Демократия ва ғарб геосиёсатининг Миср тўқнашуви

Демократия ва ғарб геосиёсатининг Миср тўқнашуви
97 views
16 August 2013 - 16:18

MisrМисрдаги кейинги икки йилда кечаётган воқеалар, мени назаримда, нафақат Яқин Шарқ, балки дунё геосиёсати, Ислом цивилизациясининг келажакдаги траекторияси учун ўта муҳим, чунки, Миср Ислом Уммати учун келажакда “лойиҳа-давлат”лардан бири деб қаралади. “Лойиха-давлат” деб қаралишига бир қанча жиддий сабаблар мавжуд.

Биринчидан, Миср – энг йирик араб давлати – аҳолиси сал кам 90 миллион, ундан 90%ни мусулмонлар ташкил қилади.

Иккинчидан, у пост-авторитар, яъни, узоқ муддатлик диктатура бошқаруви ва тафаккури тажрибасига эга, ва бу билан, аксар мусулмон давлатлари учун ўта аҳамиятлидир.

Учинчидан, Миср – мусулмон дунёсидаги бир қанча йирик интеллектуал марказлардан бири, араб дунёсидаги энг асосий исломий-интеллектуал марказдир. Мисрдаги сиёсий тафаккур ислом уммати фикрлашига ва ҳатти-харакатига, табиийки, катта таъсир қилади.

Тўртинчидан, сал кам 90 миллионлик Миср ерости ва бошқа ресурсларга эга эмас, ва бу ҳолат ушбу давлатни инсон потенциалини ишлатиш орқалигина ривожланишини, республика тизими, эффектив демократик бошқарувни тақозо қилади.

Муҳаммад Мурсий ағдарилганда, мен буни кўпроқ араб дунёсидаги, жумладан, Мисрдаги сиёсий маданият билан боғладим. Бунга бир қанча экспертларнинг мақолаларида берилган баҳолар сабаб бўлганди. Жумладан, Малайзия собиқ бош вазири Махатхир Муҳаммад “араблардаги сиёсий маданият демократияга имконият бермайди, сайловларда ютқазган томон ютганни тан олмайди, ютган эса ютқазганни сиёсатга жалб қилмайди, у билан муроса йўлини тутмайди…” деган позицияни айтганди. Қоҳира кўчаларига ўн минглаб одамлар чиққан эди, улар эркин ва адолатли сайловларда сайланган Мурсийни кетишини талаб қилишарди.

Вазияти кузатиш мутлақ бошқа ҳулосаларга олиб келди, ва бошланғич хулосаларим нотўғри эканлигини англадим. Мурсийни ағдариш – пухта сценария асосида амалга оширилган режа бўлиб, интенсив информацион сиёсат ва аниқ йўналтирилган тадбирлар натижасида, ушбу жараёнга оммавийлик шакли берилган эди.

Миср ҳарбийлар, АҚШ ва Исроил, ва баъзи араб подшоликлари биргаликда Мурсийни йиқилишидан бир ҳил манфаатдор бўлишган. Лекин бу учта тарафнинг мотивлари ҳар хил эди. Ҳарбийлар учун – дунёвий, авторитар Муборак режимини қайта тиклаш ва аста- секин заифлашиб бораётган ҳарбийлар салоҳиятини қутқариб қолиш. Подшоликлар учун эса – 300 миллионлик араб кўчаси учун жозибадор бўлган демократик республика бошқарув шаклини мажруҳ қилиш орқали монархияга етказилиши мумкин бўлган зарбани олдини олиш. Исроил ва АҚШ учун эса – Миср ҳоқимиятига ҳарбий диктатурани қайтариш орқали, Яқин Шарқда кейинги 60 йилда шакллантирилган геосиёсий архитектурани сақлаб қолиш вазифаси турарди.

Мисрдаги кейинги икки йил ичида бўлаётган жараёнларга қадриятлар нуқтаи назаридан баҳо беришга эҳтиёж бор.

Биринчидан, глобализм, яъни информацион технологиялар, ижтимоий тармоқларнинг тинимсиз ривожланиб, арзонлашиб бориши жамиятларнинг тафаккуридаги қўрқувни ювилишга, жамиятларнинг иродаларини (эркинлик, фаровонлик, ўзини ифодалаш) сиёсий майдонга олиб чиқиш учун борган сари ўлкан имкониятлар беради. Куч ишлатиш орқали вазиятни бошқариш модели чуқур инқирозга кирди. Инсон табиатан қонни, зулмни ёмон кўради. Қон ва зулмга сабабчи бўлган сиёсат ва ҳукумат дунё назарида ўз легитимлигини йўқотади, ва кўп ўтмай ҳокимиятини ҳам йўқотади. Дунёда сақланиб қолаётган бошқа диктатураларнинг қулаши – вақт масаласи. Тарих учун ўн йилликлар катта муҳлат эмас.

