Диктатор режимининг чиғириқлари…

Диктатор режимининг чиғириқлари…
80 views
31 August 2013 - 17:38

918FEA9D-B584-4D2C-89FD-902AD71BF681_mw1024_n_sБошқа давлатдан Ўзбекистонга келадиган бўлсангиз, сизни энг камида 5та чиғириқдан ўтказишади. Гўёки, Ўзбекистонга фақат террорист ва жиноятчилар келадигандек. Лекин Ўзбек чегараларида бу одатий ҳол. Иссиқми, совуқми фарқи йўқ. Чегара ходимларининг даккисини эшитиб битта-битта ўтасиз. Деярли барча давлатларда Халқаро аэропортларда кутиш заллари мавжуд. Ўзбекистонда эса бошқачароқ. Вилоятлардан Тошкент аэропортига келган йўловчилар ҳоҳ жазирама, ҳоҳ қаҳратон қиш бўлса да ташқарида кутишади.

BBC радиосининг ўзбек хизматидан олинган маълумотлар бўйича,  Қирғизистонда америкаликларнинг “Манас” ҳарбий базасига кириш учун атиги битта назорат ўтиш нуқтаси, урушлар гирдобида қолган Қобулдаги аэропортга кириш учун  4 назорат нуқтасидан ўтишингизга тўғри келади. Тошкентда эса сиз 6та текширувчига дуч келасиз.

“Ахборот” тили билан айтганда мустақил Ўзбекистон хавфсизлик жабҳасида ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатмоқда ва керак бўлса бу борада ҳаммадан илғор.

Тошкент халқаро аэпортининг авто турар жойига киришдан олдин машинангиз багажини очиб кўрсатасиз ва темир панжара билан ўралган жойга бориб тўхтайсиз.

Аэропорт биносига 70 метр қолади. Бир вақтлар мижозларини бинонинг иккинчи қаватига олиб чиқиб қўйган машина мана шу ерда тақа тақ тўхтайди. Ундан у ёғига ўзингизнинг ҳам ўтишингиз қаттиқ назорат остида.

– Рейсингизнинг учишига ҳали 6 соат бор экан. Регистрация бошланган вақти ўтказамиз, – дейди чипталарни текшираётган милиция ходими.

Дунё аэропортларида бирор портлаш ёки ҳодиса бўлса унинг зарби албатта ўзбек аэропорт ва вокзалларида билинади. Раҳбарлар хавфсизликни ўйлаб мижозларни буткул унутишади.

Шу одамлар ҳам фалон пулга чипта сотиб олган, инсонга ўхшаб хизмат кўрсатилишга ва қулайликка ҳақли деб ўйлайдиган амалдорнинг ўзи йўқ. Мижозларнинг ўзи бу борада бирор талабни илгари сурмаганидан кейин, ўйлаб нима ҳам қилишарди…

Биз мижозларнинг шиори – қийинчилик вақтинча, муҳими эсон омон учиб олиш. Кейин муносабат ҳам шу шиорга яраша бўлади-да.

Тошкент аэропортидаги ҳижобли аёл

“Божхоначиларнинг хонасига олиб кириб сочларимнинг орасигача текширишди. Қанча доллар олиб кетаяпсан, дея сўрашди. Доллар эмас, бироз сўмим бор десам, сўм қизиқтирмайди, доллардан гапир доллардан, дейишди. Кейин нима сабабдан ҳижоб ўраб олганимни сўроқ қилиб бошлашди…”

Машина олмоқчимисан, марҳамат навбатда тур, кут, тўданинг оёқлари остида қол, қийнал! Ана кейин машинанинг қадрига кўпроқ етасан.

ОВИР деганларидан бошқа мамлакатларда мисли кўрилмаган мамлакатдан ЧИҚИШ УЧУН ВИЗА олмоқчимисан, навбатда тур, сан қатори турганлар билан жанжаллаш, пора бер… Паспорт, маҳалладан справка, маош ва ҳатто дўкондан имтиёзли нархларда ёғ, ун олиш учун ҳам мана шундай навбатлар ташкил қилинганки, унинг ҳикмати кўп.

