Бугун Покистонда Президент инаугурацияси бўлиб ўтмоқда

Бугун Покистонда Президент инаугурацияси бўлиб ўтмоқда
24 views
09 September 2013 - 11:27

президент покистонПокистон парламенти 30 июль куни кўпчилик овоз билан мамлакатнинг янги президентини сайлаган эди. Agence France-Presse хабарига кўра, йирик ишбилармон Мамнун Ҳусайн мамлакатнинг 12-президентига айланган.

Ҳусайн Покистонда ҳукмрон «Мусулмонлар лигаси» партияси вакили ҳисобланади, овоз бериш жараёнида ҳеч қандай мураккабликлар рўй бермаган ва ушбу сайлов Покистонда демократик сайлов деб аталган.

Бугун Покистон янги Президенти Мамнун Ҳусайннинг президентлик инногурацияси бўлиб ўтади.

Покистон президенти Асиф Али Зардорий эса бугун ўз лавозимини тарк этди. Associated Press’нинг хабар беришича, Зардорий лавозимини ваколат муддати якунига етгани муносабати билан кўнгилли равишда тарк этган мамлакатнинг биринчи раҳбарига айланди.

58 ёшли Асиф Али Зардорий 2008 йилдан бери, мамлакат ҳукумати тепасига Покистон халқ партияси келганидан бери президентлик қилиб келаётган эди. Ушбу партиянинг собиқ етакчиси, икки марта Покистон бош вазири лавозимида иш олиб борган Беназир Бҳутто айнан Зардорийнинг турмуш ўртоғи эди. 2007 йили у террорчилик ҳужуми натижасида ўлдирилган эди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Покистон президенти сезиларли ваколатларга эга эмас, кўп жиҳатдан, унинг ўрни рамзий характерга эга. У парламентнинг ҳар иккала палатаси ва ҳудудий қонунчилик йиғинлари вакиллари томонидан беш йил муддатга сайланади. Бир киши ушбу лавозимни кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллай олмайди.

Шавкат Холиқов