Глобаллашган келажакда яқин 2-3 ўн йилликлар ичида дунёда зулмлар ҳисобига яшайдиган аксарият диктатуралар йиқилади. Уларнинг ўринларини ҳар хил сиёсий тизимлар эгаллайди. Мусулмон дунёсида исломий ўзлик (идентичность) ва сиёсий эркинликлар бирлашган ҳолатда, жамиятнинг исломий траекторияси барқарор кучаяди.

Иккинчидан, ғарб шу пайтгача ташқи дунёга таъсир қилиш, уни бошқариш учун либерал-демократияни ўзининг мафкураси сифатида қўллаб келди. Либерал-демократия, бу ғарбнинг геомафкураси эди. У орқали дунё ҳукуматларини легитимлигини белгиларди, уларга босим қиларди, уларни алмаштирарди ва демократик ҳукуматларни ўз измида ушлаб туришга интиларди.

Лекин бу ёндашув, мусулмон дунёсига келганда, ғарб манфаатларига зарба бера бошлади. Эркин сайловлар мусулмон жамиятлари ҳокимиятларига ғарбдан мустақил сиёсий кучларни, исломий партияларни олиб келди. Бу кучлар эса ғарб манфаатларини эмас, мусулмон жамиятлари манфаатларини ифодаларди. Кейинги йилларда бу борадаги ғарбнинг сиёсати жиддий ўзгарди. Лекин бу ўзгариш очиқ-ойдин кўринмайди. Ғарб ўзининг демократик риторикасини ўзгартирмаган ҳолда, реал воқеъликда, мусулмон жамиятларини демократлаштириш – унинг манфаатларига тўғри келмаслигини яхши англаб етди. Демократлашган 1,75 миллиардлик мусулмон дунёси – ғарб манфаатлари учун мисли кўрилмаган кулфат эканлигини тушунган ғарб, бошқариладиган автократияларни қайта тиклаш ва улар билан ҳамкорлик қилишни устувор мақсад қилиб олди. АҚШ демократик сайланган Миср ҳукуматини ағдарилишини очиқчасига қўллаб- қувватлади. Бу билан демократик Мисрдан тезроқ қутулиб, авторитар Мисрни қайтариш эҳтироси кучли эканлигини кўрсатди.

Учинчидан, Ихвонал-муслимин яна бир бор салоҳиятли куч эканлигини намоён қилди. Ҳарбийлар ўттиз-қирқ йил олдинги сиёсий психология остида Мурсий ҳукуматни ағдаришган эди. Ҳарбийлар назарида, “ҳукуматни ағдарамиз, комендантлик тизимини ўрнатамиз, вазиятни тўлалигича қўлга оламиз” деган ёндашув бўлганлиги кўриниб турибди. Лекин интернет ва Ал-жазира даврида, оммавий қирғин ҳарбийларни лойиҳаларини тезда йўққа чиқаришини охиригача англаб етиша олмади. Ҳарбийлар ихвонларнинг бу қадар кучли ижтимоий баъзага эга эканлигини, уларнинг барқарор диний-сиёсий маданиятга эга эканлигини эътиборга олишмаган.

Ҳар қандай янги сиёсий режим ва ҳокимиятга жамият ичида яшириниб ётган кучлар томонидан босимлар бўлиши – сиёсий қонуният. Мисрда кейинги икки йил ичида Ихвонлар иккинчи марта ўз салоҳиятларини кўрсатишди. Мурсий ағдарилгач, Ихвонлар ўз позицияларида барқарор эканлиги, мислсиз қурбонлар бериб бўлсада, шу позицияда қолишини кўрсатиши – уларнинг Миср келажагида катта рол ўйнашига ишора қилади. 14- август кунидаги оммавий қирғин натижасида, ҳарбийлар сиёсий кампанияни тўлалигича ютқазишди, “ҳарбий инқилоб” ғояси мисли кўрилмаган даражада обрўйсизланди. Гарчи қисқа муддат улар вазиятни ушлаб тура олсада, келажакда бу йўл уларни сиёсий саҳнадан йўқотилиши учун маънавий ва сиёсий асос бўлаши аниқ. Миср ҳокимиятига келадиган ҳар қандай янги демократик куч, ишни биринчи ўринда ҳарбий тизимни бутунлай демонтаж қилишдан бошлаши табиий.

Ҳарбийлар Мурсийни ағдариб орқали, фақат авторитар бошқарувга умид қилишган. Лекин, Мисрдаги вазият шундайки, тизимли ислоҳотлар қилибгина, ўта катта қийинчиликлар орқали 2-3 ўн йилликда ҳалқ турмуш даражасини кўтариш мумкин бўлади холос. Мурсийни ағдариб ташлагач ҳам, муваққат ҳукумат (яъни, генерал Сиси бошчилигидаги ҳарбийлар ҳам) яқин вақт ичида демократик сайловлар ваъда беришмоқда.

