Кеча ким эдик?!

Кеча ким эдик?!
22 views
02 September 2013 - 12:22

images Куни кеча Ўзбекистонда  мустақилликнинг 22 йиллик тантаналари нишонланди. Тошкентдаги Алишер Навоий номли миллий истироҳат боғида ўтган тантанада Ислом Каримов табрик сўзларини айтар экан, мустақиллик ўзбек халқини “эркин фикрлайдиган”, “онгли яшайдиган” ва “ўз келажагини” аниқ тасаввур қилишга имкон берди, деди.

“Мустақиллик деганда, унинг маъно-мазмунини биз аввало ҳуқуқ деб қабул қиламиз”, деди Каримов. Шунингдек, ҳар доимгидек Ўзбекистоннинг мустақилликда эришган ютуқларини санаб ўтди. Мамлакат демократик, ҳуқуқий давлат қуриш йўлидан оғишмай бораётганини эса алоҳида таъкидлади.  Лекин негадир байрам табригида “дангасалар”ни тилга олмади. Мустақиллик йилларида “бир бурда нон” учун бошқа давлатларга иш излаб кетиш, мардикор бозорлари пайдо бўлганини гапирмади. Мустақилликдан кейин аёлларни бичиш йўлга қўйилганини ҳам айтмади. Аксинча,муҳим ютуқлар дея, қандайдир ялпи ички маҳсулот, номинал иш хақи, реал даромад каби ёлғон рақамларни санаб ўтди.

“Ўзбекистоннинг  қисқа даврда ўзини ўзи боқишга қурби етмаган ночор ўлкадан ўз кучи ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, ўзининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айлангани барчага ғурур-ифтихор бағишламоқда ва аксарият халқаро кузатувчиларнинг ҳавасини тортмоқда”, деди. Аслидачи?

Деярли барча давлатлар даҳшатли қийноқлар ва зулм, инсон хуқуқларининг поймол этилиши Ўзбекистонда эканлигини таъкидлаб ҳаммаёқда ёзиб ётишибдику?! Нимага булар таъкидланмади “ота”нинг табрик сўзларида?

“Барчани ҳайратда қолдираётган бундай улкан ўзгаришларни сарҳисоб қилишда табиий бир саволга мурожаат қилсак ўринли бўлади: яъни, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”. Ҳа, бу улкан ўзгаришлар барчани ҳайратда қолдираётгани рост. Ўзбек кеча тирикчилигини ўз уйида, яқинлари олдида ўтказган эди, ўзбекнинг хуқуқлари поймол қилинмас эди, кеча “қаҳрамон она”лар кўп эди, аёллар “стерилизация” деган нарсаларни тушида ҳам кўрмаган эди. Кеча қамоқхоналардан ўликлар чиқмас эди, у ерда даҳшатли қийноқлар йўқ эди. Порахўрлик йўқ эди.Сиёсий маҳбуслар йўқ эди. Улар ўз фикрларини бемалол айтар эдилар.  Инсонларнинг сўз ва фикр эркинлиги, сиёсий ва эътиқодий эркинликлари, матбуот эркинлиги, сиёсий ва жамоат ташкилотлари тузиш, сайлаш ва сайланиш эркинлиги, тинч намойишлар ўтказиш эркинликлари бор эди.

Юқоридаги саволни бериб, ўзи жавоб берган И.Каримов “ биз бугун эркин фикрлайдиган, онгли яшайдиган, сиёсий, хуқуқий ва маънавий савияси ўсиб бораётган, ўз келажагини, ким учун ва нима учун меҳнат қилаётганини ўзига аниқ тасаввур этаётган халқмиз” , деди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларнинг тамоман тескариси. Яхшилаб мағзини чақадиган бўлсак, эркин фикрлаш учун онг керак. Халқнинг онггини эса Каримовнинг режими сиёсат ва хуқуқ каби долзарб мавзулар хақида баҳс этишларига йўл қўймаслик мақсадида бошқа, кераксиз нарсалар билан банд этган.

“Отасининг қизи” эса твиттерда И.Каримовнинг нутқини эълон қилишни бошлаб юборди.  У ўзи олган ва эълон қилган суратда Ислом Каримов рақсга қўл кўтарган ҳолда акс этган. Твиттерда, отасининг саломатлигига урғу  бергач,  президентнинг тонгги соат 5 дан буён тик оёқда экани ва байрам тадбиридан аввал 3 кун мамлакат бўйлаб сафарда бўлганини қўшимча қилди. Бу нима, отаси ҳали бардам эканлигини таъкидлашми?

Ким билади у яна қанча вақт халқни зулм остида ушлаб турар экан. Ҳар ҳолда, хайрлисини умид қиламиз. Ўзбек миллати эса эрк учун курашда давом этади.
Чарос