Сурхондарёда Меҳнат биржаси ходимлари одам савдоси билан шуғулланмоқда

Сурхондарёда Меҳнат биржаси ходимлари одам савдоси билан шуғулланмоқда
222 views
22 September 2013 - 9:58

Ушбу воқеа реал фактларга асосланган бўлиб, ўша ҳудудда яшаб турган Камолиддин Мадартов ва Қодир Эшқобиловлар сўзидан қаламга олинди.

 2011 йилнинг  январ ва феврал ойларида  Сурхондарё  вилоятининг Қумқўрғон туман Меҳнат биржасига келиб тушган факсда Россия Федерациясининг турли шаҳарларида иш берилаётганлиги хабар қилинган. Қумқўрғон туман Меҳнат биржаси ходими Худойбердиев Мамад бу маълумотни туман фуқаролари орасида тарқатган.

Буни эшитган қумқўрғонликлар жуда хурсанд бўлиб кетиб, шу туманнинг “Мўнчоқтепа” маҳалласидан бўлган асосан ёшлардан иборат 20 киши маҳалла раиси Сафар Жумаевга мурожат қилишган. Сафар Жумаев уларни шартнома шартлари билан таништирган.

Шартномада иш берувчи томон ишчиларни доимий ётоқ жой, кийим кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаши кўрсатилган.

“Бундан ташқари”, деган маҳалла раиси Сафар Жумаев, “сизлар иссиқ биноларда, яъни, савдо дўконларида, макарон ва пишириқлар цехида ишлайсиз”. Шунингдек, маҳаллий мулозим ушбу иш буйича шахсан ҳокимга, туман прокуратурасига, ИИБ бошлиғига мурожат қилиб, уларнинг тасдиғини олганини айтган.

2-3 нафар фуқаро Қарши шаҳридаги “Хонобод йўли” шоҳ кўчаси, 46-уйда жойлашган “Фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши Бюроси Давлат унитар корхонаси” раҳбари  У.И.Эшқобилов билан учрашган.

У.И.Эшқобилов фуқароларга “ҳамма томон муҳофоза қилинган”, деб ўзининг ишонч рақамини ҳам берган (+998-375-224-11-21).

“Лекин, 130.000 (бир юз ўттиз минг) сўм тўлови бор, бу сизларни “страховка” қилиш учун” деган. Бу шартга мўнчоқтепалик 20 дан ортиқ йигит  рози бўлган.

Лекин “Мўнчоқтепа” расмийси Сафар  Жумаев 130.000 (бир юз ўттиз минг ) сўм ўрнига иш изловчи йигитлардан 250.000 (икки юз эллик минг) сўмдан, жами 5.000.000 (беш миллион) сўм йиғиб олган.

20 киши ўз ҳисобидан учоқ билети сотиб олиб, 2011 йил 24 феврал куни эрталаб Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига етиб борган. Лекин, келишувга асосан у ерда йигитларни ҳеч ким кутиб олмаган.

Улар аэропортда икки соатдан ортиқ кутиб тоқатлари тоқ бўлгач, сўраб-сўраб шартномада исми кўрсатилган Денис А.З. билан телефон орқали боғланган. Зум ўтмай аэропортга етиб келган Денис ишчиларни ўрмон ичидаги дачасига олиб борган.

Йўлда машина ҳайдовчиси фуқароларнинг паспортларини йиғиштириб олган. “Ҳозирча иш йўқ, подвалда ётиб турасизлар”, деб ертўладан жой кўрсатган.

Ертўла 20 даража совуқ бўлган, ишчилар ноилож иш топилгунча чидаб ётишга мажбур бўлган.

Ишчилар овқат сўрашганида, “ўша ердаги болалар боғчасида ҳамма нарса бор”, дейилган. Бироқ, айтилган ерда панглаб кетган, кўкариб, қотиб қолган нонлар бўлган. Шунда мўнчоқтепаликлар ўзларининг Россияда “пулланганлари”ни англаб етганлар.

Лекин, ўзбекчиликка бориб “чидаб турайлик, балки яхши бўлар”, деб қотган нонларни еб, яшаб туришган. Бу аҳвол бўйича маҳалла раисига телефонда хабар беришган. Раис эса, “чидаб туринглар ҳаммаси яхши бўлади” деган.

Йигитлар бу ҳақда ота-оналарига телефон қилишдан уялганлар.

Орадан тўрт кун ўтиб улар яшаётган уйга бир рус аёли келган ва ўзини “Галина Григорьевна”, деб таништирган. Аёл икки болани “ишга чиқасанлар”, деб машинага ўтирғизиб қандайдир квартирага олиб боган. У ерда   яна тахминан ўттиз уч ишчи  бўлган. Улар ҳаммаси қурилишда ишлаган. Қум, цемент, алебастер ва ҳоказоларни 12-қаватга қўлда ташиган. Уларга умуман дам берилмаган. Сурхандарёлик йигитлар бир ойдан сўнг Галина Григорьевнадан иш ҳақи талаб қилишса, у ишловчиларга, аксинча улар қарздор эканлигини айтган. Ишчиларнинг соғлиги ёмонлашган ва уйга кетиш учун паспортларини сўраган.

