ОТА СУТИ

ОТА  СУТИ
74 views
26 August 2013 - 6:48

Мен адабиёт сабаб иймонини топган ва ундаги бадиий тўқималар сабаб ундан узоқлашга бир қулман.

Бир пайтлар ёлғоннинг улкан харом амаллигини билмаган маҳалимда бир ҳикоя ёзган эдим. Ҳикояда эрта тонгда уйқудан уйғонсам  ўнг қўлим илонга айланиб қолган эмиш.Ва биланглаб турган билагимда икки қаторгина араб ёзувидаги ёзув ҳам бор эди. Ўша ҳикоя матбуотда эълон қилингач ( у бир неча газета журналларда босилди) анча пайтгача яъни ахбор эскиргунга қадар енги узун куйлак кийиб ўнг қўлимни бекитиб юришимга тўғри келган. Чунки анча мунча одамни билагимни ушлаб кўргиси келиб қолган эди ўшанда.

Туман газетасида ишлаганимда бирорта мехнат фахрийси ҳақида мақола ёзгин дея буйруқ беришди. Қишлоқни узоқ кезиб юриб Бобони топдим.

Журналистларнинг хаёти маълум маънода актёрларнинг ҳаётига ҳам ўхшаб кетади. Чунки актёрлар қаҳрамони ҳаётида яшайди баъзан ўлади. Албатта бу уларнинг ҳаётида ўз изини қолдиради. Шунинг учун актёрлар кам умр кўради. Журналист ҳам шу… У касал ҳақида ёзар экан касалликни суяк-суякларигача ҳис этади, бева ҳақида ёзса ўша ҳаётда яшаётгандек, фақирлик ҳақида ёзса фақир бўлиб кўради, хуллас ҳаммасини ич-ичидан ҳис этиб ўзини бериб ёзади.

Бобони менга мехнат фахрийси деб таништирганлар унинг ҳаёти ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Шунда 77 ёшли чолнинг елкаларини очиб кўргим келиб қолди. Азбаройи қизиқувчанлигим шундай қил, дер эди. Ўшанда билагимни ушлаб кўришни истаганларни тушунгандек бўлдим.

Чолнинг ўнг елкасида она сутидан бўшаб шалвираб қолган аёлнинг кўкрагидек “мамма” осилиб турар эди. Ростакамига кўкрак бези..

Чолнинг хотиралари:  Ўшанда рус, татар каби миллат қизларига уйланиш унча русум бўлмаган эди. Раисага уйланишим қишлоқда кўп шов-шувларга сабаб бўлган, хатто кўпчилик мени яккалаб алоқани ҳам узган эди. Жаҳолат ҳам миллат танламас экан.

Иккаламиз ҳам мактабда ўқитувчи эдик. Шунчалар бахтли эдикки, у билан ўтган кунларнинг таъми мени умримнинг охиригача тарк этмади. У ёш, чиройли ва фавқулодда фасоҳатли эди. Биринчи фарзандим туғиладиган пайтда тузукроқ доя ҳам дўхтир ҳам топа олмадик. У пайтда туғиш учун шаҳарга борилар эди. Биз эса шаҳардан олисда яшар эдик. У туғруқдан кейин омон қолди-ю, аммо фалаж бўлиб қолди. Кўзлари кўрмас, қулоғи эшитмас ва оёқ-қўли ишламас эди.

Мен битта ўзим ҳам чақалоққа ҳам онасига қарар эдим. Уни кўр-кар ҳолатидаям яхши кўриб ўзим ювинтириб, овқат едириб, сочларини тараб ўрар эдим. Мени яқиндан билганлар, бир урис учун шунча куясанми, яна битта хотин ол чақалоққа оналик қилади, дейишар эди.

У соғлом ва гўзаллигида унга ёқиш учун нималар қилмаган эдим, у менга мухтож бўлиб турганида устига хотин олиб куйдирайми… Буни хаёлимга ҳам келтира олмас эдим.

У шу холатида олти ой яшади кейин вафот этди. Орадан бир ой ўтиб уйландим, чунки чақалоққа қаровчи керак эди. Чақалоқни ўзбек хотинимга ташлаб ишимдан ҳам воз кечиб сурув билан тоққа чиқиб кетдим. Ўғлимни кўргим келар эди. Яна бир ой ўтиб қишлоққа қайтдим. Тоғда юрганимда кўнглимни хотиржам қилиш учун ўзимни ўзим кўп алдаган эканман. У ўгай бўлсада ҳархолда аёл, норасида гўдакка яхши қарайди, дея. Уйга ярим тунда кириб келдим.Келганимда бошқа нарсага гувоҳ бўлдим. Сут эмма гўдак қаровсизликдан хор, остонада ётарди. Тонг отишини ҳам кутмасдан болани олиб тоққа сурувим ёнига кетдим.

Дастлаб сурув ортидан кетар эканман,болани ғорда қолдириб, ғор оғзига шох-шабба қўйиб кетар эдим. Бир куни шомда қўйларни ҳайдаб келаётсам ғор атрофида йиртқич ҳайвонларни айланиб юрганини кўриб қолдим. Энди чақалоқни ғорда қолдириш хавфли эди.

Эртасидан бошлаб уни сурув ортидан ўзим билан бирга олиб кетдим. У очлик ва сувсизликдан ғингшиб кўп азоб чекар эди. Кенгурунинг қорнига ўхшатиб хуржун тикдим унга чақалоқни солиб  орқамга осиб олдим.

Инсон зоти сувга ўхшайди. Бир ерда тўпланиб қолган сув игна учидек тешик топса ҳам оқиб чиқиб кетади. Инсон ҳам ҳох у қари бўлсин, ҳох гўдак бўлсин, чиқар эшикларини қидиришга тушади.

Чақалоғим хуржунда осилиб ухлар, қорни очса ғингшиб ўнг елкамни тишлаб сўра бошлади. Онасининг кўкрагини қўмсар эди.

Аввалига у тишлаб сўрган ўнг елкамда аёлларнинг кўкрагидек без пайдо бўлди. Кейин эса ундан оппоқ сут келди. У кечгача орқамда осилиб, қорни очганда елкамдаги кўкракни эмиб ором ола бошлади.

У отасини эмиб катта бўлди.

Одатда инсон ана шундай улғайган болаларидан кўпроқ вафо умид қилади. Аммо бугун ўша фарзанд отасини ташлаб кетган.

Чол қишлоқда ҳануз ёлғиз. Ота сути билан улғайган ўғил йилда бир марта бўлсада отани эсламайди.

Ўғилдан хотира бўлиб чолнинг елкасидаги “мамма” қолган холос. Чол эса ҳузурига келганларга баъзан маммасини очиб кўрсатишга мажбур.

 

Муаййада Шукур