Бизнинг бир орзуимиз бор …

Бизнинг бир орзуимиз бор …
57 views
28 August 2013 - 15:05

Озодлик радиосидан олинган янги хабар  “Мартин Кинг “Менинг орзуим бор” нутқини сўзлаганига 50 йил тўлди” деб номланади. Миллатдошларимизнинг ухлаб ётган туйғуларини уйғотиш ва эзгу орзу йўлида курашдан толмасликка чақириш мақсадида сайтимизда бу хабарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий адолат ва барчага ишлаш учун имконият” шиори остида бундан 50 йил олдин, 1963 йилнинг 28 август куни АҚШ пойтахти Вашингтонда 250 мингга яқин одам юриш қилди.

Вашингтон марказидаги Ликольн обидаси олдидаги майдонга тўпланганлар фуқаровий ҳуқуқлар учун курашчи Мартин Лютер Кингнинг машҳур “Менинг бир орзуим бор” деб номланган нутқини ирод қилганига гувоҳ бўлишди. Улар бир кун келиб одамлар “танасининг рангига қараб эмас, феъл-атворига қараб хулоса чиқариладиган мамлакатда яшашини” орзу қилишарди.

Президент Абраҳам Линкольн қора танлиларни қулликда озод қилиш прокламациясини имзолаганидан юз йил ўтиб Вашингтонда ўтказилган Иш ва Озодлик учун юриш Қўшма Штатлардаги фуқаровий ҳуқуқлар ҳаракати учун муҳим босқич бошланишини белгилаб берди.
Мартин Лютер Кингнинг 15 дақиқа давом этган нутқи инсоният тарихида адолат учун энг илҳомлантирувчи нутқ сифатида танилди.

Бу нутқдан 40 йил ўтиб Кондализа Райс, Колин Пауэлл каби афроамерикаликлар мамлакат раҳбарлигининг юқори лавозимларига сайланди.
Бу нутқдан 45 йил ўтиб Америка Қўшма Штатларига қора танли киши президент қилиб сайланди.

Бор-йўғи 15 дақиқа давом этган нутқида Мартин Лютер Кинг қора танли америкаликларнинг асрий орзу-умидларини ифода қила олган эди.

Бу воқеанинг 50 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг таниқли кишилари, миллат озодлиги ва жамият ривожи учун курашган ўзбекистонликлардан Ўзбекистон учун қандай орзуингиз бор, деган саволга қуйидагича жавоблар олинди.

Чунки Мартин Лютер Кинг айтганидек, “Бирор жойдаги адолатсизлик ҳамма жойдаги адолат учун таҳдиддир”.

отаназар орипов

Отаназар Орипов.

70 ёшли физика ва математика фанлари доктори Отаназар Орипов Ўзбекистон мустақиллик декларацияси ва Ўзбекистон конституцияси лойиҳасини ҳали мамлакат мустақил бўлмасидан туриб ëзгани билан ҳам танилган. У қуëш энергияси соҳасида қўлланиладиган кремний моддаси докторлик иши ëзган олим. Бу соҳада 50дан ортиқ мақолалари бор. Отаназар Орипов 1994 йилда сиëсий айблар билан қамоққа ташланган ва халқаро жамоатчилик талаби билан Озодликка чиқарилган эди.

– Мен дийдор эркинлиги амалга ошишини орзу қиламан. Дунëдаги барча ўзбеклар ўз қўшнилари билан чекловларсиз борди-келди қила олса, дея орзу қиламан. Истаган жойда¸ истаган пайтда ўзбеклар ўз  элдошлари билан чекловсиз учраша оладиган кунлар келишини орзу қиламан. Биз мана истаган одамимиз билан учраша олмаймиз. Масалан, мен билан учрашмоқчи бўлганлар тазйиқ қилинади,- дейди Отаназар Орипов.

Тошкентда яшаëтган Отаназар Орипов ўз уйининг доимий кузатувда эканини билдирди.

– Мана хозир ҳам кўча бошида мени уйимга ким кириб чиқаëтганини иккита машинада ўтириб кузатиб туришибди дейди суҳбатдош.

шукруллоШукрулло, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

92 ëшли шоир, носир ва драматург Шукрулло эрк ва озодлик ҳақида шеър ëзгани учун Сталин лагерларида умрининг бир қисмини ўтказган. 1949 йилда Шукрулло Совет ҳукуматига қарши, Ўзбекистонни СССРдан ажратиш ҳақида шеър ёзганлик айби билан ГУЛАГ қамоқларига ташланган. Шукрилло ўз миллатдошларининг ҳар томонлама эркин бўлишини орзу қилишини айтади.

– Орзуимиз ҳамиша озодлик¸ эркинлик. Мана энди озодлик деймиз мустақиллик деймиз. Худога шукр мустақилликка эришдик. Эндиги орзуимиз бировни бировга қарам бўлмаслиги. Ўзимизни қадримизни билишимиз керак. Биз инсон сифатида киммиз¸ қадр қимматимиз борми¸ эркин инсон бўлдикми¸ ўз ҳуқуқини қўлга олган инсон бўлдикми? Мана шу саволларга жавоб топилишини орзу қиламан. Мана биз мустақилмиз. Эртага мустақиллик байрами. Эркин одам дегани қамоқдаги одам дегани эмаску ахир. Совет конституциясида ҳам кишилар эркин дейилган эди. Аммо ўша пайтдаям ҳукуматга қарам эдик.

