Болаларни севинг!

Болаларни севинг!
14 views
04 September 2013 - 8:53

www copyШу кунларда матбуотда бир хил мавзу, Интернет орқали ташқи тажовуз мавзуси кўпайиб кетди. Ушбу мақола ўша муаллифларга қарата ёзилган.

Инсон қалби мисоли бир қалъа. Унга фақат очиқ дарвоза ёки эшикдан кирилади. Эшикнинг калити эса инсоннинг қўлида. Агар у истаса очади, истамаса очмайди. ”Интернет хуружи”, у – матбуотда қайта-қайта кўтарилаётганига қарамай, у даражада хавфли эмас. Ҳавф ичкарида, қалъа деворлари мўрт, ичкарида ҳам аҳвол яхши эмас. Мустаҳкам ғоя бўлмаганидан кейин, қалъа ҳимояси сусаяди. Ташқи интервенцияга дош бера оладиган ғоялар бўлмас экан, ёшларни ёмон йўллардан асраб бўл-май-ди.  Телевизорга чиқиб олиб,- Ватан учун ўламан, қоламан, – деб жар солаётган ёшларнинг сохталигини ҳаммамиз билиб, кўриб турибмиз.

Мен ёшларимизни ёмон демайман, бунга тилим бормайди, виждон йўл қўймайди. Болаларимиз биздан кўра ақллироқ, виждонлари ҳам тоза. Фақат уларга бор нарсани бордай кўрсатадиган катталар йўқ. Кичкина ёлғондан катта ёлғонлар бошланади.

Шу рукнда мақола ёзаётган жаноб зиёлилар, ўзингизнинг ақлингиз билан, чуқурроқ ёндошиб ёзсангизчи мақолаларни.

Хисобот учун ёзаётган бўлсаларинг, яна ўзларинг биласизлар. Лекин, ҳақиқатан ҳам болаларимиз келажаги, Ватан, миллат тақдири Сизни ташвишга солаётган бўлса, масалани чуқурроқ ёритинглар, бўлар-бўлмас гаплар билан одамларнинг бошини оғритманглар.

Одамнинг бутун борлиғи билан, уни ўраб турган муҳит, физиологик хусусиятлари, билим даражаси, ва ҳоказоларни ҳисобга олиб, ёзилган мақолаларгина натижа беради.

Ўйлаб кўринг!

Акалари, опалари, ота-оналари, қариндошлари, дўстлари тирикчилик дардида мардикорлик қилаётган, намоз ўқигани учун қамалаётган, тазйиққа учраётган, уйида свет, газ, молига хашак, ўзига тузукроқ кийим-кечак йўқ, тўйиб овқатланмаганидан камқонликка учраган ёшларни қандай қилиб “ватанпарварлик” бўйинтуруғида ушлаб туриш мумкин?

Мактаб, лицей, институтларда қўлини кўкрагига қўйиб мадҳия айттириш, мажбурлаб пахта тердириш, чопиққа чиқариш, далага гўнг ташиттириш, “давлат қураётган”  “муҳташам” уй-жойлар қурилишида ишлатиш, алдаб-сулдаб маддоҳлик қилдириш мумкин, лекин мажбуран Ватанни севдириш, миллатни ҳурмат қилдириш мумкин эмас.

Муҳаббат юракдан чиқади.

Юрагини заҳарлаган, ҳалқини хўрлаган ватанга содиқ бўлолмайди ёшлар. Тўғри, кўксига муштлаб, “Мана мен севаман Ватанни, мана мен унга жонимни фидо қиламан” деганлар бор, лекин улар бу сўзларга бошқача урғу қўйишларини биз биламиз.