Салимов Баҳодир, Хидиров Хушбоғ, Холназаров Аброр, Ёқубов Бобомурод, Мадартов Камолиддин, Хидиров Олимлар ишга чиқмаган ва телефон орқали муоммони Ўзбекистондаги уйдагиларига тушунтирган. Уйдагилари Меҳнат биржа ва маҳаллага бориб жанжал қилишган.

Ўша вақт иш берувчи Денис Термиз шаҳрида бўлган ва ҳолатдан хабар топган. Денис Галина Григорьевнага айтган шекилли, у бориб ишчилардан шовқин кўтармасликни илтимос қилиб, бор-йўғи 100 рублдан иш ҳаққи берган. Шунингдек рус аёли, “кимки ота-онасига телефон қилиб, ҳаммаси яхши, иш бўлаяпти”, деб тинчлантирса, икки уч кун орасида иш берилишини ваъда қилган.

Бу ваъдага ишонган ўзбек йигитларининг кўпчилиги уйига телефон қилиб “фабрика ва цехларда ишлаяпмиз”, деб яқинларини алдашга мажбур бўлганлар.

Бироқ улардан икки уч киши “паспортимни бер, ишинг керак эмас, уйга кетамиз”, деганлари учун уларга куч ишлатиб, ташқарига ҳайдаган.

Ичкарида қолган маҳалладошларига ва бино қўриқчиларига тўполончиларни ичкарига киритмасликни  буюрган.

Ишсиз, ётоқ жойсиз қолган мўнчоқтепалик йигитлар қаҳратон қишда кўчада тонг оттиришган.

Ўзлари билан бўлиб ўтган воқеадан яқинлари ва маҳалла раиси ҳамда уларни “иш шартномаси” асосида Питерга йўллантирган Меҳнат биржаси ходими Худойбердиев Мамадни хабардор қилганлар. Шундан сўнг уларга бирор тийин иш ҳаққи берилмай, паспортлари қайтарилган.

Анча оворагарчиликлардан сўнг йигитлар Россия ҳудудида ишлаётган маҳалладошлари Эркин Жўраев ва укаси Баҳодирга дуч келишган. Ака-укалар мўнчоқтепалик учовлон йигитни ўрмон ишларига жалб қилганлар. У ерда иш берувчига яқин бўлган хоразмлик бир йигит (исми номаълум – таҳр.,) ойлик иш ҳаққи 2000 минг АҚШ долларига тенг бўлган ишни савдолашиб, 500 долларга туширган. Шунинг баробарида уларнинг паспортларини ҳам олиб қўйган.

Йигитлар кўпроқ пул топиш илинжида тунда ҳам ишлашган ва бир неча ой ичида ўн минг долларлик ишни бажарганлар.

Бироқ, бу гал ҳам омади чопмаган ўзбек йигитларининг пуллари иш берувчи ва улар орасида даллоллик қилган хоразмлик йигит ва ака-ука Жўраевлар томонидан ўзлаштирилган.

Ночор қолган мўнчоқтепаликлар қурилиш хўжайинидан қўшимча иш олишга мажбур бўлган. Бир неча ойдан сўнг йўл пулини чиқарган йигитлар анча тортишувлардан кейин паспортларини қайтариб олган ва “Сурхондарём қайдасан!..”, дея ортга қайтганлар.

Саломатлиги жиддий ёмонлашган ва анчагина қарзга ботган йигитлар ватанга қайтишлари биланоқ, Қумқўрғон туман ИИБ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзма ҳамда оғзаки мурожаатлар қилганлар.

Афсуски, ИИБ масъуллари “бу ҳолат одам савдоси”га кирмайди, судга мурожаат қилинг”, дея бир энлик қоғоз ёзиб берган холос. Шундан сўнг туман фуқаролик судига ариза кўтариб борган йигитлар прокуратурага йўллантирилган.

Ўртадаги анча сарсонликлардан кейин Россиядан ноумид қайтган йигитлар туман МХХ бўлимидан бир энлик жавоб хат олишган. Хатда ёзилишича, уларнинг иши туман ИИБга оширилган.

ИИБга борган йигитларга яхши муносабатда бўлмаган туман милиционерлари “бу ҳолатда жиноят изи йўқ!” , дея уқтирганлар.

Хуллас иши муаллақ қолган мўнчоқтепалик йигитлар айни кунларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқда.

ЎХҲ махсус мухбири,
Сурхондарё