Хориждаги ўзбек аёли, ҳолинг нечук?

Хориждаги ўзбек аёли, ҳолинг нечук?
179 views
03 September 2013 - 9:42

157919646Ўтган ҳафта охирида Туркияда яна бир ўзбек аёли бу мамлакат фуқаросининг шаръий никоҳига кирди.

Мавлоно Румий умргузаронлик қилган Кўнё шаҳрида ҳеч бир дабдабасиз ташкил топтирилган янги оиланинг Туркия қонунлари дорасида расмий қайдга олиниши учун ҳужжатлар тегишли идорага топширилди.

Наманганлик Соҳибахон (исм ўзгартирилган – таҳр.,) ўтган йилнинг кузида Истанбулга келганини айтади:

Уч нафар фарзандим бор. Тўнғичим балоғат ёшида. Болаларнинг отаси билан кўп жанжал бўлавергандан кейин, бундан ўн йил аввал ажрашганмиз. ЗАГСимиз қирқилган эди. Шунга қарамай, у одам ҳадеб ота-онамнинг уйига ичиб келиб рашкидан мени дўппославерганидан кейин жонимни қутқариш учун бу ёққа (Истанбул шаҳрига, демоқчи – таҳр) қочдим. Сўнгги пайтлар рашкдан пичоқ ўқтаб зўрлик қиладиган бўлиб қолган эди, – дейди Соҳибахон.

Аёл бир қанча вақт Истанбулда яшаб, хусусий ширкатларда ишлаб  турганини ва 2013 йил бошида БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Анқарадаги идорасига мурожаат қилганини айтди:

У ерда ёзган аризамда эрим томонидан жонимга таҳдид борлиги учун Ўзбекистонни ташлаб чиққанимни билдирганман. Орадан етти ой ўтиб менинг муаммоим шахсий бўлгани учун ишим ижобий якун топмади. Такроран мурожаат қилиб вақтни бой бериш ўрнига шу ерда бирови билан никоҳдан ўтиб, Ўзбекистонга депорт бўлишдан қутилиб қолганим маъқул, деб билдим. Бу одам мендан 25 ёш катта. Аввалги турмуши қазо қилган, уйланган ўғли билан бир ҳовлида яшаяпмиз, дейди наманганлик 40 ёшли Соҳибахон.

У иккинчи турмушидан мамнун эмаслигини ва  шартли равишда Туркия фуқароси билан никоҳга рози бўлганини яширмайди:

Наманганда онамнинг қўлида қолган фарзандларимнинг келажагини ўйлаб ҳам шунақа шароитга рози бўлдим. Бошқа чорам қолмаган эди. Ўзбекистонда болаларни олий маълумотли қилиш, бир ерга ишга жойлаш тобора ушалмас орзуга айланиб бораяпти. Туркияда хорижлик фуқаролар учун таълим соҳасида кўпгина имтиёзлар берилган. Бу ерда тил билсанг иш ҳар қадамда. ЗАГСдан ўтиб олай кейин болаларимни чақиртираман, ишга кираман, хуллас одамлардек ҳаёт бошлайман, дейди Соҳибахон келажакдаги режалари билан ўртоқлашиб.

Сизнинг никоҳ тўйингиз Ўзбекистон Мустақиллигининг 22 йиллик тўйига тўғри келди. Суҳбатларда кўпчилик ўзбекистонликлар мустақил давлатни кўп йиллар орзу қилгани айтилади…

Тўғри, мустақил давлатимиз бўлишини биз ҳам орзу қилганмиз, лекин менинг хаёлимда бошқача мустақил давлат бўлган, бугунгидақа эмас. Ундан ўша совет даврида яшаганимиз анча яхши эди. Аслида менинг оилам бузилиб, болаларим тирик етим бўлишига мустақил давлатни ўз фойдасига бошқараётган катталаримиз сабаб, деб биламан. Нега десангиз, оиладаги жанжалга аслида етишмовчилик туртки бўлади. У даврда ўнта боланг бўлсаям боқардинг. Ҳозир фақат юртбоши ва унинг атрофидагилар роҳатда, биз оддий ўзбекистонликлар хорликдамиз. Кимни сўраманг хорижда ишлаб ўша ерда яшаяпти, эрга тегаяпти… ҳунари йўқлар – энди ҳамма ҳам эмас, лекин мен Истанбулда кўп учратдим – фоҳишалик қилаяпти. Совет даврида хорижга бориб фоҳиша бўлган ўзбек аёлини эшитганмисиз?, дея савол ташлайди Соҳиба.

