Куз—Ўзбекистонда “пахта зўравонлиги” мавсуми

Куз—Ўзбекистонда “пахта зўравонлиги” мавсуми
65 views
18 September 2013 - 11:23

 

пахта янгиЎзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) маълум қилишича, Тошкентда 200 минг шаҳарлик ихтиёрий-мажбурий тартибда пахта теримига жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Биринчи навбатда бюджет ташкилотлари ва муассасалари: касалхона, поликлиника, болалар боғчалари, таълим муассасалари, хизмат кўрсатиш соҳаси, электр энергияси узатиш ва сувоқава корхоналари ходимлари, вазирлик ва маҳкамалар ходимлари, талабалар ва бошқалар сафарбарлик қилиниши режалаштирилмоқда. Бордию, кимдир пахта теримига ўз ҳиссасини қўшишдан бош тортса, уларни ё ишдан ёки ўқишдан ҳайдаш билан қўрқитилади, дея  хабар беради Фергана.ру сайти.

Ўрта ва кичик бизнес вакиллари: тижоратчилар, банкирлар, ишлаб чиқарувчилар, қурувчилар, новвойлар ва бошқалар ҳам пахта терими учун масъул мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолгани йўқ. Туман ҳокимликари тадбиркорлар ўртасида ташвиқот ишларини юргизиб, ё ўзларининг пахтага боришларини ёки бўлса ўринларига бошқа одамни ёллаб жўнатишларини талаб қилмоқдалар. Бунинг натижаси ўлароқ мардикорларга талаб кучайиб кетди, уларнинг бир кунлик иш ҳақи 30 мингдан 50 минг сўмгача кўтарилди ($11 дан $18 гача).

Мисол учун, Тошкентдаги деярли етти минг тижоратчи савдо қиладиган энг йирик “Эски Жўва” бозорида йирик дўконлар – супермаркетлар, ресторанлар ва бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлар раҳбарларидан бир ой давомида пахтага бормасликлари учун 1,5 миллион сўмдан ($550) товон пули талаб қилмоқдалар.

Маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари пахтага кетаётганлардан “бегона одамлар” – журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ёки чет элликлар билан мулоқотга киришмасликни қатъий туриб тавсия қилмоқдалар. “Агар бордию, бундайлар билан суҳбатлашадиган бўлсангиз, унда мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамни қўшиш учун пахтани ўз ихтиёрим билан теряпман, деб айтинглар”, – деган йўриқномалар берилмоқда. Давлат муассасалари ходимларидан эса пахтага ўз ихтиёрлари билан кетаётганлари тўғрисида ёзма аризалар олинмоқда.

Андижон вилоятида ҳам ҳудди шундай вазият юзага келган. Мисол учун, вилоят марказида истиқомат қилувчи сайтимиз ўқувчиларидан бири бўлган аёл Андижонда пахта терими мавсуми қандай бошлангани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

“Андижонда пахта терими 10 сентябрь куни бошланди. Бу йил вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов коллеж ўқувчиларини пахтага чиқишини бекор қилди, лицейда ўқийдиганлар эса илгари ҳам пахтага чиқишмаган, фақат 2012 йилда чиқишган. Қишлоқ мактаб ўқувчиларини ҳам пахта теримига жалб қилиш қатъий тақиқланган. Болаларнинг ёрдам қўлисиз иш битадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Терим энди бошланяпти. Аммо ўқитувчиларсиз эплай олишмаса керак, уларни пахтага чиқишга мажбур қилишяпти, шунинг учун болаларнинг ўқиши давом этадими-йўқми, номаълум.

Соғлиқни сақлаш тизими ҳам истисно этилгани йўқ: медперсонал пахтага сафарбар қилинди. Поликлиникалар ва қишлоқ шифокорлик пунктлари ҳувиллаб қолди. Бошқа бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларини ҳам пахтага жўнатишяпти.

Пахта теришга боришни истамаганлардан товон пули талаб қилинмоқда. Пахтага бормаслик учун ишчи-ходимлар ўзлари ишлаётган корхона ёки ташкилот раҳбарига белгиланган миқдордаги пулни тўлашлари ҳамда ўзларининг ўрнига пахта теримига борадиган одамни ёллашлари керак. Раҳбарга 100 доллар, мардикорга 300 минг сўм берилмоқда (кунига 30 минг сўмдан ўн кун ҳисобида). Шундай қилиб, икки баробар миқдорида пул тўлашга тўғри келяпти.

 

Бунча пул йиғилишининг сабаби – ҳар бир муассаса ёки ташкилот учун пахта топширишнинг кунлик нормаси белгиланганида: агар бу норма бажарилмаса, ташкилот раҳбари терилмаган пахтанинг ўрнига пул топширади. Бу гаплар кўп ҳолларда баҳона бўлиб, йиғилган пуллар раҳбарларнинг чўнтагига кириб кетади.