Давлатнинг “Узлуксиз таълим тизими”га кўра, бизда барча ёшлар қамраб олинган. (9-синфни битирганлар коллежларга тақсимланади. У ерни битирганлар институтга кирактаб, коллеж, лицей, институтларда бўлганларидан кейин уларнинг тизгини ҳукумат тизимларининг қўлида бўлади. У жойларда эса истаганча уларни “дрессировка” қилиш мумкин. Маъмурият бунинг ҳадисини олиб қолган. Борди-ю буям камлик қилса, “Ўз ўзини бошқариш тизими” га тушади. Маҳалла қўмитаси оқсоқоллари, фаоллари, посбонлари – ҳаммаси ҳукумат хизматида. Талабни бажармаганнинг уйда свет, газ бўлмайди, “Ёрдам пули”, нафақа, маълумотномалар берилмайди, қўни–қўшни орасида изза қилинади. Энди буям кор қилмаса, куч ишлатар тизимлари ишга тушади. Дўқ-пўписа қилади, бўйнига “Статья” қўяди, қисқаси ур-калтак, сур калтак! Мана, сизга халқнинг ахволи.

Нима, бу аҳволни болаларимиз билмайди деб ўйлайсизми?

Билади.

Билади-ю, нима қилишни билмайди. Чунки ҳали ёш-да…

Мана шу шароитда ўсаётган болаларни қандай қилиб интернет хуружидан асрай оласиз? Хўп, мактабга, коллежга телефон олиб киришни таъқиқлаб ҳам қўйдингиз, кўчада, уйда ишлатади. Телефонларини текшириб ҳам турибсиз дейлик, улар маълумотларни зиғиртдайгина флешкаларда сақлайди.

Топиб бўпсиз!

Миллатимиз тақводор халқ, бу қонимизда бор нарса.

90-йилларда динга йул берилганда масжидларга одамлар сиғмай кетди. Aйниқса ёшлар ёппасига намозга киришди. Кўрсанг дилинг яйрар эди. Энди-чи?

Соқол қўйган, дўппи кийган, намоз ўқиганларнинг аҳволи нима бўлаяпти?

Мана кечагина бўлган воқеа: Бир танишим, ёши қирққа борган “Ака, менга намоз ўргатинг”, деб қолди. Мен рoзилик билдириб уйига бордим. Унда китоб йўқ экан, компьютерига намоз сураларини ёзиб, тушунтириб бердим.

Гап орасида унга адабиётлардан фойдаланишни маслаҳат бердим. Шунда у, “Қўшнимиз диний китоб сотади”, деб қолди. Қўшниникига чиқдик. Ёши элликлардан ошган, кўринишидан жуда тақводор одам  экан. Мен хурсанд бўлдим. Лекин у:

-Ҳозир намоз китобларини сотиш таъқиқланган, – деб қолди. Аҳволни тушундим.

–Ҳа, майли, ундай бўлса ўзингизнинг китобингизни беринг, ўқиб, қайтариб беради, – десам. –Китобни бировгa бериб юборганман, – дейди.

Мен содда:

-Ҳа, майли, унда бу укамиз билан вақти бемаҳал шуғулланиб, бирга намоз ўқиб турсаларинг ҳам бўлади,-десам, у хижолат бўлиб:

-Бизнинг намоз ўргатишга ҳуқуқимиз йўқ. Бу масжид имомларига тегишли,-дейди.

Хуллас, дин тўла-тўкис хукумат назоратида.

Радио, телевизор, газета бариси бир хил рангда. Урра-урра!

Энди нима қолди? Яна ўша интернет.

Аслини олганда, интернет биз бахтиқаро халқ учун Аллоҳнинг кутилмаган туҳфаси десак арзийди. Интернет бизга ўзимизнинг кимлигимизни англаш, кимлигимизни олам аҳлига билдириб қўйиш, ҳукуматнинг тизгинидан бир оз бўлса-да қутилиб, озодлик нафасидан баҳраманд бўлиш учун юборилган имкониятдир.

Агар болаларимизнинг кўнгли тўқ, еб-ичардан, кийим кечакдан ками бўлмаса, ҳар қадамда тўсиқ-тазйиқларга учрайвермаса, ҳалол ишлаб, ҳалол яшашга имконият яратилса, ҳеч қандай ташқи ташвиқот уларни йўлдан оздиролмайди.

Биздa  битта нарса етишмайди. Буни ўз вақтида машҳур футболчи Пеле кўзида ёш билан айтган: БОЛАЛАРНИ СЕВИНГ!

Ҳа, болаларни севинг, ватандошлар! Болаларни севинг!

 

Мирза Анвар Хамидов