Ўзбекистонга меҳмондорчиликка, қариндошларини кўриш учун кетаётган Ҳалима опа эса бизга ўтиш ҳикоясини қуйидагича сўзлаб берди: “Тахминан  бир ойлар аввал эди, Фарғонага қариндошларни йўқлаш учун кетаётгандим. Ундан аввал 2010йиллари борган эдим, Ўш вилоятининг Новқат туманидан эрталаб соат 9ларда йўлга чиқдим, чегарага етиб келганимда соат 10дан ўтган эди. Қирғизистон томондан осонгина ўтдим ва Ўзбекистон томонга ўтадиганларни кўриб ҳайратга тушдим. Одам жуда кўп эди. Навбатга ёзилдим 325-бўлиб, кейин офтоб тиғида 1соат ўтди, 2 соат, 3соат… Ва ниҳоят навбатим етиб келди. Чегарачига паспортимни бердим,  ичкарига киргизди. Божхона назоратига келсам у ерда ҳам одам талайгина. Декларация тўлдиринг, деб йўл кўрсатишди. Эплаб уни ҳам тўлдирдим. Қўлимдаги иккита сумкамни ҳам, ўзимни ҳам аппаратдан ўтказишди. Энди бўлди шекилли десам, яшил формадаги бир қиз мени кичкинагина хонага бошлаб кирди ва ич кийимларимгача текширди. “Қизим, нимага бунчалик қаттиқ текширяпсизлар, нимадир бўлдими?”, деб сўрадим. У қиз “Мустақиллик арафасида шунақа бўлади, шунингдек сиз ҳижобда экансиз”, дея истар-истамас жавоб берди. Мустақилликка ҳали бир ой борку, ҳижоб кийиш айбми, дедим ва ташқарига чиқдим. Фарғонага кетадиган машиналарни ёнига келиб соатга қараганимда 3дан 25дақиқа ўтган эди. Фарғонага ўша куни етиб олганимга шукур қилдимда, қариндошларим билан яна 3-4йилга хайрлашиб қайтдим”.

Намозни масжидда ўқийсиз!

Мустақилликка раҳмат!

Хавфсизликни ўйлаган шоввозлар тузуккина амал қилиб турган номозхонани ҳам ёпиб ташлашибди.Бу ҳам албатта, Каримов режими “шарофати” билан!

У хавфсизликни баҳона қилиб нафақат аэропортда, балки бутун Ўзбекистонда соқолли эркакларни қуритди, ёки соқолларини таги билан олдирди. Энди навбат ўраниб қолган аёлларга келди.

Тошкент халқаро аэропортида ўраниб олган ҳар бир аёл божхоначиларнинг махсус хонасига олиб кирилади. У ерда уларни текшириш билан борабар ҳижобни ечиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади. Юмшоққина қилиб босим ўткизилади, дейиш мумкин.

“Божхоначиларнинг хонасига олиб кириб сочларимнинг орасигача текширишди. Қанча доллар олиб кетаяпсан, дея сўрашди. Доллар эмас, бироз сўмим бор десам. Сўм қизиқтирмайди, доллардан гапир доллардан, дейишди. Кейин нима сабабдан ҳижоб ўраб олганимни сўроқ қилиб бошлашди”, – дейди ёш боласини кўтариб олган ҳижобли келинчак.

Божхоначи аёл унга ҳали ёш эканлигини, очилиб сочилиб юриш даркорлиги ва ҳижобларни қариганда ўрашга улгуришини айтиб насиҳат қилган. Борган жойида ҳижобига нисбатан таъқибларга учрашидан огоҳлантириб “ғамхўрлик” қилган.

“Мен кетаётган давлатда ҳеч кимнинг ҳижоб билан иши йўқ. Ҳижоб борасидаги босимларга фақат Ўзбекистонда дуч келаман. Кейин божхоначига ҳижобимнинг қандай алоқаси борлиги ҳеч тушунмадим”, – дейди келинчак.

Божхонадан ўтгандан кейин паспорт назорати келади. Бу ерда паспортингизга Ўзбекистон чегарасидан чиқди деган муҳр босишади.

Ана ундан кейин олтинчи бўлиб учоққа чиқиш олдидан яна бир назорат ўтиш нуқтаси. Бу ерда иккинчи марта сумкаларингизни нур орқали текширувчи лентадан ўтказиш керак. Фарқи энди оёқ кийимларни ҳам ечиш керак.

Назоратчи аёл қўл сумкангизни икир чикиригача яна бир бор кўради. Тўғрида бундан олдинги назорат нуқтасидан у бу нарса ўтиб кетган бўлиши мумкин-ку. Бу нуқтада ҳам ўзига яраша савол жавоб кечади.

Мана шундан кейин ниҳоят кутиш залига кириб оласиз. Енгил нафас оласиз. Ҳамма хурсанд, ҳамма шукр қилган.

Бундай чиғириқли назоратдан кейин, дунёнинг исталган аэропортидаги қийинчиликлар кўзингизга ҳеч нарсадек кўриниб қолади. Ахир сиз ўзбек аэропортида текширишларда “суягингизни қотириб” келгансиз!

Хуллас шундай, диктаторнинг режими яна қанча давом этса яна шунча сабр қилишга тўғри келади, ёки бошқа давлатлардаги довюракларга ўхшаб инқилоб қилиш ва ундан қутулиш…

Чарос