Ёппасига пахтага!

Ёппасига пахтага!
66 views
30 August 2013 - 17:14

пахта2Ўзбекистоннинг барча  вилоятларида фуқароларга тўй маросимларни 10 сентябрга қадар ўтказиб олишни тавсия қилишмоқда – кейин пахта компанияси бошланади.

Андижон вилоятидаги корхона, ташкилот ва муассасалар рахбарларига ишчи хизматчилар учун белгиланган меҳнат таътилларини бермаслик топшириғи берилган.

Маҳалла қўмиталари раҳбарлари эса (фуқаролар йиғини) шу кунларда тўй ўтказмоқчи бўлган фуқароларни, бу ишни 10 сентябрга қадар ўтказиб олишни тавсия этишмоқда.

Бу йил мавсум Андижон вилоятида ўтган йилгидан бироз кечроқ бошланади.

Бироқ ҳозирданоқ фермер хўжаликлари, маҳалла, вилоят корхона, идора ва ташкилотлар, ҳамда ўқув муассасалари рахбарлари иштирокида мажлислар бошлаб юборилган.

Уларда пахта терими тактикаси ва стратегияси белгиланмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 1001 терим отряди шакллантирилмоқда, уларга 208 400 одам жалб қилинади, бу вилоят аҳолисининг тахминан 8 фоизини ташкил этади.
жанубий туманларида пахта теримига сафарбар этиладиган ҳашарчиларга жой тайёрлаш ҳомий ташкилотларга тақсимлаб берилди. Ҳар бир ташкилот ҳашарчиларнинг ётоқ жойини таъмирлаб, уларнинг қозонию самоваригача таъминлаши лозим. 

Бу йил мутахассисларнинг ҳисобларига кўра терим отрядининг ҳар бир аъзоси учун белгиланадиган кунлик норма 60 килограмм қилиб белгиланди,  ўтган йили 50 килограмм эди.

Вилоят раҳбариятининг тасдиғича, пахта теримидаги олдинги компаниялардан фарқли бу йил пахта теримига касб ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари жалб этилмайди.

Бу афтидан, пахта теримида болалар эксплуатацияси бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг турли ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари томонидан танқид қилиниши натижасидир.

Ўзбекистон фермерлари уларсиз ишнинг уддасидан чиқа олишадими, йўқми, буни мавсум кўрсатади.

Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчи ва экспортерларидан бири саналади. Ҳар йили у жаҳон бозорида 700-800 минг тонна пахта толаси сотиб, бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ пул ишлайди. Бу пуллар ким билади, балки “отасининг қизлари” нинг киссасига тушаётгандир.

 

Ўзбекистоннинг пахта саноати катталар ва болаларнинг оммавий эксплуатацияси билан боғлиқ.

Мамлакат ҳукумати мактаб ёшидаги болалар ва касб эгалари бўлган врачлар, ўқитувчиларни пахта етиштириш ва кузги терим пайтида ишлашга мажбур этиб келади.

Озодлик радиосидан олинган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятидаги масъулияти чекланган ташкилотлардан бири   айтишича, ҳашарчилар ётадиган жойларни таъмирлаш учун ҳам давлат¸ ҳам хусусий ташкилотлар ҳомийликка мажбурланмоқда:

– Туман ҳокимлигида шу ойнинг бошларида йиғилиш бўлган эди. Бу йиғилишга барча давлат ва хусусий корхоналар раҳбарлари чақиртирилди. Ҳар бир ташкилотга эски клублар, колхозларнинг эски идоралари бўлиб берилган. Мана энди ремонт қилиб ётибмиз. Қозонини, самоварини топишни маҳаллалар бўйнига юклаган. Бунинг ҳаммаси ўзимизнинг маблағимиз ҳисобидан бўлаяпти. Ҳа, энди бир, икки ойни ўтказиш учун шароит қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳалиги бир қўшиқ бор эди, “Гарчи пахта енгил, оғир тош сенда, Иш деса энг ёш, энг кекса сенда”. Ҳозир шунақа бўлаяпти, деди корхона раҳбарларидан бири.

Жарқўрғон туманидаги “Жарқўрғоннефт” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам улар чекига тушган дала шийпони ҳашарчиларни қабул қилишга тайёр эканлигини айтди:

– Бизга Оққўрғон томонда битта шийпон биркитилган эди. Шуни ремонт қилиб, душ, туалет қуриб тайёрлаб қўйдик. Ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам, хуллас ҳамма ётоқ билан пахтага чиқади, деди корхона мулозими.

Жарқўрғон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам дала шийпонларини пахта теримига тайёрлаш ҳомий ташкилотларга тақсимлаб берилганини тасдиқлади:

– Ҳашарчиларни қабул қиладиган барча жойлар таппа-тайёр. Булар ҳомий ташкилотларга бириктирилган эди, самоварларигача олиб бориб қўйишган. Терим бошланиш вақтини айтишса бўлди, ҳамма ҳашарчи сафарбар этилади, деди ҳокимлик мулозими.

“Лидер”лар” нафақа учун пахта теради

Жарқўрғон туманида мавсумни тез тугаллаш мақсадида мардикор аёлларнинг ҳам теримга жалб қилинаётгани айтилади.

Озодликнинг Жарқўрғондаги манбасининг айтишича, туманда мардикор аёллардан иборат пахта териш гуруҳлари тузилмоқда:

– Биз бу гуруҳга “Лидерлар” деб чиройли ном қўйдик. Бу мадад гуруҳлари. Масалан, шу пайтгача бу мардикор аёлларни тўплаб¸ пиёз ёки сабзи ўтатган аёл “лидер” бўлаяпти. Уларнинг аксарияти кам таъминланган оилалардан, эрлари Россиядаги аёллар. Очиғини айтганда, бу аёллар пахта теримида иштирок этишга мажбур, чунки уларнинг ҳаммаси болалари учун нафақа олади. Агар пахта теримида иштирок этмаса, нафақадан маҳрум бўлади, деди жарқўрғонлик манба.

Ўзбекистонда мустақиллик байрами ўтгач пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланиши кутиляпти.