СЎЗ ҲАҚИДА ТЎРТ ОҒИЗ СЎЗ

СЎЗ ҲАҚИДА ТЎРТ ОҒИЗ СЎЗ
61 views
01 September 2013 - 20:16

Сўз ҳақида кўп тилшунос, адабиётшунос олимларимиз катта – катта мақолалар ёзганлар. Аввало сўз Аллоҳ томонидан берилган улуғ неъмат эканлигини англаган ҳолда, уни яратиб бизларга ато этган Зотга шукрона қиламиз. Кейин эса ўша юқорида айтиб ўтганимиз устоз олимларимиз, адибларимиз фикрларига ҳамоҳанг тарзда сўз ҳақида баъзи мулоҳазаларни билдириб ўтмоқчимиз. Мени бу фикрларни ёзишга ундаган бир воқеа бўлмаганда, балки сизнинг қимматли вақтингизни олиб ўтирмасдим. Бир неча ой аввал “Ихлос” деб номланган шеърий машқимда “бедор сўзлар” деган бирикмани қўллаган эдим. Бир дўстимиз шу бирикмага, “Бедор сўз ҳам бўладими, тушунмадим” қабилида эътироз билдирибдилар. Шу гап миямга қаттиқ ўрнашиб қолиб, беихтиёр ўйлай бошладим. Дарҳақиқат, сўз бедор бўлиши мумкинми, йўқми? Балки “Бедор сўзлар” бирикмасини ишлатган ёлғиз мен эмасдирман, қолаверса агар менинг машқларимни яхшилаб тинтиб кўрилса, бунақа эътирозлардан сон мингтасини билдириш мумкиндир. Аммо гап бунда эмас. Агар сўзга жонсиз нарса сифатида қаралса, ўша биродаримизнинг фикри тўғри бўлиб чиқади, жонсиз нарса фақатгина бедорлик хусусиятидан эмас, балки кўплаб бошқа сифатлардан ҳам маҳрум. Аммо сўзга гоҳида жонли нарса сифатида қарашга ҳам тўғри келади, устоз Шавкат Раҳмон шеъриятидан бир мисол:

Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,

Пуштиранг пардали минглаб дарчадан

Мўралаб ўтирган гўзал сўзларни

Қолдириб кетаман энди барчага.

Аслида атиргул бўйин таратган,

Бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.

Менга нондай зарур, қиличдай кескир,

Заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир!..

Эътибор беринг, бу парчада сўзнинг бир неча сифатлари санаб ўтилган. Энг аввал “Мард” сифатини олиб кўрайлик. Бу сўз одатда инсонга нисбатан ишлатилиши маълум. Шоир эса уни сўзга нисбатан қўллайди ва ўз – ўзидан сўз жонланади, яъни жонли мавжудотга хос бўлган хусусиятга эга бўлади. Бундан ташқари, ” Дарчалардан мўралаб ўтирган гўзал сўзларни” тасаввур қилиб кўринг, гўёки дилрабо қизлардай.

Устоз шоир Муҳаммад Солиҳдан яна бир мисол:

Мен сўзларни зўрға енгиб яшайман.

Ишим шундай – сўзларни енгмоқ.

Қорни тўқ,

Боши бўш,

Мешчан сўзларни…

Кўриб турганингиздек, бу парчада келтирилган учта сифатнинг бари инсонларга хос, аммо шоир улар ёрдамида сўзларни сифатлайди ва кўз ўнгингизда шу сўзларнинг сурати намоён бўлади, худди қорни тўқ, боши бўш, мешчан инсонлар каби тизилиб туради улар.

Юқоридаги сифатлар сўзнинг жонли эканлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, сўзнинг бошқа хусусиятлари ҳам мавжуд. Айтайлик, сўзнинг таъми, ранги, бўйи, ҳусни, ҳажми, ҳатто оғирлиги ҳам борлигига шубҳа қилмаса бўлади. Ишонмасангиз, юқорида келтирилган шеърий парчаларни яна бир ўқиб кўринг. Қолаверса, мумтоз ва замонавий шеъриятимизда бундай мисоллар истаганча топилади.

Фақат шеъриятда эмас, балки жонли сўзлашув тилида ҳам бундай мисолларга бот – бот дуч келамиз: ” Сўзинг оғир ботди шекилли, бунча қўпол сўзламасанг, юмшоқроқ гапиришнинг иложи йўқмиди” қабилидаги жумлаларни деярли ҳаммамиз ишлатганмиз. Демак, сўз бир қарашда жонсиз ёки моддий бўлмаган нарсадай туюлсада, унинг жонли ва моддий нарсаларга хос сифатларга эга эканлигини инкор этиб бўлмайди. Чунки унинг таъмини туймаган, оғирлигини ҳис қилмаган, ҳусну тароватидан баҳри очилмаган ёки аксинча қўполлиги, хунуклигидан озорланмаган одам орамизда йўқ. Мана дўстлар, биргина ” бедор сўзлар” бирикмаси сабаб бўлиб, анча гапларни айтишга тўғри келди. Бу каби фикрларни аввал ҳам ўқиганингизга ишончим комил, мен фақат такроран эслаб ўтдим холос.

Шуҳрат Шокир

(фейсбукдан олинди)