“ЭРК” фаоли озодликдан маҳрум этилди

“ЭРК” фаоли озодликдан маҳрум этилди
65 views
24 September 2013 - 10:07

тиллаевМухолифатдаги «Эрк» партияси фаоли Фахриддин Тиллаевнинг “жинояти иши” 20 сентябрь куни, кечки соат 17:00да Чилонзор туман жиноий судида кўриб чиқилди.

Суд айбланувчи Ф.Тиллаев устидан Республика “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг бир неча моддаси бўйича, жумладан, “Майда безорилик”, “Туҳмат”, “Интернетда нотўғри фактларга асосланган мақолалар эълон қилиш” айбларини қўйган ва 15 суткага озодликдан маҳрум этган.
Ф.Тиллаевга қарши Ўзбекистон ҳукумати томонидан бир неча бор таҳдидлар бўлиб келган. Шу йилнинг 23 август куни унинг Тошкентдаги квартирасига бегона аёл яланғоч ҳолда бостириб кирган ва Тиллаевни зўрлаганликда айблаб шикоят қилган эди.
Тиллаев ушбу воқеадан кейин, шу заҳоти маҳалла қўмитаси ва профилактика нозирига мурожаат этган. Аммо маҳалла қўмитасидагилар Тиллаевнинг мурожаатига лоқайдлик билан муносабат билдиришган.
9 сентябрь куни соат 16-00да Фахриддин Тиллаевни Чилонзор тумани ИИБ ходими майор Илҳом Остонақулов ва ИИБнинг яна бир вакили “Чилонзор тумани Жиноий ишлар бўйича суди”га бориши ҳақида хабар бериш учун келганлар.
ИИБ ходими “2013 йилнинг 23 август куни бўлиб ўтган воқеа юзасидан жабрланувчи Юлия Лыкованинг шикоят аризаси бор” деб айтган.
Шунда Ф.Тиллаев “шикоят аризаси бўлса, беринг, кўриб чиқай ва ўзимни тушунтириш хатимни сизга ёздириб қолай” деганда, ИИБ ходими И.Останоқулов “судда кўрасиз ва танишиб чиқасиз” деб айтган…
– Интернетда бу хабарни ўқиб, воқеани охиригача тушунмадим. Мен судда қатнашиш учун 17 сентябрда маҳкамага боргандим, аммо у куни бошқа судланувчилар кўп бўлгани сабабли, Ф.Тиллаевнинг иши бошқа кунга кўчирилганди, дейди Абдилло Тожибой ўғли.
20 сентябрь куни ўтган маҳкамада қатнашган Абдилло Тожибой ўғлининг билдиришича, рус аёли Фахриддиннинг уйига бостириб кириб, провокация килган. “Аммо бугунгача қўлимизда суд қарори йўқ”, дейди у.
Бугун Фахриддиннинг тўртта телефонидан ҳеч бири жавоб бермаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Фахриддин Тиллаев, «Эрк» партиясидаги фаолиятидан ташқари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли, «Озод фуқаро» ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти раиси ҳамдир ва Ўзбекистонда мустақил мардикорлар касаба уюшмасини тузишда фаол иштирок этган.

ЎХҲ хабар маркази