Ўзбекистон келажаги ҳам порахўрлар қўлида

Ўзбекистон келажаги ҳам порахўрлар қўлида
33 views
25 August 2013 - 11:50

corruption

1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон таърихидаги муҳим саналардан биридир. Буни ким билади, кимдир билмайди! Билмайдиганларнинг эса аксарини 1991 йилдан сўнг туғилганлар орасида кўпроқ учратиш мумкин. Улар мустақиллик даври фарзанларидирлар ва қайсики улар бу мустақилликдан кўзланган асл мақсад нима бўлганлигини ҳам билишмайди. Ўзбекистон мустақиллиги куни сифатида 1 сентябрь санаси нишонланади, аммо ҳақиқатда эса ўша дамдаги Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши 31 август кунида мамлакат мустақиллигини эълон қилганди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов кўплаб ўзбекларни умидвор қилган бир хитобини айтгани ҳам бор эди: “Ўзбекистон-келажаги буюк давлат!”.

 

Ҳозирда бу хитобни эшитган одам жуда бўлмаса мийиғида кулиб қўяди ва ҳамма биладики, Ислом Каримовнинг мақсади Ўзбекистонни буюк давлат даражасига кўтариш эмас, ўз ҳукмронлигини абадийлаштириш, келгуси авлодларига мерос қилиб қолдириш ва бу мақсадда у ҳар қандай ёлғончиликдан бўлсин, қайтадиган одам эмас.
Аммо Ўзбекистонни буюк давлатга айлантириш шунчалар имконсиз эканми? Албатта бундай эмас. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг вайроналар устида ётган Европани кўринг, икки шаҳрига атом бомбаси ташланиб куйиб кул бўлган Японияни кўринг ва  порахўрлик зарпечак каби чирмашиб олган бизнинг Ўзбекистонни кўриб таққосланг. Ҳа азизлар, коррупция деган бало урушдан ҳам баттар ва у тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир.
Коррупция чирмаб олган Ўзбекистонни тараққий этган буюк мамлакатлар сарасида кўриш учун   Ватанимиз мана шу зарпечак-коррупциядан халос бўлиши лозим. Бундан ташқари, одамларнинг эрки ўз қўлларига берилиши шарт ва мамлакатда қонунлар диктатураси ҳам ўрнатилиниши керак. Демократия ҳам аслида диктатура, фақат якка шахслар диктатурасидан фарқлик ўлароқ –  қонунлар диктатурасидир.  Шундагина Ўзбекистон ҳам тараққиёт йўлига тушишини умид қилса бўлади. Лекин бу эрк дегани шундай бир “балоки”, у Ўзбекистонда Каримовлар сулоласи ҳукмронлигини тўхтатиб қўяди ва иқтидордаги ҳукуматимиз эса буни мутлоқ истамайди. Майли – миллат хор бўлсин, майли – мамлакат вайрона бўлсин, аммо Каримовлар ҳукмронлиги ҳеч қачон битмасин. Уларнинг истаги шу!
Иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлган Германия иккига ажратилганди ва бирида Коммнистик ғоялар ҳукмрон бўлган социалистик давлат қурилган бўлса, иккинчиси, яъни  каттароқ бўлагида капиталистик жумҳурият – Германия Федератив Республикаси (ГФР)  қурилди. АҚШ ва Ғарб мамлакатларининг Германияни ривожлантриш – “Маршал плани” туфайлик ГФР Европадаги энг тараққий этган мамлакатга айланди. Ҳозирда эса у дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларидан биридир. Боз устига, ундаги сўз ва матбуот эркинлиги, қонунлар устиворлиги бомбалар зарби билан адо бўлган мамлакатни юксакларга кўтара олди.
Уруш хароб қилган яна бир мамлакат эса Япония эди. Японияда ёшларга таълим ва илм беришни бу мамлакат тараққиётининг устивор йўналиши қилиб белгиланди ва мана, кўриб турганимиздек Япония қай даражада юксалди. Уруш вайрон қилган кўплаб мамлакатларда ёшларга тўғри таълим бериш билан уларнинг келажаклари таъмин этилганди. Масалан, ўша Германия, ёки Японияга бориб бирор университетга болангизни ўзбекона усул билан  ўқишга “жойлаб қўйишга” урининг, ўзингизни қаерда кўрасиз.
