Ислом Каримовнинг қизлари бир бири билан гаплашмайдилар.

Ислом Каримовнинг қизлари бир бири билан гаплашмайдилар.
68 views
26 September 2013 - 15:56

лола гулнораЎзбекистон Президенти И.Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лола Каримоваларнинг ораларидаги фарқ жуда катта эканлигини Лола Каримова-Тиллаева Би-би-си Ўзбек  хизматига берган интервьюсида исботлади. Шунингдек, Президентнинг оиласида бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган ўзаро келишмовчиликлар хақида ҳам айтиб ўтди. 

Каримова-Тиллаева Би-би-сига юзма-юз интервью беришни истамаган бўлсада, электрон манзил орқали баъзи саволларга жавоб беришга  рози бўлган. Би-би-си Ўзбек хизмати аввало Лола Каримова-Тиллаевадан нима учун Rue89 нашри устидан маҳкамага шикоят қилганлиги ва келгуси сиёсий амбициялари хақида  сўраган.

Лола Каримова-Тиллаева бу саволларга  унга  қўйилган айбловлар абсурд эканлигини, уни доимо “диктаторнинг қизи” дея тилга олишлари шикоятга  сабаб бўлганлигини айтган. Сиёсатга эса Лола Каримова-Тиллаева унчалик ҳам  аҳамият бермайди, “ўзимни сиёсатчи бўлиб етишишимни тасаввур қилмайман, мен учун бугунда энг устивор масала бу менинг оилам: турмуш ўртоғим ва фарзандларим”, дейди.

Лола Каримова-Тиллаева қўшимча саволларга жавоб беришдан бош тортган, шу туфайли, ҳамда бевосита мулоқот юз бермаганлиги учун,Би-би-си журналистлари унинг шарҳларини қўшимча саволлар ила тергаш имконидан маҳрум бўлишган. Шундай бўлсада, улар оммани қизиқтирган баъзи асосий саволларга ундан жавоб олишга эришганлар.

Ислом Каримовнинг кенжа қизи президентнинг меросхўри хақида тўхталганда, 2015 йилда бўлиб ўтадиган сайлов бунинг натижасини кўрсатишини таъкидлаган.

Гулнора Каримованинг президент бўлиш имкониятлари хақида сўралганда у опасининг имкониятлари катта эмаслигини тан олди. Шунингдек, улар 12 йилдирки, на оилавий ва на дўстона алоқалари йўқлигини, опаси билан умуман гаплашмаслигини таъкидлади. Ҳаттоки, оилавий йиғилишларда ҳам кўришишмайди. Лола Каримова-Тиллаеванинг айтишича, иккаласи мутлақо фарқли шахслар.

Президент Каримовнинг саломатлигини кенжа қизи аъло даражада эканлигини ва ҳар бир 75ёшдаги киши ўзини унинг каби ҳис қилишини тилашини айтди.

 

 Лола Каримова-Тиллаева учун энг муҳими—унинг оиласи.

 

У опасидан тамоман фарқли равишда ўзи учун оиласи ва фарзандалари тақдири муҳим эканлигини таъкидлади. У фарзанд тарбиялаш, уларни барча яхши ном билан тилга олишини ҳоҳлайди ва бунга эришиш учун амалда ҳам ҳаракат қилади.

Шу ўринда Гулнора Каримова зўр бериб ўзини кўз-кўз қилиш, Президентнинг қизи бўлишига қарамасдан (бўлганда ҳам Ўзбекистон президентининг қизи) очиқ-сочиқ юриб, рисоладан ташқари ишлар билан шуғулланаётганлигини, синглиси эса оилам ва фарзандларим деб уринаётганини таққослайдиган бўлсак, чиндан ҳам улар иккаласи фарқли шахслар эканлиги намоён бўлади.

