Келажак авлоддан нима кутамиз?! ёхуд Ўзбекистон таълим тизимидаги салбий ўзгаришлар…

Келажак авлоддан нима кутамиз?! ёхуд Ўзбекистон таълим тизимидаги салбий ўзгаришлар…
79 views
26 August 2013 - 14:17

 

Ўзбекистонда барча соҳаларда ислоҳотлар мустақиллик даврида узлуксиз чуқурлашаётгани ҳақида ҳукуматга қарашли ОАВлари доимо бонг уриб келади. Шу каби, таълим соҳасини ҳам ҳукумат иддао қилаётган ислоҳотлар четлаб ўтмаган. Булар ҳозирги кунларга келиб қандай натижа берди, ахир Ўзбекистон мустақилликка эришганига озмунча вақт бўлмадику? Бу вақт ичида “эски” дея қаралаётган, ислоҳ қилишга унчалик ҳожати бўлмаган, советлардан қолган таълим тизими борган сари ислоҳ қилиниб ва янада ривожланиб ҳар томонлама етук авлодни шакллантириши керак эди. 

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошчилигида ислоҳ қилинган ва қилинаётган бошланғич таълим тизимининг баъзи жиҳатларига яқинроқ қарасак, порахўрлик, жой муаммоси, тил муаммоси, таълим беришнинг сифатсизлиги каби тубан ўзгаришлар кучайганини кўрамиз:

 Болани мактабга жойлаш. Берасан-кирасан,

Сентябрь ойи яқинлашган сари ота‑ оналарда болаларини мактабга бериш муаммоси оилада асосий бахс мунозараларга сабаб бўлади. Асосан болани биринчи синфга бериш катта муаммо. Тўғрироғи, пул, Ташлайсан-яшайсан! қабилида.
Наманган шахрида мактаб кўп, лекин хаммаси ҳам яхши таълим бериши мактабларни жойлашган худудларига боғлиқ. Масалан шахар четроғида, Тахта‑ кўприк мавзеси худудида жойлашган 16, Ғишт кўприк мавзеси худудидаги 15, Ғирвон мавзесидаги 38‑ мактаб ва шу каби четроқдаги мактабларга ўша худудда истиқомат қиладиган аҳоли учун болани биринчи синфга бериш унча муаммо туғдирмайди, лекин бу мактабларда уларни яхши таълим олиши мумкинлиги муаммо. Наманган шаҳри марказида довруғи кетган мактаблар бор, лекин уларга болани киргизиш анчайин муаммо.
 Таълим сифати
Энг яхши таълим беради дея фараз қилинадиган мактаб шаҳарнинг қоқ ўртасида жойлашган. У биринчи рақамли мактаб, Совет Иттифоқи даврида В.И.Ленин номи билан номланган бўлиб, рус тилида ўқитадиган ягона мактаб бўлади. Хозирги кунда эса бу ва бошқа мактабларнинг номи йўқ, аниқроғи, тарихий шахсларни номи берилмаяпти. Бу ерда ахолининг асосий қисми ўзбеклар бўлса хам, фарзандларини мана шу ерда ўқитишни хохлайди. Ҳоҳлайдию, лекин уддасидан чиқа олмайди. Аввалам бор, биринчи синфга борадиган бола имтихон топшириши, рус тилида берилган саволларга тўла жавоб бериши керак. Аммо, ҳамма саволларга жавоб бериб, имтиҳондан ўтса ҳам, яшайдиган худудига қараб бу мактабга олмасликлари мумкин.
Порахўрлик
Тадбиркор халқимиз ушбу мактабга фарзандларини жуда ҳоҳласалар 200‑ 300 доллар пора эвазига жойлашлари мумкин. Бу мактабда асосан ўша, топармон‑ тутармонларнинг, ҳоким, прокурор, милиция ходими, МХХ ходимларининг фарзандлари, яъни Ўзбекистоннинг порахўрларининг фарзандлари ўқишади.
 Порахўрлик рейтинги
Мактаблардаги пора рейтинги бўйича 34‑ мактаб хозирги кунда иккинчи ўринда туради. Бу мактаб аралаш мактаб бўлиб, ҳам рус синфлари, хамда ўзбек синфлари мавжуд, ставкаси 150‑ 200 доллар.
Аввал 5‑ 6 йил ичида ривожланиб, айни пайтда таълим сифати бузилган, 6‑ ўрта‑ умум таълим мактабига эса 100 долларга биринчи синфга қабул қилар экан.
Наманган шахрининг Совет Иттифоқи даврида, республика, шунингдек Иттифоқ ахамиятига молик, билим буйича, олимпиада совринлари буйича энг кўп ғалабаларни қўлга киритган, довруғи кетган М.Ю.Ломоносов номли 7‑ ўрта умум‑ таълим, Математика‑ политехника мактабининг хозирги кунда пора рейтинги атиги 50 доллар экан.
Неча доллар?
Элимизда бир нақл бор – Ҳалқни оғзига элак тутиб бўлмайди. Ишингиз тушган сохага эътибор берсангиз қаерда, нима неча доллар туришини билиб оласиз.
Ислом Каримовни “оқилона” дея аталаётган сиёсати оқибатида, ва 22 йиллик узлуксиз олиб борилаётган сиёсат натижасида мана шунақа порахўр жамиятда яшаб келаяпмиз.
Ботқоқлик гирдобида…
Бу таълим даргохларига фарзандларимизни киритиш жараёнида, айни ўша пора олди бердиларига фарзандларимиз ҳам гувох бўлиб қолишаяпти. Кундан кунга авж олган порахўрлик барчани бирдек ботқоқлик гирдобига тортиб кетяпти.
Биз бу келажак авлоддан нима кутамиз, улар бизнинг ишончимизни оқлайдими?

Илхом Мамедов