Коррупция Ўзбекистон иқтисодини ва унинг келажагини ҳам зарпечак каби чирмаб олган бало ва бу аҳволда унинг тараққиётини фақат тушимизда кўришимиз мумкин холос. Реал ҳолатда эса – Ўзбекистон ўз боласини ўзи ғажиётган қуёнга ўхшаб кетади.
Ҳар йилнинг 1 август кунида Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан бўлажак талабалар тест синовларидан ўтишади ва кимлардир бунда Олий мактаб талабаси деган “шарафлик” номни қўлга киритса, яна қанча кўнгиллар умидсизлик уммонида ғарқ бўлишади. Ватанимизда мана шу олий ўқув юртлари порахўрликнинг беланчаги десак балки адашмасмиз. Бечора талаба ҳар сессиясида ўқитувчиларга пора узатиб зачеткасига баҳо қўйдириб олиши Совет даврлариданоқ урф бўлиб улгурганди. Ўшанда билими бор талабалар имтиҳонлардан бепул ҳам ўта олишарди, аммо эндиликда Совет даврини унутишимиз керак. Мустақил Ўзбекистон талабалари хорижда ўқисалар билим олишлари мумкин, аммо Ўзбекистонда Олий мактаб диплми билан одам саводсиз ҳолида қолаверади. Нега? Негаки, муаллим отлиқ зотнинг меҳнатини қадрланмайди ва у ҳам яшаши лозим. Орзу-ҳавасларга тўлган. Орзуларга элтадиган йўл эса фақат ва фақат  пул. Шунинг учун ҳам мамлакатда ҳаром билан ҳалол аралашиб кетди, аниқроғи эса, давлат структураларида, олий мактабларда, қолаверса ўрта умумтаълим мактабларида ҳам “ҳалол луқма” деган атама истеъмолдан чиқариб ташланди.
Совет даврида Совет фуқароларининг таълим олишлари мутлоқ бепул қилиб белгиланганди. Ҳозирги давр кишилари яхши эсласалар керак, талабалар ҳаттоки текинга ётоқхона билан ҳам таъминланишарди. Ҳозирги давримизда “омади чопганлар” бюджет ҳисобидан ўқишлари мумкин, қолганлар эса контракт асосида билим олишади. Озодлик радиоси маълумотларига кўра, 2013 йилдан Олий ўқув юртларидаги контракт тўловлари нархи ҳам ортибди. Энди талабалар бир йиллик ўқув курси давомида 4 милл. 600 минг сўм тўлаб ўқишлари лозим. Бу ишсизлик ва ижтимоий муаммолар гуркираб ўсаётган мамлакатда. Талаба ўқисинми, ёки ишласинми? Унинг ота-онасичи? Улар нима қилсин ва қаердан пул топишсин? Россия ҳам эндиликда гастербайтерлар учун ўз эшикларини ёпмоқда. Кимларнингдир отаси Россиядан туриб пул юбора оларди, лекин эндиликда ўзбеклар учун Россияда мардикорлик қилиш ҳам етиб бўлмас орзуга айланмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати Буюк Ўзбекистонни қуриши учун даставал коррупция муаммосини ҳал этиши шарт! Акс ҳолда ҳар қандай олий мақсадлар билан бўлсин, ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳам барбод бўлиб кетаверади. Худди тест синовлари порахўрлар учун энг қулай имкониятларни яратгани каби. Хўш, нима қилмоқ керак? Балки хорижий тажрибаларни Ўзбекистонда ҳам қўллаб кўрилса бўлмасмикан?
Камина ҳозирда Швецияда яшамоқдаман ва шу ўринда швед Олий мактаблари талабаларни қай йўсинда қабул қилишлари ҳақида бирозгина бўлсин маълумот бермоқликни лозим кўрдим. Бу ерда болангизни ўқишга жойлаб қўйиш учун бирор ҳаракат қила олмайсиз ва болангизнинг қаерда, қайси соҳага ўқиши сизга мутлоқ боғлиқ бўлмайди.