Ёзувчи, бугунги ўзбек зиёлиларига қарата “қўрқманг”, деган муждани саслантирди.

– 9 том китобим чиқаяпти. Ҳаммаси совет даврида ëзилган. Энди ўша вақтда ҳам ўз виждони билан, ўз виждонига эрк бериб ëзиш мумкин экан. Қўрқмасдан Худога ишониб. Лекин биз шуни қилмаганмиз. Биз қилиб, ўша қамоқни ҳам кўрдик. Қамоқдан қайтгандан кейин ҳам виждонимизни сотмадик. Энди бу одамнинг эътиқодига ҳам боғлиқ. Эътиқод мустаҳкам бўлиши керак инсонда, имон мустаҳкам бўлиши керак. Халқ, миллат, ватан манфаатидан бошқа ҳеч қанақа қонун бўлмаслиги керак. Қонун шу. Миллат, ватан, халқ манфаати. Мана шунга амал қилиш керак. Айниқса ëзувчиларимиз, айниқса зиëлиларимиз. Бировнинг оғзига қараб, бировдан манфаат кутиб яшамаслик керак,- дейди Сталин қатағонларини ўз бошидан кечирган ëзувчи Шукрилло.

Суҳбатдошимиз ўзи устидан КГБга (СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси) ëзилган ва унинг қамалиши учун асос бўлган ҳужжатларни қўлга киритганини айтади.

Шукруллонинг айтишича, шоир Темур Фаттоҳ (ЎзССР гимни муаллифи-таҳр), шоир Асқад Мухтор ва ëзувчи Саид Аҳмаднинг чақув хатларини асос қилган маҳкама уни қамоққа ҳукм қилган.

Чақув хатида Шукрулло Ўзбекистонни эркин бўлишини орзу қилганликда айбланади. Тақдир тақозоси билан Шукриллони “Совет ҳукумати душмани”, деб кўрсатма берган ëзувчи Саид Аҳмадга атаб Ўзбекистон ҳукумати тарафидан 2013 йил июл ойида Тошкент марказида ҳайкал ўрнатилди.

Бу ҳолат суҳбатдошларимиз Отаназар Орипов ва Шукруллолар таъкидича¸ мустақиллик ва эркинликни орзу қилганлар камситилаëтган мамлакат нишонасидир.

Орзу қилишдан чарчаманг

Мартин Лютер Кинг тенглик ҳақидаги машхур нутқини ирод қилганида 34 ëшда эди.

Бугун 34 ëшга кирган ўзбекларнинг кўпи тирикчилик ташвишлари қулига айлангани кузатилади.

Улар нон ҳақида эмас балки эрк ҳақида орзу қилиши тилаклари битилган китобдан иқтибос келтирсак:

“Муҳтарам дўстларим, озодлик хаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир. Бу хаёл ва бу орзу сиз учун яратилгандир.”

Бу сатрлар 1975 йилда¸ ҳали Ўзбекистон совет  мустамлакаси бўлган даврда “Озодликни севган инсон” деган шеър ëзишга журъат топган шоир ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳга оид.

ms-2013

Муҳаммад Солиҳ. 

“Эрк” партияси лидери. Шоир.  1991 йилги президентлик сайловида Ўзбекистоннинг янги тарихида Ислом Каримовга рақиб бўлган ягона шахс. Муҳаммад Солиҳ 30дан ортиқ қитоблар муаллифи ва унинг шеърлари 50дан ортиқ тилларга таржима қилинган.

Шоир ўзбек ëшларини эркинлик ҳақида “Орзу қилишдан чарчамасликка” чорлайди. Бунинг учун эса “Қўрқувдан қутулмоқ керак” дейди шоир бундан  18 йил аввал ëзган китобида:
– Қўрқувдан қутулишнинг йўли битта: яратганга инонмоқ, ватанни севмак ва ҳар иккисига хизмат этмоқ. Бу хизмат билан машғул инсоннинг қўрқувга фурсати қолмайди.

Бу китобни сизларга бағишламоқдаман, чунки уни ҳадиксирамай ўқиши мумкин бўлган муҳтамал кишилар сиз бўлажаксиз. Ёши улуғларга бу китоб телба романтизм маҳсулоти бўлиб кўриниши мумкин, аммо сизга бундай кўринмаяжак, чунки сизлар хаёлпарастсизлар. Бунга сизнинг ёшингиз лойиқ ва албатта, ақлингиз лойиқдир.
Ҳурриятни хаёл қилинг, иншооллоҳ, хаёлингиз ҳақиқатга айланажакдир. Ёшлигингизни, кучингизни ва ақлингизни моддий дунёга таслим этмангиз, уларни иймон, ватан ва миллат ҳуррияти учун харжлангиз.

Бу ёзувлар нотекис, чунки юрилган йўл шундай эди. Бу ёзувлардан гўзаллик кутманг, чунки булар ўз қаламини синдириб қўйган бир қаламкашнинг ёзувларидир. Зотан, бундан роппа­роса йигирма йил аввал камина  ҳам шундай орзу қилар эди¸ деб ëзади бугун муҳожиратда яшаëтган арбоб.

 Азиз ўқувчи, бундан буёғига буюк нарсалар хақида орзу қилиш ва у орзу йўлида курашиш вақти келди. Орзуларимиз амалга ошишида бардам бўлайлик. Зеро, бизнинг орзуимиз бор!
Чарос