Байроқ ҳам ёримнинг этаги эмас…

Байроқ ҳам ёримнинг этаги эмас…
58 views
05 September 2013 - 9:08

Бобом Алишерни ҳурмат қилишим,

Ё Амир Темирга садоқатим ҳам,

Ҳурматли сиёсат, бу менинг ишим,

Ҳурматли сиёсат, тинч қўйинг бир дам!

 

Ватанни севишим ёки севмашим

Дилимнинг тубида ётади пинҳон.

Менинг туйғуларим – бу менинг ишим,

Қалбим сизлар учун эмас дастурхон.

 

Ватан хуштор эмас хушомадга ўч.

-Жоним фидо,-дебон ҳайқирманг бир пас.

Ошкор ҳайқириқлар ёнғоқ каби пуч.

Байроқ ҳам ёримнинг этаги эмас.

 

Жуда яқин биз кутган замон!

 

Умид сўнмас қалбда ҳеч қачон,

Элга бўлган чин муҳаббат ҳам.

Келар бир кун биз кутган замон,

Парчаланар кишан, зулмат, ғам.

Эрк йўлида бардам бўл сафдош!

 

Юрагингда сўнмасин ишонч.

Сеники шу замин ва қуёш,

Сеникидир шодлик, бахт, қувонч.

Ва зафарга бўлган зўр ишонч!

 

Озодликка ташна кўнгиллар,

Буюк миллат ўйғонар бир кун.

Сафимизга қўшилар улар,

Эрк йўлида курашиш учун,

 

Мустабидни қулатиш учун.

Тиклананади яна шараф-шон,

Ўйғонади миллат ғурури.

Озод бўлар ҳазрати инсон,

 

Ўйғонади онги, шуури.

Аёл шарми, эркак ғурури.

Умид сўнмас қалбда ҳеч қачон,

Жуда яқин биз кутган замон!

 

ҚЎЗҒОЛ ЭЛИМ

Қўзғол элим, кишанларни уз,

Олақолгин сен эркин нафас.

Юракдаги қўрқувларни буз,

 

Шунқор учун қафас ватанмас.

Қўзғол халқим, бўлақол озод,

Сеникидир шу ер, шу замон.

Бир учиб кўр, кенг ёзиб қанот,

 

Нақадар кенг жумлаи жаҳон.

Қўзғол элим! Яшасин ҳурлик!

Ойдин, ойдин режаларни туз.

Бўлсин десанг келажак ҳурлик,

Иккиланмай занжирларни уз!

 Анвар Абдуллa