Швецияда ўқиш мутлоқ текин. Давлат қарамоғида бўлган бирор таълим маскани тўлов олмайди. Тўғри, хусусий ўрта умум таълим мактаблари бор ва уларга пул тўлаш керак бўлади. Бордию, ота-она ўша пулни тўлай олмай қолса, у ҳолда улар болани давлат мактабларига ўтқазишлари ҳам мумкин. Мактабларда эса болаларнинг овқатланиб олишлари ва ўқув қуроллари, китоблари ҳам текинга берилади. Бирор мактаб болаларни кўча супиришга, ёки қишлоқ хўжалик ишларига олиб чиқа олмайди. Шундай ҳолатлар ҳам борки, бола илм олишни истамайди. Бунда эса давлат уларни махсус мактабларга ўтказиб, назорат остида таълим олишга мажбурлашади. Хуллас, бола истайдими, ёки йўқ – билим олишга мажбур!
Швецияда ҳар қандай янги кадрни тайёрлаш мактабларданоқ бошланади. Асосий таълим 9 йиллик, аммо бу болалар мутлоқ 9 йил ўқийди дегани эмас. Баъзи болалар бу мактабни муддатидан олдин битказиб кетса, баъзилари ёши ўтиб кетса ҳам битказа олмай қолади. Бунақа вазиятда “буйи чўзилиб қолган” бу йигит-қизлар ўқишларини катталар учун мўлжалланган мактабларда давом эттиришади. Олий мактабга кириш учун эса, аввал гимназия курсини тамомлаб чиқиш зарур. Бўлғуси кадр қайси соҳа билимини олмоқчи бўлаётганлигига қараб, уни шу йўналишда ўқита бошлашади.
Швецияда Олий мактаблар университетлардир ва уларда талаба бўлиш кириш имтиҳонларисиз амалга оширади. Гимназия таълимини олаётган ўсмир ҳар бир ўзлаштирган фанидан ўзига балл йиғиб боради. Оддий мисол: математика фани гимназияларда тўрт босқичда ўқитилади. Ҳар бир босқичдан ўтиб бораётган толиби илм 100 баллдан тўплаб боради. Бошқа фанлар ҳам айни шундай   тартибда балл бериб боради. Бўлғуси талаба физика, математика ва химия каби фанлардан етарлик балл тўплай олмаган бўлса, унда бу толиби илмни техника университетелари қабул қилмайди. Ёки гуманитар фанлар бўлмиш фалсафа, таърих, жамиятшунослик каби фанлардан ҳам етарлик балл йиға олмаган толиби илмлар гуманитар йўналишда билим берадиган факультетларда ўқий олишмайди. Лекин айни мана шу гуманитар билимлар техник таълим берадиган университетлар учун ҳам керак.
Толиби илм интернет орқалик турли университетларга мурожаат қилиб, ўқиш давомида йиғган балларини тақдим этади. Баъзи университетлар учун 2200 балл етарлик, бошқаларига эса 2500 балл ҳам етмайди. Масалан, техник таълим берадиган университетлар учун. Толиби илм бир қанча университетларга ариза юбораркан, бири бўлмаса, бошқа бири уни қабул қилади. Албатта ундаги баллар университет талабига жавоб берса. Шунингдек, Швецияда Совет даврида  “мандатдан ўтиш” каби амалиётига ўхшаш амалиёт ҳам бор. Бунда бўлғуси талабаларнинг ўша йиғган балларидан келиб чиқиб, маъқул кўрилганлари саралаб олинади. Мана шу “мандатдан” ўта олмаганлар эса кимдир ўқишдан бош тортишидан умидвор бўлиб бироз кутишлари мумкин. Демак, бунда Олий ўқув юртига кирувчилардан пора олиш мутлоқ имконсиз бўлиб қолади ва табийки, мамлакат келгусида етук кадрга эга бўла олади.
