туриб, яна ўйнаб кетаверишади, бошқа болалар шоколад, киндер, ўйинчоқлар билан хурсанд бўлишса, буларнинг юзчасидан бир ўпиб эркаласангиз, кўтарсангиз улардан бахтли бола бўлмайди гўё…. Худди катта одамларни бир уриб кичрайтириб қўйгандек ёки худди ҳаёт уларни туғилгани ҳамон катта қилиб қўйгандек…

Бу ерга ҳар куни кимлардир келиб кетади. Ўзига тўқлар, савобталаблар хайр эҳсон, тирноққа зорлар фарзанд асраб олиш, кимдир эса… воз кечиш учун. Қани имкон бўлса-ю, бориб сочини битталаб юлсангиз, хумордан чиққунча дўппосласангиз,«Номард, воз кечар экансан, керакмас экан, нега дунёга келтирдинг? Оқ сутингни аяр экансан, нега тўққиз ой танангда кўтариб юрдинг?!” десангиз… Афсус, бунга имкон йўқ. Болани туғиш ҳам, воз кечиш ҳам, унинг ихтиёри, ҳуқуқи… Балки чиндан ҳам бошқа имкони йўқдир, балки виждони…

Бу ҳаёт. Бу тақдир. Бу дунё. Бири кам дунё…

Сиз фаришталарни кўрганмисиз ?

Кўзларим яширдим сўроқларингдан,
Қуримай ҳўл бўлган қароқларингдан,
Кел, ўзим бир ўпай, яноқларингдан,
Тонглари аллада отмаган болам…
Юракчанг оғритган аламми,ғамми?
Дунёнинг бирками бир сенсиз камми?
Кўз очиб улгурмай,шунча ситамми…
Кўзлари дардларин сотмаган болам…
Тонглари аллада отмаган болам…
Эшикка кўз тикиб,кўзлари толган,
Кўксида гуноҳнинг излари қолган,
Йиллар эритолмас музлари қолган,
Бир яйраб бешикда ётмаган болам…
Тонглари аллада отмаган болам…
Онасин танимай таниса эсин,
Кимни дада десин, аяжон десин?
Ҳе, ўша аянгни бобовлар есин…
Тонглари аллада отмаган болам…
Дадасин от қилиб минмаган тойчам,
Онаси ўпмаган ойим, ойпарчам,
Яшашдан, ейишдан ками йўқ, гарчанд –
Илк ризқу рўзини тотмаган болам,
Тонглари аллада отмаган болам…

Гулмираҳон