 

Лола Каримова-Тиллаева журналистнинг электрон манзил орқали берилган саволларига жавоб бера туриб, аҳолининг исломий  радикаллашиши сабаблари асосан ишсизлик ва имкониятларнинг йўқлигига бориб тақалади деган қарашга қўшилишини айтди. Ва олиб бораётган хайрия фаолиятини доимо ўз маблағидан амалга оширишини таъкидлади.

Лола Каримова-Тиллаева ҳеч қачон отасидан моддий ёрдам сўрамаган. Унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев тадбиркор. У ҳеч қачон Ўзбекистон сиёсий ҳаётида қатнашмаган ва  қандайдир давлат тендерлари ёки давлат таъминоти ишларида иштирок этмаган.Тимур Тиллаев савдо-нақлиёт ширкатининг ҳиссадори. Женевада унинг катта бўлмаган дўконлар тармоғи бор.

 

 Каримовнинг кенжа қизи анчайин тушунган ва тўғри мулоҳаза юритадиган кўринади: у болалар эксплуатациясини мутлақо қоралади. У  ҳар қандай инсон, айниқса болаларга қарши ҳар қандай куч ишлатилиши ёки улар мажбуран мехнатга жалб этилишларига мутлақо қарши бўлсада, унинг қаршилиги ҳеч қандай таъсир кучига эга эмаслигига ҳам иқрор бўлди.

 

Би-би-сининг саволларига жавоб бера туриб Лола Каримова-Тиллаева Марказий Осиё ва унинг атрофидаги радикал гуруҳлар, жиҳодий ҳаракатларга ва уларга ўз муносабатлари хақида тўхталди: “Марказий Осиёда ва унинг атрофидаги минтақаларда радикал-гуруҳлар ва унсурлар мавжуд, лекин, шунга қарамай, менинг назаримда, жиҳодий ҳаракатларнинг жиддий ўйинчилари ўтган 10 йил давомида кўп жиҳатдан бартараф қилинганлар ё заифлашганлар. Марказий Осиёнинг Афғонистонга яқинлиги, ҳамда Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги заиф ва яхши ҳимоя қилинмайдиган чегаралар туфайли, албатта, келажакда минтақадаги давлатларда вазият беқарорлашишининг катта хавфи бор. Минтақадаги ҳукуматларни Покистон-Афғонистон чегара ҳудудларида тайёргарликдан ўтган асли Марказий осиёлик Исломий жангарилар айниқса хавотирга солади. Америка ва халқаро коалицион қўшинларининг чиқиб кетиши ортидан юзага келадиган хавфсизлик бўшлиғи ҳам Афғонистон ва қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг беқарорлашишига етаклаши мумкин. Ва турли ички кучлар, шубҳасиз, пайдо бўлган ички бўшлиқни тўлдириш йўлида чоралар кўрадилар”.

Лола Каримова-Тиллаева жуда ҳам унчалик бой эмаслигини ва матбуотда гапирилаётган 46миллион долларлик уйи ипотека асосида банкдан кредитга олинганини айтади: “Уйимиз “mortgage”, яъни ипотека остида. Менимча, бу катта сир эмас, чунки Оврўпонинг деярли бутун аҳолиси кўчмас мулк сотиб олишда банк кредити хизматларидан фойдаланишади”.

Каримовнинг кенжа қизи ёшлик йилларинихотирлай туриб, отаси унга яхши тарбия берганини, ҳамма ёшлар каби йиқилиб-туртиниб катта бўлганини, катта ёшдаги одамларга салом берганини ҳикоя қилиб жавобларини якунлаган.

 

Кўп ҳолларда оилада кенжа фарзанд бироз эрка ва талтайган бўлади. Ўзбекистон Президенти оиласида эса аксинча экан. Кенжа қиз опасидан ақллироқ. Аёл киши учун сиёсат эмас, оила ва фарзанд муҳимлигини ҳарҳолда, яхшироқ тушунар экан…

 

ЎХҲ хабар маркази.