Келмаган “Ота” учун шунча даҳмаза

Келмаган “Ота” учун шунча даҳмаза
66 views
15 September 2013 - 9:54

Ҳар сафар Самарқандга президент И.Каримовнинг келиб кетиши Пойариқ туманидаги Имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид-мажмуаси атрофидаги яшовчи аҳолига ва Республика вилоятларининг турли жойларидан ташриф буюраётган зиёратчиларга анчагина қийинчиликларни юзага келишига сабаб бўлиб келмоқда, дейди шу ерда яшовчи фуқаролар.

Жумладан 30 август куни Самарқандда “Шарқ тароналари” фестивали очилиши муносабати билан 28-29 август кунлари Имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид мажмуаси атрофига МХХ ходимлари, 800 дан зиёд ИИБдан ва вилоятлардан жалб этилган 300 га яқин ИИБ Давлат Автомобил Назорати ходимлари назоратида бўлди.

Имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид мажмуаси атрофидаги маҳаллалардаги ҳар бир кўча бошини 15та юк автомобили билан тўсиб қўйилган, ҳаттоки ҳар бир хонадонга ва кўчага милиция ходимлари бириктирилиб, шу ерда яшовчи аҳолидан кун давомида уйидан чиқмаслик ҳақида, ҳатто уйдан мол-қўй, товуқ ва итларни ташқарига чиқармаслик ҳақида тилхат ёздириб олганлар.

Кўчалар эрталаб соат 09.00дан бошлаб тақа-тақ ёпилган, фақатгина Самарқанд шаҳридан Имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид мажмуасига бориладиган 30 чақирим масофа йўл МХХ ва милиция ходимлари томонидан назорат остига олинган, фақат президент кортежи учун очиқ эди. Лекин афсуски, кун бўйи йўлига мутеъ қилган юртбоши, яъни “Ота” келмади.  Ниҳоят, ёпилган йўллар кечги соат 19.00да очилди.

Юртимизга ташриф буюрган Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин билан бирга И.Каримов келяпти, деган эҳтимол борасида 8-9 сентябрдан бошлаб яна МХХ ва ИИБ ходимлари Имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид мажмуасида хозиру-нозир бўлдилар. Айтишимиз жоизки 10-сентябр куни имон Ал-Бухорий масжид мажмуасига Республикамиз вилоятларидан зиёратга ташриф буюрган отахону-онахонлар ва ёш болали оилалар ҳавонинг ёқимсиз иссиқ ҳароратида йўллар бўйида кунни кеч қилдилар.

Боз устига Имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид мажмуаси атрофидаги барча савдо шаҳобчалари, жумладан озиқ-овқат дўконлари, чойхона ва ошхоналар Каримовнинг рўйхатидаги кун тартибига киритилмаган ташрифи боис 30 август ва 10 сентиябр кунлари ёпиб қўйилган. Бу сафар ҳам соат 09.00да ҳар сафаргидек барча дўконлар, махалла кўчалари ёпиб қўйилган ва зиёратга келган зиёратчилар кута-кута кечгача кутиб вақтлари кетган.

Кутишдан хуноб бўлган баъзи зиёратчи меҳмонлар зиёратдан воз кечиб, қайтиб кетганлар ҳам бўлган!

Сарлочин