Қайд этиш жоиз, маркдикорлар доим ҳам ёлловчиларнинг ишончини оқлаб қўяётганлари йўқ. Уларнинг ҳаммаси ҳам белгиланган нормадаги пахтани тера олмайдилар, шундай ҳолларда еган овқати учун пулни тўлаб қўйишлари керак бўлади ва бу харажатлар ҳам ёлловчининг зиммасига тушади. Шунинг учун пул тўлашни истамаётганлар ёки бунга имконияти йўқларнинг ўзлари пахтага боришга ва кунлик нормани теришга мажбурлар.

Пахта албатта бизнинг бойлигимиз. Бу миллий иқтисодиётни тубдан ўзгартирган қимматбаҳо хом ашё бўлиб, шу сабабдан дунё бўйлаб 80 дан зиёд мамлакатда пахта етиштирилади.

Қашқадарё вилоятининг “Ҳилол” фермерлик хўжалигида Агросаноат коллежининг иккинчи курс талабаси 9 сентябрь куни электр токи уриши натижасида вафот этди. Унинг исми Маҳлиё бўлиб, эндигина ўн олти ёшга кирган эди. Воқеа шоҳидларининг айтишича, Маҳлиё бошқа курсдошлари билан бирга “Ҳилол” хўжалигида пахта териб юрган. Унинг ўлимига бахтсиз ҳодиса сабаб бўлди. Маҳлиё қўлини ювмоқчи бўлиб лотокка энгашганида қалқиб кетади. Йиқилмаслик учун қиз шу ерда турган симёғочни ушлаб олади. Унинг қўли теккан жойда эса изоляцияси бузилган электр кабели ўтган экан, қизни ток уради. Маҳлиёни Қашқадарё вилояти Тез ёрдам марказига олиб кетишаётганида йўлда жон берган, дея  куни кеча хабар берган эдик.

Афсуски, бу нарсалар қилинмаган. Пахтакорлар антисанитария шароитларида яшаяптилар. Овқат ва чой учун сув даланинг ёнидан ахлатлари билан оқётган каналдан олинади. Канал ёнига насос ўрнатиб, водопроводга ўхшаш нарсани ясаб қўядиларда, одамларни “бу ичимлик суви”, деб алдайдилар. Баъзи ерларда бетон қудуқларга сув тўлдириб қўйишган, уларнинг ичидаги ичимлик сувидан эса балчиқнинг ҳиди келиб туради.

Фермерларнинг ёрдамчиларга бўлган муносабати ҳақида ҳам алоҳида гапириш керак. Уларнинг аксарияти теримчиларни ўзларининг қулларидек кўрадилар, қаттиқ назорат остига олиб, секин ишлаётганлари ва пахтани тоза термаётганлари учун дакки берадилар. Ташкилот раҳбарлари фермерларнинг бундай муомаласини қўллаб-қувватлайдилар, холос. Одамлар хўжайинларидан қўрққанларидан кунлик нормани бажаришга ҳаракат қиладилар.

Маҳалла фуқаролари йиғинлари раисларидан иборат штаб ходимлари ҳам ўзларини ҳудди шунақа хўжайинларга ўхшаб тутадилар. Аввалига улар ўз маҳаллаларидаги моддий ёрдам ёки ёш болалар учун нафақа пули олаётган хонадонлардан одамларни пахтага чиқишга мажбур қиладилар. Пахтага мажбуран чиқарилаётгалар орасида қари кампирлар ва ёш болалари оналар бор. Кампирлар одатда нафақа олаётган келинлари ёки қизларининг ўрнига борадилар, ёш болали аёллар эса ноиложликдан чиқадилар.

Ўтган йили маҳалла фуқаролар йиғинлари тўплаган одамлар Жалалқудуқ туманининг Жанубий Оламушук қишлоғида жойлашган фермерлик хўжалигига жўнатилганди. Уларни “Победа” фермерлик хўжалиги ҳудудидаги №18 ўрта мактабга жойлаштирдилар. Пахта штабига маҳалла фуқаролар йиғинларига раислик қиладиган аёллар тайинланган экан, улар теримчиларга нисбатан жуда шавқатсиз муомалада бўлдилар. Улар ўзларини беҳаёларча тутиб, тез-тез спиртли ичимликлар билан маишатлар уюштиришар, теримчиларнинг ёшига ва касаллигига қарамай таҳқирлашарди. Мисол учун, улар киндигидан сариқ сув чиқаётганига қарамай қари ва касал аёлни сал бўлмаса калтаклайдиган ҳолатда пахта теришга мажбур қилдилар.

Бу йил маҳалла қўмиталари томонидан пахтага тўпланган андижонликларни Олтинкўл туманига жўнатдилар. Уларни 14 сентябрдан бошлаб ёмғир ёғаётганига қарамай очиқ даладаги шийпонга жойладилар.”

 

ЎХҲ хабар маркази.