Ўзбекистонда айни мана шу кўринишдаги Олий ва ўрта умум таълимни йўлга қўйиш мумкинми? Албатта мумкин, фақат бунда бошқа бир хавф бор. Порахўрлик деган бало ўрта умум таълим мактабларига томон кўчиб кела бошлайди. Бироқ мактабларни назорат қилиш нисбатан  осонроқ эканлигини ҳисобга олсак, эл-юрт қандайдир бўлсин, ютуққа эриши мумкин бўлади. Аммо таълим – у қай кўринишда бўлишидан қатъий назар мутлоқ текин бўлмоғи шарт!
Ҳар қандай давлат тайёрлаб бораётган кадр – бу шу мамлакат келажагини белгилаб берадиган омилдир. Эътибор қилинг, Ўзбекистонда ҳар қандай таъсири бўлган одамларнинг, айниқса ҳукумат тепасидаги “казо-казоларнинг” болалари Ўзбекистонда таълим олишмайди. Баъзилари ҳаттоки етти ёшга тўлган болаларини ҳам Германия, Франция, АҚШ каби тарақий этган мамлакатларнинг мактабларида ўқитиб олишади. Демак, Ўзбекистон бизники эмас, уларники! Лекин ғарбда ўқиб қайтган бу кадрлар мамлакатни ривожлантира олишармикан? Масалан, ота-оналари уларни боқиш учун элни қийратиб пора олишган, ёки мамлакатни талаб пул ортиришган ва шу пуллар эвазига уларни ўқитишган. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу “кадрлар” Ўзбекистонни буюк давлат даражасига олиб чиқишмайди. Ҳаром луқмага ўрганларлар, одатда ҳалолдан ҳазар қилишади.
Ўзбекистоннинг доимий ва мутлоқ президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” – дея қилган хитоби одамларга эриш туюлиб, улар мийиғларида кулиб қўя қолишлари боиси эса айни мана шунда. Ватанимизнинг баъдбахтли айни мана шу кўринишдаги ҳаром луқмалар, ҳамда уларни ҳалол билишликларимизда эканлигини тушуниб етиш учун етук ва мукаммал ақлу заковот ҳам зарур эмас. Озгина фикр қилинса бас.
Энди фарзандларини фалонминг доллар бериб ўқишга жойлаб, дипломлик “мутахасисларга” айлантириб олаётганлар ўз юртларини ўзлари қаро ерга топширишаётганларини тушуниб олишлари даркор. Қолаверса, хорижда ўқиб қайтадиган Ўзбекистон кадрлари билан рақобат қилиш ҳам улар учун осон кечайди. Боз устига Ўзбекистон талабари ўрта мактабдан тортиб токи институтларни ўқиб битиргунларига қадар, ҳаттоки дипломларини олиб ишлаб кетган кезларида ҳам пахта терими, пахта ягонаси, чеканка қилиш каби қишлоқ хўжалик ишларига жалб этиладилар. Шундай қилиб Ўзбекистоннинг мана ман деган барча Олий мактаблари қишлоқ хўжалик мутахасисларини етиштириб чиқаради десак кўп муболаға қилмаган бўламиз. Ватанимизда етук ўзбек мутахасислари тайёрланиши учун эса Совет даврларидан кўтарилган муаммо, пахта монокультурасига барҳам берилиши лозим.
Мустақилликнинг 22 йили ўтиб кетибдию, Совет даврида кўтарилган муаммолар ҳалигача муаммо бўлиб турганлигини кузатмоқдамиз. Фақат бир масала ҳал бўлди холос: Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлди. Бу мустақиллик даврида Совет пролетариати қўлидан озод бўлган Ватан порахўрлар қўлига тушди.
“Мустақиллик бизга нима берди?” – деган бир саволни кўндаланг қўйиб унга разм солингчи. Жавоб эса бу бўлади: “Ҳеч нарса, бу мустақиллик ҳаттоки Совет даврида мавжуд бўлган ҳуқуқ ва эркинликларимиздан ҳам бизни мосуво қилди”. Нима қилиш керак? Ўйланг ва ечим топинг. Билингки, Ўзбекистон каримовларнинг мулки эмас, балки ҳаммамизнинг ватанимиздир.
Тўлқин Қораев
Швеция