Лекин мен тушунмаётган нарса – қандай қилиб Ихвонларни бу жараёнлардан четлатиб, эркин ва легитим сайлов ўтказиш мумкин? Ёки, қандай қилиб Ихвонлар иштирок этадиган эркин сайловларда, ҳарбийлар ихвонларнинг салоҳиятини паст қилиб кўрсатиши мумкин, ва натижада ихвонларсиз парламент ва ҳукумат ташкил қилишлари мумкин? Чунки, Ихвонлар Миср жамиятида 40-55%лик барқарор электоратига эга эканлигини бир неча бор исботлашди. Ихвонларни сиёсий жараёнлардан четлатишнинг на сиёсий, на ҳарбий йўли мавжуд эмас. Бу саволлар Мисрни чуқур сиёсий инфирозга кирганлигини кўрсатади.

Айни пайтда, М.Мурсий ва Ихвонлар ҳам маълум бир хатоларга йўл қўйганганлиги маъолум бўлмоқда.

Биринчидан, Миср жамиятидаги кейинги ўн йилликларда йиғилган муаммолар шу қадар чуқурки, ҳеч бир сиёсий куч бу муаммоларни бу яқин давр ичида ҳал қилиб бера олмайди. Лекин, бир-икки йил ўтгач, ҳар қандай ҳукуматга ҳалқ “биз сенга ишондик, сен эса буни эплай олмадинг” дейиши табиий, ва жамият “муаммо чуқур, яна 5-10 йил кутинг” деган позицияни қабул қилмайди.

Ихвонлар бошида президентликка номзод курсатиш нияти йўқ эканлигини айтишганди. Лекин президентлик сайловларидан олдин, уларнинг фикри тезда ўзгарди, ва Мурсий номзоди кўрсатилди. Яъни, Ихвонлар ўзларини имкониятларидан ортиқ сиёсий масъулиятни олишди, ва жамиятдаги барча масъулият юки, ихвонларнинг оппонентлари ва душманлари томонидан, Мурсийга юклатилди.

Иккинчидан, Мурсий ҳокимиятга келиши билан ҳарбий секторни жиддий ислоҳ қилмади. Кейинроқ маълум бўлишича, Миср бош прокурори ва ҳарбийлар бир неча ойлар давомида Мурсийга буйсунишмаган, ўзбошимчалик қилишган. Мурсий эса бу ҳолатларга бағрикенглик билан қараган. Аксинча, Миср жамияти учун муҳим бўлган фуқаролик жамияти шахслари билан Мурсий мунозара қилмаган, уларни ўз тарафига оғдирмаган.

Туркияда ҳам кейинги ярим аср ичида тўрт марта ҳарбийлар томонидан ҳукумат ағдарилди. Натижада, турк демократик-исломий кучлари ҳарбийларни жиловлашни конституцион, сиёсий механизмлари устида бош қотиришди ва охири, уддасини топишди.

Менимча Миср демократик-исломий кучлари ҳам, бундан кейин, биринчи ўринда ҳарбийларни жиловлаш борасида жиддий ўйланишади.

Айни пайтда, демократик сайловларда иштирок этаётган сиёсий кучларни ўлкан бозордаги аукционга ўхшатиш мумкин: жамиятнинг муаммолари савдога қўйилади, ва сиёсий кучлар ўз потенциали орқали, жамиятнинг розилиги (овози) орқали, ушбу муаммоларни ўз масъулиятларига олишади. Лекин, бундан кейин ҳокимиятни олиб, уни монополия қилиб бўлмайди – муаммолар таранг, Миср ҳолатида 90 миллион одам кузатиб, талаб қилиб туради, ва эртага (4-5 йилдан кейин) яна аукцион (сайлов) бўлади.

14-августдан кейин ҳарбийлар обруйсизланди, бундан кейин демократия улар учун ҳалокат. Лекин глобализм омманинг иштирокини четлаб ўтадиган сиёсий тизим яратишни имконини бермайди. Бундан кейин ҳалқни “овозини” бутунлай ўчириб бўлмайди, жуда ўчса – бир-икки ойга, ярим-бир йилга ўчади. Миср тўқнашувлар натижасида ихвонлар барқарор куч эканлигин исботлади. Ғарб ва бир неча подшоликлар эса геосиёсий ва сиёсий банкротлик ёқасида турибди. Мурсий қайтиб кеадиган бўлса, улар учун бундан ортиқ фалокат бўлмайди.

Ихвонларнинг ҳокимиятга қайтиши эса – яқин вақтлар масаласи…

Мусулмон дунёсининг локализмдан глобализмга трансформация бўлиш жараёни энди бошланаяпди. Миср – ушбу трансформация тарихининг дебочасидир.

Камолиддин РАББИМОВ

Сиёсатшунос, Франция
15.08.2013