У ўзининг бундай жирканч ишдан кўра, шартли бўлса ҳам шаръий никоҳ билан яшаётгани айб эмаслигини ва шу жиҳатдан виждонан қийналмаслигини бир неча марта такрорлайди.

Аллоҳга шукр, унақа йўлларга кирмадик… эрта бир кун ватанимиз обод бўлса, Аллоҳ фазли билан бир инсофли одам президент бўлса, юртимизга қайтиб борсак виждонимиз қийналмайди. Лекин бугун бизни шу куйга солган, яна устимиздан “дангасалар”, деб кулган Каримовни ҳар оқшом тўшакда унсиз йиғлаб лаънатлайман. Иш ерлар бўлганида, болаларимиз ўқишга порасиз кира олганида, оиламиз тинч бўлганида биз шу ерларда мана шунақа сарсон бўлиб юрармидик?, – дейди кўз ёшларини кафтлари билан артиб суҳбатдошимиз.

Дунё бўлаб, жумладан Туркияда, яна қанча ўзбекистонлик қиз-жувон нотавонлик исканжасида қолган Соҳибахон сингари ўзга миллат фуқароси билан шартли шаърий никоҳдан ўтгани борасида аниқ маълумот йўқ. Аммо Туркиянинг Истанбул шаҳрига келсангиз, бир жиҳати билан худди Ўзбекистонга тушиб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Бу шаҳарда ўзбекистонлик аёлларни тез-тез учратиш мумкин.

Тақдир тақозоси билан бир кун ўзбекистонлик аёлларнинг меҳмони бўлдик. Икки хонадан иборат ижара уйда ўн битта аёл ва бир йигит яшаётган экан. Улар турли касб эгаси, ораларида олий маълумотли врачлар ҳам бор. Ўзбек аёллари яшаётган уй санитария-гигиеник ҳолати жуда ачинарли эди.

Асли тошкентликман, Тошкент шаҳридаги марказий касалхонада 15 йил ишладим. Қудам ҳукумат одами эди. Ишида нимадир бўлиб қамалиб кетганидан кейин давлат идораларида ишлаган яқинларининг ҳаммаси ишдан ҳайдалди, мен ҳам шуларнинг бириман. Ўтган йили қизим Тошкентдаги тиббиёт коллежига икки минг доллар билан кирди, қарздор бўлиб қолдик. Ўша қарзимдан қутилиш учун мана шу ердаман. Шахсий корхонада ишлайман, ойига 500 доллар оламан. Шу пулни Тошкентда топганимда бу ерларни елкамнинг чуқури кўрсин эди. Истанбул мен учун эмас, юртдош қизларимизнинг пул учун ҳар қандай пастликка бораётганлари эзиб юборади мени, деган эди ўзбек муҳожир аёлларидан бири Мавлуда.

Туркиянинг Бурса шаҳридаги ўзига тўқ оилалардан бирининг боласига энагалик қилаётган андижонлик Зуҳра исмли аёл бугун дунёнинг мусулмон ўлкаларида никоҳ билан оила қураётган ўзбек аёлларини дастаклашини айтади.

Мен бундай аёлларимизни қораламайман, аксинча фоҳишалик қилиш ёки ғайридинга турмушга чиққандан кўра, ўзидан катта ёшда бўлсаям мўмин-мусулмон эркакнинг никоҳига киргани маъқул. Бу ўша аёлнинг тақдиридаги битик-да энди, нима қилсин… Ҳозир ўзбек аёллари турли миллат вакили билан турмуш қураяпти, кўпи зарурат ортидан. Ҳукумат тепасидагилар, президентимиз шу ишдан ор қилмагандан кейин, “эй ўзбек аёли, ҳолинг нечук?”, демагандан кейин бечора аёллар нима қилсин? Иш йўқ, бола боқиш керак, ўқитиб ҳаётга тайёрлаш керак. Мен шунақа аёллардан биттасини биламан, уч йил олдин Ғозийантепда биттасига тегди. Туркиялик эркак аёлнинг болаларига қарашиб, мана ўқишларига ёрдам бериб, бир яхши яшаяпти, бунинг нимаси ёмон? дейди Зуҳра ая.

Зулфия