Ўзбекистон-Катта қамоқхона!

Ўзбекистон-Катта қамоқхона!
76 views
06 September 2013 - 10:42

Революция тушунчаси хох у рангли бўлсин, хох у қонли, бугунги ўзбекистон халқи хаёт тушунчаси мантиқига умуман тўғри келмайди. Чунки ўзбек халқи бугунги кунга келиб сиёсатдан жуда узоқлашиб кетган. Улар ўз кунини бир амаллаб кечириш ва бугунги ҳаёти қандай тинч ўтса экан деб қайғуради. Халқ катта қўрқув ва вахима остида қолиб кетган. Бунга сабаб: амалдорларнинг пасткашликлари, хақсизлик, ва порахўрликнинг кучайиб кетганлигидадир.
Мустақиллик даврида ўзгармай келаётган хукумат мақсад ва ғоялари халқни батомом ўзига бўйнсундириш вазифасини бажариб келмоқда. Халқ сиёсат билан шуғулланиш у ёқда турсин, бу хақда очиқ музокара олиб боришдан хам қўрқади. Уларда шундай тушунча пайдо бўлганки, бу хавфли, бу хақда умуман гапириш мумкин эмас деган тушунча билан яшамоқда халқ бугунги кунда. Демак халқда ўзига хурмат ва ишонч умуман йўқотилган. Тузум бошқаруви: хар бир амалдор албатта хавфсизлик хизмати жосуси, хар бир амалдор ўз қўли остидаги хизматчининг бутун шахсий ва оилавий хаётига хўжайинлик қилади, эркинлик бермаслик учун, Хуқуқ- тартибот органлари: милиция, МХХ, ва прокуратура фақат тузум ва хокимият тепасидагиларни химоя қилади, ОАВ катта цензура остида қолган ва уларда хеч қандай эркинлик йўқ. Мамлакат катта бир қамоқхона-ю, унда ахоли қийноқлар азобида қолиб кетган ва ўз нафасидан хам қўрқади.
Репрессия машинаси барча интеллигенцияни, покликни ва ақл – идрокни, ва миллий ғурурни аллақачон янчиб ташлашга эришган.
Мамлакат ичкарисида бугунги кунда ватан мухаббати ва халқ равнақи билан жўшиб яшаётган етакчи йўқ. Халқ уни хақиқатда қайғурадиган , унга ишонса бўладиган етакчиси йўқлиги сабабли жуда катта қўрқув ва иродасизлик холатига тушуб қолган.
Бугунги ёшлар билимсиз ва итоаткор бўлиб, ёлғон тушунчалар ва ваъдалар ичида қолиб кетишган. Бу ёшларнинг маъновий тарбияси ва билими жуда заифдир.
Мустақиллик бошиданоқ асосий миллий ғоя: лаганбардорлик нохақлик ва хуқуқсизлик асосида қурилган бўлиб, бу халқ ўз қадр-қимматини тушунмаслиги учун олиб борилган кураш демакдир. Демак хукумат хар доим халққа қарши курашиб келмоқда ва бу курашда у жуда катта тажрибага эгадир. Халққа бугун мамлакатда катта ўзгариш қилиш керак деган тушунчани сингдириш жуда қийин масала. Чунки кейинги ўн йилликларда уларнинг онгида: лаганбардорлик, пасткашлик , порахўрлик ва бир- бирига ишонмаслик каби тушунчалар ўтириб қолган. Ким бу тушунчалардан узоқ бўлса ёки қабул қила олмаса, у одам албатта ёки турмага ташланади хар хил ёлғон бўхтонлар билан, ёки мамлакатдан бадарға қилинади.
Миллий ғурур ва халқ жипслигигина рангли револцияни амалга ошириш омили бўлиши мумкин. Бизнинг мамлакатимизда хокимият ва хукумат халқдан жуда ажралиб кетган, халқ эса диктатура тузуми остида эзилиб келмоқда. Шундай шароитда Ўзбекистонда рангли революцияни амалга ошириш мумкинми? Менимча йўқ. Бу навбатдаги халқ қирилишига ва диктатура тузумининг янада кучайиши ва катта хажмдаги репрессиянинг хукумат томонидан амалга оширилишига олиб келади. Догма теорияларни тажриба қилиш бугун халқ учун жуда хавфли!!

Мехрибон Қадамова
Тошкент Ўзбекистон
5 Сентябрь 2013 йил